Ақтўбе фожеаси қурбонлари дафн этилди

23 январь куни Қозоғистондаги автобусдаги ёнғинда ҳалок бўлган инсонларнинг жасадлари дафн этилди.

Ёнғинда ҳалок бўлган инсонларнинг хоклари қўйилган Ўзбекистон Фаввулодда вазиятлар вазирлигининг самолёти эрталаб Наманган халқаро аэропортига қўнган.

ЎзА агентлиги мухбири хабар қилишича, марҳумлар тез тиббий ёрдам автомашиналарида Тўрақўрғон ва Косонсой туманларидаги мотамсаро хонадонларга етказилган.

Ҳалокат қурбонларининг бир вақтнинг ўзида ўқилган жаноза намозида аҳоли билан бир қаторда вилоят ва туманлар раҳбарияти, кенг жамоатчик вакиллари иштирок этдилар, бевақт ҳалок бўлган йигитлар ҳақига дуои фотиҳа қилди.

Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, Ақтўбадаги автобусда ҳалок бўлган Наманган вилоятилик 31 инсон, Фарғона вилоятилик 16 инсон, Андижон вилоятилик 2 инсоннинг дафн маросимлари бўлиб ўтган.

Расмийлар ДНК текширувлари асосида қурбон бўлганларнинг барчасининг шахси аниқланганини айтганлар.

18 январь куни Чимкентдан Россияга кетаётган автобус ёниб кетгани оқибатида 52 Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган.

Автобус ичида 57 инсон бўлган.

Автобуснинг икки ҳайдовчиси, 1 Қозоғистон ва 2 Ўзбекистон фуқароси фалокатдан омон қолганлар.

Автобус ёниб кетишига салонда очиқ оловдан нотўғри фойдалангани сабаб бўлгани айтилди.

Ҳалокатдан 3 соат олдин яқинларига видеохабар юборган ҳайдовчи Мақсат Пернебеков ташқарида ҳаво 40-25 даража совуқлигини ва ўзи ҳам автобус ичида иккита куртка кийиб ўтирганини айтган.

Автобус ёниб кетиши ортидан Қозоғистон ҳукумати мамлакатдаги барча мунтазам қатновчи автобусларни текширишини маълум қилди.

Фожеа ортидан Ўзбекистонда Президент топшириғи билан Ҳукумат комиссияси тузилди.

Давлат томонидан ҳалок бўлганларнинг яқинларига бир марталик нафақа ажратиш тўғрисида топшириқ берилди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek