You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Могерени: "Брюссел Мирзиёев ислоҳотларини тўлиқ қўллайди"
Европа Иттифоқи Ташқи ишлар бўйича Олий вакили Федерика Могерени Мирзиёев билан "жуда узоқ давом этган ва самарали" учрашувдан сўнг Брюссел мамлакатдаги ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.
Могерени Ўзбекистоннинг янги ҳукумати дунёга ёпилган давлатни қайта очаётганини эътироф этган, деб хабар бермоқда Reuters хабар агентлиги.
Европа Иттифоқи Ташқи ишлар бўйича Олий вакили Ўзбекистонга тўрт йил деганда сафар қилган.
10 ноябр куни Самарқандда БМТ шафелигида ўтказилаётган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга бағишланган халқаро анжуманда Президент Шавкат Мирзиёев Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф ва Туркия иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
"Биз тарихий ҳамкорлик тажрибамизнинг энг чўққисида турибмиз демоқчиман. Бироқ биз уни эришиладиган мақсад эмас, балки бошланувчи нуқта сифатида ишлатишни истаймиз", - деган Федерика Могерени.
Ўзбекистн томонининг ёзишича, учрашувда Европа билан кенг қамровли алоқаларни кенгайтириш борасида сезиларли натижаларга эришилаётгани қайд этилган.
"Европа иттифоқи билан шерикликни инвестиция, савдо, молиявий-техникавий ҳамкорлик, таълим ва бошқа қатор йўналишларда илғор тажриба ва технологиялар алмашиш соҳасидаги амалий мазмун билан бойитиш томонлар учун манфаатли эканига эътибор қаратилди", - деб ёзади president.uz сайти.
Президентнинг расмий сайтида ёзилишича, Европа иттифоқи делегацияси мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар билан таништирилган.
Кузатувчилар мамлакатда Президент Мирзиёев томонидан ислоҳотлар ўтказиш борасида кўплаб ваъдалар берилаётганига қармасдан ҳали кўп соҳаларда аҳвол ўзгармаганини айтишади.
Хорижий валюта конвертациясининг йўқлиги, пахта сиёсатининг устиворлиги ва мажбурий меҳнат каби иқтисодий муаммолар сақланиб қолган.
Фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига қарши ОВИР ва прописка масалалари, мустақил матбуотнинг йўқлиги ва инсон ҳуқуқларининг топталиши ҳоллари амалда ўзгармаган.
Жойлардаги тергов изоляторлари ва қамоқхоналарда қийноқларнинг ҳамон тўхтамаётгани ва қийноқ ҳолатлари бўйича фуқароларнинг арзи-ҳоли тингланмаётгани айтилади.
Марҳум Ислом Каримов даврида ЕИ-Ўзбекистон алоқалари стратегик шерикликдан жазо чораларига қадар турли босқичларни бошдан кечирган.
Андижон воқеалари ортидан Иттифоқ 12 нафар Ўзбекистон мулозимларига нисбатан жазо чораларини киритганди.
Каримов бошқарувининг сўнгги йилларида муносабатлар қайта тикланган ва 2011 йил ноябрида Ислом Каримов Брюсселда қабул қилинганди.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02