Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 11 Август, 2008 - Published 11:40 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Низоларни ҳал этиш бўйича мутахассис жавоблари
Александр Пикаев ("Маяк" радиоси вебсаҳифасидан олинган сурат)
Александр Пикаевга кўра, ёш мустақил давлатлар Москва душман кўрадиган кучлар билан бирга ҳаракат қилишса, Россия ўз манфаатларини ҳимоя қилади ва муаммолар келиб чиқади
Доктор Александр Пикаев - низо ва урушларни бартараф этиш бўйича Россиядаги атоқли мутахассислардан бири.

Москвадаги "Карнеги" маркази етакчи таҳлилчиси сифатида Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва Қофқоздаги низолар ҳамда уларнинг ҳал этилиши йўллари борасида рисола ва мақолалар чоп этиб, халқаро матбуот воситаларида қатнашиб келади.

Хусусан, собиқ Совет Иттифоқи давлатлари орасидаги ўзаро сиёсат ҳамда низоларга етакловчи ҳолатлар мавжудлиги ҳамда эҳтимоллари борасида ҳам илмий-тадқиқот изланишлари олиб боради.

Александр Пикаев Яқин Шарқ муаммолари кучайишида асосан АҚШни айблайди ва "Россия Сурияга қурол сотади, АҚШ эса икки баравар кўпроқ қурол-яроғни Исроилга сотмоқда" - деб қайд этади.

Айни дамда, Александр Пикаев россияпараст таҳлилчи эмас, балки мўътадил тадқиқотчи сифатида кўпроқ танилган.

"Россия раҳбарияти НАТОнинг Шарққа қараб кенгайишини тўхтатиш бобида Ғарбга қараб беҳуда ва маънисиз қичқиришлар иш бермаслигини англаб етмоқда" - деб айтганди бир суҳбатида.

Қуйида Александр Пикаев Би-би-си Ўзбек Хизмати радиотингловчилари ҳамда вебсаҳифаси ўқувчилари саволларига жавоб беради.

Би-би-си: Жаноб Пикаев, илк саволни АҚШдан Мухлис юборган. Ўқувчимиз Гуржистондек кичик бир мамлакат қандай қилиб Россиядан катта қудрат соҳибига қарши борганини билмоқчи. Гуржистоннинг ортида бошқа биров турмаганмикан, деб савол сўрамоқда.

Александр Пикаев: Агар Гуржистон ўзини АҚШ қўллашини ҳис қилмаганида, бундайин қадамни қўймасди, деган фикр Россияда кучли. Тўғри, ҳозир қайтага АҚШ Гуржистонни қурол ишлатмасликка даъват этгани аниқлашмоқда. Лекин "Гуржистон икки кун ичида Жанубий Осетияни назоратимга оламан, кейин Россия ҳам ҳеч нарса қила олмайди", дея ўйлаган каби фикрлар кенг тарқаган.

Би-би-си: Айни ҳаракат билан Россия бошқа собиқ Совет республикаларига ҳеч қанақа ишора бермаяптими? Яъни, ким билан дўстлашиш ёки қайси ташкилотга кириш бобида кучга тўлаётган Москва билан ҳисоблашиб боринг, деган фикрни уқиш мумкинми, бу ерда?

Александр Пикаев: Менимча, бу ерда ҳеч қанақа ишора йўқ. Куч ишлатиш эса мажбурий қарор бўлди. Чунки Россия тинчликни сақловчи кучлари Гуржистон ҳужумига тутилган, айни ҳужумлар оқибатида Жанубий Осетиядаги тинч фуқаролар орасида ҳам қурбонлар борлиги ҳақида гапирила бошланганди. Шу боис Россияда президент бўлиб қолишни истайдиган ҳар қандай президент шундай йўл тутган бўларди. Президент Медведев 17 соат кутди. Унинг бошқа иложи қолмаган ва куч ишлатиш амали фақат зарурат туфайли ташланган қадам эди.

Би-би-си: Британиядан Улуғбек эса айни ўринда Ғарб ўз ташқи сиёсатини ўзгартириши лозим, улар Россиянинг кучи нимага етаркан, дея синаб кўришди қабилида фикр билдиради. Айни қарашга қанчалик кўшиласиз?

Александр Пикаев: Мен Ғарб обдон режалаштирган ҳолда Президент Саакашвилини куч ишлатишга йўллаган, деган фикрларга қўшилмайман. Чунки ҳозир Ғарб учун яхши дамлар эмас. АҚШ Ироқ, НАТО эса Афғонистон билан ўралашиб қолишган. Бунинг устига Эрон, Яқин Шарқ ва Узоқ Шарқдаги Корея ярим оролида Ғарб ҳал қилишни истаётган муаммолар талайгина. Шундайин шароитда яна битта душман орттириш ақлдан эмас. Лекин, шаксиз, Буш маъмуриятининг ўта мафкуралашиб қолгани ва ўжарлиги ҳам вазиятни чуқурлаштирмоқда. Буш маъмурияти бир нарсани тан олмапяти - яъни Саакашвили ҳукумати худди бутун бошли итни бошқариб, ўйнатаётган думга айланиб қолган. (Аслида эса дум итни эмас, ит думни бошқариб, ўйнатиши керак). Хуллас, оқибатда Гуржистон ҳукуматига ҳам, Жанубий Қофқоздаги АҚШ манфаатларига ҳам катта зарба тушди.

Би-би-си: Умуман, Гуржистон инқирозининг энг мақбул ечими нимада бўлиши мумкин? Абхазияга мустақиллик бериб, Жанубий Осетиянинг Россия таркибидаги Шимолий Осетияга қўшилишига йўл бериш керакми ва ё Гуржистонни парчаламасдан, муаммога тинч йўлда ечим топиш имкони борми?

Александр Пикаев: Афсуски, Абхазия ва Жанубий Осетиянинг қайтадан Гуржистон таркибига қўшилиш истиқболлари энди жуда эҳтимолдан узоқ бўлиб қолди. Менимча, ҳозирги урушдан кейин бу икки бўлга - Абхазия ва Жанубий Осетия янада кескинроқ мавқени эгаллашади. Россия эса бу икки минтақа аҳлининг қарорини дастаклашини ва унга етишиш кафолатини беришини айтмоқда. Ҳозирда Гуржистоннинг талаб-истак ва шартларига мос келишувлар эҳтимоллари кўринмаяпти.

Би-би-си: Айрим таҳлилчиларга кўра, Гуржистон инқирози собиқ СССРниг парчаланиш жараёни ҳали тугамаганини кўрсатмоқда. Умуман, собиқ Иттифоқнинг бошқа ҳуудларида ҳам бу каби эҳтимолий низолар ўчоқлари қанчалик кўп?

Александр Пикаев: Тўғрироғи, собиқ Совет ҳудудлари парчаланиши балки энди бошланаётгандир. Гуржистон бу ерда илк мисол. Собиқ Иттифоқ ҳудудларида жуда кўплаб миллий озчиликлар муаммолари мавжуд. Миллий озчилик муаммолари фақатгина Туркманистон ҳамда Арманистоннинг халқаро доирада тан олинган ҳудудлари ичида йўқ, холос. Масалан, Озарбайжон ва Молдовада ечимини кутиб ётган шундай муаммоларни айтиш мумкин. Украинада ҳам вазият анча таранг. Марказий Осиё мамлакатлари ҳам исломий кучлар ва миллий озчиликлар томонидан ички босимни сеза бошлашган. Россиянинг ўзида ҳам ишлар силлиқ эмас. Бу ўринда Чечен уруши ягона мисол эмас. Умуман, Чеченистон муаммоси ҳали тўла ечилгани йўқ. Хуллас, келажакда ҳам собиқ Иттифоқ парчаланиши жараёни, чегаралар ўзгариши эҳтимолларини инкор этиб бўлмайди.

Би-би-си: Шу ўринда, собиқ Иттифоқдаги энг кўп сонли мусулмон мамлакати ва Марказий Осиёдаги энг катта аҳолига эга Ўзбекистонни келажакда нима кутаётгани борасида саволлар бор. Айрим ўқувчиларимиз ҳозирги тузум ўзгарса, бу ерда низолар юзага келиши мумкинми, деб сўрашган.

Александр Пикаев: Дарҳақиқат, Ўзбекистон аҳолиси катта мамлакат. Унинг чегаралари жойлашуви барқарорликка имкон беравермайди. Ўзбекистонда яқин ўтмишда зўравонлик ҳоллари рўй берган. Бу мамлакатда ҳам босим остида қолаётган исломий ва миллий муаммолар бор. Яъни, Ўзбекистонда низолар учун заминалар йўқ, деб бўлмайди. Бироқ Ўзбекистонда тузум ё раҳбарият алмашиши қандайдир беқарорликка етаклайди, деб аниқ башорат қилиш мумкин эмас. Мана, Озарбайжонда қудратнинг Ҳайдар Алиевдан ўғли Илҳом Алиевга ўтиш жараёни, Гуржистонда рангли инқилоб натижасида Президент Шеварднадзе ўрнига Михаил Саакашвилининг келиши ҳам қонсиз кечган. Тўғри, Арманистонда тузум ўзгариши қон тўкилишига етаклади, аммо бу яккам-дуккам ҳолат ва унинг ҳам оқибати жиддий кечмади. Хуллас, тузум ўзгариши ортидан муаммолар келиб чиқади, лекин ҳар вақт ҳам фожеий кўриниш касб этавермайди.

Би-би-си: Нью-Йоркдан мактуб йўллаган Оқил исмли тингловчимиз эса Марказий Осиёнинг дўсти ва душманлари кимлар, деган маънода савол сўрайди.

Александр Пикаев: Марказий Осиёнинг аксар давлатлари ўз ихтиёрлари билан Коллектив Хавфсизлик шартномаси асосида Россия билан иттифоқчилик алоқаларини тутиб туришибди. Ўзбекистон бир бора чиққанди, кейин яна қайта қўшилди. Туркманистондан ташқари, минтақа давлатларининг барчаси Россия билан Хитой етакчилигидаги Шанхай Ҳамкорлиги Ташкилотига қўшилганлар. Кўринишича, бу минтақа учун Россиядан кейин Хитой энг муҳим ҳамкор сифатида ўртага чиқмоқда. Айрим мамлакатларнинг яна ўзлари истаган бошқа ҳамкорлари ҳам бор. Масалан, Тожикистон Эрон билан алоқаларини жипслаштирмоқда. Чунки эронликлар маданият, тил ва тарих нуқтаи назаридан тожикларга яқин туришади. Туркий тилли мамлакатлар ҳам Туркия билан алоқаларини кучайтиришга интилишган, аммо орадаги масофа узоқлиги ва бошқа сабаблар боис бу ҳаракатлар кўп самара бермади. Барибир, минтақанинг Туркия билан маданий алоқалари ривожланиб бораяпти. Марказий Осиё мамлакатлари ҳеч кимдан қўрқишлари шарт эмас. Улар мавжуд ҳамкорлари билан биргаликда ўзларини ҳимоя қилишга қодирлар. Тўғри, кейинги пайтлари АҚШ ҳам бу минтақага қизиқиб қолди ва ҳарбий ҳамкорлик бошламоқда. Аммо Марказий Осиёда АҚШни яқин ҳамкор сифатида қабул қилишмайди ҳамда Россияга буткул қарам бўлиб қолмаслик илинжидагина АҚШ билан ҳам ҳамкорлик қилиб туришни танлашаяпти.

Би-би-си: АҚШдаги Мухлис Россиядгаи меҳнат муҳожирларига иккинчи даражали инсонлар сифатида қараш ҳоллари ҳақида ёзади ва бу борада фикрингизни билишни истайди.

Александр Пикаев: Ҳақиқатан ҳам бу борада Россияда муаммолар бор. Ҳукуматнинг саъй-ҳаракатлари ҳар доим ҳам кутилганидек самара бермаяпти. Меҳнат муҳожирларига қарши жиниой ишга йўл урган қатор одамлар жазога тортилганлар. Бироқ айни масалага кўпроқ эътибор қаратиш даркор. Меҳнат муҳожирларининг Россияга келиши ҳозирда табиий ҳолат. Бундан ҳам Россия аҳли, ҳам муҳожирлар манфаатдорлар. Шу боис бу жараённи қонуний меъёрларга солиш керак. Аммо янги қонун-қоидалар кескин ва ўта чекловчи бўлмаслиги шарт.

Би-би-си: АҚШдан Малик эса Путин давридаги Россия сиёсати миллатчи эмасмиди, деб фикр билдиради.

Александр Пикаев: Россия шу пайтгача ўз қўшниларига бағрикенг муносабат кўрсатиб келган ва ҳеч қачон биринчи бўлиб ҳужум қилмаган. Гуржистондаги воқеада эса биринчи бўлиб гуржилар Россия қўшинлари ва фуқароларига ҳужум қилишди. Иттифоқ қулаши жараёнида руслар яшовчи айрим ҳудудлар қўшни республикаларга ўтган ва унга Москва ҳам рози бўлганди. Шу боис бунинг эвазига ҳозир Россия дўстона муносабат талаб қилаётир. Агар ёш мустақил давлатлар Россия ўзига душман кўрадиган давлатлар билан биргалашиб ҳаракат қилса, Россия ҳам, шаксиз, ўз манфаатларини ҳимоя қилишга тушади ва бу ўринда муаммолар келиб чиқиши мумкин.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Тошпўлат ЙўлдошевБи-би-си меҳмони
Т.Йўлдошев: 'Каримов Ўзбекистонни ҳалокат ёқасига келтирди'
Мўътабар ТожибоеваМўътабар Тожибоева
'Қийноқларни кўзим билан кўриб, жисмим билан ҳис қилдим'
Руфат РисқиевРуфат Рисқиев:
Жаҳон чемпионлиги, 51 минг сўм нафақа ва ўз армони ҳақида
Темур ПўлатовТемур Пўлатов:
Бухоро, Москва ва 'Бўлак манзилгоҳлар' ҳақида
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy