Амитабх Баччан Лондон Олимпиадаси машъаласини кўтарди

Лондонда ХХХ Ёзги Олимпиада Ўйинлари бошланишига бир кун қолганда Олимпия машъаласи афсонавий ҳинд киноактёри Амитабх Баччанга берилган.

Амитабх Баччан пайшанба эрталаб Лондон жанубида машъалани кўтариш ўзи ва ватани Ҳиндистон учун "улкан шараф ҳамда фахрли лаҳзалар бўлганини қайд этди".

Кам сонли хорижликлар қаторида ҳинд санъаткоридан машъалани кўтаришни сўраш рамзий аҳамиятга ҳам молик.

Британиянинг собиқ мустамлакаси билан ўртадаги муносабатлари бугун шиддат билан ўсаётган Ҳиндистон иқтисоди боис зарурат ва тенг ҳамкорликка айланмоқда.

Амитабх Баччан Лондон Олимпиадасига бош қўшган ягона ҳинд юлдузи эмас.

"Оскар" мукофоти совриндори Оллоҳ Раха Раҳмон ҳам Лондон Олимпиадаси учун махсус мусиқа ёзган.

"Бу Британияга Ҳиндистон таъсири қай даражада эканини кўрсатувчи Панжобий куйдир" - деб айтган Оллоҳ Раха Раҳмон.