Ўзбекистон, Мирзиёев, Трамп, Ислом ва Ўзбек аёли: Мусулмон эканингизни айтишдан қўрқасиз, аммо...

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Сиёсат билан шуғулланиб, АҚШ Конгрессига сайланиб, бошингизда ҳижоб билан ҳам Капитолий биноси ва ҳам Америка тарихига кира оласиз.

Америкадан асли ўзбекистонлик зиёли суҳбатдошимиз билан уюштирган суҳбатимиз мазмунини ана шу икки жумлага жамласа бўлади.

Конгрессга шу ҳафта бўлиб ўтган оралиқ сайловлар айнан мусулмонлар сабаб, АҚШ сиёсатида туб бурилиш ясаган.

Америка тарихида илк бор икки муслима аёл Конгрессга сайланган.

Улардан бири, ҳатто, Конгресс йиғинларига ҳам бошида ҳижоби билан келишини айтган.

Бундан ташқари, минтақавий ва федерал миқёсдаги сайловларда ҳам бу йил рекорд сондаги мусулмонлар ғалаба қозонишган.

Умуман олганда эса, сайловларда жаъми юзга яқин мусулмон ўз кучларини синаб кўришган.

Бунақаси ҳам Америка Қўшма Штатлари тарихида кузатилмагани билан хос эътибор топган.

Устига устак, мусулмонларнинг бу каби ютуқлари АҚШ янги президенти Дональд Трампнинг аксилмусулмон ва аксилиммиграцион руҳдаги сиёсати, бошқаруви манзарасида кузатилган.

Муносабат

Қарийб йигирма йилдан бери Америка Қўшма Штатларида яшаб, таҳсил олиб, ишлаб келаётган суҳбатдошимизнинг айтишича, бу икки муслиманинг ютуғи уларни ҳам беэътибор қолдирмаган.

"Олдинга қўйган мақсадларига эришиш учун тинмай ҳаракат қилиш, ҳеч бўш келмасликка ундаган".

Асл касби инглиз тили ўқитувчиси бўлган суҳбатдошимизга кўра, Америкада бу икки муслиманинг ютуқларини такрорлаш қудрати, салоҳияти ва иродасига эга ўзбекистонлик хотин-қизлар бор.

"Ўзбек аёлларининг ҳам АҚШ Конгрессига сайланишларига кўзим етади. Чунки уларни иродаси кучли, деб ҳисоблайман. Агар, олдинга бир мақсад қўйишса, ичида унга етиша оладиган қудратлари бор ўзбек аёлларининг", - дейди у.

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, ўзбекистонликлари дохил Америкадаги ўзбекларнинг тахминий сони ҳозир деярли уч юз минг кишига етай, деб қолган.

Улардан аксариятини Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.

Америкада яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида етакчи олимлар, ишбилармонлар, турли халқаро ва жамоат ташкилотлар вакиллари мақомида бўлганлари, нуфузли университетларида таҳсил олаётганлари озмунча эмаслиги айтилади.

Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" тадқиқот марказининг ўтган йилги сўрови эса, Америкага кетиш истагида бўлган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётганига далолат қилган.

АҚШ, Ислом ва мусулмонлар

"Пью" (Pew) тадқиқот марказининг ўтган йилги маълумотларига таянилса, Америка Қўшма Штатларидаги мусулмонларнинг сони уч миллиондан ортади.

Бу рақамлар улар сонининг ўтган ўн йил ичида бир миллионга ортганига ҳам далолат қилган.

Худди шу тадқиқот маркази сўрови натижаларига кўра, 2017 йилда бу мусулмонларнинг ярмига яқини ўзларини таҳқирланган, деб ҳис этишган.

Сўров иштирокчиларининг аксарияти мусулмонларнинг кучли дисркиминация қилинишаётгани ҳақида сўз юритишган.

Тўртдан уч қисмига яқини эса, президент Трампнинг ўзларига нисбатан муносабатини дўстона эмаслигини айтишган.

Ўзларига нисбатан бу каби муносабатни бугун биз куни-кеча Америкадан суҳбат уюштирган суҳбатдошимиз ҳам тасдиқлайди.

"Муслима, мусулмон бўлганингиз учун ҳозир бу ерда одам чўчиб юради. Бугун кўпчиликда исломофобия - Исломдан қўрқиш туйғуси бор. Мусулмонларга ёмон кўз билан, нафрат кўзи билан қарашади. Бу террорчи, деб ҳам қарашади. Яъни, ҳамма ҳам бир хил эмас", - дейди у.

"Шунинг учун ҳам, кўп жойларда ўзингизнинг мусулмон, муслима эканингиз, динингизни билдирмасликка ҳаракат қиласиз".

МАВЗУГА АЛОҚАДОР

"Ватандошлик - фуқаролик муаммоси, Ўзбекистон -АҚШ ўртасидаги авиақатновлар, борди-келдидаги қулайликлар, Ўзбекистонда Америкада бўлган ўзбекистонликларга нисбатан муносабатнинг янада яхшиланиши...". Бу -президент Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга илк расмий ташрифи манзарасида Америка Қўшма Штатларида яшаб, меҳнат қилаётган айрим ўзбекистонликларнинг истаклари эди - Америкадаги ўзбекистонликлар Мирзиёевдан нима исташади?

Трамп ва мусулмонлар

Оқ Уйга келгач, етти мусулмон давлати фуқароларининг Америка Қўшма Штатларига киришларини вақтинча тақиқлаш - янги Республикачи президент имзолаган илк қонунлардан бири бўлган.

Эрон, Ироқ, Сурия, Яман, Сомали, Судан ва Ливан Трампнинг ана шу тақиғи остига тушган давлатларга айланишган.

Қонун икки бор қайта кўриб чиқилган, Судан рўйхатдан чиқарилган.

Унинг ўрнига Чад, Шимолий Корея ва Венесуэлалик қатор амалдорлар киритилган.

Янги таҳрирдаги қонун шу йил июнь ойида АҚШ Олий Маҳкамаси томонидан маъқулланган.

Ўзбекистон ҳам Дональд Трамп ўзининг сайловолди кампанияси чоғида хосан тилга олган саноқли давлатлардан бири бўлган.

Дональд Трамп Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар номига Ироқ, Сурия, Афғонистон, Покистон, Яман, Сомали ва Марокаш қаторида тўхталиб ўтган.

Сўз айнан Ўзбекистон ҳақида кетганда, 2013 йилда Америка Қўшма Штатларининг Айдахо штатида террорчилик айблари билан ҳибсга олинган Фазлиддин Қурбоновнинг номини тилга олган, "бундайларни ўз мамлакатида истамаслигини" баён қилган.

Ўзбекистонни "эҳтимолий террорчилар етиштириб бераётган давлатлар" сафига қўшган.

Бошқа мамлакатлардан мусулмонларни Америкага киришини тақиқлаш ғоясини эсларкан, Дональд Трамп уларни "террорчилар", деб ҳам атаганди.

Демократик партиядан номзод бўлган икки муслима Рашида Тлаиб ва Илхон Омар эса, Трамп айни шу сиёсатининг кескин танқидчилари бўлишади.

Икковлон бу республикачи президент томонидан киритилган миграцион чекловларга қарши фаол кураш олиб боришган.

АҚШ иммиграция-божхона полициясини тугатишга чақиришган.

Агар, Ўзбекистондаги сўнгги тадқиқот натижаларига таянилса, АҚШ мамлакат фуқаролари яшаш учун буткул кўчиб кетишга тайёр учта давлатдан биттаси бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek