Осиё Тараққиёт банки Ўзбекистонга 2,9 миллиард доллар сармоя киритади

Осиё Тараққиёт банки 2018-2019 йилларда Ўзбекистонда амалга ошириш учун 2,9 миллард долларлик бизнес-режани тасдиқлаган. Мамлакат Осиё тараққиёт банкига аъзо бўлганидан сўнг ташкилотдан бир вақтнинг ўзида олаётган энг катта маблағ эканлиги айтилмоқда.

Ўзбекистонга қарийб 3 миллиард долларлик сармоя киритилаётгани ҳақида банк вице-президенти Венцай Жангнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида маълум бўлди.

Венцай Жанг 10 ноядр куни Ўзбекистонда Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашувган сўнг сармоя ҳақида маълумот берган.

Бизнес-режа энергетика, транспорт, шаҳарсозлик соҳаларидаги инфраструктура тараққиёти, давлат хизматлари сифатини яхшилаш, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришни кенгайтириш ҳамда агробизнесга сармоя лойиҳаларини ўз ичига олади.

Осиё тараққиёт банки масъулининг Ўзбекистонга қилган ташрифи давомида "Поп-Наманган-Андижон" темир йўлини электрлаштиришга доир 80 миллион долларлик лойиҳа бўйича ҳам келишувга эришилган.

Лойиҳа доирасида Фарғона водийсининг асосий шаҳарларини Тошкент билан боғловчи 145 чақирим темир йўли электрлаштирилади, деб ёзилади Осиё тараққиёт банки чиқарган хабарда.

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда 1995 йилда фаолиятини бошлаган.

Бу вақт давомида банк Ўзбекистонга умумий қиймати 6,3 миллиард долларлик 65 кредит ажратган.

Ўзбекистонда Президент алмашгач, мутахассислар Президент Шавкат Мирзиёев дунёга ёпиқ бўлган мамлакатни ислоҳотлар ўтказиш орқали уни яна қайта очаётганини таъкидлашади.

Мирзиёевнинг қўшни давлатлар билан муносабатларни илиқлаштиришга қилган ҳаракатлари халқаро миқёсда эътироф этилмоқда.

Бунинг ортидан шу вақтгача Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган сиёсатга эҳтиёткорлик билан қараган ғарб институтлари ҳам Ўзбекистонга ўз қизиқишини билдира бошлаган.

4 йил деганда Ўзбекистонга борган Европа Иттифоқи Ташқи ишлар бўйича Олий вакили Федерика Могерени Мирзиёев билан "жуда узоқ давом этган ва самарали" учрашувдан сўнг Брюссел мамлакатдаги ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02