Ўзбекистонда Қурбон Ҳайити намозлари ўқилди, президент ҳам табриклади

Расмий хабарларга кўра, бутун Ўзбекистон бўйлаб 2000 га яқин жомеъ масжидларида Қурбон ҳайити намози адо этилган.

Жаъми 15 миллиондан ортиқ намозхон Ҳайит намозини ўқишга имконли бўлишган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги расман хабар берган.

Ҳайит намози арафасида пойтахт Тошкентда намозхонларга қулайликлар яратилиши айтилган.

Расмий хабарларда Қурбон Ҳайити куни шаҳарда транспорт хизматининг тонгги саҳар 05:00 дан ишга тушиши билдирилган.

Ўзбекистоннинг энг йирик шаҳарларидан бири бўлган Тошкент аҳолисининг сони икки миллиондан ортиши айтилади.

Бугун тонгда пойтахт масжидларида ҳайит намозини 300 мингдан ортиқ киши адо этган.

Президент Мирзиёев маҳаллий вақт билан кечга яқин ўз табригини йўллаган.

Ҳайит арафасида Мирзиёев Ўзбекистонга илк давлат ташрифи билан келган Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан пойтахт Тошкентда музокаралар олиб борган.

17 йил бадалида биринчи бор амалга ошгани айтилган давлат ташрифи икки кун давом этган.

Икки қўшни давлат раҳбарлари 18 август куни қадим Самарқандда ҳам бўлишган.

Президент Раҳмонни кузатиши ортидан, Шавкат Мирзиёев вилоят масъуллари билан ҳам учрашган.

Аммо Ўзбекистон раҳбарининг худди ўша куни пойтахт Тошкентга қайтгани расман хабар берилган.

Шу йил июнь ойига тўғри келган Рамазон Ҳайитида президент Мирзиёев Ўзбекистон мусулмонларига ўз табригини йўллаган.

Рамазон Ҳайити муносабати билан 226 нафар маҳбусни авф этиш ҳақидаги фармонга ҳам имзо чекканди.

Ўзбекзабон интернет нашрларида эса, нақ Ҳайит арафасида Тошкентда йўл-транспорт ҳодисасига учраб, енгил жароҳат олгани хабар берилган Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг куни-кеча вафот этган атоқли шоира Ҳалима Худойбердиева ва июнь ойида ҳаётдан кўз юмган Анвар қори Турсуновларнинг хонадонида бўлгани суратлари пайдо бўлган.

Ҳайит муносабати билан Ўзбекистонда расман уч кунлик дам олиш куни эълон қилинган.

Қурбон Ҳайити арафасида Ҳаж зиёратини адо этаётган етти мингдан ортиқ ўзбекистонлик зиёратчининг президент Шавкат Мирзиёев ва мамлакат аҳлиги байрам табриги йўллашгани расман хабар берилган.

Бу йилги Ҳаж мавсуми 19 август куни бошланган.

Ўзбекистонлик зиёратчилар жорий мавсумда ҳам Ҳаж зиёратини қарийб 40 фоизга оширилган квотада адо этишмоқда.

Ҳозир жаъми 7200 нафар ўзбекистонлик зиёратчининг Маккада эканликлари айтилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek