You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Бобомурод Абдуллаев 'ҳокимиятни босиб олишга уриниш'да гумон қилинмоқда
Журналист Бобомурод Абдуллаев расман "Усмон Ҳақназар"имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумонланмоқда.
Бу ҳақда жиноий ишлар бўйича Юнусобод туман суди шу йилнинг 1 октябр куни чиқарган қарорда айтилади.
Инсон ҳақлари фаоли Сурат Икромов Би-би-сига тақдим этган қарор нусхасидан маълум бўлишича, судъя Шамсуддинова Э.Р раислигида ўтган маҳкама Бобомурод Абдуллаев "2011 йилдан шу кунгача" "Усмон Ҳақназар" тахаллуси остида мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳнинг "буюртмаларини бажариб келгани"ни аниқлаган.
Маҳкама аниқловига кўра, "амалдаги тузумни босиб олишга чақирувчи" мақолалар интернет орқали Муҳаммад Солиҳга етказиб турилган.
Маҳкама Бобомурод Абдуллаевни "ЎХХ функционери" деб атаган.
Тергов Бобомурод Абдуллаевнинг асосий манбалари Салаев Равшанбек Бойжонович ва Оллоёров Шавкатжон Оллоёр ўғли исмли Ўзбекистон фуқаролари эканини айтган.
Маҳкама қарорида айтилишича, бу икки шахс Бобомурод Абдуллаевнинг танишлари бўлган ва улар "қўриқланадиган шахслар, йирик ишбилармонлар ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбариятига кириш имконига эга бўлганлар".
Маҳкамага кўра, улар ўзлари "етказган маълумотлар ҳокимиятни ноқонуний йўл билан босиб олишда ишлатилишини билганлари ҳолда Бобомурод Абдуллаев учун, унинг топшириғи билан материаллар тўплашган ва унга етказиб турганлар.
Юнусобод туман маҳкамаси гумонланувчи Бобомурод Абдуллаевга нисбатан Жиноят кодексининг 159-модда 4-қисми билан айблов эълон қилган ва уни Ўзбекистон Республикаси МХХ тергов изоляторига ҳибс қилишга буйруқ берган.
Маҳкама қарорида айтилишича, гумонланувчи ўн кун муҳлат ичида айбланувчи сифатида жиноят ишига жалб этилиши, акс ҳолда ҳибсдан озод қилиниши керак бўлади.
44 ёшли журналист 27 сентябр куни кундузи бедарак кетган ва орадан бир кун ўтиб, унинг Тошкентдаги "Гвардейский" номи билан билинган МХХ изоляторида экани ўртага чиққан.
Суд қарорида Абдуллаевнинг 29 сентябр куни соат 19:55 да ҳибсга олингани айтилади.
1 октябрдаги судда адвокат Шарипов Ш.М. нинг ҳам иштирок этгани айтилган, аммо журналистнинг аёли Катя Балхибаева Би-би-си билан суҳбатда адвокатни танимаслигини айтди.
Аввалроқ инсон ҳақлари фаоли Сурат Икромов журналистнинг аёлига МХХ томонидан мустақил адвокатдан воз кечиши учун босим ўтказилганини айтган эди.
"Уч босқичли инқилоб режаси"
Маҳкама қарорида Бобомурод Абдуллаевнинг манбалари бўлиб хизмат қилгани айтилган Салаев ва Оллоёровларнинг айнан қайси тизимда ишлаганларига аниқлик киритилмайди.
Шунингдек, уларнинг тақдири ҳақида ҳам ҳеч нарса дейилмайди.
Унда айтилишича, Абдуллаев бу шахслардан "олинган маълумотлар ва Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятни таҳлил қилган ҳолда Муҳаммад Солиҳнинг кўрсатмаси билан Ўзбекистонда инқилоб қилиш ва Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ағдаришга қаратилган режа"ни ишлаб чиққан.
Терговнинг даъво қилишича, "Йиғим-терим" ("Жатва") номи берилган "лойиҳа"га мувофиқ, уч босқичда Ўзбекистоннинг амалдаги конституциявий тузумини ағдариш режаланган.
Унда Ўзбекистон ҳукуматидаги "муҳим" мансабдор шахслар (МХХ, ИИВ ва Мудофаа вазирлиги) ва кенг халқ оммасини жалб этиш, шунингдек, шаҳар ва вилоят миқёсида (Тошкент, Фарғона, Навоий, Урганч) ҳарбий ҳаракатларни ўтказиш режалангани даъво қилинади.
Суд аниқловига кўра, режага республиканинг турли вазирлик ва идоралари раҳбарларининг яшаш жойлари схемалари ва суратлари, шунингдек, уларни қўлга олиш учун зарур бўлган одамлар сони ҳамда кетадиган харажатларнинг сметалари ҳам илова қилинган.
Суд Бобомурод Абдуллаев содир этишда гумонланаётган жиноятни "ўта оғир" дея малакалаган.
Эслатиб ўтамиз, 3 октябр куни Истанбулдаги матбуот анжуманида мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳ Бобомурод Абдуллаевнинг йиллар давомида "Усмон Ҳақназаров" номи остида мақолалар чоп этиб келган муаллиф эканини очиқлаганди.
Муҳаммад Солиҳ журналистнинг "ҳаётини сақлаб қолиш учун" бу каби баёнот билан чиқишга мажбур бўлганини айтган.
У 2003 йилдан буён интернетда "Усмон Ҳақназаров" тахаллуси остида мақолалар чоп этган муаллиф ва Бобомурод Абдуллаевнинг бир шахс эканини айтган.
Тергов эса Бобомурод Абдуллаев 2011 йилдан буён "Усмон Ҳақназар" тахаллуси билан мақолалар чоп этиб келганини айтади.
"Усмон Ҳақназаров" тахаллуси остидаги илк мақолалар интернетда 2003 йилда пайдо бўлганди.
Муаллиф марҳум президент Ислом Каримовнинг норасмий таржимаи ҳоли, соғлиги ва ҳокимиятнинг юқори эшелонларидаги коррупция ҳамда мамлакатдаги сиёсий репрессияларга доир рус тилидаги мақолаларни чоп этиб келган.
Аммо ҳозирга қадар "сиёсатшунос Усмон Ҳақназаров" даъво қилган ҳолатларнинг биронтаси на расмий ва на мустақил манбалардан тасдиқланган эмас.
Ўзбек расмийлари ва маҳаллий матбуот ҳеч қачон "Усмон Ҳақназаров"нинг чиқишларига муносабат билдирмаган.
Айни тахаллус остида мақолалар чоп қилган муаллифга нисбатан қидирув ёки қандайдир тезкор амалиётлар олиб борилгани Би-би-сига маълум эмас.
Шундай бўлса-да, "Усмон Ҳақназаров" нафақат мухолифат нашрлари, балки мустақил ва хорижий нашрларда кенг иқтибос қилинган.
Шу йилнинг августида ҳатто Ўзбекистонинг ўзидаги қатор интернет нашрлари ҳам "сиёсатшунос Усмон Ҳақназаров"нинг мақоласидан иқтибос келтирган.
Бобомурод Абдуллаев 2000-йиллар бошида "Озод овоз" мустақил веб-сайтига асос солган, Британиянинг уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR) мухбири бўлиб ишлаган.
Охирги йилларда у Ўзбекистонда футбол журналисти сифатида танилган. Футбол федерацияси ва терма жамоа мураббийларини кескин танқидлари билан ажралиб турган.
"Қасос"
Бобомурод Абдуллаевга нисбатан расмий айбловга муносабат билдирган Муҳаммад Солиҳ Би-би-си билан суҳбатда айбларни "мутлақо асоссиз ва бемаъни" деб атади.
Унинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати ва хусусан, МХХ журналистдан худди шу йўл билан қасос олишга уринмоқда.
"Афсуслар бўлсинки, бугун Бобомурод Абдулла (Усмон Ҳақназар)га қўйилган айбнома эълони Ўзбекистонда сиёсий режимнинг ҳали-бери ўзгармаслигидан дарак бермоқда. Бу МХХнинг, шахсан Рустам Иноятовнинг биздан - Усмон Ҳақназар (Бобомурод Абдулла) ва мендан олган интиқомидир", - деб айтди Муҳаммад Солиҳ.
"Чунки биз Усмон Ҳақназар ва камина янги раҳбар Шавкат Мирзиёев ислоҳотларини очиқ қўллаб чиқдик ва ислоҳотлар олдидаги энг катта тўсиқ Каримовчи кадрлар, бўғзигача ўғирлик ва порахўрликка ботган МХХ структураси ва унинг раҳбарияти эканини айтдик ва бу тўсиққа қарши курашдик. Айбномада кўрсатилган "давлат тўнтаришига ташаббус" айблови 1999 йил бизга қўйилган 16 феврал портлашлари каби туҳматдан иборатдир. Бу ёлғонининг ҳам умр қисқа бўлажак, бунга шубҳамиз йўқ. Бизни бошқа нарса қизиқтиради: биз анчадан бери дастаклаётган, бу ўйинни кўриб турган президент Мирзиёев нега жим? Ёки биз бекорга умидландикми? Янги президент Каримов сарқитларидан озод бўлишга самимий интилаяпти, дея беҳуда ишондикми? Буни энг яқин замонда ўрганамиз ва шунга кўра Ўзбек мухолифатининг қайси позицияда туриши кераклигини жамоатчиликка эълон қиламиз", - деб айтди Муҳаммад Солиҳ Би-би-сига берган баёнотида.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02