Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 24 Апрел, 2009 - Published 19:23 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Ойдин Солиҳ: Тасдиқловчи оят ва ҳадис тополмасам, кашфни қўлламадим
Доктор Ойдин Солиҳ
Замонавий тиббиёт фалсафаси пойдеворидан бошлаб хатога қурилган, дейди Ойдин Солиҳ
Доктор Ойдин Солиҳ Украинанинг Луганск вилоятида туғилган.

Ворошиловград медицина ўқув юртини битирган, шифохонада ишлаган.

1977 йилда Тошкент Давлат Университетининг биология факультетини битирган.

У талабалик йилларидан халқ табобати, Ибн Сино тиббиёти ва айниқса "Тиббий набавий" (Исломий тиббиёт) билан қизиққан.

1993 йилда тақдир тақозoси билан
Туркияга бориб, у ерда ўз илмини
тажрибада синаб кўра бошлади.

Сўнгги 10 йил мобайнида юзлаб беморлар доктор Ойдин Солиҳнинг даволаш услуби билан шифо топди.

2008 йилда Ойдин Солиҳ ўзининг узоқ йилик тажрибаси асосида "Ҳақиқий тиббиёт(йўқотилган шифо изидан)" деб номланган китобини нашр этди.

Китоб Туркияда фавқулодда катта қизиқиш билан қабул қилинди.

Китоб муқаддимасида шундай дейилган: "Доктор Ойдин Солиҳ касалликларнинг асл сабабларини ва уларга қарши инсонннинг чорасиз эмаслигини, Оллоҳ ҳар xасталикнинг шифосини ҳам яратганини эътироф этиб, буни далил ва исботлар билан бизга тақдим этади. Бу китоб нафақат узоқ йиллар олиб борилган изланишларнинг илмий хулосаси, балки беморларга тақдим этилган конкрет рецептлар мажмуаси ҳамдир".

"Ҳақиқий тиббиёт, йўқотилган шифо изидан" китоби
"Ҳақиқий тиббиёт, йўқотилган шифо изидан" китобининг ўзбекча нашри
Ойдин Солиҳнинг "Ҳақиқий тиббиёт, йўқотилган шифо изидан" китоби яқинда ўзбек тилида нашрдан чиқди.

Муаллиф китобга ёзган "сўзбоши"сида шундай дейди: "Китобимиз Туркия туркчасида ёзилди, аммо унда кўтарилган тиббий муаммоларнинг деярли ҳаммаси, бутун дунёда бўлганидек, Ўзбекистонда ҳам мавжуд... Бу китобда мавжуд тиббий муаммоларнинг ечими фақат Яратганнинг қонунларида эканини баҳоли қудрат англатишга ҳаракат қилдик. Тақдим этганимиз даволаш услуби аждодларимизнинг асрлар давомида қўлланиб келган муолaжа усулларига таянади. Шифо Оллоҳдандир. Биз фақат тавсияларимизни Китоб, суннат ва тиб илмига уйғун қилишга уриндик".

Замонавий тиббиёт фалсафаси пойдеворидан бошлаб хатога қурилган, дейди Ойдин Солиҳ.

"Замонавий тиббиёт касалликни эмас, симптомларини кетказишга ҳаракат қилади. Бу даво эмас, балки жонли организм иммунитетига эълон қилинган шиддатли ва давомли урушдир.. Бизнинг иммун тизимимиз бу зарарли "тиббий экспериментлар" ҳужумига қарши омонсиз қаршилик кўрсатмоқда ва то чўкиб, хароб бўлгунга қадар таслим бўлмаяпти. Иммунитет тизими чўкканидан кейин эса, касалликлар киши бошига бирин-кетин ёға бошлайди", дейилади "Ҳақиқий тиббиёт" асари бошида.


Доктор Ойдин Солиҳнинг саволларга жавоблари

Abdurashid: Oydin opa, dardning davosi Sizga nimada ayon bo'ladi, ro'yo yoki dilingizda birorta o'zgarish seziladimi?

Ойдин Солиҳ: Бу ва бошқа саволларга жавобларимнинг тушунарли бўлиши учун ижозатингиз билан кичик тушунтириш бермоқчиман: биология факультетининг иккинчи курси талабаси эдим, Шимолий Қутбда тадқиқот ўтказаётган биологлар гуруҳидан уларнинг озиқ-овқатларини еб қўйган бир оқ айиқнинг тишлари оғригани ҳақида бир хабар келди. Инсонларнинг тиши оғришини билардик, аммо айиқларнинг тиши оғришини биринчи марта эшитаётгандик.
Бу воқеа мени уй ҳайвонлари билан ваҳший ҳайвонларнинг соғлигини қиёслаб, мушоҳада юритишга ўргатди.
Хайвонларнинг соғлиқ жиҳатидан нақадар бир-биридан фарқ қилишини сиз ҳам мутлоқо кўргандирсиз: уларнинг бир турининг териси ялтироқ, ўзи кучли, ваҳший, чайир ва чаққон бўлса, иккинчи тури - айнан ўз хўжайинларига ўхшаган - қориндор, териси тўкилган, оёқлари ингичка уй ҳайвонлари!
Уларни кузатиш жараёнида, ҳар қандай тирик организмнинг соғлиги унинг нима билан озиқлангани ила тўғридан-тўғри боғлиқ эканлигини англадим. Бу феноменни ўрганмасдан, тиббда олдинга юриш мумкин эмаслигига қаноат келтирдим.
Ҳазм хусусидаги қонунлар ва мизож фалсафаси тўғрисидаги энг муҳим билгиларни Ибн Синонинг китобларидан топдим.
Шунингдек, овқатланиш муаоммолари ҳақда япон ва Америка тадқиқотчиларининг фикрларидан фойдаландим.
Аммо тибб ҳақдаги асос тасаввурим Ислом динини ўргана бошлаганимда шаклланди.
Айниқса, "Сўра, Мен жавоб бераман", деган ояти Карима менга жуда қаттиқ таъсир қилди.
Бу оят зеҳним бурчакларида яшашда давом этаётган стеротипларни буткул ўчириб ташлади. Ва мен тушунмаганларимнинг ҳаммасини инсонни, унинг касаллигини ва бу касалликнинг шифосини Яратгандан сўрай бошладим.
Ва ҳамиша ҳар бир саволимга бирданига уч-тўрт тарафдан, бир-бирини тасдиқловчи жавоблар олдим: оят ва ҳадис, бир касаллик ҳодисаси, китоб ёки журналда босилган мақола воситасида.(Албатта, ҳамма ўз саволларига Ундан жавоб олади, аммо кўплар бунга эътибор қилмайди)
Бу ҳолат кейинроқ мен учун қонунга айланди: бир кашфни тасдиқловчи ҳадис ва оят тополмасам, уни асло қўлланмадим.
Алҳамдулиллоҳ, энди замонавий медицинанинг бурунни алоҳида, кўзни алоҳида, қулоқни алоҳида даволаш каби фундаментал фалсафасининг xато эканини англайдиган бўлдим. Ҳеч қандай қулоқ-бўғиз-бурун(ухо-горло-нос) доктори ёки "кўз доктори" йўқ. Фақат Оллоҳнинг қонунларига биноан бутун касалликларни даволайдиган ҳакимлар ва бу қонунларни топтаб, касалликларни кўпайтирадиган жоҳиллар бор.
Бурунни алоҳида даволаб бўлмайди, чунки унинг соғлиги меъдадаги ҳазм органларига, мияга, ирсий аьзоларга ва юракнинг аҳволига боғлиқ.
Кўзни ҳам алоҳида даволаб бўлмайди, чунки унинг соғлиги ингичка ичакларнинг соғлиги ва яна юракнинг соғлигига боғлиқ.
Юракнинг соғлиги эса, ҳазм тизимининг, жигар ва буйракнинг соғлиги билан боғлиқ.
Бир бемор тибб дунёсида ташхис қилинмаган кўз касаллигидан шикоят билан келди. “Неча xил касалликлар ўтказдингиз?”, деб сўраганимда, “ҳеч қандaй касаллик кечирмадим. Фақат икки йил аввал кичик безовталик ўтказдим. Икки оёғим ҳам ўрта уч бармоғим орасида ёқувчи ва жуда кўп қичийдиган оқиш бор эди. Лекин фармацевт танишим, соғ бўлсин, бир дори берди ва бу оқишнинг бир-икки кунда тўхташини айтди. Дорини сурдим, оқиш ҳам, қичиш ҳам кетди. Қутулдим. Лекин бу воқеа кўз касаллигим билан ҳеч қандай алоқаси йўқ”, деди.
Аслида, бу воқеа тўғридан-тўғри кўзларидаги касаллик билан алоқали эди, чунки оёқнинг ўрта уч бармоғининг акупунктур нуқталаридан бошлаб, кўз марказигача кетган энергия оқими бор. Бу бемор олтин ва кумуш ишлатиладиган кимёвий моддалар (синил кислота каби) билан ишлаганди. Бу моддалар кўз марказига бирикмасдан, оёқ бармоқларининг орасидаги оқим билан ташқарига чиқаётган эди. Чиқиш йўли фармацевт берган дори билан ёпилгач, бемор бу “ташхис қилинмаган кўз касаллиги”га тутилган эди…
Сўзимни замонавий медицина ҳақда бир жумла билан тугатмоқчиман: бир ёш доктор аёл менга шундай деган эди: "Мен университетда 3-курсгача инсон вужудидаги бу бир-бирига чамбарчарс боғланган, бир-бирини тўлдирган мураккаб системани кўриб, бу ҳашаматли лабиринтда мен қандай йўл топаман?," деб қўрққандим”. Аммо 4-курсда мен учун ҳамма нарса жой-жойига тушди, муаммо қолмади: бутун касаллар учун аввалдан тайёрланган ташхис ва даволаш схемалари мавжуд экан, сен доктор сифатида фақат анализларни кўриб, рецепт ёзсанг бўлди экан. Ҳатто касални кўришга ҳам ҳожат йўқ экан"…

Zebo Yoqubova: Siz hamma kasallikni davosi bor degansiz, aytingchi "Rak", yani "Saraton" kasalligini ham tabobat yo'li bilan davolasa bo'ladimi? Inson butkul shu darddan davolanib ketadimi? Shu haqida ozroq to'xtalib o'tsangiz. Uni, yani saraton kasalligini kelib chiqishining asosiy sabablaridan biri nimada deysis? Agar davolab bo'lsa, qanday davolanish mumkin?

Ойдин Солиҳ: Мен бу саволга ўзимнинг жавобимни муаммони умумий тушунтириб беришдан бошлайман.
Рак ва СПИД каби оғир касалликларнинг ривожланиши энтропиянинг тез юксалиши билан параллел равишда ҳаракат этади.
Энтропия - бу энергия сочилиши жараёнидир. Бутун жонзодлар, шу жумладан инсон ҳам, охир-оқибатда энергиянинг сурункали сочилиш жараёнига, яьни ўлимга маҳкумдир.
Аксар касалликларнинг тамал сабаби - иммун системасининг етарсизлигидир.
Иммун системасининг етарсизлиги баданнинг инфекцияларга, рак ва СПИД каби даволаниши қийин, оғир хасталикларга бўлган юксак ҳассосияти (сезувчанлиги) билан ўлчанади.
Бу ҳол - иммун системасининг турли даражалардаги чўкиши ва тўла хароб бўлишгача борган ҳолидир.
Бу ҳолида, иммун системаси организмнинг индивидуал жиҳатларининг ёмон таъсирлардан ҳимоясини таъминлай олмайди. Ҳужайралар митохондриясида энергия етарсиз миқдорда ишлаб чиқарила бошлайди ёки умуман ишлаб чиқарилишдан тўхтайди. Демак, оқсиллар ҳам синтез етарсиз миқдорда ёки умуман қилинишдан тўхтайди.
Саратон ва СПИД касаллиги мисолида, энергия ишлаб чиқарилмас экан, оқсиллар синтез қилинмас экан, энтропиянинг тезлиги фожиали шаклда юксалади ва тўхтатиш имконсиздир.
Энтропияга қарши туриши мумкин бўлган ягона нарса - РУҲ материясидир.
Оғир касалликлар ҳолатида Руҳ энергияси шу қадар юксалиши керак-ки, у вайрон бўлган иммун системасини тикласин.
Бундай мўъжиза фақат ташқаридан мадад шаклида келиши мумкин.(Исо алайҳиссаломнинг моховларни даволаб, ўликларни тирилтирганини эсланг)
Зеро, Ибн Сино моховни "вужуднинг саратони" деб атаган эди.
Аммо касаллик (шиш) ҳалокатли босқичга келмаган бўлса, инсон ихлосли ибодат йўли билан иммун системасини тиклаш учун лозим бўлган ўша энергияни қўлга киритиши мумкин. Бу вазиятда тиббий даволаш кўмак беради.
Иммун системаси тикланган киши худди янги дунёга келгандай бўлади. Бундай ҳолларда одамлар уларга юборилган касаллик учун Оллоҳга шукр қиладилар. Шу боис, тажрибамда эътиқодли инсонларни даволаш ишонмайдиганларни даволашдан осон ва эффективроқ бўлган.
Худога ишонадиган одамлар ўз аҳволига танқидий қараш қобилиятига эгалар. Улар удумдаги янги дорилар, эмлашлар ва амалиётларга бўлган фанатикларча боғлиқликдан узоқдирлар. Улар дори билан ётиб, дори билан турадиган интеллектуаллардан узоқроқни кўрадилар, чунки мўминнинг фаросатига эгадирлар. Синтетик дорилардан наф йўқлигини биладилар.
Бутун синтетик дорилар, айниқса, глюкокортикoидлар, эмлов дорилари, антибиотиклар, қўшимча моддали озуқалар, гени ўзгартирилган озуқалар, озиқ-овқат саноатининг бутун тайёр маҳсулoтларининг истеъмоли ва наркоз, радионурланиш, жарроҳий амалиётлар, диоксинлар, ДДТсимон кимёвий моддалар, хлорли кир кетгазувчиларнинг қўлланилиши - ҳаммаси иммун систeмасини чўктирадиган факторлардир.
Энг актив иммундепрессиясини пайдо қилувчи факторлар глюкокортикоидлар, эмлаш дорилари, антибиотиклардир.
Булардан биттасини бир мартагина қўлланган кишининг иммун системаси кучли зарба ейди.
Ҳар қандай касалликдан қутилиш учун - ҳатто у ангина бўлсин - юқорида кўрсатилган, иммундефицитга олиб келувчи бутун дори ва моддалардан воз кечиш лозим.
Бу замонавий медицина кўришни истамаётган, аммо эртами-кеч тан олишга мажбур бўладиган бир қонундир.
Юқорида айтилган тадбирлар олингандан кейин сиз сўраётган саратон ёки СПИДни даволашга ўтиш мумкин. Даволаниш процедураси эса "Ҳақиқий тиббиёт" китобида батафсил айтилган, афсус, бу ерда уни келтиришнинг имкони йўқ.

Otabek, Norvegiya:Saraton kasalligini oldini olishga bugungi zamonaviy tibbiyot qodirmi? Yaqinda Shveytsariyaning mashhur Rosche farmasevt kompaniyasi saratonga qarshi bir dori (tabletka, nomi esimda yo'q) ishab chiqaribdi, lekin juda qimmat ekan. Shu dori saratonni kasaligining oldini oladimi rostdan ham?

Ойдин Солиҳ: Биринчидан, саратон билан касалланиш учун иммун системаси ниҳоятда заифлашган бўлиши керак. Демак аввал биз – саратон касаллиги билан оғримаганлар, бу касалликка чалинмаслик учун, иммун системасини заифлаштирадиган нарсалардан қочишимиз керак.
Саратон касаллигининг ташхисини қўйиш осон иш эмас. Бугун бу ташхисда кўп хато қилинмоқда. Ва саратон касаллиги бўлмаган касалларга саратон ташхиси қўйилиб, саратон тадовиси уйғуланмоқда.
Бу даволаш (радио ва кимётерапия) билан иммун системаси чўктирилади ва кейин ҳақиқий саратон пайдо бўлади. Бундай метастаза савиясига юксалган саратоннинг эса давоси йўқ.
Менинг хасталарим орасида саратон ташхиси қўйилган кўп хасталар тузалиб кетди. Чунки уларга янглиш ташхис қўйилганди, аммо саратонга қарши даволанмагандилар.
Сиз янги дориларни айтаяпсиз, бу муҳтамалан нанотехнологик дорилардан бири бўлиши мумкин. Бу тип дорилар шундай ишлайди: нанороботлар саратонга сабаб бўлган генни кесиб олиб ташлайди. Унинг ўрнига синтетик ген жойлаштиради.
Аммо иммун системаси нанороботнинг бу ишини бузишга ҳаракат қилади, шу боис аввал дорилар билан иммун системасини заифлаштирадилар. Бу эса кимётерапиядан фарқли бир нарса эмас. Битта фарқи шуки, бу даволашдан сўнгра инсон роботнамо бир жонзодга айланади. Бу вазиятда инсон эътиқодли бўлса нафақат дунёни, балки охиратни ҳам йўқотади. Чунки Оллоҳу Таоло қудсий ҳадисда “Мен шу тўрт нарсани асло ўзгартирмайман: Яратилиш, Ажал, Тақдир ва Ризқ”, дея буюрган.
Саратон шундай касалдирки, унинг сўнгги муқаррар ажалдир. Унга рози бўлмоқ керак.
Мен қулоғи сағир ва кўзи ожиз бир кампирни танирдим. У мусулмонликни қабул қилгандан кейин ўзининг саратон касаллигига чалинганини ўрганди. Даволанишни рад этди. Ва шундай деди: Менинг Оллоҳим менга касаллик берди, мен унга сабар қиламан. Ва тасаввур қилингки, саратон оғриғи тўхтади, умр бўйи эшитмаган қулоғи эшита бошлади ва у энг гўзал шаклда вафот этди. Бу Оллоҳнинг ўз қулига сабри учун берган мукофоти эди.

Muminjon Abdurahmon: Hurmatli Doktor honim.
Turkiyada oqigan ozbek talabalridan biriman. Bultur İzmit shahrida bir konferensiya bergandingiz. U erda sizga "nahotki butun boshli medisina xato qilayotgan bolsay-u, faqat sizning metodingiz to'g'ri bolsa?" degan savolga bergan javobingizni mikrofon buzuqligi sababli yaxshi eshitaolmagandim. İltimos, agar malol kelmasa, bu savolga yana bir javob bersangiz. Katta rahmat.

Ойдин Солиҳ: Аслида, метод сўзи бу ерда бир оз ўринсиз.
Олти ёшимда кўрганим бир воқеани айтиб берай, у узоқ йиллар давомида онгимни ҳеч тарк этмади. Бизнинг бир итимиз бор эди. Унга биттаси тош отиб, пешонасини ёрди ва тош теккан жойда чуқур яра пайдо бўлди. Яра кун сайин катталаша борди, бир куни эрталаб бу ярани ғиж-ғиж қурт тўлдирганини кўрдим. Мен бувимга “итимиз ўлаяпти, ярасига қурт тушибди”, дедим.
Бувим эса “аксинча, ярага қурт тушган бўлса, демак, яра тузаляпти”, деди.
Чиндан ҳам яра 2-3 кундан сўнгра тузала бошлади. Мени ҳайратга солган нарса – тузaлишнинг шу қадар даҳшатли бўлиши эди.
Бу менинг тиббда илк тажрибам эди. Балки ўзимни тибб илмига бағишлаганимга илк туртки ҳам ўша воқеадир.
Йиллар ўтиб, клиникаларда яраларни қандай даволаганларини кўрдим. Бу даволаш услуби менга ўшандаёқ абсурд кўринди. Аммо бу ҳиссиётимни ҳеч кимга айтаолмасдим, чунки одамларнинг зеҳни бошқа эди, улар, масалан, ўша ит ҳақидаги ҳикояни қабул қилаолмасдилар. Айтсам, мени телбага чиқаришлари мумкин эди.
Ана шундан кейин мен яраларни тузатишнинг янги услубларини ахтара бошладим.
Бир баҳорда, Наврўз куни, Тошкентда, қўшни хотинлар билан сумалак тайёрлаётганимизда, хотинларнинг дераза рахида ўстирилган буғдой нишонасининг 3 килосини бир қоп ун билан аралаштиришганини кўриб, ҳайратга тушдим. Ва бу янги буғдой нишонаси худди унни эритгани каби йиринглаган эски ярадаги ўлик тўқималарни ҳам эритиб юбориши мумкинлигини англадим.
Бу кашфни мен бир аёлнинг қуймичида ҳеч тузалмаган, жуда кўп амалиётлардан сўнгра гангрена даражасига яқинлашган каттакон ярада синаб кўрдим.
Яра соҳиби аёл бу яраси билан ўлишга тайёрлана бошлаганди, тузалишга ҳеч умиди йўқ эди.
Натижа ҳайратланарли бўлди. Яра 4 ҳафта ичида тамоман битди!
Шундан кейин янчилган буғдой нишонасининг сувини меъда ярасига қарши, ичак яраларига қарши ва крон хасталигига қарши малҳам сифатида тавсия қила бошладим. Кўп одамлар шифо топди.
Шу тарзда, Оллоҳ менга касалликнинг аввал сабабини ўрганишни, кейин эса уни даволашни ўргатди.
Ислом дини билан шарафланганимдан сўнгра, ташхис қўйишнинг қадим услуби – генетик илмни ўргандим.
Ва энди, замонавий тиббнинг боши берк кўчадан нега чиқа олмаётганининг сабабини биламан.
Тиббиёт олий ўқув юртларида ўқитиладиган китобларда жуда кўп касалликларнинг сабаби аниқланмаганлиги ёзилган. Ахир, касалликнинг сабаби номаълум бўлса, касалликни қандай қилиб даволаш мумкин?
Aвтомобил бузилса, таъмирчи олдин бузилиш сабабини аниқлаб, кейин таъмирлашга ўтади.
Касалликнинг сабабини аниқламасдан, таxминан қилинадиган даволар, таркиби ва таъсирини аниқламай туриб, бериладиган синтетик дорилар беморнинг аҳволини яна ҳам ёмонлаштиради.
Шундай экан, бугунги кунда шифокорлар Гиппократ қасамёдидаги “Беморга зарар бермаслик”, маъносидаги моддани бажармаяптилар. Янада аниқроғи, бугунги кунда бу қасамёдни бажаришнинг имконияти йўқ. Чунки "Малики Ҳақнинг доираи амридан чиқиб, вужудга аралашсанг, вужудга, албатта, зарар берган бўласан” .
Яъни, инсон Аллоҳ изн бермагани ҳолатларда, вужуд ишига аралашса, унга зарар келтиради. Фақат бугунги кунда тиббиёт дунёси ҳакамларининг Малики Ҳақнинг амирлар доирасидан ҳам, Малики Ҳақ ким эканлигидан ҳам хабари йўқ.
Аллоҳу Таоло ”Бир қулимга ақл берсам, муҳаққақ ҳидоят ҳам бераман”, дея хабар берди. Яна Ислом уламолари “табиб мусулмон, ақлли ва марҳаматли киши бўлиши керак”, дейдилар.
Ақлли инсон масалага турли нуқтаи назарлардан қарай оладиган ва аниқ қарорга кела оладиган одамдир.
Пайғамбаримиз (с.а.в): “Ҳақ Таъоло xавф қаердан келаётганини биладиган, яъни ҳақ билан ботил бир-бирига ўхшаб, уларнинг фарқини билиш қийин бўлган бир пайтда, ҳақ билан ботилни ажрата оладиган назарни яхши кўради”, деганлар.
Аслида, инсон соғлом бўлиши учун бошқа бир инсонга муҳтож эмас. Соғлиқни сақлашнинг йўли Қуръони Каримда, ҳадисларда, буюк уламоларнинг китобларида батафсил тушинтирилган.
Маълумки, жонли ва жонсиз барча мавжудотлар танлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлган зикр ҳолида яшайдилар. Фақат инсон зикр қилиш ёки қилмасликни ўзи танлайди.
Бироқ инсоннинг ҳужайралари ҳам барча бошқа жонзотларнинг ҳужайралари каби доимо Аллоҳни зикр қилишади. Иммунитет тизимига ўша ҳужайралар зикрини муҳофаза қилиш вазифаси юклатилган.
Ҳужайра ҳимоя остида бўлса ҳеч нарса уни зикрдан тўхтата олмайди.
Инсон ҳаром қилинган нарсаларни еб, ҳаром дориларни истеъмол қилсагина хужайраларнинг зикри тўхтайди ёки ўзгаради.
Замонавий технологиянинг барчаси, замонавий тиббиётда қўлланилаётган бутун дорилар, сув ва озуқалардаги бутун қўшимча моддалар инсон организмидаги хужайраларни зикридан айиришга, ҳатто куфрга бошлашга хизмат қилади.
Зикрдан айрилган орган касалланади.

Nomsiz: Assalomu alaykum, hurmatli Oydin xonim. Siz zamonaviy tibbiyot poydevoridan boshlab xatoga qurilgan, deysiz. Bu ukolga ham taalluqlimi? Insonning badani, qon tomiriga nina orqali dori yuborishga munosabatingiz qanday? Undan keyin ukoldan oldin badanning nina sanchiladigan joyi spirt bilan artiladi. Biroq Toshkentda biz namozxon musulmonlarning tarkibida spirt bor, deb atirlarni badanlariga surtmasliklarini, Arab mamlakatlaridan olib kelinadigan atirlarni surtishlarini bilamiz. Bunga munosabatingiz qanday?

Ойдин Солиҳ: Бу саволга жавоб беришдан олдин сизга 18 минг оламдаги бутун жонли ва жонсиз борлиқлар Оллоҳни давомли ва мажбурий зикр қилишларини эслатмоқ истардим. Фақат инсон зотига Оллоҳни зикр этиш ёки этмаслик ихтиёри берилган. Инсон бир нафс ўлароқ, Оллоҳни зикр этмаслиги мумкин, аммо унинг баданидаги бутун ҳужайралар, 18 минг олам борлиқлари каби, давомли ва мажбурий зикрдадир.
Бунга илова ўлароқ, ҳазм жараёнининг тўрт босқичдан иборат эканлигини эслатишимиз керак: биринчи ҳазм - оғизда, ошқозонда, ичакларда, иккинчи ҳазм - жигарда, учинчи ҳазм - қонда, тўртинчи ҳазм ҳужайраларда содир бўлади.
Ҳар қандай овқат ёки дори илк учта ҳазмда энг хавфли зарарлардан иммунитет механизми билан тозаланади ва тўртинчи ҳазмга мумкин қадар тозаланган ҳолда келади.
Яна бир муҳим хусус шундаки, ҳар ейилган луқма учта ҳазмни кечиб, тўртинчи ҳазмда ҳужайраларнинг митохондрияларида электромагнетик тўлқинлар ишлаб чиқаради, бу - Ислом дини нуқтаи назаридан - Оллоҳга зикрдир.
Ичилган дори ҳам бу тўртта ҳазмдан кечиб, зикрнинг ишлаб чиқарилишига таъсир этади.
Шу боисдан инсон меъдасига тушган ҳар бир луқма емак "ҳалол" сифатини ташимоғи керак.
Ислом динида "Таомни ейиш одобида" тўрт фарз, тўрт суннат ва тўрт мустаҳаб бор.
Биринчи фарз - емaк(ёки дори) қаердан келгани, қандай тайёрланганини билмакдир. Икинчи фарз - емакни(ёки дорини) "Бисмиллоҳир-роҳманир-роҳийм" билан бошламоқ. Инсон биринчи фарзни бекор қилиб, иккинчисидан бошласа, емак (ёки дори) шубҳали ёки ҳаром бўлса - Оллоҳга қарши адабсизлик қилган бўлади ва гуноҳга ботади. (Яъни шубҳали ёки ҳаром емакни "бисмиллоҳ" билан бошлаб, сўнггида "Алҳамдулиллоҳ" деса)
Агар дори тўғридан-тўғри қонга қабул қилинаётган бўлса, иммун системаси тарафидан тозаланишга улгурмаган бу дори, ўзининг бутун манфий жиҳатлари билан ҳужайраларнинг зикрига ёмон тасир қилади.
Беморга қон қуйилиши таҳликасиз эмасдир. Бу ерда унутилмаслиги керак бўлган нарса - қоннинг ҳаром бўлгани ва ҳеч бир шаклда қўлланмаслик лозимлигидир.

Энди Араб мамлакатларидан олиб келинадиган атирлар ҳақида бир оғиз сўз: Бу атирлар Арабистон ярим оролидан келтирилган, аммо уларнинг ҳаммаси дунёнинг тамоман бошқа бир нуқтасида ишлаб чиқарилади. Агар улар ҳақда тафсилотлироқ билги олмоқ истасангиз, "Парфюмер" деган фильмни томоша қилинг.
Бу фильм нақадар даҳшатли бўлмасин, у "атир" балоси ҳақдаги ҳақиқий даҳшатнинг 10 фоизини ҳам тасвирлаб бера олмаган. "Атирлар"нинг инсон психикасига таъсири бу фильмда кўрсатилганидан юз чандон таҳликалироқдир.
Сунъий хушбўй ҳидлар (ароматлар) нозик модда бўлгани учун сўлак безлари, нерв тизими ва руҳга тўғридан-тўғри таъсир қилади.
Инсон мияси фикрни, кўз кўрган ва қулоқ эшитган нарсаларни назорат қила олади. Ўз фитратига уйғун нарсаларни қабул қилиб, қолганини рад қилади.
Фақат мияда ҳидларнинг таъсирини бошқара оладиган ускуна йўқ. Шу боис, ҳидлар ҳеч бир тўсиққа учрамай, тўппа-тўғри инсон руҳига таъсир қилади.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг ҳадисларига кўра, баъзи ҳидлар фаришталарни чақириб, ёвуз руҳларни қувади. Масалан, исириқ, мушк, анбар, гул, райҳон, хина ҳидлари фаришталарни чақиради.
Баъзи ҳидлар эса ёвуз руҳларни чақиради, фаришталар у ҳидларга дош бера олмай, у ердан узоқлашадилар. Спирт, сигарет, сийдик, ит ҳиди, ўлимтик, қон каби нажас моддалар ва баъзи ўсимликлар ҳиди шулар жумласидан.
Авваллари ҳидлар табиий йўллардан олинарди. Масалан, мушк ҳиди - кийикларнинг жинсий безларидан, гул, фиалка, лаванда, ясмин, атир ҳиди - тўғридан-тўғри ўсимликлардан олинар эди.
Бугун косметик ва баданни озиқлантирувчи моддалар, озиқ-овқат маҳсулотларида қимматбаҳо табиий ароматлар ўрнига ҳид ва таъм берадиган "табиий"га яқин ароматлар қўлланилмоқда. Ген технологияси ва нанотехнология воситасида - мушк, гул ҳиди, қайта ишланган гўшт, сарёғ, сут ва қатиқ хушбўй ҳидлари, турли асал, қаҳва, қўзиқорин, апельсин, қулупнай, нок каби мева ва сабзавот ароматлари, ялпиз, долчин, занжабил, дарахт сақичи каби қоразираворлар ароматлари - арзон йўл билан кўпайтирилмоқда.
Қадимдан бери табиий ўсимликлардан табиий йўллар билан олинган ва "эссенциал ёғ" ёки "ҳавога тарқалувчи ёғ" номли ҳидли ёғлар юз йиллардан бери қўрқув, андиша, стресс, депрессия каби руҳий муаммоларни, бош оғриғи, ҳузурсизлик ва тери касалликлари каби жуда кўп муаммоларни даволашда қўлланиб келинмоқда.
Ҳидларнинг даволаш йўлида ишлатилиши ва жиддий муаммоларни еча олиши ҳидлар инсон мияси ва баданига қандай катта таъсирга эга эканлигини кўрсатмоқда. Шундай экан, ҳидларнинг бу қадар кучли таъсирга эга эканлигини ҳисобга олсак, бугунги кунда "табиий"га яқин ароматлар ғирт тескари таъсир кучига эга.
Яъни арзимас кўринган бу аромат киши мувозанатини бузади, уни депрессияга ёки турли касалликларга мубтало қилади.

Temur Umidov, Misr: Siz ochlik yo'li bilan davolashingizni eshitgandim. Imkon bo'lsa shu davolanish yolini aytib bersangiz.

Ойдин Солиҳ: Чиндан ҳам мен ўзимнинг даволаш усулимда парҳез, очлик қилиш, зулук билан қон олдириш, табиий дорилар ёки доривор гиёҳлар билан даволашни таклиф этаман.
Умуман олганда, барча хасталикларни даволаш учун очликнинг ўзи етарли. Нима учун? Агар инсон бирор бир хасталикдан шифо топиши учун дори-дармонга, даволаниши учун бошқа бир одамга ёки пулга муҳтож бўлиб қолганда бу адолатдан бўлмас эди. Аммо Аллоҳ адолатли. Пули кўп инсоннинг ҳам, буткул пули йўқ одамнинг ҳам шифо топиш имкониятлари бир хилдир. Буни англаган инсон даво топади, англамаган йўқ. Шифони пулга сотиб олишнинг имкони йўқ. Шифони ишлаб топиш мумкин. Уни ишлаб топишнинг энг қисқа йўли эса очликдир. Нега? Инсоният мавжудлигининг бирор бир замонида бугунчалик кўп овқат ейилмаган. Ҳеч қачон одам бугун еяётганчалик кўп зарарли моддаларни емаган. Егулик тайёрлаганда бугунги кундагидек кўп кимёвий моддаларни овқатига қўшмаган. Одамзод ҳеч қачон ҳозирги пайтдагидек бунчалик фаол ўзининг "бошига етмаган". Шунинг учун одам очликни бошламагунча унинг ақли миясига қайтмайди. Ақл бўлмаса, даволаниш имконияти ҳам бўлмайди. Шунинг учун ҳам даволанишда энг муҳими - очлик.
Очликнинг қисқача принципи мана бундай:
1. Қўшимча моддали егуликни емаслик, қўшимча моддали ичимликни ичмаслик. Маргарин ва гидрогеник ёғларни истеъмол қилмаслик.
2. Емак миқдори ва сонини озайтириш.
3. Табиий мева, сабзавот ва кўкатларни ейишни кўпайтириш.
4. Гўшт, ёғ ва сут маҳсулотларини қон гуруҳига кўра ейишни йўлга қўймоқ.
5. Кимёвий дориларни босқичма-босқич озайтириб, тамоман қўлланмаслик. Ва уларнинг ўрнига доривор ўсимликларни қўллаш.
6. Аввал 1 кунлик, кейин 3 кунлик очликларни 7 кун оралиқлар билан қилиш.
7. Хожамот(муайян нуқталардан қон олдириш) ва зулук билан даволаниш керак.

Azizhon, Rossiya: Oydin opa, meni savolim sizning shahsiy hayotingiz haqida. Аytingchi, siz Ukrainada tug'ilgan bolsangiz, musulmon oilasida tavallud topganmisiz yoki keyin qabul qilganmisiz Islom dinini? Agar mumkin bolsa yana bir savol: aytingchi hozirgi medisina rivojlangan bir paytda Ibn Sino kitoblariga ehtiyoj qay darajada, ayniqsa Yevropa davlatlarida?

Ойдин Солиҳ: 1.Мен мусулмон оиласида туғилмаганман. Аммо онам, шундай бир ибора бор “яширин мусулмон” деган, ана шундай мусулмон эди. Чунки унда мусулмон фитрати бор эди. Мен Ислом асосларини онамдан олганман, буни онамнинг ўзи ҳам билмаган, мен ҳам билмаганман. Кейин мен мусулмон инсонга турмушга чиққанимдан кейин Аллоҳ иккимизга ҳам ҳидоят берди, Алҳамдулиллоҳ. Шундай қилиб мен вояга етиб, тўла ақлимни таниган пайтимда мусулмон бўлдим.
2. Ибн Синонинг тиббиёти Тиббий набавий(пайғамбарлар тибби)нинг бир парчасидир. Энг муҳим маслаклар пайғамбарларга берилгани каби Тиб илми ҳам Луқмон алайҳиссаломга берилгандир. Бу илм инсонни, касалликни ва унга шифони яратган Оллоҳ тарафидан берилганига кўра, бундай илмда прогресс, регресс ва ёки камчилик бўлиши мумкин эмас. Бу контекстда замонавий медицинадаги прогрессив кўринган “ютуқлар”, аслида, тиббий адашувнинг масофаларидир. Агар шундай бўлмаганда эди, касалликлар ва касаллар сони озайган бўларди, касалликларнинг давоси топилган бўларди. Ҳолбуки, касалликлар озайиш ўрнига, йил сайин янги-янги касалликлар пайдо бўлмоқда. Касаллар озайиш ўрнига, даҳшатли даражада кўпайишда давом этмоқда.
Янада фожеали жойи шундаки, замонавий медицина бирорта касалликнинг туб сабабини аниқлай олмаяпти, фақат касалликка ном, ташхис қўйяпти. Ва сабабини билмаган касалликларни “даво”ламоқда.
Бундай даволаш бўлиши мумкинми?
Шундай экан, замонавий тиб нақадар прогрессивлашса, шу қадар боши берк кўчага кириб бораверади. Шунинг учун Тиббий набавийга, наинки, Оврўпонинг, балки бутун инсониятнинг катта эҳтиёжи бор. Бу ҳақиқатни инсонлар бугун бўлмаса, эртага мутлақо англашга мажбурлар.

Sojida Rizo, Pokiston: Assalomu alaykum. Doktor siz homoeopatik dorilar bilan davolanisga qanday qaraysiz? O'sbekistonda bu dorilar topiladimi? Va tabiiy dorilar bilan davolanish qanchalik yo'lga qo'yilgan?

Ойдин Солиҳ: Ва алайкум ассалом. Бу дориларни дунёнинг ҳар бурчагидан топиш мумкин. Бу дориларнинг таркибини сотувчиларнинг ўзлари билмайди, аммо ҳар қандай хасталикка шифо сифатида қиммат баҳоларда сотаверадилар. Бу дорилар нафақат фойдасиз, ҳатто - кўп ҳолларда зарарлидир.
Табиий дориларга келсак, "табиий" дейилган витамин ва дориларнинг аксарияти гени ўзгартирилган маҳсулотлардан гени ўзгарган микроб воситасида олинади. Уларнинг фойда ёки зарарининг миқёсини фақат келажак кўрсатади. Мен бу вазиятда фақат ёввоий ўсимликлардан фойдаланишни тавсия қилган бўлардим.

Баҳодир, Европа: Ассалому алайкум, муҳтарам Ойдин хоним. Ибн Сино руҳий беморларни мусиқа билан даволаган, деб эшитганман. Сиз мусиқа билан даволаш ҳақида қандай фикрдасиз? Мисол учун, бугун руҳий мусулмон беморни даволаш учун қандай мусиқаларни тинглашни маслаҳат берган бўлардингиз?

Ойдин Солиҳ: Ва алайкум ассалом. Ибн Сино руҳий беморларни мусиқа билан даволаган, деб эшитмаганман. Ўйлайманки, бундай даволаш услубини қўллаш у пайтларда осон булмаган, чунки мусиқа динимиз тарафидан тақиқланган эди.
Бугун биз мусиқанинг нима сабабдан тақиқланганини англаймиз.
Чунки сунъий хушҳидлар (ароматлар) ва лазер нури каби сас -товушдан ёйиладиган баъзи вибрация ва акс-садолар ҳам ДНК даги икки бурма ипликни ўзгаришга мойил ҳолга келтиради ва инсоннинг инсонлик моҳиятини ўзгартиради.
Бугунда "айдозер"лар деб аталган "рақамли (digital)наркотик пайдо булган. Яъни махсус аудиофайллар инсонда худди LSD ёки марихуана (наша) чеккандан олинадиган кайфни пайдо қилади. Бу эффект бинаурал ритмлар воситасида пайдо қилинади.
Бу механизм шундай ишлайди: Стереоқулоқликларнинг ўнг қулоққа тақилгани, бинаурал ритмни, дейлик, 200 Гц частотаси билан берса, чап қулоқдаги тақилган стереоқулоқлик орқали бу ритм дейлик 204 Гц частотасида берилади. Ва оқибатда инсон миясининг икки палласи синхрон ишлай бошлайди.
Мия бу икки сигнални бир-бири устига қатлайди, иккисининг ўртасидаги фазалар фарқини санаб чиқади ва бу учинчи бир сигнални - бинаурал товуш(зарб)ни ишлаб чиқади. Бу ҳолатда инсон 4 Гц (204-200 = 4 Гц) га тенг частотага уйғун зарб билан ураётган ғалати товушни эшитади.
Бу бинаурал товуш, миянинг ишлаб чиқарган товушидир.
Бу саслар инсон миясини ва зеҳнини маълум мақсадларга йўналтириш учун бир восита ўлароқ қўллана бошланганини биламиз.
Анчадан буён дунёда одамнинг миясига таъсир қилиб, қўлланувчининг (кўпинча болалар ва ўспиринларнинг) зеҳнини йўналтирадиган "mind-machines" сотилмоқда.
Сўнгги 5 йил ичида бинаурал ритм ҳосил қилувчи компютер программалари ишлаб чиқилиб, уларда бинаурал товушлар билан бир қаторда, визуал эффектлар ҳам қўлланила бошлаган.
Шуниндек, бинаурал ритм ва визуал программалар воситасида одамларни муайян мавзуда туш кўришга ҳам йўналтирмоқдалар.
Кундалик ҳаётнинг ҳар онида олдимиздан чиқаётган, ҳар бир дўконда, ҳатто янги моделдаги лифтларда доимий равишда чалинаётган, кинотеатрларда бизни тўрт томондан "бомбaрдимон" қилаётган акс-садоли ва вибрацияли мусиқалар; биоэнергия каби парапсихологик терапияси, гормонал ва гомеопати терапиялар, мусиқа терапияси, ароматерапия (сунъий хушҳидлар терапия)си, совуқ лазер терапияси ва лазер жарроҳлиги каби муолажалар тўғридан-тўғри ДНК ва руҳиятга салбий таъсир ўтказади.
Бир неча йил олдин бир компьютер ўйинининг реклама шиори шундай эди: "Сиз ҳали ҳам буни атиги бир ўйин деб ўйлаяпсизми?"
Йўқ, биз энди буни ўйин деб ўйламаймиз.
Биз энди бунинг инсонларни планли равишда роботлаштиришнинг глобал стратегияси эканлигини биламиз.

Би-би-си: Кўплаб ўқувчиларимиз бирор бир касалликни қандай қандай даволаш мумкинлиги ҳақида сўраганлар ҳамда "Ҳақиқий тиббиёт, йўқотилган шифо изидан" китобини қандай харид қилиш мумкинлиги борасида мурожаат этганлар. Биз ушбу мурожаатлар учун Ойдин Солиҳ рухсати билан электрон почта манзилини эълон қилмоқдамиз: haqtib@gmail.com.

Би-би-си доктор Ойдин Солиҳ фикрлари мустақил бўлиб, таҳририят нуқтаи назарини англатмаслигини эслатади.

Замонавий тиббиётдек мубоҳасали мавзу борасидаги фикр-мулоҳазалар билан бўлашиш учун электрон почтамиз манзили: uzbek@bbc.co.uk


Муштарийлар мактублари

Доктор Ойдин Солиҳ хоним мақолаларини ўқиб

Мен оддий ўқувчи сифатида доктор Ойдин Солиҳ хонимга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Узоқ илмий изланишлари натижаси ўлароқ таҳсинга сазовор, инсонлар учун фойдали китоб юзага келибдики, бу билан китоб муаллифини табриклаймиз.

Бугунги тиббиёт соҳаси ривожланган даврда тиббиёт соҳаси пойдеворини ларзага соладиган дадил фикрларни айтиш учун инсонда ҳар томонлама чуқур билим, катта кучга эга бўлиш талаб этилади. Бундай фикрларни айтишга ҳамма ҳам ботина олмайди. "Хақиқий тиббиёт" китоби муаллифи ана шундай чуқур билим соҳиби эканликлари ёзган мақолаларидан ҳам сезилиб турибди.

Мен тиббиёт соҳаси мутахассиси эмасман. Лекин айтишим керакки, оиламизда врачлар бор. Опам врач. Катта акамиз Москвада жигар церрози бўйича илмий иши учун медицина фанлари номзоди унвонига эга. Уйимизда тиббиётга оид жуда кўп китоблар бор. Оиламиз даврасида замонавий тиббиёт ва табобат юзасидан тез-тез қизғин гурунглар бўлиб турар эди. Бирортамиз уйда касал бўлсак, опам бизларни замонавий дориларсиз, табиий йўллар билан даволар эдилар. Опам, акам ўзлари замонавий врач бўлсалар-да, иложи борича замонавий дориларини ишлатмасликни маслаҳат беришар эди.
Яқинда Москвага, акамга телефон қилиб, замонавий тиббиёт ва табобат хақида унинг фикрларини сўрадим. Шу соҳани билимдони сифатида замонавий медицинанинг хатоликлари бор эканлигини акам ҳам тан олиб, тасдиқлади.
Ҳа, бугунга келиб кўплаб дунё тан олган фан докторлари, профессорлар замонавий тиббиётнинг тамойилларига (принсиплари) шубҳа билан қарамоқдалар. Сал илгари америкалик Пол Брэг деган олимнинг "Очлик мўжизаси, ўрисчада "Чудо голодания" китобини ўқиб чиққандим. Бу олим ҳам замонавий медицина тамойилларини рад этган. Бу олим "Яқин келажакда дорихоналардан сизга дорилар эмас, балки неча кун парҳез тутишингиз, қандай таомлар истеъмол қилишингиз хақида кўрсатма берилади" деб, ёзган эди китобида. Рўза тутиш орқали даволаниш-бепичоқ операция эканлиги Оврўпада бугунги кунда тан олинди. Ўзбекистонда Мош табиб хақида эшитмаган одам қолмаган бўлса керак. Яқинда Ўзбекистонда чоп этилган Мош табиб китобида ҳам даволовчи дўхтир аввало таҳоратли бўлиши, иложи бўлса икки ракаат нафл номози ўқиб, шифони Оллоҳдан сўраб, кейин беморга яқинлашиши кераклиги ҳақида қайдлар бор. Уламоларимиз айтишича, қадимда ота- боболаримиз бир луқма таомни таҳоратсиз ҳолда тановул қилишдан ғоят ҳазар қилган эканлар. Бугунги кунда медицина ҳам таҳоратнинг, намознинг инсон учун тиббиёт нуқтаи назаридан ниҳоятда фойдали эканлигини тан олиб турибди. Инсониятнинг фанларнинг барча соҳасида шу билан бирга тиббиётда ҳам бугунги кашфиётлари бундан 1400 олдин Қуръони Каримда у ёки бу тарзда айтиб ўтилган экан.
Тарахни варақласак, Оврўпа университетларида юртдошимиз Ибн Синонинг китоблари 600 йил давомида ўқиб ўрганилганлигини гувоҳи бўламиз. "Мадади Сино" ибораси оврўпалашиб, бугун медицина атамасига айланиб улгурди. Ўйлашимча, кейинчалик қандайдир тор манфаатларни кўзлаб асл табобатнинг тамойилларидан четга чиқилган. Оқибатда, "Хақиқий тиббиёт" китоби муаллифи айтганларидек, пойдевори нотўғри қурилган, илм-фан ривожланса-да касалликлар ҳам ривожланиб бораётган замонавий медицинага эга бўлиб турибмиз. Бу ачинарли ҳолат, албатта.
Др. Ойдин Солиҳ хоним тўғри таъкидлаганларидек, "Бугунги кунда тиббиёт дунёси ҳакамларининг Малики Ҳақнинг амирлар доирасидан ҳам, Малики Ҳақ ким эканлигидан ҳам хабари йўқ. Ҳамма фожеа шунда. Дунёда яшаяпмизу, нафас олиб, нафас чиқариб турибмизу лекин, шу куч-қувватнинг манбаи Оллоҳ эканлиги эсимизга келмайди. Ваҳоланки, Оллоҳ таъоло буни бизга касалликлар, кулфатлар, ўлим билан доимо эслатиб туради. Албатта, кўп сонли ўрислар, оврўпаликлар ҳидоят топмоқдалар. Яқинда қуйидаги хабарни ўқиб қолдим. Айнан келтираман: "Как сообщает источник в Администрации Президента. Первый Президент России (Борис Николаевич Елцин) незадолго до своей кончины принял Ислам".
Шу ўринда, Ўзбекистонда Ислом Каримов ҳукумати ўзбекларни медицина йўллари билан ҳам анча йиллардан бери заҳарлаб, қийнаб келаётганлигини эслатиб ўтишни ўринли деб, ўйлайман. Ўзбекистонда аёлларда қон камлиги касаллиги, болалар ўлимининг ошиб бориши, дорихоналарда ўзга давлатлардан инсон учун ўта хавфли, сифатсиз дориларни бизнес мақсадини кўзлаб олиб келиб ўзбекларга сотилишини қандай баҳолаш мумкин?
Инсоният доктор Ойдин Солиҳ хоним таькидлаганларидек, хоҳлайдими йўқми, эртами-кеч асл манбага - муқаддас Қуръони Каримга бари-бир қайтади. Буни нафақат бугун, балки бир неча йиллар олдин Оврўпанинг ман-ман деган мутафаккирлари ҳам тан олиб, айтганлар. Биз ўзбеклар ҳозир Оврўпада эканмиз, ҳар биримиз Ҳақ таъоло илмини гўзал йўллар билан ташвиқ, тадбиқ этишда фаол ва намуна бўлишимиз керак. "Ҳақиқий тиб" китоби бу ерда яхши иш беради деб, ўйлайман. Америкалик, Оврўпалик дўстингиздир, қўшнингиздир. Бу китобда келтирилган даво усулларини уларга ҳам тавсия этиб, бунинг манбаи Қурьони Карим эканлигини, Расулуллоҳ с.а.в. хақларида эслатиб ўтсангиз уларнинг қизиқиши ортади. Оллоҳ насиб қилиб, "Хақиқий тиббиёт" китоби сабаб бўлиб ўша оврўпалик ҳидоят топар, эҳтимол. Шу сабаб, бу китобни, муаллиф мақолаларини ўқиб "Ҳа яхши, зўр" деб, тўхтаб, жим қолмаслигимиз керак. Бу муҳим.
Аллоҳ таъоло Қуръонни диллардаги (бузуқ эътиқодлардан вужудга келган) касалликларга шифо, мўъминлар учун ҳидоят ва раҳмат қилиб юборди. Исломдан узоқ кишилар қалби касал кишилардир. "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Огоҳ бўлингларки, инсон танасида бир парча гўшт бордир. У тузалса – тана ёппасига тузалади, бузилса тана ёппасига бузилади. Билингларки, у – қалб-юракдир"– дедилар" (Имом Буҳорий, ҳадис № 52; Имом Муслим, ҳадис № 1599). Таналарнинг тузалиши қалбларнинг тузалишига боғлиқдир. Др.Ойдин Солиҳ хоним таъкидлаганларидек, "Соғлиқни сақлашнинг йўли Қуръони Каримда, ҳадисларда, буюк уламоларнинг китобларида батафсил тушунтирилган". Бизларнинг вазифамиз эса шу китобларни ўқиб ўрганишимиз, энг асосийси уларга амал қилган холда хаёт кечиришимиздир.
"Хақиқий тиббиёт" китоби илм аҳиллари учун уларнинг келгуси илмий изланишларида қимматли манба, биз каби оддий инсонлар учун эса дардимизга шифо топишда муҳим қўлланма бўлиб қолади. Бу муҳим китобни биз бир-биримизга тавсия қилишимиз, кўплаб нашрда чоп этилишига, бошқа тилларга ҳам таржима қилинишига эришишимиз керак. "Хақиқий тиббиёт" китобининг дунё юзини кўриши муносабати билан туркийтилли халқларни шу жумладан, туркий ўзбек халқини тиббиёт соҳасида эришилган янги зафар билан муборакбод этаман. Оллоҳ таъоло китоб муаллифининг илмларини янада зиёда қилишини тилаб қоламан.

Дилмурод Худойқул.

Doktor Oydin xonimning kitobini o'qir ekanman, xususan mana shu mavzu diqqatimni tortdi: Bizda ‘’Sezar amaliyoti’’ degan usul bilan (bolani operatsiya qildirib olish) tug'ish juda keng tarqalgan. Bu usulning xato ekanini boshqa manbalardan ham eshitgan edim. Hatto Evropada bu metod eng og'ir vaziyatlardagina, boshqa chora qolmagandan so'ng qo'llanilishini bilardim.

Faqat Oydin xonimning kitobini o'qigandan so'ng, buning naqadar halokatli ekanini tushunib yetdim. Ayollar go’yo tug'ish asnosidagi og'riqdan qutilar ekan, buning oqibatda ham ayol sogligi uchun, hamda bolaning kelajagi uchun qanchalar xavfli asoratlar qoldirilishini bilmaydilar.

Butun ayollarning bu kitobni o'qishini maslahat qilaman.

Mahmat Saroy Ekin, Istanbul

Доктор Ойдин Солиҳнинг “Ҳақиқий тиббиёт” китоби ҳақида

Яқинда ВВС сайтида Доктор Ойдин Солиҳнинг китоби ва унда кўтарилган масала ҳақида ВВС муштарийлари саволлари ва муаллифнинг жавобларини жуда қизиқиб ўқидим. Бундай янги ва долзарб мавзуга ўз минбарини бергани учун ВВСга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.

Мутахасислигим доктор бўлмасада, доктор Ойдин Солиҳ китобида кўтарилган муаммонинг нақадар асосли ва долзарблигини яхши тушиндим. Мен ҳам Ойдин Солиҳ ўқиган даргохда, у ўқиган аудиторияларда ўқиганман. Доктор Ойдин инсон саломатлиги йўлида ноҳалол ва нотабиий (химиявий) моддаларнинг қўлланилишини камайтира бориб, улардан умуман воз кечиш назариясини олдинга сурган. Бу билан у “21-аср – биология асри бўлади” дейилган башоратнинг ҳаётий эканлигинида кўрсатган.

Ўрни келганда айтмоқчиман, агрохимик ва агроэколог олим сифатида узоқ (30 йилдан ошиқ) йиллар жаҳоннинг турли жойларида ўтказган тадқиқотларим асосида агрохимикат (пестицид ва химиявий ўғит)лар экинлар ҳосилини ошираётган бўлсада, тупроқ унумдорлигига, биосфера экологиясига ва тирик организм саломатлигига жиддий зарар етказаётганини исбот қилганман.

Ойдин Солиҳга ўхшаб химикатлар ишлатишни йилдан-йилга камайтира бориб, ундан воз кечиш низариясини олдинга сурганман. Ва бу йўлда Ўзбекистон ҳукумати билан тинимсиз курашганман ва натижада Ватанимдан бадарға қилиндим. Бу ҳақидаги тафсилотлар бир неча тилларда элон қилинган “Биосфера экологияси ва тупроқ унумдорлиги учунги оғир кураш, ёхуд Ўзбекистонда Каримов режими душманига қандай айланганим ҳақида” сарлавҳали мақолада ҳам баён қилинган.

Яхшиямки Ойдин Солиҳ Ўзбекистонда яшамас экан, акс ҳолда инсон саломатлиги учун бебаҳо бўлган бу китоби учун менга ўхшаб у ҳам Ватанидан бадарға қилинарди.

ВВС муштарийларининг яхши эсида, бундан сал олдин таниқли ботаник олим, профессор Қаҳҳор Ҳожиматовнинг ҳам ВВСда чиқиши бўлганди. (Мен Қ. Ҳожиматов билан Ботаника институтида сал кам 15 йил бирга ишлаганман). Бу олим Ойдин Солиҳга ўхшаб синтетик дори-дармонларга қараганда табиий ўсимликлардан олинган дори-дармонлар анча самарали ва зарарсиз эканлигини кўрсатган ва амалда тадбиқ этган.

Бу ҳолатни Ойдин Солиҳнинг китобида кўтарилган муаммонинг нақадар долзарб ва ишончли эканлигига ҳужжат сифатида кўриш мумкин. Қ. Ҳожиматовнинг бу борадаги ишлари Беруний мукофатига сазовор бўлган. Агар Ойдин Солиҳнинг фамилияси “Солиҳ” бўлмаганида бу китоби учун Беруний мукофатини у ҳам оларди.

Менинг тадқиқотларимда химиявий ўғитларнинг 15-20 фоизигина ўсимлик озиқланишида иштирок этиб, қолган қисми тупроқ экологиясини булғашга хизмат қилишини, пестицидларнинг эса бор-йўғи 1 фоизигина зараркурандаларни йўқотиб, қолган қисми биосфера экологиясини булғаш манбаи сифатида хизмат қилиши аниқланган. Шу боис ҳам Ойдин Солиҳ ўз китобида замонавий синтетик (химикат) дори-дармонлар касалликнинг симптомларинигина йўқотиб, асосий қисми инсоннинг бошқа органларига зарар бериши ҳақида ёзганининг тўғри эканлигига ишончимиз комил.

Тасаввуф ва дин тадқиқотчиси ҳам сифатида шуни айтишим мумкинки, барча тирик мавжудот (ўсимликлар ҳам) Аллоҳни зикр қилибгина яшайди ва ривожланади. Агар инсон юрагининг уришини диққат билан кузатсангиз юракнинг “Аллоҳ”, “Аллоҳ” деб ишлаётганини кўрасиз. Тирик организм ўзига ёпишган касаллик билан Аллоҳни зикр қилиш давомида курашади.

Агар организмга Аллоҳнинг китобларида Расулулоҳнинг ҳадисда баён қилинган муолажа (дори-дармон)ни “Аллоҳнинг номи билан” деб киритсангиз, бу муолажа организмнинг Аллоҳни зикр қилишини кучайтириб (илмий тиббиёт тилида иммунитетни кучайтириб) касалликни енгишга сабаб бўлади.

Юқоридагилар ҳамда “Аллоҳ дард юборганда унинг давосини ҳам юборгандир” деган ҳадис Ойдин Солиҳнинг Қуръонда ва Ҳадисда бўлмаган давони қўлламай тўғри қилганлигининг исботи сифатида кўриш мумкин.

Имом Муҳаммад Бухорий “Саҳиҳий”ининг 4-том, “Тиб китоби” бўлимининг 28-бандида қайд қилинишича, Расулиллоҳ одамларни даволаганда “Эй инсонлар Парвардигори, дардни кетказиб шифо ато этгин, Сен шифо этгувчисан. Сенинг шифоингдан бўлак шифо йўқ. Сен берган шифо ҳеч бир дардни қолдирмағай”, деган дуони ўқир эканлар. Бу эса Ойдин Солиҳнинг “Биз фақат тавсия қиламиз, шифо эса Аллоҳдандир” деганига бир шарҳ сифатида кўрилсада бўлади.

Ойдин Солиҳнинг Қуръон ва Ҳадисга асосланган бу китоби 21-чи биология асри китобларидан бири деб тушиндим. Қайси динга мансублигидан қатъи назар, Аллоҳни таниган ҳар бир одам ундан фойда олади деб ишонаман.

Нақшбандия тариқати сўфийси, фан доктори, Ўзбекистон Фанлар Академияси ва ал-Хоразмий мукофатлари лауреати, профессор Аҳмад ҳожи Хоразмий. Буюк Британия, Манчестер.

Nazarimda Oydin Solih faqatgina parhez mutahassisisi emish, xastalarga ortiqcha kilodan qutilish uchun turli o’simliklarni va ochlikni tavsiya qilayapti ekan degan tushuncha chiqayapti shekilli.

Chunki vaziyat bunday emas. Buni qayerdan bilishimga kelsak, o'zim ham u kishining ko'rigidan o'tdim va kitobini o'qidim.

Oydin xonim insonlarga halol yeguliklarni, genlari o'zgartirilmagan oziq-ovqat mahsulotlarini tavsiya etayapti. Sintetik dorilardan uzoq turishni targ'ib qilayapti. Ochlik bilan davolashga kelsak, bu juda qiziq bo'lib, men bu usulini ancha oldin bir olmon olimining kitobidan o'qigan edim. Bu olmon olimi eng yaxshi amaliyot (operatsiya)ning ochlik ekanini aytayotgandi. Keyinchalik Oydin honim haqda eshitib, uning davolash metodini o'rgandim va bunga ishondim, hayotimga tadbiq etib sinab ko'rdim. Shundan so'ng butun dorilarimdan voz kechdim. Diabet kasaliman va kontrol ostiga tutib turish qiyin bo'lgan bu kasalligimni Oydin honim metodi bilangina kontrol ostiga oldm. Yeb ichayotganlarimga juda ham diqqat qilayapman va genlari o'zgartirilgan hech qaysi mahsulotni iste'mol qilmayapman. Sintetik dorilardan uzoq turayapman. Hammasi shundan iborat. Tibb olamida va dori sanoatida bo'layotgan ko'zbo'yamachiliklarni yaqindan bilganim uchun boshqa bunday davolovchilarni bilmadim, ammo Oydin Solih honimga ishonaman. Bir necha marta ol’kamizning mashhur doktorlarga borib ko'rikdan o'tib davolangan kasal o'laroq, bundan keyin bu doktorlarga aslo bormaslikka qaror qildim. Oydin honimning kitobi mening uchun mukammal sog'lik qo’llanmasidir.

Hurmat bilan Hazar Kont

Assalomy alaykum Oydin opa,

Sizni bu dunyo saodati uchun qilayotgan ishlaringizdan mamnunmiz.

Hurmat bilan,
Americadan muhlisingiz.

Доктор Ойдин Солиҳнинг тиббий фаолияти ҳақдаги эшиттиришингиз учун кўп раҳматлар айтамиз. Албатта, бу метод билан даволанмасдан туриб, унда фақат назарий доирада сўз юритмоқ, Би-би-си радиосидаги суҳбати доирасида баҳс қилиш ҳурматли докторимизнинг хизматларини баҳолашга етарсиз қолади. Доктор Ойдин хонимни бутун Анадолу(Анатолия) танийди, юзларча эмас, мингларча инсон унинг дорисиз, антибиотиксиз даволаш услуби билан шифо топди. Мен ҳам улардан биттасиман, Туркияли ўзбекман.
Бир нарса шуки, Ойдин хонимнинг даволаш услубини фақат очлик ва диета билан боғлаш мумкин эмас. Унинг услуби доривор гиёҳлар билан ҳам чекланмаган. Энг муҳим нуқта, инсонларнинг овқатланиш тартиби, мизож, қон гуруҳига кўра даволаш каби принципларини кўпчилик ҳали билмайди. Бунга руҳий-маънавий томондан қилинган тавсияларни ҳам илова қилсак, бу бир янги даволаш системаси бўлиб қаршимизга чиқади. Бу хусусда ўйлаймизки, тиббиёт билан шуғулланган муттахассислар тафсилотли шаклда ўз баҳоларини берадилар.
Би-би-си ўзбек хизматига ташаккур айтамиз бу инсонларга фойдали мавзуни очгани учун.

Ҳурмат билан Карим Жон.

Assalomu-alaykum, avvalo bu hayrli ish uchun ВВС radiosi xodimlariga raxmat aytaman. 15 yildan buyon doktor Oydin Solih xonimning tibbiy metodiga riyoya qilib yashayman. Sog' bo'lsam-da onda-sonda 1,5 va 3 kunlik uzluksuz ro'zani tutib yuraman. Ikki marta - 10 va 11 kunlik shunday ro'za tutib buyragimdan qumlarni tokkan, vujudimda paydo bo'lgan ohaklarni eritgan edim. Ollohga shukr o'zim ham, tanishlarim ham bu metodning ko'plab foydasini ko'rdik, bunga muqobil hech qanday salbiy ta'siri bo'lmadi.

Bu metod Turkiyada yillardan beri qo'llanib kelinayapti va minglab xastalar shu metod sabab bo'lib Ollohdan shifo topishdi. Masalan 2006 yilida otamning miyasida adenoma deb nomlangan tumor borligi aniqlandi. Operatsiya qildiramiz deb Turkiyaga olib keldik. Operatsiyaga topshirishdan oldin doktor Oydin honimga korsatganimizda, u kishi bunga qat'iyan qarshi chiqib, o'z metodi bo'yicha davolanishni taklif etdi. Va biz shu yo'lni tanladik. Ollohga shukrlar bolsin-ki, operatsiyaga ehtiyoj qolmay, otam soppa-sog'lom qaytib ketdi O'zbekistonga. Garchi shundan so'ng nafaqaga chiqqan bo'lsa-da, bemalol umrguzaronlik qilib yuribdi va doktor Oydin honim uchun hayr duo qilib, uning metodini targ'ib qilayapti.

Bunday misollarni ko'plab keltirish mumkin. Muhimi bu yo'lni hayotda sinab korish kerak, ungacha biz - moddiy dunyoga suyanib qolgan materyalistlarning bunga ishonishi qiyin boladi. Ming nasihatdan bir musibat avlo deganday, Alloh dard bermasdan avval hammani shu aqidaga amal qilib yashashga da'vat etaman.

Hurmat bilan,
Pirmuhammad Holmuhammad.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Муҳиддин КабирийБи-би-си меҳмони
Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раиси билан суҳбат
Қаҳҳор ҲожиматовБи-би-си меҳмони:
"Ҳожиматов йиғмаси" муаллифи гиёҳлар хислати ҳақида
Томас УэлсфордТомас Уэлсфорд
ўзбеклар, ёввойи варварлар ва Ибн Сино ҳақида
ПатқаламНабижон Боқий
қатағон даври, 'босмачилар' ва лақайлар ҳақида
Рўзи НазарРўзи Назар
'Туркистон Легиони', мустақиллик ва олмон нацистлари ҳақида
Артур ГригорянЖаҳон бокси
'Қироли Артур' зўр боксчи бўлишнинг сири ҳақида...
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy