Автобусда ёнганларнинг оилалари учун бир кунда 60 миллион сўм йиғилди

Ақтўбе вилоятида ҳалок бўлган 52 ўзбекистонликнинг яқинларига ёрдам бериш акцияси доирасида 60 миллион сўм ёки 7,5 минг доллар маблағ йиғилди. Акция ташкилотчилар ушбу маблағ бир кунда ва фақат сўмда очилган картага келиб тушган пуллигини айтмоқда.

Хайрия акцияси ташкилотчиларидан ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиевнинг ёзишича, бир кун ичида йиғилган 60 миллион сўмдан кўпроқ пулнинг 12 млн. 300 минг сўми тарқатилган. Пуллар беш хонадонга бўлиб берилган.

"Ҳозирча дастлабки режаларимиз бўйича, халқимизнинг саҳовати натижасида ҳар бир марҳумнинг оиласига 10 млн. сўмдан ажратишни ният қилганмиз. Шунда тахминан 500 млн сўмдан кўпроқ маблағ керак бўлади. Умид қиламизки, биргалашиб, ушбу довонни бемалол забт эта оламиз", деган у.

Хушнудбек Худайбердиевнинг ёзишича, "марҳумларнинг оиласидаги аҳвол ҳақиқатдан яхши эмас. Анчайин ночор туришар экан".

Акциянинг яна бир ташкилотчиси таниқли ошпаз Баҳриддин Нажмиддинов Наманган вилоятидаги Тўрақўрғон туманида ҳокимият вакиллари билан бир нечта хонадонга борган.

"Тўрақўрғон туманида 20 та хонадондан 21 киши вафот этибди, "Катта қурама" маҳалласининг ўзидан 10 киши. Кеча ҳукумат ва Наманган вилояти ҳокимининг ташаббуси билан барча марҳумларнинг хонадонига 5 миллион сўмдан пул берилган экан, бугун Тўрақўрғон тумани ҳокимининг ташаббуси билан ҳар бир хонадонга қўй ва Поп туманидаги ташкилотлар ташаббуси билан бозор-ўчар етказилибди", деб ёзди Хушнудбек Худайбердиев.

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан фожиада ҳалок бўлган 52 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси оилаларининг барчасига бир марталик нафақа ажратилгани ҳақида хабар берилди.

Президент матбуот хизмати томонидан тарқатилган ушбу хабарда марҳумларнинг оилаларига қанча миқдорда нафақа ажратилганига ойдинлик киритилмаган.

18 январ куни Чимкент орқали россиянинг Қозон шаҳрига ишлашга кетаётган 52 ўзбекистонлик мигрант автобус ёниши натижасида ҳалок бўлган.

Ҳалокатдан 5 киши омон қолган. Шулардан уч нафари автобус ҳайдовчилари ва икки нафари Ўзбекистон фуқароси.

Расмийлар автобуснинг бирдан ёниб кетишига автобус салонида очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланишни сабаб қилиб келтирган.

Афтидан автобус иситиш тизими ишламаган. Расмийлар салон ичини кавшар лампа (паяльная лампа) билан истилганини айтмоқда.

Қозоғистон Ички ишлар вазир ўринбосари Ерлан Тургумбаев автобус салонида паяльная лампадан 2 соат фойдаланиш натижасида газ тўпланиб қолганини айтган.

"Автомашина двигатели ўчиб қолгани ва машинада совуқ бўлгани туфайли, ушбу автобусда паяльная лампа (кавшар лампаси) иситиш учун ишлатилган. У икки соатдан ортиқ вақт давомида ишлаган. Албатта, бу вақтда газбензин қоришмаси автобуснинг бутун салонини қоплаб олган", - деган Тургумбаев.

Унинг сўзларига кўра, ёнғин "бензинга тўла идиш тасодифан тўкиб юборилганида" бошланган.

"Бензин идиш тасодифан тўкиб юборилганида эса, ёнғин юз берган, у деярли дарҳол, 5 дақиқа давомида бу автобусда бўлган барча фуқаронинг ҳаётига зомин бўлган", - деган вазир ўринбосари.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek