You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистонга ташрифини баҳсли Тож Маҳалдан бошлади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистонга давлат ташрифини сўнгги вақтларда тортишувларга сабаб бўлаётган Аградаги Тож Маҳал мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади. Президент расмий сайти "Тож Маҳал - ўзбек ва ҳинд халқлари учун бирдек қадрли обида" деган.
Президентга унинг рафиқаси Зироат Мирзиёева ва расмий ҳайъат ҳамрохлик қилмоқда.
Ўзбекистон Президенти Аграда кутиб олингач у Тож Маҳални бориб кўрган.
Жаҳонга машҳур обида ичида Қуръон тиловат қилинган.
Ҳиндистонлик расмийлар билан мулоқотда Президент Ўзбекистонда ҳам қадимий обидалар, муқаддас зиёратгоҳлар кўплиги, икки мамлакат ўртасида сайёҳлар борди-келдисини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев мажмуанинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.
Расмий хабарда Президент Мирзиёев Тож Маҳал атрофида бўлаётган баҳсли мунозараларга муносабат билдиргани ёки билдирмагани ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.
Мирзиёев Тож Маҳални зиёрат қилганидан сўнг Нью-Деҳли шаҳрига жўнаб кетган.
Тож Маҳал бир неча йиллардан бери Ҳиндистонда миллатчилар томонидан баҳс марказида бўлиб келмоқда.
Уларга кўра, Ислом архитектурасининг энг ёрқин намуналаридан бири саналувчи Тож Маҳал асли ҳинду мақбараси ўрнига бунёд этилган ва у ҳиндларга тегишли.
2015 йили Ҳиндистон Маданият вазири Маҳеш Шарманинг айтишича, ҳукумат уларнинг иддаоларини тасдиқлаши мумкин бўлган бирор бир далил топа олмаган.
2017 йил "Жаҳоннинг етти мўъжизасидан бири" бўлган бу қадим обида Уттар Прадеш штатида сайёҳлар учун мўлжалланган буклетга киритилмаган.
Тож Маҳал киритилмаган буклет эса, миллатчи ҳинду сиёсатчиси Йоги Адитьянатх Уттар Прадеш штати Бош сайёҳлик вазири этиб тайинланишидан олти ой ўтиб чоп этилган.
Охирги йилларда Ҳиндистонда кучайиб бораётган "хавотир" ва "ваҳима"ларнинг мазмунига қаралса, ифлосланиш оқибатида Тож Маҳалнинг ранги ўзгариб, унга дарз етмоқда.
Бобурийлар даври меъморчилигининг дурдонаси бўлган обида, ҳатто, "вайрон бўлиш хавфи остида".
Ўтган ой бу каби "хавотирли вазият"га Ҳиндистон Олий маҳкамаси ҳам эътибор қаратиш даражасига борган.
Маҳкама ҳинд ҳукуматини "Тож Маҳални асрай олмаслик"да танқид қилган.
"Тож Маҳални ёпасиз, уни ё таъмирлайсиз ва ё бузасиз", дея ҳукм қилган.
17-асрда барпо этилган бу обида ўзининг қанчалар гўзаллиги, ҳассосияти, нафосати, шукуҳи, бетакрорлиги, ноёб меъморчилик услуби ва ақлларни шоширувчи ҳашамати билан ҳақли равишда жаҳоннинг "етти мўъжизасидан бири" сифатида эътироф этилган.
Тож Маҳални ўзининг севимли рафиқаси Мумтоз Маҳалнинг вафоти ортидан унинг хотирасига атаб Бобурий шоҳларидан Шоҳ Жаҳон қурдирган.
"Бобур" халқаро жамғармаси раисининг айтишича, 28 август куни шахсан ўзи Ҳиндистонга бориб, Тож Маҳалнинг аҳволини кўриб қайтган.
Зокиржон Машрабовга кўра, бу тенги йўқ иморатнинг аҳволига оид сўнгги пайтларда интернетда кучайиб кетган "хавотир" ва "ваҳима"ларга асос йўқ.
"Шахсан ўзим кўп йилдан бери қурилиш ишлари билан шуғулланаман. Геологман. Иморатнинг зилзилабардошлиги, туриши, ҳолатининг фарқига бораман. Мен шуни сезганим йўқ", - дея баён қилган жамғарма раиси Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek