|
Би-би-си меҳмони - Томас Уэлсфорд | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Томас Уэлсфорд Оксфорд Университетининг Ол Солс (All Souls) коллежида Марказий Осиёнинг ўрта асрлар ва замонавий тарихидан сабоқ беради. Ўзбек тилида тадқиқот олиб борган ва Ўзбекистон бўйлаб кўп сафар қилган Уэлсфорд Марказий Осиё тарихини Ғарб учун қоронғуликдан олиб чиқиш нияти борлигини айтади. Унга кўра, масалан 16 ва 17-аср Марказий Осиёси ҳақида гап кетганда сиёсий ўзгаришлар, ёки форс тилида фаолият юритган шоирлар алоҳида тилга олинади ва бу соҳалар фақат бир-биридан айри ҳолда ўрганилади. Бироқ, Уэлсфорд сиёсий ва маданий тарихнинг бир-бири билан боғлиқлиги, ҳамда унинг инсоний жиҳатларини ўрганишга уринади. Унинг Ўзбекистонда ёқлаган диссертация иши "Эрта замонавий Марказий Осиёдаги садоқат, фаровонлик ва ўзлик" деб аталиб, 16 ва 17-асрлардаги Темурийлардан сўнги Марказий Осиё воқеаларига бағишланган. Томас Уэлсфорд Оксфорд Университетидаги Марказий Осиё Жамияти аъзоларидан бири бўлиб, Марказий Осиё ва Каспий-бўйи мамлакатларининг сиёсий ва ижтимоий ҳаёти борасида мунтазам семинарлар уюштириб келади. У тингловчиларимиз саволларига ўзбек тилида жавоб берди. Би-би-си: Санжар қуйидагича савол йўллаган: Ғарбда ўзбек хонликлари ва темурийлар ҳақида қай даражада билишади? Уэлсфорд: Савол учун катта раҳмат, у қизиқ бир савол бўлибди. Энг аввало, бахтга қарши, Ғарбда мана шу мавзудаги маълумот жуда юқори даражада эмас. Умуман. Америка ва Ғарбий Оврўпода бир ё икки университетлар бор, уларда шу мавзуда ишлаётган кишилар бор. Мисол учун Америкада Харвард, Шикаго ёки Индиана университетларида бир-икки жуда машҳур профессорлар бор темурийлар ёки шайбонийлар ҳақида ёзадиган. Ғарбий Оврўпода ҳам бир-икки университет бор, масалан Будапешт ва Берлинда. Аммо тарихчилар олдида баъзи муаммолар бор. Энг аввало, Америкада ҳам, Оврўпода ҳам ўзбек тилидан дарс берадиган бўлимлар жуда кам. Бу мавзуда ёзиш учун аввало ўзбек тилини билишингиз керак. Бу жуда муҳим муаммо. Мен Оксфорд университетида ишлайман - Оксфорда, Лондонда ё Кембриджда ўзбек тилидан дарс берадиган кишилар жуда кам. Темурийлар ё шайбонийлар тарихини билиш учун биз ҳаммасидан аввал Навоий, Фузулийнинг китобларини ўқишимиз керак. Ўзбек тилисиз бундай қилиш жуда қийин бўлади. Иккинчи бир муаммо шуки, форс ва рус тилини яхши билиш керак. Аммо жуда муҳим китоблар ёзаётган кишилар бор. Мисол учун, Индиана Университетида Девин Девис деган кишининг китоблари Яссавий, Нақшбандий, Кубравий тариқатлари ҳақида. Яна бир муаммо шундаки, Ғарбда ишлаётган профессорлар Ўзбекистондаги профессорларнинг китобларини жиддий қабул қилмайди. Бу жуда катта бир фожеа деб ўйлайман. Мисол учун, Тошкентдаги Ал Беруний номли шарқшунослик институтида ишлаётган бир-икки жуда машҳур шарқшунослар, мисол учун, Бахтиёр Бобожонов, Афтондил Эркиновнинг асарлари жуда ҳам муҳим. Аммо, афсуски, Англияда ва Америкада ишлаётган кишилар фикр қиламизки, ўзбекистонлик профессорнинг асарлари фойдали бўлмаса керак деб. Нима учун? Бу нотўғри. Айтишим керакки, Профессор Бобожоновнинг асарлари унинг форс ва араб тилларида ёзилган асарларни жуда яхши билишини кўрсатади. Агар биз Ғарбда мана шу мавзудаги маълумотимизни яхшилашни истасак, ҳаммасидан аввал Тошкентда нашр этилган китобларни ўқишимиз керак. Би-би-си: Бироқ, Тошкентда нашр қилинган тарих китобларига мафкура таъсир кўрсатгани, тарих мафкура остида бузиб кўрсатилгани ҳақидаги даъволарга сиз нима дейсиз? Уэлсфорд: Ўйлайманки, ҳа, тўғри, бир-икки китоблар мафкурани кўрсатади. Аммо мен тилга олган кишилар - йўқ. Уларнинг асарлари жуда муҳим, жуда (мафкурага берилиш) тенденциясиз. Масалан, Профессор Бобожоновнинг асарлари Нақшбандий сўфийлиги ҳақида. Унинг биринчи китоби 16-асрда яшаган Нақшбандийлар ҳақида бўлган. Бу мавзуда ёза туриб, у қандай қилиб мафкурани кўрсата олади? Би-би-си: Мафкуранинг аралашувисиз ҳам бу ҳақида ёзиш мумкин демоқчисиз? Уэлсфорд: Албатта, албатта. Ҳа. Би-би-си: АҚШдан Акром йўллаган мактубда айтилишича, Марказий Осиёда ўтган асрларда етишиб чиққан ва ўз кашфиётлари билан бутун дунё илмининг тамал тошини қўйган инсонлар ҳозиргача ўрганиб келинаётганига қарамасдан, нимагадир Оврўпода ўз исмлари билан аталмайди. У Бухорода туғилиб ўсган Ибн Синони тилга олибди ва унинг кашфиётлар қилганида ҳали Оврўпо ухлаб ётганини айтибди. Сизнингча, бировлар бу ерда ўғирлик қилмаяптимикан, деб сўрабди. Уэлсфорд: Савол учун катта раҳмат. Мен айтганимдек, ҳа, биз, Оврўпода ишлаётган кишилар мана шу мавзу ҳақида кўп нарса билмаймиз. Шуни ҳисобга олган ҳолда, биз тиббий тарих ҳақида фикр юритсак, Ўрта Осиёда ишлаган ёки у ердан келган кишиларнинг асарлари жиддий олмаймиз. У ноқулай бир нуқтадир. Аммо, сиз айтганингиздек, ҳа, Ибн Сино ўз кашфиётларини қилганида биз Оврўпода ҳея нима қилмаганмиз. Аммо, биз ана шуни ҳозирда унутганмиз. Бизнинг ҳозирги маълумотларимизнинг кўпи Ўрта Осиёдан келган. Ўрта Осиё тарихи ҳақида ўйлаганимизда, биз Чингисхон, Темур, Муҳаммад Шайбоний ҳақида фикр қиламиз. Биз унутамизки, бу кишилардан ташқари (Ўрта Осиёда) шоирлар, рассомлар, олимлар бор эди. Би-би-си: Фотих Муҳаммаднинг савол беришича, Амир Темурнинг Йилдирим Боязидни енгиши Оврўпо сиёсий харитасига қандай таъсири бор? Уэлсфорд: Ҳа, Амир Темур ғалабасининг ҳозирги Оврўпо маданий таъсирига жуда муҳим таъсири бор. Кристофер Марловнинг (Christopher Marlowe) "Темурланг" деган трагедиясида ана шу жангни кўрамиз. Аммо, ундан ташқари айтишим керакки, мана шу ғалабанинг сиёсий таъсирини ошириб кўрсатмаслигимиз керак. Кўплар айтишади, Йилдирим Боязиднинг мағлубияти Ғарбий Оврўпога ёрдам берди деб, Туркиядан келаётган усмонийларнинг олға юришини тўхтатиб қолди деб. Мен бу фикрга қўшилмайман. Чунки бу жангдан ҳам аввал усмонийлар Шарқий Оврўпода бўлганлар. Улар Боснияда, Можаристонда ёки Руминияда бўлганлар. Би-би-си: Бир-бирига ўхшаш икки савол - бири Орландо шаҳридан Бек исмли тингловчидан, иккинчиси Канададан Хоқондан. Улар нима учун Бобурий ўзбеклар Ҳиндистонни босиб олганларидан кейин Ғарбда мўғул деб аталганини билишмоқчи. Уэлсфорд: Менимча гап исмлар ҳақида. Исмлар тарихчи учун жуда қизиқ. Сиз айтаяпсиз, Ўзбекистонда яшаган кишилар монгол бўлмаган деб. Албатта. Келишдик. Аммо ҳеч қачон унутмаслигимиз керакки, бу исмлар этник исмлар бўлмаган. Улар сиёсий исмлар бўлган. Мисол учун, ўзини монгол деб атаган кишилар монгол тилидан гапирмаган. Улар ҳозирда Монголияда яшаётган одамларнинг ота-боболари бўлмаган, албатта. Аммо улар "монгол" деган бир сиёсий ташкилотнинг бир қисми бўлишган. Бу ном уларнинг тили ё этник тузилишини акс эттирмаган. Агар биз уларни "ўзбеклар" деб атасак, улар ўзларини ўзбек деб атамаганлар, Ўрта Осиёдан чиққан туркийлар бўлишган. Улар нима учун Ҳиндистонга борганлар? Чунки жанубий Сибирдан келган ўзбеклардан қўрққанлар, улардан қочишган. Улар "ўзбек" деган номни тилга олишганда, ёввойи варварларни тасаввур қилишган. Бу "ўзбек" деган одамлар жанубий Сибирдаги Олтин Ўрдада яшаб, 16-асрдан аввал Ўзбекистон ерларида ҳеч қачон яшамаганлар. Агар биз тарихдаги номлар бугунги номлар билан бир маънога эга деб ўйласак, катта ҳато қилган бўламиз. Би-би-си: Қирғизистондан Одил Маҳмудий сўрашича, жанубий Қирғизистон ҳудудлари Ўзбекистон томонидан қанчадир муддатга бериб турилган деган гаплар юради, бу қанчалар ҳақиқат? Уэлсфорд: Бу саволнинг аввалгиси билан қизиқ алоқаси бор. Ҳозир Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида жуда муҳим чегара бор. Аммо, бу чегара ўтган асрнинг 20-йилларида ташкил қилинган. Ундан аввал, албатта, ўтган асрларда қирғиз ерлари ва ўзбек ерлари бор эди. Аммо, улар бир бири билан туташиб кетганди. Би-би-си: Эзгу исмли тинловчи 19-асрдаги Афғонистондаги ўзбек хонликлари ва хонларнинг тақдири нима бўлгани ҳақида сўрабди. Уэлсфорд: Афсуски, бу мавзуда ҳеч нарса дея олмайман. Агар бу мавзу сиз учун қизиқ бўлса, бир-икки тарихчининг асарларини тавсия қила оламан. Нью Йорк Университетидан Роберт Макчезни Балх, Маймана, Сарипул тарихи ҳақида жуда қизиқ китоб ёзган. Унинг исми "Waqf in Central Asia" (Robert D. McChesney). Ундан ташқари Индиана Университетида ишлаётган бир антрополог, Назиф Шаҳроний ўзи шимолий Афғонистонда дунёга келган бир ўзбек бўлиб, кўп мақолалар ёзган. Би-би-си: Ўзбекистондан Бўстон нашр қилган китобларингиз бор-йўқлиги ҳақида сўраган. Уэлсфорд: Раҳмат, бу мен учун бир ноқулай нуқта. Ҳозиргача мен ҳеч бир китоб нашр этмаганман. Ўтган йили диссертациямни битирдим. Ҳозир мен шуни бир китобга айлантиришга ҳаракат қилаяпман. Диссертациям мавзуси Бухоро, Самарқанд, Тошкентнинг 16-17 асрлардаги тарихига бағишланган, сиз учун қизиқ бўлса, сизга e-mail орқали нусха юбора оламан. Бу борада фикрларингиз бўлса, жуда миннатдор бўлардим. |
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||