Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 09 Март, 2009 - Published 17:25 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Би-би-си меҳмони- истеъдодли ёзувчи Набижон Боқий
Патқалам
Набижон Боқий Абдулло Қодирийнинг суд иши ва қатағон даврининг бошқа қурбонлари ҳақидаги "Қатлнома" асари билан китобхонларга яхши таниш.

Ёзувчи асарни ёзишдан олдин, Миллий Хавфсизлик Хизмати архивлардаги тарихий ҳужжатларни синчиклаб ўрганиб чиққанини айтади.

Набижон Боқий "босмачилар" дея тамға олган Туркистон миллий озодлик ҳаракатининг Шарқий Бухоро ҳудудида фаолият олиб борган вакиллари ҳақида ҳам изланишлар олиб борган.

Унга кўра, ҳужжатларни ўрганиши давомида шўро даври китобларида акс этган маълумотларнинг аксари нотўғри экани ва "босмачилар"нинг кўплари Туркистон миллий озодлиги учун жонларини тиккан инсонлар бўлганига амин бўлган.

Мана шу изланишларининг натижаси ўлароқ эса, у "Лақайлар" номли илмий-тарихий асарини ҳам яратади. Унда асосан, Иброҳимбек қўрбошининг шахси ва Ҳисор водийсида истиқомад қилувчи этник лақайлар ҳақида ҳикоя қилинади.

Набижон Боқий 1920-йилларга таалуқли давлат ва партия архивларини ўрганиш учун маълум муддатга қадар Тожикистонда яшаган. У 2-3 йил давомида архивлардан тинмай ҳужжатлар титкилагани ва миллий озодлик ҳаракати кечган музофотларни кезиб чиққанини айтади.

Унга кўра, айни мана шу йилларда Анвар пошшо ҳақидаги тарихий асари учун ҳам замин яратилади ва кейинроқ "Чингиз афандига мактублар" номли асари дунёга келади.

"Мен Анвар пошшонинг ўғлининг асли номини (Алибей экан) билмас эдим ва уни Чингиз деб ўйлаган эканман, шунинг учун бу китобнинг номини "Чингиз афандига мактублар" деб номлагандим",-дейди ёзувчининг ўзи.

Унга кўра, асарнинг маълум қисми 2004 йилда "Шарқ юлдузи" журналида босилган, қолган қисми ҳамон чоп этилмай қолган.

Аммо, китоб 2006 йилда "Анвар пошшонинг васияти" номи билан Туркияда турк тилида босмадан чиққан.

"Чунки унда Анвар пошшонинг васияти бор. Анвар пошшо Тожикистон ҳудудида шаҳид бўлган вақт унинг кўкрак чўнтагидан хат, васияти топилган. Мен уни шу Тожикистонга борган пайтим русча нусхасини олишга муваффақ бўлганман",-дейди ёзувчи.

Набижон Боқий таржима соҳасига ҳам ўзининг салмоқли улушини қўшган. 1990-йилда инглиз ёзувчиси Роберт Луиз Стивенсоннинг "Меросхўр" ва "Катриона" романларини, 1998-йилда таниқли ёзувчи Чингиз Айтматов ва Мухтор Шаханов қаламига мансуб "Чўққида қолган овчининг оҳи-зори" асарини (Ёқубжон Хўжамбердиев билан бирга) ўзбекчага ўгирган.

Бундан ташқари ёзувчи қатор ҳикоялар ва қиссалар муаллифи ҳам. Набижон Боқий ҳозир "Дардманд дарахт", "Полиз бошидаги капа" номли романларини ёзиб тугатганини айтади.

Набижон Боқий Фарғона вилоятининг Бағдод туманида 1956-йил 7-ноябрда туғилган. 1978-1984-йилларда Тошкент Давлат Университетининг Журналистика факультетида таҳсил олган.

Ёзувчи 1996 йилда "Шуҳрат" медали билан тақдирланган.

Истеъдодли қалам соҳиби Набижон Боқийинг Би-би-си тингловчилари саволларига жавоблари:

Би-би-си: Биринчи саволимиз Буюк Британия пойтахти Лондондан. Шуҳрат исмли тингловчимиз сўраяптилар: "Сизнинг китобларингиз "замонавий енгил" асарларга тўла китоб расталарида борми ёки фақат чегараланган нусхада чоп этилганми?" Марҳамат.

Набижон Боқий: Йўқ унақа китоб расталаридан тополмайсиз менинг китобимни. Фақат Тошкентнинг ҳар жойларида магазинлар бор, ўша ерларда кўриниб қолиши мумкин менинг китобларим. Ўз ўқувчилари бор. Оммавий нимам йўқ мани деб ўйлайман, ўқувчим ёки китобхоним.

Би-би-си: Қаердан эканларини ёзмаган Шоҳрух ҳам, "Ассалому алайкум Набижон ака, китобларингизни қаердан топса бўлади? Интернетга қўйилганлари борми?", дея қизиққан.

Набижон Боқий: Ҳа, интернетга қўйилгани бор. Мен ўзим интернетдан фойдаланишни яхши билмайман, бор. Аммо, адресини билмайман, қандай қилиб топса бўлади, қўйилган ҳар ҳолда. Мисол учун, Шукур ака ҳақидаги нарсам бор, Шукур Холмирзаев. Кейин лақайлар ҳақидаги этнографик очерким. Ҳозир "Қатлнома"ни тайёрлаб қўйганман, кўчиртириб, уни ҳам қўяман.

Би-би-си: Лондондан Шуҳрат учта савол йўллаган эканлар. Шуҳратнинг иккинчи саволлари: "Сиз Туркистон легиони фаолиятига қандай баҳо берасиз, буни миллий озодлик учун кураш деб аташ ўринлими?"

Набижон Боқий: Шуҳратжон, барибир бу ҳалиям мураккаб нима-да, бунга бир...нима деб жавоб бериш қийин. Душанбедан бир оғайнимиз бор Отабек Ғойибов деган, шу билан гаплашиб ўтирганимизда: "Отам ҳозир ҳаётлар, урушда қатнашганлар, (19)44-йилда асир тушиб қолган, исми Холмат", деди. Ҳозир ўша одам 107 ёшга кирибди. У ўтган йилнинг охирида келганди, демак, ҳозир 108га киряпти (у киши). "Асирга тушган. Кейин немислар легиончиларни чақирган экан, Ҳайитов деган одам келган экан", деди. "Боймирза Ҳайит эканми", десам, "Ҳайитов деб айтган", деди-да. "Ва кейин хизмат қилишга таклиф қилган, немислар томонидан советларга қарши. Кўнмаган отам: "Чунки уйда менинг бола-чақам бор, акаларим бор, укаларим бор. Уларга жабр бўлади сизларнинг сафларингизга қўшилиб кетсам", деган пайтда: "Асир тушганинг учун сени қайтариб юборишса, ўлдиришади барибир Сталиннинг ходимлари", дейди (Боймирза Ҳайит). Шунда, "бир иложини қилиб чиқариб юборинг бизни бўлмаса", дейди (отам). "Айтаяпманку, сени барибир ўлдиришади" дейди-да, кейин бир илож қилиб чиқариб юборади. Немислардан иккитасини асир қилиб олиб келади экан (советлар тарафга). Боймирза Ҳайитов шунда ёрдам бериб, чиқариб юборган", деди. Ва шу ердан қўнғироқ қилди отасига. Эшитиб турибман, отаси: "Эй болам, бу гапни телефондан айтиб бўладими, калланг борми сени", деб 108, 107га кирган чол 64 йил олдин рўй берган воқеани ошкор қилишга тортинди. Энди бу барибир бутун дунёда қораланган. Фашизм байроғи остида нима бўлган-да! Шуҳратжон "Темур тузуклари"ни ўқиб кўринг бир, Темур бобонинг қандай гаплари бор: "Жанг пайтида ўзининг ҳожасини ташлаб мен томонга ўтганни кечирмадим", дейди. "Аммо, жангдан кейин енгилиб, менинг кучимга ишониб, тан бериб, ҳурматимни қилса, унинг мартабасини улуғ қилдим", дейди. Лекин, "тақдир тақозаси" деган энди...Тақдир тақозаси билан асир тушгандан кейин, улардан биров хабар олмагандан кейин, бир кафолат бўлмаганидан кейин ўтиб, хизмат қилиб...энди улар фашизм ғоясини ҳимоя қилганлар деб бўлмайди, қоралаб ҳам бўлмайди. Менимча, яхшилаб ҳар битта нимани алоҳида ўрганиш керак. Оммавий тарзда эмас, ёппасига ҳаммасини қора ёки оқ, қаҳрамон, миллий озодлик ҳаракати деб бўлмайди. Унга миллий озодлик ҳаракати деб тус бериб бўлмайди, назаримда. Йигирманчи йиллардаги ҳаракат билан, биз "босмачилар" деймизку, улар билан тенглаштириб бўлмайди.

Би-би-си: Раҳмат Набижон ака. Шуҳрат яна: "СССР вақтида тарих бошқача, ҳозир бошқача ўқитиляпти. Қайси бири реал тарих, чунки мен иккала даврда ҳам ўқидим. Жавобларингиз учун катта раҳмат", дея ижодингизга муваффақият тилабдилар.

Набижон Боқий: Раҳмат Шуҳратжон. Айнан қайси нимани назарда тутаётганингизни билмайман. Ҳозирги тарихнинг мактабдаги программасини, қай даражада ўзгарганини билмайман. Ҳар ҳолда СССР пайтидаги тарихнинг кўплари ёлғонлигини биламизку. Энди олдингиси ёлғон, ҳозир рост, тўғри тарих ўргатилаяпти ёки ҳозир ҳам айрим нималар бор деб айтаётган бўлсалар, мен мутахассис эмасман энди бу дарслик бўйича.

Би-би-си: Тожикистондан Садриддин Садрий: "Боқий саломатмисиз? Лақайлар ва Иброҳимбек ҳақида ёзганларингизга нима бўлди? Биз лақайлардан салом", дебдилар.

Набижон Боқий: Эййй, саломат бўлсинлар Садриддин! Бир қисми бизда чиқди, чала-чулпа чиқди "Шарқ юлдузи" журналининг 2004-йилги сонида. Яқинда Озод акамизнинг 80 йиллик юбилейлари бўлди, домламизни. Шу киши сўз боши ёзганлар, ўқиб кўрганлар лақайлар ҳақидаги қўлёзмамни. 2004 -йилда чоп этилди, домла ҳаёт эдилар у пайтда. Тўлиқ қисми Истанбулда "Анвар пошшонинг васиятлари" номи билан чоп этилган. Туркча лекин, ўзбекча эмас.

Би-би-си: Олмониядан Фахриддин исмли тингловчимиз сўрабдилар: "Ассалому алайкум, ҳурматли Боқий жаноблари, Сизга бир саволим бор: бу лақайлар кимлар ўзи, уларнинг этник келиб чиқишлари, тарихлари ҳақида айтиб берсангиз". Марҳамат, Набижон ака.

Набижон Боқий: Карнишова деган олима бўлган, шу кишининг лақайлар ҳақидаги китоби бор, рус тилида ёзилган. Синчиклаб ўрганган, (19)30-40-йилларда. Шарқий Бухоро деб аталган у жойлар, яъни Бухоро Амирлиги ҳудудига қараган. Қўнғирот, қипчоқ мана Тошкент, Фарғона, Сурхандарё ҳудудларида яшашган. Қадимий турк уруғларидан биттаси... "ўзбекмиз" дейишади ўзларини лақайлар. Ўзбекнинг 92 уруғи бор дейиладию, 92та деб кўп саналган нималарда, "Шажараи турк"да ҳам бор, бошқаларда ҳам бор. Мен худди шу берган саволларини Бўрибой Ахмедов деган олимиз бор эди, Худо раҳмат қилсин, ҳозир ўтдилар, шу кишидан ҳам сўраганман: айнан қаердан, қандай келиб қолган деб... Энди бизлар қаердан келиб қолган бўлсак, улар ҳам ўша ердан келган. Улар ўзларини "ватандор" дейишади. Улар бирор жойдан келиб қолганмиз, деб ҳисоблашмайди ўзларини. Ватанимиз деб билади улар ўша Ҳисор, Кўлоб водийларини. 30-, 40-йилларда фарғоналикларни, водийликларни у ёққа кўчиришган бўлса, уларни тоғдан пастга кўчириб тушишган. Пахтакорлик билан шуғулланишлари ва бошқа ишлар қилишлари учун... Чавандозлари кўп, чорвачиликка мойиллик бўлган. Совет даврида кўп ҳаракатларда қатнашишган. Шу Иброҳимбек мужоҳид бошчилигида узоқ йиллар, ўн йилдан ортиқ курашганлар советларга қарши. Шунинг учун, уларни пароканда қилиб ташлашган...

Би-би-си: Тувалудан савол йўллаган Шуҳрат: "Туркияда Анвар пошшо ролини пасайтириш тадбири кетмоқда. Камол Отатуркка соя солмасин деб. Биз Туркистонликлар учун Анвар пошшо ролининг аҳамияти қандай", деб сўрабдилар.

Набижон Боқий: Менинг хабарим йўқ, Туркияда Анвар пошшонинг номини атайлаб пасайтиришга ҳаракат кетяптими ёки йўқми. Мустафо Камол Отатурк билан улар сафдош бўлишган. Шу 1918-йилда улар ўртасида нима бўлган, ажрашиб кетишган. Ёзган китобимнинг бошида мен изоҳ берганманки, "Анвар пошшонинг денгизнинг у томонидаги фаолияти бошқа, Туркистон заминига қадам қўйгандан кейин нимаси (фаолияти) бошқа бутунлай. Мен ўзимдаги партия архивларидан, собиқ КГБ архивларидан олинган маълумотлар асосида ёзяпман. Хато бўлиши мумкин бу ердаги фактлар...кўрганларимни ёзяпман, топганларимни, ўқиганларимни, қўлимдаги ҳужжатлар асосида ёзяпман", деб изоҳ берганман. Ўтган йили Туркияда "Шаҳид Анвар пошшо" деган китоб босилиб чиқди. У ерда батафсил нима (ҳикоя) қилинган. Лекин, доим чиқиб туради, менимча тақиқланмаган, Анвар пошшо ҳақида ёзиш, Анвар пошшо ҳақида фикр билдириш...Ўшанда ҳам билинадики, худди ҳалиги легион тўғрисида бир хил муносабат билдириб бўлмаганидек, у ҳақда ҳам бир хил муносабат эмас. Миллий қаҳрамон, истиқлол қаҳрамони дейишади... Энди Туркиядаги аҳвол билан Туркистондаги аҳвол ер билан осмонча фарқ қилади. Пошшо дегани генерал даражасидаги одамку, бу ерда енгиб бўлмаслигини билган, курашда, майдондаги жабҳада енгиб бўлмаслигини билган. Лекин, жондан кечса арзийдиган ватан бор бу ерда, муқаддас тупроқ бор Туркистон деган, барча туркларнинг азиз ватани бу, деган нимада шаҳид бўлган, қурбон бўлган, жонини берган.

Би-би-си: Набижон ака, мана Абдулло Қодирийнинг суд иши ва қатағон даврининг бошқа қурбонлари ҳақидаги "Қатлнома" асарингиз кўпчиликка таниш. Нима учун айнан мана шу мавзуга қўл ургансиз?

Набижон Боқий: Қайта қуриш, ошкоралик даврида Совет Иттифоқининг сўнгги даврларида Москвада КПСС Марказий комитетининг "30-,40-50-йилларда ноҳақ репрессия қилинган шахсларни оқлаш тўғрисида" деган қарори бор эди. Шу асосда оқланиш кетди, Болтиқ бўйида, Москваларда...матбуотда ёзилди-да, бизда ёзилмади, кам ёзилди. Ўша пайтларда биз "Муштум"да ишлардик. "Мана ёнимизда КГБ турибди. Биз "Муштум"да ишлаяпмиз, "Муштум" асос солган инсонлардан бири Абдулло Қодирий ҳажвий асарлари, бошқа нималари чоп этилиб турган бу ерда. Шуларни тақдирини сўраб, мурожаат қилайлик буларга, ташкилотга", деган таклиф киритганимда, Жўравой Саъдуллаев айтдиларки, "ўзингиз хат ёзинг, ўзингиз мурожаат қилинг уларга". Кейин мен хат ёздим ва саволлар бердим. Умумий тарзда биламиз-да, Қодирийнинг тақдирини. Шу репрессия қилинган, тамом шу билан. Лекин, қандай сабаблар билан, суд жараёни қандай бўлган, қанча ётган бу ерда? Кейин улар жавоб беришди саволларга. "Лекин, биздек ташкилотнинг раиси номини "Муштум" да эълон қилманг, чунки "Муштум" ҳажвий журнал, бизнинг ташкилот жиддий ташкилот. КГБ бошлиғининг номидан эмас, матбуот гуруҳининг бошлиғи номидан чиқсин. Эвазига мана шу ерда шароит яратиб берамиз, бир йил ўтирасизми, қанча ўтирсангиз, суд делолари билан танишиб чиқасиз, кўчириб оласиз, кўчирмаларни эълон қиласиз хоҳлаганингизча. Лекин, тўғри эълон қилинг, саҳифаларни аниқ кўрсатинг, таржима тўғри бўлсин", дейишди. Чунки, рус тилида экан-да ҳамма ҳужжатлар. Шунда Абдулло Қодирий, Фитрат, Усмон Носир, Боту, жуда кўпчиликнинг делолари билан танишганман. Қарасам, улгурмас эканман, кейин таклиф қилдим уларга "бизда ишлайдиган ходимлар бор Муртазо Қаршибоев, Нуриллохон, кирса бўладими улар ҳам" деб. Рухсат беришди, улар ҳам кириб танишдилар. Уларнинг делоларини ўқиш жараёнида қўйилган айбларнинг кўпчилиги "босмачиларга хайрихоҳ бўлгани", у пайтлар "босмачилар" дейилардику, айтилганди. Кейин мен босмачиларнинг лидерлари-Шермуҳаммадбек, Мадаминбек, Иброҳимбекнинг делоларини сўрасам, фақат Иброҳимбекники бор экан. Шундан кейин Ибораҳимбекнинг делосини олдим, танишдим, ҳаммасини кўчириб олдим. Тожикистонда яшаган экан, Шарқий Бухорода. Албатта, қизиқиш бўлган аввал, нима қилиб юрганман доим, саволларга жавоб қидириб-да. Маълум қисмини топгандек бўлдим ўшанда.

Би-би-си: Исмларини ёзмаган мухлисимиз сўрабдилар: "Ассалому алайкум Набижон ака! Сизга саволим қуйидагича: Буюк Асқар Маҳкам (Худо раҳмат қилсин) вафот этганда, Ўзбекистон ОАВлари деярли сукут сақлашди, бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз? Умуман Асқар ака борасида нималар дея оласиз? Олдиндан катта раҳмат".

Набижон Боқий: Асқар менинг дўстим эди... Ахборот агентликлари деганда билмадим нимани назарда тутган, умуман назарда тутяпсиз шекилли. Мен бир нарса ёзган эдим- "Асқар Маҳкам Кофарниҳонга қайтди" деган. У "Ҳамроҳ" газетасида босилиб чиққанди. Асқар яхши шоир, номусли йигит эди, мард йигит дейдику! Шавкат Рахмон, Асқар Маҳкам, Аъзамжон, Худо раҳмат қилсин- Аъзам Ўктам, ўтиб кетдилар. Улар бизнинг номусли шоирларимиз, номусли ижодкорлар ва номусли инсонлар эди. Худо раҳмат қилсин. Доим ўзимиз билан бирга бўладику улар, юрагимизда улар.

Би-би-си: Чаман исмли тингловчимиз эса: "Ҳурматли Набижон Боқий оилангиз ҳақида гапириб берсангиз. Ҳурмат билан Чаман", деб ёзибдилар.

Набижон Боқий: Қизим бор-Узро. Ҳозир эшитаётган бўлиши мумкин мани. Иккинчи синфга ўқияпти. Немис тилини яхши ўрганди, шекилли. Немис тилини, француз тилини, ўзбекча, форсчаларни гапиради...Ўтган йили эди, манимча, французча "Туя ва булут" деган ҳикоя ёзган-да, ҳикояси мактабида биринчи ўринни олиб, жуда катта шов-шувларга сабаб бўлган. Расм чизади, мана расмлари турибди, қараб турибман расмларига, бу ерга ёпиштириб қўйганман. Рассом ҳам бўлиши мумкин, ёзувчи ҳам бўлиши мумкин. Раҳмат саволингиз учун!

Би-би-си: Катта раҳмат Набижон ака, биз билан суҳбатга рози бўлганингиз учун! Тингловчиларимизга тилакларингиз бўлса, марҳамат!

Набижон Боқий: Тингловчилар асосан Ўзбекистондан эмас, ҳар жойлардан. Битта савол берган нимани қайтадан сўраб олдимку, қаердан деб. Улар эмас, мен савол беришим керак экан. Австралия яқинидаги битта оролдан, архипелагдан, қаранг шу томонларда юришибди, ўзларини тилларини сақлаб қолиб, қизиқиб, Ўзбекистонда нима бўлаяпти экан, нима ёзаяпти экан деб. Баъзан вақтинча қийинчиликлар бўлади, қийинчиликлар доим бўлмайдику! Бир шеърда "Қиёмат кунининг ҳам чегараси бор" деган. Бир катта шоиримиз ёзганлар. Бу ўтади... Шу юракларингизда элимизга бўлган, юртимизга бўлган нималар сўниб кетмасин. Буюк мазорларингиз бор. Шуларнинг ҳурмати учун илиқлик тарк этмасин юракларингизни. Соғ бўлинглар!

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Рўзи НазарРўзи Назар
'Туркистон Легиони', мустақиллик ва олмон нацистлари ҳақида
Рашид ХолиқовРашид Холиқов
ўз ижоди, рэпперлар, мусулмончилик ва вазни ҳақида
Афзал Рафиқов "Жаннат қайдадир" фильмида Домла ролида Би-би-си меҳмони
Таниқли актёр ва бетакрор овоз соҳиби Афзал Рафиқов
Артур ГригорянЖаҳон бокси
'Қироли Артур' зўр боксчи бўлишнинг сири ҳақида...
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy