Ўзбекистон, футбол: Шомуродов - ўзбек футболи ҳужумчига ёлчидими?

Элдор Шомуродов Россия чемпионати тўпурарига айланди

Сурат манбаси, Getty images/Epsilon

Сурат тагсўзи, Элдор Шомуродов Россия чемпионати тўпурарига айланди

"Ростов" клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов 7 гол билан Россия чемпионати тўпурарига айланди. Клуб тренери уни 50 миллион еврога баҳоламоқда ва фақат Европадан таклиф чиқса сотишини маълум қилди.

31 декабр куни "Ростов" меҳмонда "Локомотив" клуби билан ўйнади.

Ўзбек футболчиси Шомуродовнинг икки голи эвазига "Ростов" бир муддат чемпионат пешқадамига ҳам айланди.

1-2 ҳисобида Ростов фойдасига ҳал бўлган ўйиндан сўнг футбол мухлислари Элдор Шомуродовнинг ўйини ва голларини муҳокама қилишди.

Ўйиндан ўйинга очилиб бораётган Элдор Шомуродов "Ростов" мураббий Валерий Карпиннинг алмаштириб бўлмас ҳужумчисига айланди.

Унга шу вақтгача Туркиянинг "Галатасарой" ва Россиянинг ЦСКА клублари қизиқиш билдирган.

"Мен учун Шомуродов 50 миллион евро туради. У мавсум давомида 20 та гол уриши учун барча нарсага эга. Ҳозир унинг ўйини чиқяпти, яна ишлашда давом этаверсин", деган Карпин.

Тошкентнинг "Бунёдкор" клубидан "Ростов"га трансфер қилинган ўйинчи клубга айнан Карпин келганидан сўнг очилгани айтилади.

Натижада фақат заҳирадан ўйинга тушган Шомуродов бу мавсум клубнинг асосий ҳужумчисига айланди.

"Гол" нашрининг ёзишича, Шомуродов машҳур ҳужумчилар Фирмино ва Игуан каби қобилиятга эга.

"Шомуродов тўпсиз қаттиқ меҳнат қилади, тез-тез орқага қайтади, ҳимояда ўйнаб, жамоадошларига ёрдам беради. Бу хусусиятлари билан Шомуродов тўпсиз ҳаракат қилувчи дунёдаги биринчи рақамли ҳужумчи Роберто Фирминони эслатади. Албатта, Шомуродов сифатли прессинг қилишни ҳам ўрганиши керак", деб ёзади Валера Полевиков.

Элдор Шомуродов, шунингдек, ҳужумчилар орасида тўпни олиб қўйиш бўйича ҳам етакчилар қаторида турибди.

"Шомуродов йиртқич", дея баҳо берди футбол бошловчиси Константин Генич

Ҳужумчига ёлчидик

Шомуродовнинг ёрқин ўйинларидан сўнг "Ростов"нинг ўзбекистонлик мухлислари кўпайган.

Ижтимоий тармоқлардаги ўзбек ишқибозлари Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси бўлган Элдор ҳақида "ниҳоят, ҳужумчига ёлчидик", дея ёзишмоқда.

"МТЖ ҳужумда Максим Шацкихдан кейин ёлчимай юрганди. Элдор Шомуродов муносиб номзод, манимча", дейди мухлислардан бири.

Яна бир мухлис Манчестер Юнайтед ҳужумчиси Решфорддан Шомуродов яхши эканлигини айтади.

Ҳужумчини танқид қилаётганлар ҳам бор

"Тўғри, Элдор гол уряпти, лекин кўп моментни расво ҳам қиляпти. Юраверсин Россия, унга оғирлик қилади Англия".

"Тўпурарнинг ўйинига диққат билан қарадим. У бизнинг клублардан юқори бўлган чемпионатда ўйнай олмайди. Тўпни ҳар нотўғри оширганида Ростовда индамаслиги мумкин. Аммо топ клубларда аналитик ва мухлислар уни еб ташлашади. Бўш дарвозага гол уролмаслик! Ростов учун зўр, аммо топ клубларга бўлмайди", дейди Артур Овагян.

Ҳужумчининг ўзи бир неча маробата ўйиннинг энг яхши ўйинчиси, деб топилаётган ва тўпурарлар сафида пешақадам бўлиб олган бўлса-да камтарлик билан фикр билдирмоқда.

У "Локомотив" устидан ғалаба жамоанинг ҳиссаси эканлигини айтган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek