Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 23 Феврал, 2009 - Published 12:01 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Би-би-си меҳмони - машҳур қўшиқчи Рашид Холиқов
Рашид Холиқов
Шахзод гуруҳи 18 йилдан бери ўзбек эстрадасининг етакчи гуруҳларидан бири ҳисобланади
Би-би-си меҳмони - ўзбекистонлик таниқли қўшиқчи, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист, Рашид Холиқов.

Рашид Холиқов 1991 йилда асос солинган "Шаҳзод" гуруҳининг солистидир.

"Шаҳзод" гуруҳи Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларида ташкил этилган гуруҳлар орасида энг етакчиси десак, муболаға бўлмайди.

У "Нозли гулим", "Йўқ-йўқ", "Ёнимда", "Сен бўлмасанг", "Бугун байрам", "Сенсиз юрагим" ва бошқа ўнлаб қўшиқлари билан ўзбекистонлик ёшу-қари муҳлисларининг юрагидан ўрин олган.

36 ёшли Рашид Холиқов ўзининг меҳнаткашлиги ва тиришқоқлиги билан ўзбек эстрадасининг ёрқин юлдузлари ва халқнинг ҳурматига сазовор бўлган қўшиқчидир.

Би-би-си: Буюк Британиядан Шуҳрат илк қўшиқларингиз ва кейинги йилларда чиққан энг сара қўшиқларингизни ўз ичига олган бирор концерт дастури уюштириш ниятингиз бор йўқлиги ҳақида савол йўллаган. Ностальгия каби мавзуда...

Холиқов: Албатта. Худо хоҳласа, шу йилнинг оҳирроғига мўлжал қилаяпмиз. Агар ҳамма ўйлаган нарсаларимиз амалга ошса, айнан ностальгия руҳида концерт қилмоқчи эдим. Албатта, шу йил оҳирида шундай концерт ўтказамиз.

Би-би-си: Турон исмли тингловчи қўйидагича икки саволни жўнатган: 1. Нега биздаги санъаткорлар ҳали ҳам рус санъаткорларига тақлид қилиб қўшиқ айтишга ҳаракат қилади? 2. Ҳозир баъзи бир ёшлар Тошкентда рэп йўналиши бўйича қўшиқлар айтишмоқда. Бу осиёликларга тўғри келармикан?

Холиқов: Авваламбор, бизнинг қўшиқчиларимиз рус қўшиқчиларига тақлид қилаётган бўлишса, бу - ҳамма эмас. Айрим балки тақлид қилаётгандир, лекин тақлид қилса ҳам яхши нарсага тақлид қилса бу ёмон нарса эмас. Бу ҳар доим қўллаб-қувватланилган. Яхши нарсани ҳар доим ўрганса бўлади. Иккинчи саволга келсак, нимага энди Осиёда жинси кийиш мумкин, лекин ижро этиш мумкин эмас? Санъат чегарасиз нарса. Рэп йўналишида ижро этилган қўшиқларнинг муҳлиси бор экан, демак бу қўшиқларни ижро этиш керак. Бу нарсага мен ҳар доим позитив қарайман. Мен ўзим рэп йўналиши муҳлиси эмасман, лекин агар яхши ижро этилган бўлса, бир-икки марта эшитишим мумкин.

Би-би-си: Ўзингиз бир кун рэп ижрочиси билан дуэт айтиш ниятингиз борми?

Холиқов: Менинг ундай ниятим йўқ. Мен лирик хонандаман. Агар яхши лирик хонанда аёл, қиз, ўғил мен билан ижро этаман деса, дуэт қилишим мумкин, аммо рэп йўналишида куйлайдиганлар билан дуэт айтиш ниятим йўқ.

Би-би-си: Илҳом исмли тингловчи қўйидагича савол йўллаган: Эшитишимча, бўлгуси келинлар узатилаётганда Шаҳзод келмаса тўй бўлмайди деб туриб олишар экан. Бечора ота-она қанча доллар тўлаб бўлса ҳам қизни рози қилар экан. Сиз оҳирги пулини тўлаб ёки қарз олиб тўй қилишларга қандай қарайсиз?

Холиқов: Ҳар доим ўзбеклар оилада бола туғилгандан кейин "Худо хоҳласа қизимнинг ё ўғлимнинг тўйини кўрайлик" деб ният қилишади. Ва бу муҳлисимизнинг саволига мен шундай жавоб бераман - қийналиб, охирги долларларини берадиган инсонларга биз бориб, шундоқ, бир тийин пулини олмасдан ҳам хизмат қилиб берамиз. Шундай нарса бўлган. Агар бундан кейин ҳам мабодо биздан илтимос қилишса, шароитимиз бўлса, албатта бориб хизмат қилиб берамиз. Энди, инсон яхши нарса эшитгиси келгандан кейин, биз ҳам шу яхши нарсага ўз ҳиссамизни қўшамиз. Манимча, буни (ҳолатга қараб) баҳолаш керак, бу ё маблағ орқали ё бир диққат-орқали бўладими... Йиғлаб, "Шаҳзод" келмаса тўй ўтмайди деб охирги пулини беришларини мен жуда кам эшитганман, эшитмаганман десам ҳам бўлади.

Би-би-си: Лондондан Дилбар хорижий қўшиқчиларнинг ижодларини ҳам кузатиб боришингиз, кимлар сизга ёқиши, ва улардан нималарни ўрганиш мумкинлиги ҳақида сўрабди.

Холиқов: Биласизми, хорижий қўшиқчилар бизда ижро этилмайдиган қўшиқларни ижро этишади. Албатта уларда товуш қўйилган, вокал дейилади. Масалан, джаз йўналиши... Мен шундай инсонманки, мисол учун боя рэп ҳақида ҳам гаплашиб ўтдик, яхши қўшиқ бўлса, яхши куй бўлса, мен ҳеч қачон танлаб ўтирмайман. Мен учун қўшиқнинг асосий тарафи бу куй. Агар чиройли куй бўлса, балки сўзини тушунмасман, лекин куйидан ўзим учун позитив энергия олиб, улардан илҳомланаман. Балки шу қўшиқдаги ноталарни ўз қўшиғимда ҳам янгратишни хоҳларман бугун. Лекин, бу дунёда ўрганадиган нарса жуда кўп. Менга бирон нарса ёқса, мен ундан ўргангим келади.

Би-би-си: Кембридждан Хенри исмли тингловчи йўллаган мактуб саволдан кўра кўпроқ таклиф экан, у икки йил аввал Лондонга Обид Асомов ва Самандар келиб ажойиб концерт берганини айтиб, сизнинг ҳам келиб концерт беришингизни сўрабди. Лондонга келиш ниятингиз борми?

Холиқов: Агар ташкилотчилар таклиф қилишса, ва биз ўзаро келишсак, албатта борамиз, нега бормайлик? Албатта бориб, у ёқдаги муҳлисларимизни ҳам хурсанд қиламиз. Бош устига. Биз фақат хурсанд бўламиз бундай таклифлардан.

Би-би-си: Исмини ёзмаган муҳлисингиз Юлдуз Усмонованинг ижодига қандай қарашингиз, ва у билан борди-келдингиз бор-йўқлигини билишни истаган.

Холиқов: Санъаткор деб ҳурмат қиламан, шаҳсий борди-келдим йўқ.

Би-би-си: Азизбек Россиядан қўйидагича савол жўнатган: Сизнинг кўринишингиздан анча руслашиб кетганга ўхшатаман. Айтингчи, ҳаётда ўзбекона яшайсизми? Умуман айтганда Исломий томондан қанақасиз, намоз, рўза, закот, ҳайит деганларидек?

Холиқов: Авваламбор, ҳамма, намоз ўқийдими, рўза тутадими, жумага чиқадими - буни аввало ўзи учун қилади. Мени агар русий одамга ўхшатишган бўлса, менинг раҳматли онамлар татар бўлганлар, адамлар - ўзбек. Мен - метис, лекин алҳамдулиллоҳ, мусулмонман. Тошкентнинг киндигида, Эски шаҳарда туғилганман. Рўза кунлари бўлганида, уйларимизда рўза тутилади, оддий ўзбек мусулмон халқи қандай яшаса худди шундай яшаймиз - таъзиялар изҳор қиламиз, яхши кунларда бирга бўламиз. Оддий ўзбек мусумлон йигити қандай яшаса, мен ҳам шу тарзда она диёримизда яшайман.

Би-би-си: Жиззахдан Сайёра Сулаймонова йўллаган саволни бироз енгилроқ қабул қиласиз деб умид қиламиз. Савол қўйидагича: Группа "Шаҳзод" менга жуда ёқади, лекин солисти охирги пайт озгина семириб кетишлари яхши эмас деб ўйлайман. Озиш учун бирон ҳаракат қиладиларми?

Холиқов: Жуда яхши биласиз, этика ва эстетика деган дарс ўтилади. Менимча, ҳамма ўзининг фикрида қолгани яхши. Мен бу синглимизни кўрмаганман, лекин минг кўрсам ҳам, қандоқ кўринишда бўлсалар ҳам, мен уларга "сиз жуда ҳам гўзалсиз" деб айтган бўлардим.

Би-би-си: Тайланддан мактуб йўллаган Муроджон Матисмонов оила аъзоларингиз ҳақида сўзлаб беришингизни сўраган.

Холиқов: Учта ўғлим бор, катта ўғлимнинг исми - Санжар, ўртанча ўғлим - Ислом, кичкинаси - Темур. Ва икки йил олдин жуда ҳам орзиқиб кутган қизалоғимиз ҳам дунёга келди. Азизахон деб исм қўйдик. Раҳматли ойимлар жуда хоҳлардилар, агар қиз кўрсанг исмини Азиза қўямиз деб. Онамлар кўрмадилар қизимни, лекин исмини онамлар хоҳлаганича Азиза деб қўйдик.

Би-би-си: Сиз ўзингиз ўсиб улғайган оила санъаткорлар оиласими?

Холиқов: Бизнинг оиламизда профессионал даражада саҳнада ишлаб ёки халққа ўз қўшиқларини таратиб ижод қилган санъаткорлар бўлмаган, лекин бувиларимиз, адамлар, аммаларим шеър ёзишган, дутор чалиб қўшиқ куйлашган. Лекин бу бир оила ичида, ўзаро ҳаваскорлик даражасида бўлган. Бугунги кунда адамлар кўп шеър ёзадилар. У оммага чоп этилмайди, лекин ҳамма ёзган шеърларини китоб қилиб, тўплам қилиб, мана яқинда тўртинчисини чиқардилар. Кимнингдир оилада туғилган куни бўлса, қандайдир тадбир бўлса, албатта адамлар шеър ёзадилар. Шу каби шеърлар битилган тўртта оилавий китоб чиқардик. Лекин, санъаткорлар бўлмаган оиламизда, биринчиси - биз.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Артур ГригорянЖаҳон бокси
'Қироли Артур' зўр боксчи бўлишнинг сири ҳақида...
Юлдуз УсмоноваБи-би-си меҳмони
Юлдуз Усмонова ўзи, ижоди ва 'подшою маликалар' ҳақида
Шўро қўшинлариА. Нурмуродов
"афғон" ветеранлари қисмати ва ушалмаган орзулар ҳақида
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy