You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Толибон Тошкент анжумани юзасидан 'бекорга сукут сақламаётган бўлиши мумкин...'
Тошкент мезбонлик қилган ва афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилган сўнгги халқаро анжуман айрим нуфузли Ғарб нашрлари нигоҳида худди ана шундай талқинда эътибор топган.
Америкада чоп этилувчи "New York Times" газетаси эса, худди шу воқеъликни ҳатто ўз сарлавҳасига олиб чиққан.
Икки кунлик олий даражадаги Тошкент халқаро анжумани якунида эълон қилган мақоласини "Толибоннинг музокаралар юзасидан ғайриодатий жимлиги янги тинчлик анжуманини умидбахш қилади", деб номлаган.
Афғонистон Толибон ҳаракати минтақадаги энг йирик ва сўнгги чорак асрга яқин вақт мобайнида афғон тупроғида жанг олиб бориб келаётган энг фаол жангари гуруҳлардан бири бўлади.
Ҳаракат аъзоларининг сони ҳозир ҳам халқаро ҳарбий доираларда Покистондагиси билан бирга бир неча мингдан бир неча ўн мингга нисбат бериб келинади.
Худди шу боис ҳам, толиблар афғон можаросига ечим топишга қаратилган ҳар қандай тинчлик музокараларининг иккита энг муҳим иштирокчисидан биттаси сифатида кўрилишади.
Қарийб 20 йил давомида улар билан на-да ҳарбий ва на-да дипломатик йўлда якуний бир муросага бориш уринишлари деярли самара бермаган.
Ҳаракат Афғонистонда шариатни ўрнатишни мақсад қилган, 90-йиллар бошларида Афғонистонда асос солган Исломий Амирлиги 2001 йилда АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучлари томонидан қулатилган.
Орада асосан Покистонда жон сақлаб келган толиблар Ғарб бошчилигидаги қўшинларнинг 2014 йилги оммавий сафарбарлиги ортидан, бутун Афғонистон бўйлаб қайта фаоллашишга муваффақ бўлган.
Агар, энг сўнгги маълумотларга таянилса, Толибон жорий пайтда Афғонистоннинг 70 фоиз ҳудудида у ёки бу даражада ҳозир.
Янги ташаббус
Тошкент халқаро анжумани янги президенти Шавкат Мирзиёев бошқаруви остида Ўзбекистоннинг афғон можароси ечимида минтақада янги дипломатик воситачи сифатида ўртага чиқиш истагининг ифодаси сифатида талқин топган.
Бу каби тадбирга мезбонлик қилиш билан Ўзбекистон халқаро саҳнада ўзининг геосиёсий қудрати ва аҳамиятини янгилаш ниятида экани айтилган.
Таъкидлаш жоиз, ораларида Ўзбекистон каби, йилларки, қуролли низолар ичида бўлган Афғонистонга бевосита чегарадошлари бўлса-да, қолган бирор бир Марказий Осиё давлати бу яқин орада шунга ўхшаш ташаббус билан чиқмаган.
Шу йилнинг 26-27 март кунлари бўлиб ўтган анжуманда АҚШ, Россия, Покистон, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Туркия ва энг муҳими собиқ Толибон тузумининг ваколатхонаси жойлашган Қатар каби афғон можароси ечимида муҳим ўрин тутган барча йирик халқаро ва минтақавий ўйинчи давлатлар вакиллари ҳозир бўлишган.
Анжуман арафасида кузатилган анчагина гап-сўзларга қарамай, тадбир толиблар ўзларининг иштирокисиз кечган.
Аммо Қатарнинг ундаги ҳозирлиги Тошкент анжумани мақсадини "самарали бир тарзда" толибларга етказиш учун кифоя қилишига оид фикрларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
"New York Times"нинг ёзишича эса, тинчлик музокараларига оид Тошкентдаги сўнгги саъй-ҳаракатлар юзасидан Толибон бекорга сукут сақламаётган бўлиши мумкин.
Нашр худди шу нуқтада расмий Кобулнинг Толибонни музокаралар столига келтириш учун ҳаракатга шу йилнинг 28 февраль куни - Тошкент халқаро анжумани арафасида қилган салмоқли таклифларига эътибор қаратган.
Мақола мазмунидан аён бўлишича, айнан шу таклифлар бу гал вазиятнинг ўзгача экани борасида хулоса чиқаришга асос берган, аксарият иштирокчилар наздида Тошкент анжуманини умидбахш қилган.
Таклифлар
Бу таклифлар пойтахт Кобулда, "Афғонистонда тинчлик ва хавфсизлик борасида ҳамкорлик учун Кобул жараёни"нинг иккинчи босқичи чоғида шахсан Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани томонидан илгари сурилган.
Улар айнан тинчлик жараёнини кўзда тутиб, "Олдиндан бирор бир шартларсиз музокаралар, Афғонистон Толибон ҳаракатини қонуний сиёсий партия сифатида тан олиш, мулозимларига паспорт бериш, Кобул дохил истаган ерларида ўз офисларини очиш, маҳбусларини озод қилиш ва лидерларини халқаро санкциялар рўйхатидан чиқаришга уриниб кўриш" каби ваъдаларни ҳам кўзда тутади.
Америка нашрининг ёзишича, Толибон бу таклифларни ҳам рад этиш даражасига борган эса-да, исёнчилар орасида бу хусусда анчайин жиддий муҳокамалар бошланиб кетгани далили ҳам йўқ эмас.
Ўз ўрнида, "New York Times"нинг исм-шарифини тутмай, Кобулдаги юқори мартабали бир дипломатдан иқтибос келтиришича, "ҳукуматнинг таклифи ўйинни ўзгартирувчи" бўлган.
"Толибон бироз гангиб қолган, босимлар таъсир кўрсатгандек туюлган".
Буни нашр аноним тарзда суҳбатлашишга муваффақ бўлган айрим юқори мартабали Толибон қўмондонлари ҳам тасдиқлашган, аммо бу муҳокамаларнинг "ўзлари учун ким билан музокаралар олиб бориш мақбул" экани мазмунида эканини айтишган.
Лондондан Мудофаа масалалари бўйича халқаро таҳлилчи Пол Рожерс ҳам "New York Times"даги мақолада янграган бу каби фикрларнинг ҳақиқатдан буткул йироқ эмаслигини айтади. Лекин таҳлилчи, ўз ўрнида, ҳозирда Толибон ҳаракати сафларининг қанчалик тарқоқ экани омилига алоҳида эътибор қаратади.
"Гап шундаки, афғон ҳукумати ҳеч қачон бу қадар таклифларга бормаган. Бу - Толибон сафларидаги айримларнинг эътиборини ўзига тортган бўлиши мумкин. Сизга яхши маълумки, ҳозир Толибоннинг сафлари тарқоқ, ҳаракат, таъбир жоиз, турли мавқеъ ва қарашда бўлган гуруҳларнинг умумлашмасидан иборат. Шу боис ҳам, бу таклифларни қанчалик жиддий қабул қилиш борасида фикрлари якто эмас".
Суҳбатдошимизга кўра, мавжуд воқеъликка қарамай, Толибоннинг бугун Афғонистонда эгаллаб турган мавқеи бу масалада якуний сўзни айтувчи фактор вазифасини бажариши ҳам мумкин.
"Бошқа томондан, америкаликлар ўз ҳаво ҳужумларини кучайтиришаётганига қарамай, Афғонистонда эгаллаб турган ва таъсир остида бўлган ҳудудларининг миқёси назарда тутилганда, Толибон ҳозир маҳв этиб бўлмайдиган мавқеъда. Буларнинг барчаси эса, саҳнаорти музокараларининг бошланиши эҳтимолини бир қадар яхшилаган. Бу, сўзсиз, хуш қаршиланади. Аммо жорий пайтда тинчлик музокаралари ташаббуси фақат афғон ҳукуматининг ўзидан чиқмоқда", - дейди таҳлилчи.
Толибон
Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўртасидаги олдиндан бирор бир шартларсиз бевосита мулоқотларга замин яратишни мақсад қилган Тошкент анжумани ва президент Ғанининг Ўзбекистон пойтахтида ҳам такроран ўз ифодасини топган таклифлари Толибон ҳаракатининг бу йилги баҳорги амалиётлари арафасида кузатилган.
Ўзининг Афғонистондаги баҳорги амалиётларини, одатда, апрель ойининг дастлабки ҳафталарида эълон қилиб келувчи ҳаракат эса, ҳозирча бу хусусда жим.
Тошкент анжумани ортидан кечган бир неча ҳафта ичида Афғонистон бўйлаб толибларнинг бирор бир йирик ҳужумлари ҳам кузатилмаган.
Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбарияти сўнгги бор шу йил февраль ойида ўзининг тинчлик музокаралари олиб бориш истагини изҳор этган.
Аммо ҳаракатнинг "Америка халқи" ва "америкалик конгрессмен"ларга йўлланган очиқ мактуби мазмунидан уларнинг президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмурияти билан музокаралар олиб бориш истагида экани маълум бўлган.
Янги Америка ҳукумати ҳали-ҳануз бу хусусда жим, лекин орада кечган вақт давомида Афғонистондаги қўшинлари сонини яна мингтага оширишга улгурган. Афғонистонда исёнчиларга қаратилган ҳаво ҳужумларини кучайтирган.
Расмий Вашингтон ўзининг Афғонистонга оид янги стратегиясида Толибон билан музокаралар эҳтимолини назардан соқит этмагани билан ҳам экспертларнинг эътиборини ўзига тортган, аммо янги АҚШ маъмурияти бунга ҳарбий йўлда босимни кучайтириш орқали эришишни мақсад қилгани ҳам маълум бўлган.
Афғонистон бўйича олий даражадаги халқаро анжуманга АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шеннонни юборган.
Анжуман ортидан эса, АҚШ Давлат департаменти унга расман изоҳ бериб ўтган.
"Америка Қўшма Штатлари Афғонистон ҳукуматини тинчликка эришиш йўлида қўллаб-қувватлаши ҳамда Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар раҳбариятининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолаши"ни билдирган.
Би-би-си Афғон Хизмати муҳаррири Довуд Аъзамий эса, бунгача афғон ҳукумати ҳам, ва яна қатор хорижий давлатлар ҳам Толибонга тинчлик музокараларига мезбонлик қилиш таклифи билан чиққанликлари, аммо ҳаракат расмий Кобулдан аввал Америка томони билан мулоқот қилиш истагида эканини айтиб , улардан бўйин товлаб келаётгани омилига диққат қаратади.
"Чунки Толибон Американи афғон можаросида асосий ўйинчи ва энг муҳим томон сифатида кўради. Улар расмий Вашингтон билан Афғонистондаги хорижий қўшинлар масаласини ҳал қилиб бўлгачгина, афғон ҳукумати билан бошқа масалалар хусусида сўз юритиш мумкин, деб ҳисобалашади".
"Шу боис ҳам, агар, Америка билан юзма-юз мулоқотлар ҳақида бўлганда, толиблар қай бир давлатдан бўлмасин, бу каби таклифни мамнуният билан қабул қилган бўлишарди", - дейди суҳбатдошимиз.
Унга кўра, ҳаракатнинг музокаралар учун энг асосий шарти назарда тутилганда, Америкадан фарқли тарзда, ҳозир афғон ҳукумати мамлакатдаги хорижий қўшинларнинг тақдири ва келажагини ҳал қилиш қудратида эмас.
Россия, Толибон ва АҚШ
Афғон можаросига тинч йўлда ечим топиш билан боғлиқ воқеаларнинг бу каби ривожи сўнгги йилларда минтақадаги геосиёсий манфаатларини қайта парваришлаш ҳаракатларига зўр берган Россия ва АҚШ ўртасидаги алоқалар ниҳоятда совуқлашган бир манзарада кузатилган.
Расмий Москванинг Афғонистон масаласига аралашаётгани, Толибон билан мулоқотга чиқиб, уларни қурол-яроғ билан таъминлаётганига оид хабарлар кўпайган.
Россия ҳукуматининг такрорий раддияларига қарамай, Америка томони ҳам айни мазмундаги баёнотларини тўхтатмаган, куни-кеча Афғонистондаги НАТО ва АҚШ Кучлари Бош қўмондони генерал Жон Николсон ўзининг аралашуви билан Москва афғон можаросини янада чигаллаштириб, афғон урушини бундан-да узайиб кетишига олиб келиши мумкинлиги билан огоҳлантирган.
Расмий Москва эса, ўтган йили янги дипломатик воситачи сифатида ўртага чиққан, афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилган уч босқич музокараларга мезбонлик қилган.
Толибоннинг ҳозирлигисиз кечган бу музокараларда яна Америка Қўшма Штатлари ҳам иштирок этишдан бош тортган.
Довуд Аъзамийнинг айтишича, Россия Ғарб қўшинларининг Афғонистондаги узоқ муддатли ҳозирлигидан мамнун эмас, аммо, бошқа томондан, уларнинг ортга сафарбарлиги Афғонистонда бўшлиқ пайдо қилиб, ҳозиргисидан-да кўпроқ бошбошдоқликлар вужудга келиши мумкинлигидан хавотирда.
Худди шу боис ҳам, улар афғон можаросига тинч йўлда ечим топиш масаласига кўпроқ урғу бериш ҳаракатига тушиб қолишган, дейди суҳбатдошимиз.
Унинг айтишича, расмий Москва сўнгги пайтларда ҳаракатнинг ўзи билан ҳам, Покистон билан ҳам алоқаларини илиқлаштирган ва яна Хитой, Эрон ҳамда Ҳиндистон билан яқин муносабатлари назарда тутилганда, Толибонни музокаралар столига ўтиришга ундаш имкониятига эга.
Америка нашрининг ёзишича ҳам, афғон ҳукумати Тошкент анжумани Марказий Осиёдаги иттифоқчилари, Ўзбекистон ва унинг қўшнилари воситасида Россияни ҳам даврага тортишига умид қилган.
Аммо, лекин, бироқ...
Лекин, Довуд Аъзамийга кўра, АҚШ Россиянинг бу ташаббусни назорат этишини хоҳламайди. Бу масалада расмий Вашингтоннинг ўзи якуний сўзни айтишни истайди.
"Янги АҚШ маъмуриятининг Афғонистонга оид стратегияси эса, иш бериши ҳам, бермаслиги ҳам мумкин. Агар, Толибоннинг қаршилиги кучаядиган бўлса, бу можаронинг янада оловланишини англатади. Қурбонлар ва вайронагарчиликларнинг кўлами янада ортади. Жорий йил ҳам аввалгисидан кўра янада ҳалокатлироқ бўладиган кўринади", - дейди у.
Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, барча ўйинчи томонларни музокаралар столига келтириши мумкин бўлган тинчлик механизми ишлаб чиқилмас экан, бу каби ҳолатнинг олдини олиш имконсиз бўлади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кеча - пайшанба куни эълон қилинган янги ҳисоботида айтилишича эса, жорий мелодий йилнинг дастлабки уч ойининг ўзида Афғонистондаги инсоний талофатлар кўлами мисли кўрилмаган даражада ортган.
Халқаро ташкилот афғон тупроғида жанг қилаётган барча томонларни бу каби ҳолларнинг олдини олишга чақирган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek