Ўзбекистон-Туркманистон, Мирзиёев-Бердимуҳамедов: Виза, чегара масаласи нима бўлди?

Президентлар

Сурат манбаси, President.uz

Ўқилиш вақти: 6 дақ

Бу - Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга икки кунлик давлат ташрифи ортидан аксарият минтақавий таҳлилчиларнинг диққат-эътиборларини ўзига тортган энг асосий саволлардан бири бўлди. Расмий матбуот эса, ҳозирча бу хусусда жим.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Туркманистон янги президенти Шавкат Мирзиёев қудратга келганидан сўнг Ўзбекистон билан виза тизими ҳануз амал қилаётган ва ўзаро чегаралари ҳамон ёпиқлигича қолаётган ягона минтақа давлати бўлади.

Шу жумладан, Туркманистондан бошқа қолган собиқ Шўро давлатларининг ҳам Ўзбекистон билан бу каби муаммолари йўқ ва қолмаган.

Гурбангули Бердимуҳамедов шу йилнинг 26-27 март кунлари икки кунлик давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келган.

Бу - Туркманистон раҳбарининг Шавкат Мирзиёев қудратга келган ўтган бир ярим йилга яқин вақт ичида Ўзбекистонга амалга оширган илк давлат ташрифи бўлган.

Қирғизистон ва Тожикистон "тажрибаси" ҳамда расмий Тошкентнинг бу ташрифга қанчалик катта ҳозирлик кўрганини назарда тутиб, аксарият таҳлилчилар Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги узоқ йиллик виза ва чегара муаммоасининг ҳам аниқ музокаралар кун тартибида бўлиши ва ўзининг ижобий ечимини топишига умид қилишган.

Бунинг учун ҳар икки давлат раҳбарларида бугун сиёсий истак-хоҳиш ва ирода бор эканига ишонч билдиришган.

Давлат ташрифининг илк кунида Кўксаройда икки қўшни давлат раҳбарлари ўртасида каттаю кичик музокаралар кечган.

Бунинг ортидан, Ўзбекистон президенти Туркманистон билан ўрталарида ҳал этилмаган бирор бир масала қолмаганини баён қилган.

Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам Тошкентда бўлиб ўтган бу мулоқотлар натижасидан мамнун эканини изҳор этган.

Президентлар Ўзбекистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош Хоразм вилоятида расман "Дўстлик уйи"ни ҳам очиб беришган.

Аммо буларнинг барчаси манзарасида "ҳал этиб бўлинган ҳамма масалалар" сирасига виза ва чегара муаммосининг ҳам кириш-кирмаслигига оид савол очиқ қолган.

Расмий матбуот ҳам бу хусусда раҳбарларнинг айни шу мазмундаги умумий баёнотларининг ўзи билан чекланган.

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, президентлар журналистлар билан учрашувлари охирида анъанавий савол-жавобни ҳам ўтказишмаган.

Ўзбек-туркман чегарасининг қарийб беш йилдан буён ёпиқ қолаётгани айтилади.

Унгача икки давлат чегараолди ҳудудлари аҳолиси учун визасиз уч кунлик ўтиб-қайтиш тартиби ҳам амал қилган.

Аммо бу тартиб ҳам ҳозир кучда эмас.

Шундай экан, буларнинг барчаси нимани англатади? Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шу савол билан минтақадан етакчи сиёсий таҳлилчи Дўсим Сатпаевга мурожаат қилди:

Дўсим Сатпаев: Чегараларни бекор қилиш масаласи биргина Ўзбекистон ва Туркманистон орасида муҳокама этилмаган. Бу муаммо Марказий Осиё доирасида ҳам кўтарилган. Афсуски, айниқса, Ислом Каримов бошқаруви даврида расмий миқёсда у қадар қўллаб-қувватланмаган. Албатта, Шавкат Мирзиёев ҳозир анчайин очиқ минтақавий ташқи сиёсат юритмоқда. Бошқа томондан, дейлик, Қирғизистон ва Тожикистон билан солиштирганда, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги алоқалар азал-азалдан нисбатан ҳамкорлик руҳида бўлиб келган. Шундай экан, бу масала ҳам келажакда ўзининг ижобий ечимини топмай қолмайди. Бу масалада асосий гап катта эҳтимол билан Туркманистон томонида. Биз ҳозир Туркманистон ичкарисида кечаётган воқеаларга яқиндан назар ташлайдиган бўлсак, айнан хорижга чиқиш масаласида мамлакат раҳбариятининг қаттиққўл сиёсат юритаётганига гувоҳ бўламиз. Туркманистонлик масъуллар четда, айниқса, Туркияда ишлайдиган фуқароларининг оилаларига кучли босиб ўтказишаётгани ҳам маълум. Бу катта сондаги туркманларнинг меҳнат муҳожирлиги илинжида бошқа давлатларга чиқиб кетишаётгани омили билан ҳам боғлиқ. Бу эса, табиийки, Туркманистон раҳбарияти учун иқтисодий жиҳатдан маъқул иш эмас. Шу боис ҳам, аллақачон бундан ташвишга тушишни ҳам бошлаган. Бошқа томондан, улар мамлакатда демографик аҳволнинг ёмонлашиши мумкинлигидан хавотирда. Амалдаги виза тизими бекор қилинса, Ўзбекистон иқтисоди жадаллик билан ривожланган тақдирда, бу - Туркманистон фуқаролари учун янги меҳнат бозорини англатади. Улар ишлаш, пул топиш учун Ўзбекистонга юз тутишлари мумкин бўлади. Менимча, икки ўртада ҳануз кучда қолаётган виза тизими масаласида Туркманистоннинг мавқеи энг оғриқли ва муҳими бўлади. Чунки, бахтга қарши, Туркманистон раҳбарияти иҳоталаниш ва минтақавий муаммолардан ўзини четда тутиш сиёсатини давом этдирмоқда. Яқинда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Остонада бўлиб ўтган ишчи йиғини бунга мисол. Парламент вакили сифатида ўғлини юборган эса-да, Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўз у ерда кўриниш бергани йўқ. Бу ҳам ижобий воқеълик эмас. Шу боис ҳам, бир томондан, Ўзбекистон-Туркманистон ўртасидаги алоқалар зиддиятлардан холи, анчайин ҳамкорлик руҳида. Бошқа тарафдан, Туркманистоннинг ички ва ташқи сиёсати ҳозирги Ўзбекистонникидан фарқланиб бормоқда. Иҳоталаниш, ёпиқлик ва ўз фуқаролари устидан қатъий назоратни сақлаб қолмоқда. Буларнинг сирасига виза тизими ҳам киради.

Би-би-си: Демак, Ўзбекистон бу масалада чорасиз? Яъни, виза тизимини бекор қилиш масаласида Туркманистонга таъсир ўтказишнинг бирор бир воситасига эга эмас?

Дўсим Сатпаев: Менимча, бу, яъни Туркманистон раҳбарига босим ўтказиш - Шавкат Мирзиёевга хос услуб эмас. Яна бошқа бир масала ҳам борки, бунинг Ўзбекистонга иқтисодий жиҳатдан қандай фойдаси бўлиши мумкин? Ўзбекистон учун Туркманистон фуқароларига виза тизимининг бекор қилиниши қандайдир оламшумул ютуқ эмас. Чунки ҳозир бу икки қўшни давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг у қадар фаол экани кузатилмайди. Менимча, Ўзбекистон учун Туркманистон энг аввало хавфсизлик масалаларида ҳамкор сифатида керак. Чунки Ислом Каримов ҳаёт даврида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида ўз хавфсизликларига таҳдид туғилган пайтда бир-бирларини қўллаб-қувватлашга оид махсус шартнома ҳам имзоланган. Демоқчиманки, Ўзбекистон раҳбариятини биринчи навбатда турман-афғон чегарасидаги вазият ташвишга солади. Расмий Тошкент учун хавфсизлик фактори муҳим. Манфаатлилик нуқтаи назаридан Туркманистон ҳалича Ўзбекистоннинг асосий стратегик ҳамкори эмас. Балким, кейинчалик, Қозоғистон Ўзбекистон учун бу каби ҳамкорга айланиши мумкин.

Би-би-си: Ҳар икки давлат ўртасида ҳануз ёпиқлигича қолаётган чегаралар масаласида-чи? Бунга нималар тўсқинлик қилган ва қилаётган бўлиши мумкин?

Дўсим Сатпаев: Бу ташаббус ҳам ўтган йили Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ўртага отилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбари айнан чегаралароша ҳамкорликни назарда тутиб, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг уюшмасини тузиш каби бундан-да қизиқроқ таклифни ҳам илгари сурганди. Аммо ҳозирча фақат Қозоғистон билан чегараолди минтақаларида бир қанча эркин иқтисодий ҳудудлар барпо этиш масаласида келишиб олингани маълум. Балки Ўзбекистон Туркманистон билан худди шу схемада ҳамкорлик масаласини муҳокама этгандир. Ўзбекистон томони катта эҳтимол билан бу каби қадамга боришга тайёр. Аммо яна Туркманистон тарафи бу масалада анчайин консерватив йўл тутмоқда ва эҳтиёткорлик қилаётир.

Би-би-си: Ўзбекистоннинг янги президенти ўзининг яхши қўшничиликка асосланган янги минтақавий сиёсати доирасида илк давлат ташрифларининг ўзидаёқ Қирғизистон ва Тожикистон билан ҳам виза ва ҳам чегара масаласида ижобий келишувга эришишга муваффақ бўлди. Гап айнан Туркманистон билан ҳануз якуний ечимини топа олмаган виза ва чегара муаммоси ҳақида кетганда, буни Мирзиёев минтақавий ташқи сиёсати учун регресс, дея баҳолаш жорий пайтда қанчалик ўринли бўларкин?

Дўсим Сатпаев: Ўзбекистоннинг Ислом Каримов даврида узоқ йиллар давомида шаклланган тараққиёт йўналишини бирданига ўзгартириш ҳозир осон иш эмас. Бу масалада ҳам худди шу омилдан келиб чиқиб, баҳо бериш керак бўлади. Бу - президент Шавкат Мирзиёвнинг Ўзбекистонни ўзгартиришга қаратилган дастлабки қадамлари. Бунинг у тўқнаш келажак ўзига хос риск, муаммо ва хавфлари ҳам озмунча эмас, албатта. Сўзсиз, ҳатто Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни кучайтириш нуқтаи назаридан ҳам, минтақавий сиёсатни бирданига ўзгартириш ундай осон иш бўлмайди. Чунки зиддиятлар, ўзаро адоватлар, қарама-қаршиликлар йиллар давомида йиғилиб келган. Улардан қутилиш енгил бўлмайди. Шунинг учун ҳам, бир томондан, муайян олдинга силжишларнинг ўзи яхши ютуқ. Бошқа тарафдан, мазкур масалада бу яқин йиллар ичида тезкор натижалар ва ёки, таъбир жоиз, оламшумул ютуқлар кутишнинг ўзи ҳам ноўриндир. Бунинг қандай самара беришини кўриш учун беш-олти йил кутиш керак бўлади.

Би-би-си: Туркманистон Ўзбекистонни жаҳон бозорига энг қисқа йўл билан олиб чиқиши мумкин бўлган минтақа давлати экани назарда тутилса-чи? Бу факторнинг чегара ва виза муаммолари масаласига таъсири қандай бўлиши мумкин?

Дўсим Сатпаев: Ҳозир "Ипак йўли иқтисодий камари" лойиҳаси доирасида барча Марказий Осиё давлатлари Хитой билан фаол ҳамкорлик қилишмоқда. Ана шу лойиҳа асосида Хитой Қозоғистон, Туркманистон орқали Эрон ва бошқа Форс Кўрфази давлатларига узангани дохил қатор янги транспорт йўналишларини барпо этмоқда. Худди шу манзарада Туркманистон орқали ўтувчилари Марказий Осиё давлатлари қолиб, Хитойнинг ўзи учун ҳам стратегик аҳамиятга эга бўлади. Менимча, Туркманистон ҳукумати ҳам буни яхши англаб турибди. Сизга яхши маълумки, Туркманистон ҳозир анча вақтдан буён Ашхободда айланиб юрган йирик ТАПҲ минтақавий газ қуври лойиҳасини олдинга суриш ҳаракатига тушиб қолган. Янги қувур туркман газини Афғонистон, Покистон орқали Ҳиндистонга етказади. Шу лойиҳа доирасида аллақачон халқаро консорциумга ҳам асос солинган. Бу лойиҳанинг ижросига тўсқинлик қилиб турган асосий омил яна хавфсизлик бўлади. Ўзбекистонга келсак, расмий Тошкент ҳам ҳозир Хитойдан узанувчи янги минтақавий транзит йўллари учун "кураш"га қўшилган. Менимча, бу масалада минтақа давлатлари орасида муайян маънода рақобат давом этади.

Би-би-си: Буларнинг барчаси, таъбир жоиз, Туркманистон раҳбариятига яна "устунлик бериб", виза бўладими ва ёки чегара масаласи, ҳозирги мавқеини бундан кейин ҳам маҳкам тутаверишига асос бериши мумкинми?

Дўсим Сатпаев: Туркманистон раҳбарияти, афсусларки, стратегик мушоҳада юритмайди. "Бунинг менга алоқаси йўқ, бу менинг ишим эмас" тамойили асосида иш юритиб келади. Табиий заҳираларига ишониб, ўзича яшаб қолишни истайди. Аммо биз буларнинг барчаси нималарга олиб келганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Туркманистон иқтисоди газ экспортига жуда қарам. Асосий харидори яна ўша Хитой ҳисобланади. Экспорт йўналишлари ранг-баранг эмас. Жаҳон бозорида газ нархи пастга тушиб кетди. Бу эса, Туркманистонда аллақачон молиявий-иқтисодий бўҳронга сабаб бўлди. Туркманистон қолган Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликда ўз иқтисодини ранг-баранглаштириш имкониятига эга эди. Аммо бундай қилмади. Бу эса, Туркманистон ҳукуматининг кўплаб соҳаларда узоқни кўра оладиган сиёсат юритмаётганига далолат қилади.

Би-би-си: Агар, мамлакатида шунга ўхшаш бўҳроний вазият кучайиб борадиган бўлса, бу - Туркманистон ҳукумати, раҳбариятини шу яқин йилларда алал-оқибат "очилиш"га мажбур қилиши мумкинми? Яъни, мавжуд ҳолат яқин йиллар назарда тутилганда, бундай хулоса чиқаришга қанчалик асос беради?

Дўсим Сатпаев: Йўқ. Менимча, бу масалада кўп нарса энди Ўзбекистонга ҳам боғлиқ бўлади. Ҳам дипломатик ва ҳам шахсий маънода расмий Тошкентнинг Ашхобод билан алоқалари анча яқин. Шу боис ҳам, Ўзбекистон фаоллик билан Туркманистонни очилишга ундайверса, Туркманистон томони бунга рози бўлиши мумкин. Аммо Туркманистон раҳбариятининг фикрлаш тарзини ўзгартириш ва очилиши учун кўп ва хўп меҳнат қилиш керак бўлади. Худди шундай жараён ҳозир Ўзбекистон раҳбариятида ҳам кузатилмоқда. Янги президентининг очилиш, ҳамкорлик қилиш керак, бусиз Ўзбекистон иқтисоди жадаллик билан ривожланмайди, хавфсизликни таъминлаш қийин бўлади, деган хулосага келиши учун узоқ йиллар керак бўлди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek