Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 09 Феврал, 2009 - Published 13:03 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Би-би-си меҳмони - ўзбекистонлик таниқли ёзувчи Абдурашид Нурмуродов
"Кровавая Пелена" китоби муқоваси
"Қонли Йўргаклар" ("Кровавая Пелена") рус тилида ҳам чоп этилган
Би-би-си меҳмони - ўзбекистонлик таниқли ёзувчи Абдурашид Нурмуродов.

Совет Иттифоқининг Афғонистондаги уруши якун топганига 15 февралда 20 йил тўлар экан, Би-би-си ўз мухлисларига мазкур мавзуда бир қатор асарлар яратган адиб Абдурашид Нурмуродов билан суҳбат қуриш имконини бермоқда.

54 ёшли Абдурашид Нурмуродов қаламига мансуб асарлар қаторидан афғон урушида иштирок этган аскарлар хақида ёзган "Қонли йўргаклар", "Кўкдаги умр", "Қон ҳиди" китоблари ўрин олган.

"Қонли йўргаклар" асари ёзувчининг бутун Совет Иттифоқи бўйлаб сафари чоғида 3 мингдан ортиқ афғон уруши ветеранлари билан қилган суҳбатлари, ҳамда бу ногирон собиқ аскарларнинг хотираларига асосланган.

"Қонли йўргаклар" шўролар тарихининг энг драматик воқеаларидан бири - афғон урушининг ҳаққоний ва аянчли тергови сифатида намоён бўлади.

Унда афғон уруши майиб қилган тана ва қалблар, урушнинг ахлоқий жиҳати, уруш ва ёшлик, уруш ва ушалмаган орзулар ҳақида ҳикоя қилинади.

Абдурашид Нурмуродовнинг "Кўкдаги умр" асари афғон урушида нобуд бўлган 1448 нафар ўзбекистонлик аскарлар ҳақидадир.

Афғонистондаги шўролар уруши 1978 йилнинг 7 августида совет қўшинларининг афғон ҳудудида жойлаштирилиши билан бошланди.

Совет Иттифоқининг мақсади Афғонистоннинг Марксист Халқ Демократик Партияси учун Исломий мужоҳиддин исёнчилигига қарши курашда дастак бериш эди.

Мужоҳиддинни эса АҚШ, Саудия Арабистони, Покистон ва бошқа мусулмон мамлакатлар қўллаб қувватлаганди.

Талофотлар сони, иқтисодий харажатлар, ҳамда урушга бўлган аҳоли орасидаги дастакнинг сусайиши Совет Иттифоқининг ишғолчи сиёсатига қарши қаттиқ танқидларга сабаб бўлди.

1988 йилда АҚШ ва Совет Иттифоқи кафиллиги билан Покистон ва Афғонистон ҳукуматлари ўзаро йирик зиддиятларни ҳал этувчи Женева келишувларига имзо чекишди.

Келишувлар АҚШ ва Совет Иттифоқининг Покистон ва Афғонистон ички ишларига аралашмаслигини алоҳида белгилади ва 1989 йил 15 февралида энг оҳирги шўро аскарлари Афғонистондан олиб чиқилди.

Уруш ортидан Совет Иттифоқи чоп этган кўрсаткичларга биноан, Совет армияси уруш давомида 14,427 аскаридан, КГБ 576 ходимидан ажралган. Ўн минглаб аскарлар афғон иқлими ва абгор шароитлар туфайли юқумли касалликлар, жумладан вирусли гепатит ва ичтерламадан оғриган, 10 мингдан ошиқроқ аскарлар ногирон бўлиб ватанга қайтган.

Афғон урушини чуқур ўрганган ва уни ўз асарларида кенг ёритган ёзувчи Абдурашид Нурмуродов саволларингизга жавоб берди.

Би-би-си: АҚШнинг Питсбург шаҳридан Дилором Абдуллажонова қуйидагича савол йўллаган: "Қонли йўргаклар" асарини бир неча маротаба ўқиб чиққанман. Ҳар гал ичимда урушларга нисбатан қандайдир нафрат пайдо бўлар эди. Айтингчи, асарни ёзишга, бу мавзуга қўл уришга сизни нима мажбур қилган? Айтиш керак, ўз даври учун бундай мавзуда асар ёзиш катта руҳий кучни талаб қилади.

Нурмуродов: Катта раҳмат, Дилоромхон, шу китобни ўқиганингиз учун, вақт топиб, жасорат билан ўқиганингиз учун. Синглим, бу китобнинг ёзилиш тарихи жуда қизиқ бўлган. Менинг отам уруш қатнашчиси эди, иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб урушдан қайтган. Укам Абдувоҳидни эса афғон урушига олиб кетдилар. Ана шу пайтда онам оққон касаллиги билан оғриб Тошкентдаги бир шифохонада ётарди. Энди бу даврни эслаш ўзи бир оғир нарса, майли энди, сўраган экансиз, айтиб беришга мажбурман... Орадан кўп ўтмасдан отам бир мактуб олди, унда укамнинг ногирон бўлганлиги ҳақида ёзилганди. Кўп ўтмай укам урушдан қайтиб келди, шу қайтиб келиши ҳолати ҳеч ёдимдан кетмайди. Онам оппоқ палата, оппоқ либосда, оппоқ чойшабда ётарди. Укам кириб келди, унинг ҳам бир қўли кетган, кўзи йўқ. Шунда онам, укамни кўрди-ю "болажоним" дея ўрнидан тургани ҳеч кўзимнинг олдидан кетмайди. Шунда қўлидаги қон томирига тиқилган нина чиқиб кетди ва тирқираб қон оқа бошлади. Лекин онам унга мутлақо эътибор бергани ҳам йўқ эди. Улар қучоқлашиб кўришишди. Сўнг ҳамширалар келиб, яна онамга уколлар қилишди ва улар уйқуга кетдилар. Шундан кейин кўп ўтмасдан онам вафот қилди. Орадан яна бироз ўтиб отам ҳам вафот этди. Икки урушни боғловчи инсон сифатида мен, ва укам Абдувоҳид қолганди. Онамнинг қабри бошида отам айтгани ҳеч ёдимдан кетмайди. "Болам сен ёзувчи бўлсанг, бизнинг қисматимиз ҳақида ёз, онангнинг, менинг, уканг қисмати ҳақида ёз" деганди, шу менга бир васият бўлиб қолган. Орадан кўп ўтмай мен шу ишга бел боғладим, лекин қўлимдан келмади, бошида ўзимда бир кайфият йўқ эди. Чунки уруш қатнашчилари билан учрашиш, қўлсиз оёқсиз қолган "афғон" қатнашчиларининг ҳар бири билан бир юз грам ичмасдан гаплашиб ҳам бўлмасди. Китоб ёзиш жараёнида алкоголизмнинг маълум бир нималари ўзимда ҳам пайдо бўлганди, чунки улар билан ичмасдан туриб гаплашиб бўлмасди. Шу орада мен Афғонистонда урушда қатнашган уч ярим мингта болаларнинг қисматини бошидан ўтган кунларини тўпладим. Владивостокдан тортиб Ригагача, Ригадан тортиб Қофқоз ва Қирғизистонгача, ҳеч жой қолмаган, ҳаммасига бориб чиққанман. Бориб чиқиш ҳам қизиқ кечганди. Бу Совет замони эди, ҳаммаси маблағ билан боғлиқ нарсалар эди. Мен газетада ишлаб 140 рубль ойлик олардим. Бир-иккита қариндошларни чақириб "Мен шундай иш қилмоқчиман" деганимда " Э жуда зўр иш қилаяпсан, кел биз сенга ёрдам берайлик дея" қариндошлар 10 минг рубль йиғиб беришган. Бу жуда катта пул эди. Ва шу пул билан мен собиқ СССР давлатларининг ҳаммасини кезиб чиққанман. Китобимга аскарларнинг саксонтаси кирган, лекин қолганлари (қўлёзмалар) пачка-пачка бўлиб ётибди. Унинг ҳар бири битта роман... Сўнг қайтиб келдим, қайтиб келгач нашриётга бордим, олган қарзларимдан китоб учун бериладиган гонорар ёрдамида қутиламан деган ҳаёл бор эди менда, борсам, нашриёт директори менга "Э оғайни, қоғоз қиммат бўлиб кетди, гонорарларингдан воз кечмасанг, китобинг чиқмайди" деб айтди. Кейин мен мажбур бўлдим. Қариндошларимга айтганимда улар кечишган қарзларимдан. Китобимнинг чиқиши атрофидаги шарт-шароитлар мана шулардан иборат.

Би-би-си: Лондондан Жавоҳирбек Султонбеков мазкур саволни йўллаган: "Мен сизнинг "Қонли Йўргаклар" китобингизни ўқиганман, декин "Кўкдаги умр" ва "Қон ҳиди" китобларингизни ўқимаганман, шу китобларни топишнинг иложи борми?"

Нурмуродов: Жавоҳирбек бу китобларнинг чиққанига уч-тўрт йил бўлди. Мен 3 ярим минг йигит билан гаплашган бўлсам, "Қон ҳиди" романимда ўша йигитлардан фақат бирининг қисмати ёритилган. Унда йигитрит синдром ҳолати ҳикоя қилинади, яъни урушда қурол фикрлаган бўлса, бу ерда энди ўзи фикрлаши керак. Уруш кўрган одамнинг яшаш жуда оғир кечар экан. "Вьетнам синдроми", Афғон синдроми" деган гаплар бежизга чиқмаган. Бу романнинг қаҳрамони уруш кўрган бир йигит. Тинч замонда ҳаёти қанчалар яхши бўлмасин, унинг онгида, қалбида уруш яшаверар экан. Бардам, жасур йигитнинг бу каби ҳолатга тушганида нақадар қўрқоқ ва олчоқ бўлиб қолиши кўрсатилган. Мен уруш кўрмаганман, аммо уруш кўрганлар билан суҳбат қилишнинг ўзиёқ мени ичкарига тортиб кетган. Ёшим 54 кирди, мен ҳозирда шундай аҳволга туша бошладим. Асл уруш кўрганлар учун бу синдром юз баробар қаттиқ таъсир қилса керак. Иккинчи китобим, яъни "Кўкдаги умр" китобим қаҳрамонлари Афғонистонда ўлган болалар. Ўзимизнинг Ўзбекистондан 1448 бола ҳалок бўлган. Китобга шу болаларнинг 42 нафарининг қисмати кирган: ота-оналарининг, оиласининг хотиралари кирган. Мен бир нарсага ҳайрон бўлдим - ҳалок бўлган болаларнинг жуда кўпчилиги ижодкор болалар. Бири - санъаткор, бири - шоир, бири - ёзувчи, яна бири - жуда зўр спортчи. Китобимдаги 80 фоиз болалар шунақа болалардир. Фақат биргинаси уйланган ва саккиз кун яшаган экан, мен хурсанд бўлдим - қиз боланинг сочини силаб кетган экан йигит. Синглиси менга акаси ёзган бир гўзал шеърни ўқиб берганда, мен даҳшатли ҳолатга тушганман. Акаси ҳовлидаги супага ўз исмини, йилини ёзиб кетган экан. Синглиси акасини эсласа, шу ёзувга бориб сиғинар экан. Бу ғалати, қабрга эмас, ёзувга сиғинишини кўрганимдан мен яна бир бор ўлиб тирилгандек сезганман ўзимни. Бу китобларимни интернетга киритмаганман. Лекин электрон версиясини жўнатишим мумкин.

Би-би-си: Яна бир савол Ўш шаҳридан Одилжон Маҳмудийдан келган: "Афғонистонда неча йиллардан буён вазият барқарор эмас. Сизнингча, бу давлатда қандай тузум барпо этилса тинч ва осуда ҳаёт ҳукм суриши мумкин?"

Нурмуродов: Унга ҳеч ким халақит бермаганда. Мана 20 йиллиги бўлаяпти уруш тугаганининг, уруш бошланганига 30 йил бўлган. Умуман, Афғонистонга тазйиқ ҳам ўтказмаслик керак. Афғонистоннинг ички сиёсатига аралашмагандагина, у ерда тинчлик бўлиши мумкин.

Би-би-си: Икки киши бир ҳил савол йўллабди. Бирининг исми йўқ, бири Лондондан Сарвар экан. Улар "афғон" ветеранларининг бугунги аҳволи ҳақида сўрашган, нафақалари, моддий аҳволи қандайлигини билишни исташган.

Нурмуродов: Уларнинг баъзиларининг аҳволи жуда яхши бўлиб кетган. Ҳолатдан чиқа олганларининг аҳволи яхши бўлган. Асли уруш кўрганлар аҳволи яхши эмас. Улар жароҳат олганлар, ўқ овозини эшитишган, ўлим кўрган, дўстларининг суякларини терганлар, бу болаларни жаннати жойга олиб борсангиз ҳам ўша аҳволда қолиб кетаверади. Бу узоқ давом этувчи, тузатиб бўлмайдиган сурункали касаллик. Бунинг ўзим гувоҳи бўлиб келаяпман, ҳозирги пайтда ҳам кўпчилиги билан учрашиб тураман, ҳозир ҳам уларнинг кўпчилиги менга саволлар беришади, телефон қилишади, ўзларининг аҳволидан ҳикоя қилишади. Уларнинг кўпчилиги мендан 10 ё 15 ёш кичик, лекин мендан жуда қарироқ кўринишади. Ҳаёллари, орзулари жуда олислаб кетган... Нафақа масаласи ёмонмас, улар нафақаларини олиб туришади. Икки ҳил нафақа бор, уруш қатнашчисига алоҳида, уруш ногиронига алоҳида нафақа тўланади. Енгилликлар, имтиёзлар сақланиб қолган.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Афзал Рафиқов "Жаннат қайдадир" фильмида Домла ролида Би-би-си меҳмони
Таниқли актёр ва бетакрор овоз соҳиби Афзал Рафиқов
Қодир МирашуровБи-би-си меҳмони
Қодир Мирашуров ижоди, юлдузлар ва балиқ ови ҳақида
Афғонистон парламентиБи-би-си меҳмонлари
Афғон парламенти ўзбек депутатлари билан суҳбат
Ҳалима ХудойбердиеваҲалима Худойбердиева
ўз ижоди, оиласи ва адабиёт ҳақида
Маъмур АзимовМаъмур Азимов
дўппосланган фермер ва ҳайдалган мевазорлар ҳақида
Дилором ИсҳоқоваБи-би-си меҳмони
Дилором Исҳоқова Рауф Парфи, шеърият ва сиёсат ҳақида
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy