Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 23 Март, 2009 - Published 11:02 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Таниқли ҳофиз Абдурауф Олимов билан суҳбат
Абдурауф Олимов
Абдурауф Олимов катта саҳнага қайтишга тайёрлигини айтади
Би-би-си меҳмони - тожикистонлик таниқли қўшиқчи Абдурауф Олимов. Хонанда bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.

Ҳозирги Жаббор Расулов туманининг Ғўлакандоз қишлоғида туғилиб-ўсган Абдурауф Олимов фақат Тожикистонда эмас, қўшни мамлакатларда ҳам истеъдодли санъаткор сифатида танилган, эътироф этилган.

Абдурауф Олимов 1980 йилда ҳозирги Хўжанд Давлат дорулфунунининг бадиий графика ва рассомлик куллиётини тугаллагач, бир йил ўз қишлоғидаги мактабда ишлади. 1982 йилда Ўзбекистон Давлат филармониясига ишга кирди ва у ерда яккахон хонанда сифатида 1985 йилгача фаолият юритди.

Тошкентдаги ижодий фаолияти борасида гап кетар экан, Абдурауф болалик давридаёқ мусиқаларига кўнгил қўйган ажойиб бастакор Муҳаммаджон Мирзаев билан учрашиб, ундан мусиқий сабоқ олгани учун тақдирдан мамнунлигини билдиради. Абдурауф Муҳаммаджон Мирзаев ва бу кишининг ўғли Шавкат Мирзаев яратган куйларга шеър танлаб, қўшиқ айтиш билан бирга, аста-секин ўзи мустақил куйлар ярата бошлади.

Саксонинчи йилларда Абдурауфнинг “Бу турфа гуллар айтинг муҳаббат боғи-данму…” деган ашуласи ўзбек ёшларининг севимли оммавий қўшиғига айланди. Кенг давраларда йигит-қизлар “Олмоснинг тоғиданму”, дея биргалашиб куйлашар, консерт-ларда “муҳаббат боғиданму”, дея Абдурауфга эргашар эдилар.

Сирдарёлик шоир Тўра Сулаймон шеъри билан айтилган “Гул бир ён, чаман бир ён” қўшиғи Абдурауфнинг кўнгил тўридан яралган ашулаларидан бири бўлиб қолди. Бу қўшиқ кимларнидир чаман қўйнига бошлади, кимларнидир ёруғ дунё ҳақидаги ўйларга чўмдирди, кимларнидир оғир дард чангалидан халос этди. Шоир Тўра Сулаймон ўзининг “Гул бир ён, чаман бир ён” шеърий тўпламига сўзбошисида шундай ёзади: “Абдурауф Олимовдан ҳам миннатдорман. “Гул бир ён, чаман бир ён” тилга тушган, қайга борсам таниш-билишлар салом-аликдан олдин “Гўрўғли султон бир ён, Тўра Сулаймон бир ён” деб кўнглимни тоғдек кўтаришади.”

Абдурауф Муҳаммаджон Мирзаев билан бирга Шерали Жўраев ва Жўрабек Набиевни ўзига устоз ҳисоблайди.

Абдурауф 1985 йилдаТожикистонга қайтиб, Хўжанддаги Камол Хўжандий номли (ўша пайтда Ленинободдаги Пушкин номли) республика мусиқий комедия театрида ишлай бошлади. Жўрабек Набиев, Ўринбек Ҳамдамов, Бобожон Шамсиев, Даврон Алиматов, Аҳмаджон Очилбоев каби истеъдодли ҳофизлар ишлаётган бу санъат даргоҳида Абдурауф ўз ўрнини топди. Худди Тошкентдаги каби Тожикистонда ҳам ёшларнинг севимли хонандасига айланди. Қўшиқлар гулдастаси эса янги-янги асарлар билан бойиб борди.

Ҳофизнинг шоир Тўра Сулаймон билан ижодий ҳамкорлиги натижасида янги-янги қўшиқлар пайдо бўлди. Шунингдек, Абдурауф Машраб, Фурқат, Чустий, Ҳабибий, Восит Саъдулла, Жамол Камол , Ўткир Рашид, Талъат Солиев, Зулфия Муминова. Умида Абду-азимова шеърларига қўшиқ басталаб, ижро этди.

Тошкент радиосининг олтин жамғармасидан Абдурауф Олимовнинг 15 та қўшиғи жой олган. Абдурауф Олимов икки ўғил ва бир қизнинг отаси, беш неваранинг бобоси. Ҳофиз-нинг укаси Рустам, ўғли Бобур ва энди олти ёшга кирган невараси Алимардон қўшиқ айтишади.

Лекин ҳаёт ҳар доим инсон истагига кўра кечавермайди. Тўқсонинчи йиллар охир-ларида Абдурауфнинг мухлислари севимли санъаткорларининг тўсатдан жимиб кетгани-дан хавотирга тушишди. Ҳофиз на тўйларда, на бирон консертда кўринмасди. Ҳар бир янги қўшиғи мухлислари орасида суҳбат мавзуига айланадиган, севиб эшитиладиган ҳофизнинг янги нарса ижод қилмаётгани ҳам кўпларни ўйлантирарди...

Гарчи тақдир тоши Абдурауфга қаттиқ урилган бўлса-да, унга урилаётиб аяди ҳам. Абдурауф 40 ёшини нишонланишига бир неча кун қолганда – 1997 йилнинг ноябр ойида автомобил ҳалокатига учради.

Қаттиқ урилишдан сўнг оиласи бахтига, саноқсиз мухлис-лари бахтига Абдурауф тирик қолди. Лекин оғир жароҳат олди, айниқса, боши қаттиқ лат еди...

“Мен ҳали албатта янги қўшиқлар яратаман!” Абдурауф бу сўзларни алланечук бир ишонч билан айтади. Соғлиги тикланган Абдурауф икки йилдан буён қайта ижод қилаётир. Янги қўшиқлар албомини тайёрлади.

Жумладан, қашқадарёлик шоир Муҳаммад Носир шеърига басталанган Охунжон Мадалиев, Муҳриддин Холиқов, Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган хотира қўшиқ яратди. Абдурауф бу қўшиққа ҳаётдан эрта кетган яна бир истеъдодли ҳофиз - дўсти Нуриддин Ҳайдаров номини ҳам киритди.

Ҳозирда Туркиянинг Ўзбекистон билан қўшма «Ширибом» фирмаси» Абдурауф-нинг янги қўшиқлар албомини тайёрламоқда.

Абдурауф ҳозирги ижодий изланишлари ҳақида гап кетар экан, Гулистонда яшаб-ижод этаётган шоир Ҳасан Абдувоҳидов қаламига мансуб «Бағрингга қайтдим қадрдон саҳна» қўшиғи тайёр бўлиб қолганлигини айтади. Абдурауфнинг айтишича, шоир бу шеърни унинг кейинги қўшиқларини эшитгач ёзган экан.


Би-би-си: “Сизни қўшиқларингизни нафақат Андижонда, балки бутун Ўзбекистонда севиб тинглашади,” - деб ёзибди Американинг Флорида Штатидан Маҳмуд Андижоний. “Мен ҳозир АҚШда бўлишимга қарамай, сизни ижроингиздаги бир неча қўшиқларни доимо уйда тинглаб тураман. Сизни бошингизга тушган ташвишлардан очиғи хабарим йўқ эди, эшитиб оила аъзоларим билан жуда қайғурдик. Оллоҳдан сизга шифо сўраймиз ва ишонамизки, сиз ҳали кўплаб ўзбек мухлисларингизни янги қўшиқлар билан хурсанд этасиз. Саволим сизни янги қўшиқлар ёзилган СД-ларингизни қандай харид қилиш мумкин?”

Абдурауф Олимов: Ҳақиқатдан ҳам соғлигим қайта тикланди. Бундан ўзим ҳам, оила аъзоларим ҳам, дўстларим ҳам хурсанд. Яна уйимизда байрам, десак ҳам бўлаверади. Мен ёзган дискларни ҳозир.... Мен яқинда 2007 йилда янги қўшиқларни ёздим. Уларни Тожикистонда харид қилиш мумкин. Бутунлай битмаган қўшиқларим ҳам бор. Ҳали уларни ёзиб улгурганимча йўқ. Лекин яхши ниятларим бор. Шу қўшиқларимни Ўзбекистон Телерадиокомпанияси орқали ёзишни планлаштириб қўйибман. Агар мана шу режам амалга ошса, хурсанд бўлардим. Кейин мана Ўзбекистон Телерадиокомпаниясида ёзган қўшиқларимни дўстларим Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги “Ширибом” ширкати орқалии чиқаришган. Мени дискларимни ана шу ширкатдан харид қилиш мумкин.

Би-би-си: Бирлашган Араб Амирликларидан мактуб йўллаган Исмоил Ваҳҳоб автомобиль ҳалокатидан кейин санъатга қайтишингизга нима сабаб бўлганини сўраган.

Абдурауф Олимов: Шундай ҳодиса бўлишини ўзим кутмагандим, лекин мана узоқ вақт даволаниб, 2007 йилда соғлигим тикланиб, ақл-ҳушим, тафаккурим жойига келди. Санъатга қайтишимга сабаб... Мен ўзим санъатда катта ютуқларга эришганман. Бизни оиламизда ота-онамиз санъатни яхши кўрганликлари учунми, мен соғлигим тикланганидан кейин қилган яхши ишларимдан биринчиси янги қўшиқ ижод қилиш бўлди. Отамга бағишланган “Падари бузургвор” деган қўшиқни айтдим. Мана ҳозир “Бағрингга яна қайтдим қадрдон саҳна” деган қўшиқни тайёрлаяпман. Яна “Гул юз” деган янги қўшиқ тайёрладим. Ҳали жуда профессионал даражада бўлмасаям, лекин хойнаҳой тайёрладим. Энди санъат – мени жони дилим-да...

Би-би-си: Тошкентлик мухлисимиз Ҳожимжон йўллаган савол: “Ўтган йилларда оламдан ўтган санъаткор дўстларингиз ҳақида қўшиқ айтган экансиз. У қандай битилди?”

Абдурауф Олимов: “Хотира” деган қўшиқ айтганман. Бу қўшиқ Муҳриддин Холиқов, Охун Мадалиев, Муҳаммад Юсуф хотираларига бағишланган. Унга Нуриддин Ҳайдаров номини ҳам қўшдим. Улар билан узоқ йиллар оилавий борди-келди қилардик. Жуда мустаҳкам дўстлигимиз бор эди. Катта санъат саройларида хайрия концертлари ҳам ўтказганмиз бир пайтлар. Шу дўстларим хотирасига бағишлаб Қашқадарёдан Муҳаммад Носир исмли шоирнинг бир шеъри қўлимга тушиб қолди. Ўша пайтда укамизнинг шахсий студиясида ўтирган эдим. Кейин илоҳий оҳанг келдию шу қўшиқ яралди. Хуллас, бу қўшиқни дўстларим хотирасига бағишлаб айтганман.

Би-би-си: "Тожикистонлик ўзбек санъаткорларига Ўзбекистондан айрилиб яшаш қанчалар қийин бўлаяпти?” - деб сўраган Эгамберди Эшон исимли мухлисимиз.

Абдурауф Олимов: Биз қўпроқ Ўзбекистон Телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда ишлардик. Шу бизга қулай эди. Мен яшайдиган жойдан Тошкентгача масофа 150 километр. Душанбега бориш биз учун сал узоқроқ бўлгани учун Тошкентда ишлаш бизга қулай эди. Ҳозир. Энди бўлса йўллар беркилган. Мана бизнинг шоир укаларимиз компьютерлар сотиб олиб, қўшиқлар ёзадиган студиялар очишган. Қўшиқларимни шунақанги шахсий студияларда ёзаяпман.

Би-би-си: Яъни охирги йилларда ишингиз бир мунча қийинлашипти-да?

Абдурауф Олимов: Қийинмас яхши. Лекин бир тарафи борки, Тошкентда жудаям малакали режиссёрлар фаолият олиб боришарди. Тошкент – катта санъат ўчоғи. Энг зўр режиссёрлар ўша ерда, энг зўр ёзиб олиш ускуналари ўша ерда. Ҳозир биз ўзимизни студияларда ёзаяпмиз. Ёмон чиқмаяпти, лекин барибир, сифатига келсак, телерадиокомпания томонидан ёзиладиган қўшиқлар сифати ҳозир ҳам баланд.

Би-би-си: Кореядан Нури исмли тингловчимиз эса ҳозирги хонандалардан қайсилари сизга манзурлигини сўраган.

Абдурауф Олимов: Мен, мисол учун, олдиндан Шерали Жўраев ижро этган қўшиқларни яхши эшитаман. Ҳозирги ёшлардан жуда кўпчилик менга маъқул. Яхшилари жудаям кўп. Ферузани Жуманиёзова, Озодбек Назарбековни кўп эшитаман. Яна Райҳон деган қизлар чиққан. Севинч Мўъминова деган ёш ашулачи қизлар чиқибди. Мана Шоҳжаҳонни эшитаяпмиз.

Би-би-си: 80-90 йиллардаги ҳофизлардан ҳозиргилари қайси жиҳатлари билан фарқ қилади? – деб сўрапти Малика Атажонова

Абдурауф Олимов: Биз саҳнага чиқиб юрган пайтларда Охун Мадалиев билан бирга айтардик. Нуриддин Ҳайдаров чиқарди. Юлдуз Усмонова биз билан ҳамкорликда чиққан пайтлари ҳам бўлган. Фарқига келсак...Ҳозирги ёшлар – ёш юрак. Янгича оҳангда айтишаяпти-да энди. Ёмонмас, жудаям яхши.

Би-би-си: Абдурауф ака, ўзбек қўшиқчилиги қайси томонга ўзгарган деб ўйлайсиз?

Абдурауф Олимов: Ҳозир ўзбек миллий санъати талабга жавоб беради десам ҳам бўлади, ҳали у даражада жавоб бермайди десам ҳам бўлади. Симфоник оркестрлар билан айтилган қўшиқлар талабга жавоб беради, лекин бошқалари унчалик эмас.

Би-би-си: Таиланддан мактуб йўллаган Муроджон Матисманов Таиландда ҳам сизни мухлисларингиз борлигини ёзипти ва “Таиландда консерт беришингиз мумкинми?” – деб сўрапти.

Абдурауф Олимов: Таиландда концерт беришим мумкин. Ҳозирги пайтда мен шу нарсага тўқсон фоиз тайёрман, десам ҳам бўлади.

Қодир МирашуровБи-би-си меҳмони
Қодир Мирашуров ижоди, юлдузлар ва балиқ ови ҳақида
ПатқаламНабижон Боқий
қатағон даври, 'босмачилар' ва лақайлар ҳақида
Рўзи НазарРўзи Назар
'Туркистон Легиони', мустақиллик ва олмон нацистлари ҳақида
Рашид ХолиқовРашид Холиқов
ўз ижоди, рэпперлар, мусулмончилик ва вазни ҳақида
Артур ГригорянЖаҳон бокси
'Қироли Артур' зўр боксчи бўлишнинг сири ҳақида...
Маъмур АзимовМаъмур Азимов
дўппосланган фермер ва ҳайдалган мевазорлар ҳақида
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy