Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 06 Апрел, 2009 - Published 12:00 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Ислом Уйғониш Партияси раиси билан суҳбат
Муҳиддин Кабирий
Муҳиддин Кабирий Марказий Осиёда ягона Исломий партияга раҳбарлик қилади
Тожикистон Ислом Уйғониш Партиясининг раиси Муҳиддин Кабирий bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимиз саволларига жавоб берди.

Voris Usmonli, Toshkent: Assalomu Alaykum, Muhiddin aka. Sizga 2 ta savolim bor: 1. Tojikiston Markaziy Osiyoda Islomiy partiya bor bo'lgan yagona mamlakat. Lekin uning bugungi mamlakat aholisi ichida nufuzi qanchalik? Ya'ni borgan sari obro'sizlanib ketmayaptimi? Menimcha ayni su hol yuz beryapti va buning sababini men partiyaning faoloyatsizligi yoki o'ta zaif faoliyati bilan izohlardim. Siz mening fikrimga qo'shilasizmi? Agar qoshilmasangiz nima uchun? Izohlab bersangiz.

Муҳиддин Кабирий: Раҳмли ва Меҳрибон Аллоҳнинг номи билан. Тошкентлик бу биродаримиз саволига шундай жавоб бермоқчиман: ҳақиқатдан ҳам, бизнинг партиямиз собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги ягона Исломий партиядир. Ўтган асрнинг 80-чи йиллари охирида умумиттифоқ миқёсида ташкил этилган ушбу партия Ўзбекистонда ҳам кучли бўлимга эга эди. Эсимда бор (ҳали унда ёш эдик) Ўзбекистондаги бўлимнинг ўша пайтдаги раиси Абдулло Ўтаев эди. Айта оламизки, партиянинг Ўзбекистондаги бўлими Тожикистондагига нисбатан кўпроқ аъзога эга ва кучлироқ эди. Лекин, кўплаб фожеа ва босимларга қарамасдан фақат Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси ўзини сақлаб қола олди. Аввло Аллоҳнинг кўмаги, қолаверса биродарларимиз ва устозларимизнинг тўғри йўлбошчилиги ва раҳбарлиги остида биз партиямизни сақлаб қолишга муваффақ бўлдик. Ҳозирда минтақадаги барча масъулият бизнинг зиммамизда турибди. Чунки, биз ўз сўз ва амалларимиз билан сиёсий ва диний партиянинг Марказий Осиёда мавжуд бўлиши миллатлар ва мамлакатлар зарарига эмас, балки манфаатига хизмат қилишини исботлашимиз керак. Партия нуфузининг кўп-камлигини эса, албатта, сайловлар ҳал этади. Бу сайловлар эркин ва демократик бўлса, албатта. Аммо сизу-биз яшаётган Тожикистону-Ўзбекистон ва умуман бутун Марказий Осиёда ҳозирги шароитда сайловлар эркин ва демократик ўтади дейишга асос йўқ. Тожикистонда бўлиб ўтган охирги сайловларда партиямиз 10 фоиз овоз тўплаган эса-да, бу рақам воқеликка тўлиқ мувофиқ келмайди. Халқ раъйининг, ҳеч бўлмаганда, 20-25 фоизига эга эканимизга ишончим комил. Охирги пайтларда партиямиз сафи ёшлар ҳисобига кенгайиб бораётир. Хусусан, охирги ярим йилда биз ойига мингдан зиёд янги аъзони сафларимизга қабул қилдик. Ҳозирда партия шаҳодатномасига эга бўлганлар сони 30.110 нафардир.

2. Bugun Tojikistonda Islom diniga nisbatan tazyiqlar bo'layotganligi hech kimga sir emas(bundan O'zbekistonni ham istisno qilmayman). Lekin nima uchun 5 yil davomida aynan islomiya davlat qurish uchun kurash olib borgan kishilar, katta ulamolar bunga ochiqchasiga o'z munosabatlarini bildirishmayapti? Ya'ni qandaysir noaniq mavqe'ni egallashgan?

Муҳиддин Кабирий: Аввало шуни айтиш керакки, Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси мақсади - исломий ҳукуматни ёки давлатни қуриш эмас. Бизнинг мақсадимиз - исломий бир жамиятга эришиш. Бу ердаги аҳоли мусулмон экан, жамият ҳам исломий бўлиши керак. Ҳукумат ёки давлатнинг исломий бўлиш-бўлмаслиги эса муҳим эмас. Қолаверса, Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси халқнинг диний ҳуқуқларига нисбатан ўтказилаётган босим ва тазйиқлар муқобилида хомуш турибди, дейиш тўғри эмас. Биз қонун доирасида қўлимиздан келадиган барча ишларни бажараяпмиз. Халқнинг аксари бир исломий партия ўз эътирозини фақат кўча намойишлари ёки хушунат билан кўрсатиши керак, деб ўйлайди. Лекин Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси ўз фикр-қарашларини фақат тинч ва қонун чорчўбасида билдиришини доимо таъкидлаб келган. Биз доимо дин устига бўлган босимларни, мисол учун, ҳижобнинг маън қилиниши, бир неча масжиднинг ёпилиши ва мана икки ҳафта муқаддам Тожикистонда қабул қилинган янги қонун (Эътиқод эркинлиги ва диний ташкилотлар ҳақидаги қонун - Би-би-си изоҳи) борасида ўзимизнинг эътирозларимизни бир неча бор билдирдик ва ҳозирда ҳам билдираяпмиз. Лекин, афсуски, одамларнинг кўпи бундан огоҳ эмас. Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси диний эркинликлар ва диний ташкилотлар ҳақида ўзининг муқобил лойиҳасини таклиф қилган эди. Лекин, афсуски, ҳукумат ҳам, парламентнинг аксар аъзолари ҳам мазкур таклифни қўллаб-қувватлашмади. Натижада, халқ эътирозларини уйғотган қонун кучга кирди. Лекин, нима бўлганда ҳам, биз диний қадриятларни ҳимоя қилишда давом этаверамиз. Партиямизнинг бошқа партиялардан фарқи шундаки, биз халқнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий манфаатларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда унинг диний маърифат ва ҳақ-ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қиламиз.

Azizhon, Rossiya: Assalomu aleykum! Aytingchi Tojikistonda biron bir qonun chiqarayotib yani dinimizga sal bolsada zid qonunlarni din arboblari deymizmi yoki ulamolar bilan maslahatlar soraladimi? Yo ozlaricha chiqaraveradimi?

Муҳиддин Кабирий: Яқинда Тожикистон ҳукумати таклифи билан киритилган қонунни биринчи ўқишдан қабул қилишдан олдин биз парламентдан уни халқ муҳокамасига ҳавола этишни талаб қилдик. Қонун ҳақида жамиятнинг барча табақалари, жумладан таниқли руҳонийлар ва имом-хатиблар ўз фикрларини билдиришлари лозим эди. Аммо мазкур қонун шошқалоқлик билан, халқ муҳокамасига қўйилмасдан Миллий Мажлисга чиқарилди ва тасдиқдан ўтди. Лекин, ажабланарли жойи шундаки, ушбу қонун кучга кириб бўлгандан кейин халқ ва матбуот муҳокамасига қўйилди. Аслида, мантиққа асосланадиган бўлсак, ҳар қандай қонун парламентда кўриб чиқилишидан олдин омма орасида муҳокама этилиши лозим.

Elchibek Hamroh: Hurmatli Kabiriy. Agar Tarihga nazar solsak, Islom davlatlari, shariat qonuni bilan yashagan jamiayt hech qachon taraqqiy etmagan. Aytingchi, siz Islom Uyg'onish Partiyasi bilan biror narsaga erisha olasizmi?

Муҳиддин Кабирий: Энг аввало бу азиз дўстимизга тарих ҳақида, Ислом ҳақида ва шариат ҳақида жуда ҳам бир тарафлама маълумотга эга эканликларини айтмоқчи эдим. Бу маълумотларни бир оз ислоҳ этсалар ёмон бўлмасди. Албатта, мен у киши матлақо хато қилаяптилар деган даъвода эмасман. Чунки, ҳақиқатдан ҳам, шариат ва Ислом номи билан идора этилувчи кўплаб мамлакатларнинг, хоҳ тарихда бўлсин, хоҳ бугунги кунда, амалда тараққиёт, маданият ва ҳатто шариат ва Исломдан узоқ қолганликларини кўриш мумкин. Улар Ислом ва шариат номидан идора этиладилар, холос. Лекин, бошқа тарафдан, Ислом номидан тўғри идора этилган ва тараққиётга эришган мамлакатлар тарихда ҳам бўлганини ва ҳам бугунда мавжудлигини кўрасиз. Албатта, мен Расули Акрам (салаллоҳу алайҳи васаллам) замонлари ҳақида ҳеч нарса демоқчи эмасман. Чунки у давр нафақат мусулмонларга балки, барча Мадина аҳолиси учун саодатли давр бўлганини барча яхши билади. Лекин, келинг, исломий халифалик ҳисобланган Аббосийлар давронида қанчалар тараққиёт бўлганини эсга олайлик: Бағдод ўшанда нафақат халифалик, балки бутун жаҳон пойтахтига айланган эди десак муболаға бўлмайди. Ҳатто уламо ва файласуфлар, мунажжим ва шоирлар масиҳий Оврўподан қочиб, Бағдодда паноҳ топар эдилар. Аббосийлар ва ҳаттоки Фотимийлар ҳукмронлиги даврида бир неча вазир масиҳий, зардуштий ва яҳудий эди. Келинг энди бугунги кунимизга қайтайлик: Малайзия ва Туркия мусулмон мамлакатлари эмасми? Шунча тараққиётга эришган Индонезия мусулмон давлати эмасми? Бугунги Эрон Исломий Республикасида турмуш даражаси инқилобдан олдинги дунёвий ва либерал дея таърифланадиган шоҳлик давридан бир неча бор яхши эмасми? Эрон бугунги жаҳон иқтисодий бўҳронидан энг кам зарар кўраётган давлат бўлса, ажабмас. Зеро, Эрон халқи маҳаллий саноатни ривожлантириш билан нафақат ички бозорни таъминлай билди, балки қўшни давлатларга ҳам ўз маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Эрон бугунда коинотни ҳам забт этаётир. Мен бир инсон ҳам яхши мусулмон ва ҳам замонавий инсон бўла олади, деб ишонаман. Жамият ҳам худди шундай. Бунга фақат истак ва уқув керак.

Sulton Amin, Ukraine: Partiyangizga hukumatning munosabati qanday?

Муҳиддин Кабирий: Албатта, ҳукуматнинг партиямизга муносабати бир хил эмас. Бизда тинчлик битимидан кейин ўзаро тушуниш ва ҳамкорлик фазоси бор эди. Лекин борган сайин бу кучсизланиб бормоқда. Мамлакатда тинчлик ва хавфсизлик кучайиши баробарида ҳамкорлик кучсизланиб бормоқда. Нафақат Тожикистонда, умуман Марказий Осиё ва шарқ давлатларида ажиб бир сиёсий маданият борки, фақат қўлида қурол тутганлар билан ҳисоблашишади. Шунинг учун дунёнинг кўплаб мамлакатларида, ҳатто Афғонистонда ҳам сиёсий кучлар қуролларини ўзлари билан сақлаб туришга ҳаракат қиладилар. Чунки, қурол-аслаҳа ҳуқуқ, озодлик ва сиёсий саҳнада қолишнинг гаровига айланган. Бу, албатта, афсусланарли ҳол. Лекин, шунга қарамасдан, Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси миллат, давлат ва мамлакат келажаги учун қуролдан воз кечди. Биз билан ҳисоблашишадими ёки йўқ, бунинг бизга энди аҳамияти йўқ. Биз асосий мақсадимиз - тинчлик ва осойишталикка эришдик. Нима бўлганида ҳам ҳукумат билан муносабатларимиз унчалик ҳам ёмон эмас. Биз тожикларда бир гап бор: бизни ютиб юборадиган даражада ширин ҳам эмасмиз, биздан воз кечадиган даражада аччиқ ҳам эмасмиз.

Ўз исмини қолдирмаган шахс саволи: "Жаноб" Кабирий сизга саволим қуйидагича. Сизнинг партиянгиз ва сизнинг ҳамфикрларингиз 1992 даги биродаркушлик урушини асосчиси эдиларингиз. Қанчадан-қанча ёстиқларни эрта хазон қилдиларинг. Сизлар туфайли Тожикистон ривожланишда асрларга ортда қолиб кетди. Шу туфайли қанчадан-қанча одамлар қулликка (гастарбайтер) маҳкум. Лекин сизлар яна ҳукумат бошидасизлар. Шунча кирдикорлардан кейин нима деб ўйлайсиз, сизлар яна бирор фикр билдириш ёки умуман тожикистонликлар кўзига тик қарашга хақлимисизлар. Холис одам сифатида сиз (ўтмишдаги)ўзингизга қандай баҳо берасиз? Ва бугунги кунда яна қандай найрангларни ўйлаб топмоқчисизлар? Саволимга жавоб бермасангиз сизни тушунаман. Олдиндан катта "РАҲМАТ"!

Муҳиддин Кабирий: Айтиб ўтиш лозим, партия раҳбари сифатида мен ҳамда партиядаги бошқа биродарларимиз ва опа-сингилларимиз Тожикистон ва бутун дунё халқларига бошларини кўтариб қарашади. Чунки биз биринчи кундан бугунга қадар озодлик, ҳақиқат, адолат ва миллий истиқлолга эришиш учун курашиб келмоқдамиз. Худога шукр қиламизки, бу мақсадларга эришишда бизнинг ҳиссамиз катта. Албатта, ҳеч бир мубориза қурбонларсиз бўлмайди. Қурбон бермасдан ўз мақсадига эришган миллат ёки мамлакатни тарих бўйи топа олмайсиз. Америкадаги фуқаролар урушида ким айбдор эди? Бошқа мамлакатларда юз берган фуқаролар уруши учун фақат бир тарафни айблаш тўғри бўлармикан? Фақат бир тараф айбдор бўлган битта ички урушни менга кўрсатинг? Уруш бўлдими, албатта, икки ёки уч тараф айбдор бўлади. Бирорта сулҳ ҳам фақат бир тарафнинг саъй-ҳаракати билан эришилмайди. Уруш учун бир тарафни, тинчлик учун иккинчи тарафни тилга олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Миллатимиз бошига келган ва Тожикистон Ислом Уйғониш Партиясининг ўз хоҳишига қарши қўшилишига мажбур бўлган уруш қадриятлар, ор-номус, миллат ва диёнат ҳимояси учун қилинган уруш эди. Бизга қарши ким уришди? Россия ва Ўзбекистон армиялари. Ҳамма яхши биладики, 1992 йилда мустақил, демократик ва озод мамлакатни истаган бир гуруҳ тожик динсеварлари шиор кўтардилар ва фақат тинч йўллар билан курашни бошладилар. Аммо бу ҳалиям ўзларининг қотиб қолган ва эски фикр-андешаларига ёпишиб олган минтақадаги баъзи сиёсатчиларга хавф соларди. Улар Тожикистондаги бу озодлик шуъласи аланга олмасдан бурун ўчириш ҳаракатига тушдилар. Аммо Худонинг ёрдами билан улар мақсадларига эриша олмадилар. Аммо, афсуски, Тожикистон халқининг 100 минги қурбон бўлди. Қурбонларнинг аксари Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси тарафдорлари эди. Энди собиқ Совет республикаларидаги юз минглаб гастербайтерлар масаласига ўтсак... Фуқаролар урушини бошидан ўтказмаган Ўзбекистон, Қирғизистон, Арманистон, Озарбайжон ёки Молдова каби республикалардан ҳижрат қилиб чиқиб кетганлар йўқми? Бу мамлакатлардан гастербайтерларнинг пайдо бўлишига ҳам Ислом Уйғониш Партияси айбдорми? Бизни барча фожеаларда айблаган биродаримизга шуни айтмоқчиман: дунёга, тарихга бир оз очиқ кўз билан қаранг ва айбни фақат бир тарафда эмас, иккинчи тарафда ҳам изланг.

Мuttaqiy, MADINA: Islomiy partiyaga besoqol odam rahbarlik qilsa! AJABO! Ahir SOQOL-SUNNATI MUAKKADA-KU!?Bu savolga "RAIS" janoblari uzlari nima derkinlar!?

Муҳиддин Кабирий: Ҳақиқатдан ҳам, мени суннати муаккадалардан бирига риоя этишни тавсия ва насиҳат қилганлари учун миннатдорман. Мен бу ҳақда ўйлаб юрибман. Ҳозирги вазифам зиммамга юкланишидан олдин соқолим бор эди. Лекин, агар соқол қўйиш суннати муаккада бўлса, Исломга даъват ва хизмат қилиш фарз ва вожибдир! Сиз кўрганингиз менинг шахсий камчилигимдир. Иншаллоҳ, Аллоҳнинг ёрдами ва биродарларимиз насиҳати билан ислоҳ бўлади. Лекин, бу масалада менинг фикрим шундайки, биз бандалар жузъий нарсаларга чалкашиб қолмаслигимиз ва мусулмонлар ҳар томондан муҳосирада қолган ҳозирги оғир паллада, бу марҳалани мўътадил ва замонавий йўллар билан босиб ўтишимиз керак.

Asadullo, Amirlik: O'zbekiston Islomiy Harakatiga munosabatingiz qanday?

Муҳиддин Кабирий: Вақтида биз Ўзбекистон Исломий Ҳаракатидаги биродарларимиз билан бир жабҳада эдик. Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси бу биродарлар билан бир пайтлар бирга эди. Аммо Тожикистонда миллий яраш шартномаси имзоланганидан кейин, афсуски, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатидаги баъзи биродарларимиз тожиклараро тинчлик жараёнини қабул қилишмади ва ҳатто партиямиз раҳбарларини диний манфаатларни миллий манфаатлар фойдасига сотишда айблашди. Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси ва унинг раҳбарияти тинчлик битимини нафақат тожикларнинг миллий манфаатлари, балки барча мусулмонлар, хусусан Марказий Осиё мусулмонлари манфаатини назарга олган ҳолда имзолаган эди. Биз айни тинчлик битими Ўзбекистонда ҳам имзоланишига умид қилгандик. Бу йўлда партиямиз раҳбарияти кўп ҳаракатлар ҳам қилди. Лекин, бундай ирода ва истак на Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва на Ўзбекистон ҳукуматида бўлди. Бу масала ҳозирга қадар ўз ечимини топмаган. Нима бўлганида ҳам, биз Ўзбекистон Исломий Ҳаракатидаги мўъмин-мусулмонларни ўз биродарларимиз деб биламиз. Тарих бўлган тожик ва ўзбек халқлари ўртасида бўлган муҳаббат, дўстлик ва биродарликни ҳурмат қиламиз.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Томас УэлсфордТомас Уэлсфорд
ўзбеклар, ёввойи варварлар ва Ибн Сино ҳақида
Абдурауф ОлимовБи-би-си меҳмони
Абдурауф Олимов дўстлари ва саҳнага қайтиши ҳақида
ПатқаламНабижон Боқий
қатағон даври, 'босмачилар' ва лақайлар ҳақида
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy