Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 28 Июл, 2008 - Published 11:39 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Би-би-си меҳмони - Мўътабар Тожибоева
Мўътабар Тожибоева
Тожибоева Андижон қирғинидан жабр кўрганлар билан яқиндан ишлаган
Би-би-си меҳмони Ўзбекистонда таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли - Мўътабар Тожибоева.

Тожибоева хоним Фарғонадаги норасмий "Ўтюраклар клуби" раҳбаридир.

У Андижон қирғинидан жабр кўрган оилалар билан яқиндан ишлаган.

Мўътабар Тожибоева ҳукумат кучларининг тинч намойишчиларни ўққа тутишини қоралаб чиққан ва воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказиш ҳақидаги чақириқларга қўшилганди.

У, Андижон ҳодисаларидан кўп ўтмай, 2005 йилнинг октябрида Дублинга, инсон ҳуқуқлари мавзуидаги халқаро анжуманга жўнаб кетиш олдидан ҳибсга олинганди.

Ўзбекистон маҳкамаси Мўътабар Тожибоевани тамагирлик ва туҳмат қилиш дохил, бир қатор иқтисодий жиноятларда айбдор деб топган, аммо инсон ҳуқуқлари ташкилотлари унинг ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти учун жазоланганини айтишади.


Би-би-си: АҚШдан Ситора қамоқдан қутулиб чиққанингиз билан табриклабди ва "ҳукумат ўзгармасдан туриб, инсон ҳуқуқлари, демократия, ҳақиқий эркинлик борасидаги ижобий ўзгаришларга кўзингиз етадими?" деб сўрабди, марҳамат.

Мўътабар Тожибоева: Ҳукумат ўзгармасдан туриб, инсон ҳуқуқлари масаласида, эркинлик масаласида ўзгаришлар бўлади, деб айтолмайман. Айниқса, мана шу қамоқхона азобларини, қийноқ азобларини кўриб чиққан шахс сифатида мен бунга ишонаман, десам қалбимга қарши гапирган бўламан. Лекин қачон ҳукумат ўзгараркан, қачон инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланаркан, деб кутиб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ. Чунки Ўзбекистон қамоқхоналарида минглаб одамлар қийноққа солинаяпти, азоб чекаяпти. Мен буни ўз кўзим билан кўрдим, жисмим билан ҳис қилдим.

Би-би-си: "Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда ким яхши ва ким ёмон яшамоқда, нима учун режим ҳақиқатдан қўрқади?" деб сўрабди Андижондан Маҳмуд Ҳамидов.

Мўътабар Тожибоева:
Мен бугунги кунда Ўзбекистонда ишбилармонлар, тадбиркорлар яхши яшаяптилар, деб айтолмайман. Бунга 23 нафар андижонлик ишбилармоннинг тақдири, уларнинг адолатсиз судлови орқасидан келиб чиққан Андижон фожиаси мисол бўла олади. Ўзбекистонда бугун коррупционерлар, айнан амал курсисида ўтирганлар, қонун устуворлигини назорат қилиши керак бўлган, аммо ўз манфати йўлида қонунни оёқ ости қилишга кўникиб қолган мансабдорлар яхши яшашаяпти. Уларга ҳеч қандай тазйиқ йўқ. Аммо тадбиркор сал бойиб қолса, бу амалдорлар албатта унинг бойлигига кўз олайтиради. Шунинг учун ҳалол тадбиркор қўрқиб яшайди. Яқинда Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг Коррупцияга қарши Конвенциясини имзолганини эълон қилди. Аммо бу Ўзбекистондаги вазиятни ўзгартиришига мен ишонмайман.

Би-би-си: Туркиядан Абдулло-"ҳозирги кунда диний-сиёсий қарашлари учун қамоқ жазосига маҳкум қилинганларниннг реал сони қанча?"

Мўътабар Тожибоева:Ўзбекистонда диний, сиёсий эътиқоди билан қамалганларнинг аниқ сонини мен айтолмайман. Аммо мен ўзим ўтирган аёллар қамоқхонасида улар юз атрофида эди. Баъзида юздан кам, баъзида кўпроқ. Ана шу маҳкумалар билан суҳбатларим асносида мен жуда кўп одамнинг қамалганини тахмин қилганман. Чунки шундай аёллар борки, уларнинг бутун оила-аъзолари қамоқда ўтирибди. Эрлари, акалари, укалари, ўғиллари ва куёвлари. Улар ҳеч қачон авф этилмайди. Амнистия эълон қилиниши билан қамоқхонада бу маҳбусларга қарши террор бошланади. Уларга атайдан янги айбларни қўйишади, жазо изоляторига тиқишади.

Би-би-си: "Сиз Андижон воқеаларини яқиндан ўрганган экансиз, бу ҳақда қандай ҳужжатларингиз бор?" деб сўрабди Москвадан Холис.

Мўътабар Тожибоева:Мен Андижон воқеаларидан тўлиқ хабардорман, деб айтолмайман. Мен бу воқеаларгача бўлган вазиятдан яхши хабардор бўлганман. Мен 2005 йил, 4 апрел куни Президент Ислом Каримов номига Андижондаги вазият кескинлашаётгани ва халқнинг ҳукуматга нисбатан норозилик кайфиятлари кучаяётгани ҳақида телеграмма йўллаганман. Бу телегрмамманинг нусҳаларини йигирмадан ортиқ ҳукумат идораларига жўнатганман. Аммо афсуски, бу телеграммадаги фактлар текширилиш, фожианинг олдини олиш ўрнига уни вилоят прокуратурасига жўнатишган. Айнан мана шу факт туфайли ҳам мени Андижон воқеаларидан кўп ўтмай, ҳибсга олишди ва қамоққа ташлашди, деб ўйлайман.

Би-би-си: Қозоғистондан Умриддин-"Андижон қирғинида ҳалок бўлганлар сони ҳозиргача бизга номаълум, сиз уларни қанча деб ўйлайсиз?".

Мўътабар Тожибоева:Андижонда жуда кўп одамлар ҳалок бўлган, деб ишонаман. Мен қурбонлар ҳақида қамоққа олингунимга қадар маълумот тўплашга уринганман. Аммо қамоқхонада менинг ахборотга имконим чекланган эди. Лекин шундай бўлса ҳам, мен қамоқда андижонлик аёллардан эшитдим. Андижонда қон дарё бўлиб оққан, дейишди бу аёллар менга. Ҳатто қурбонларнинг оилаларига товон пули ҳам берган экан ҳукумат. 100 минг сўмдан товон пули бериб, одамларни ҳеч кимга бу воқеалар ҳақида ҳеч нарса гапирмаслик ҳақида огоҳлантиришган экан. Мен қамалгунимча қурбонлар сонини эълон қилишни талаб қилганман. Аммо ҳукумат ҳозиргача буни қилгани йўқ. Менинг гувоҳлардан эшитишимча, Андижонда бутун бошли оилалар қирилиб кетан ҳоллар бўлган экан.

Би-би-си: Кореядан Зиёд-"Андижон воқеаларига энг асосий айбдор деб кимни биласиз ва нима учун ?".

Мўътабар Тожибоева:Андижон воқеаларига эҳтимол, акромийлар, эҳтимол, бошқалар айбдордир. Аммо мен яна воқеалардан олдинги вазият ҳақида гапирмоқчиман. Бизнинг воқеалардан бир ойдан кўпроқ вақт аввал жар солиб, Андижондаги вазиятга ҳуқуқий баҳо берилмаса, адолатсизлик учун айбдорлар жазоланмаса, вазият ёмон тус олиши мумкин ва жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин, деган огоҳлантиришимиз кичкина нарса эмас эди. Менимча, "Андижон воқеаларида айбдор ким?" деб эмас, балки "Андижон воқеалари келиб чиқишида асосий сабаблар нима эди?" деб савол қўйилса, тўғрироқ бўлар эди. Ҳукумат амалдорларига Андижондаги фожиалар керак бўлмаганида эди, улар ана шу телеграммадаги важларга жиддий ёндошган ва фожианинг олдини олган бўлар эдилар, деб ўйлайман.

Би-би-си: Нью Йоркдан Абдулла Абдураҳимов: "Ўзбекистондаги ҳозирги авторитар режимни тинч йўл билан йўқотишнинг иложи борми, Каримов кетгач, кимни президентликка лойиқ, деб биласиз?".

Мўътабар Тожибоева:Мен Каримов кетгач, Президентликка ким муносиб, деган саволга жавоб беролмайман. Чунки бундай одамни ҳукумат амалдорлари орасида ҳам ва афсуски, мухолифат орасида ҳам кўрмаяпман. Эҳтимол, мухолифат вакиллари мендан хафа бўлишар. Тузумни ўзгартириш масаласига келсак, шуни айтишим мумкинки, мен қамоқда ўтирган пайтим, Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга қарши жазо чораларини жорий қилди. Жазо чоралари ҳар сафар муҳокама қилинган пайт менга тазйиқ ва қийноқлар кучаяр эди. Шунинг учун мен ўзгариш ташқаридан бўлади, деб ўйламайман. Ўзгаришлар ичкаридан тинч йўл билан бўлиши керак, аммо ташқаридан жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистон ҳукуматига таъсирини ўтказиб туриши керак, деб ўйлайман. Шундагина бирон ижобий силжиш бўлиши мумкин.

Би-би-си: Камолиддин Абдулвоҳид қамоқдаги ҳаётингиз ҳақида сўрабди ва "карцерда ўтирган пайтингиз нималар ҳақида ўйлаб, ўзингизга таскин берардингиз?", дея савол берибди.

Мўътабар Тожибоева:Ўзбекистон қамоқхоналарида икки йилу саккиз ой ўтирган бўлсам, шундан бир юз ўн икки кунини жазо изоляторларида ўтказдим. Мени қишнинг совуқ кунларида битта юпун кўйлак билан карцерга қамаб, азоб беришаётган пайт ҳеч қачон қамоқхонадан тирик чиқаман, деб ўйламаганман. Аммо битта таскин бўлган, у ҳам бўлса, менинг ўлимим қамоқхоналардаги аҳволга эътибор қаратади ва бошқаларнинг аҳволини ўнглашга ёрдам беради, деб ишонар эдим. Ана шу ишонч менда ҳамма вақт бўлган.

Би-би-си: Техасдан Ўзбек деб исм қўйган тингловчимиз келажакдаги режаларингиз ҳақида сўраган.

Мўътабар Тожибоева:Мен Ўзбекистон қамоқхоналарида қанчадан-қанча одамларнинг азоб чекаётгани, уларнинг одам ўрнида кўрилмаётганига гувоҳ бўлдим, буни кўўзим билан кўриб, жисмим билан ҳис қилдим. Ниятим - ана шу вазиятни ижобий томонга ўзгартириш, маҳкум ва маҳкумаларга инсоний муомала қилишга ҳукуматни мажбурлаш. Бу йўлда аввалгидан ҳам кўра икки ҳисса, керак бўлса, ўн марта кўпроқ ҳаракат қилишга бел боғлаганман. Соғлигим кўтарса, бу йўлда қўлимдан келганича ҳаракат қиламан, деган ниятим бор.

Би-би-си: Деярли ҳамма тингловчиларимиз саволларида сизни озодликка чиққанингиз билан табриклашган ва сизга соғлик, узоқ умр, одамларга ёрдам беришдек хайрли ишингизда омад тилашган. Туркиядан ёзган бир тингловчимиз савол бермасдан, фақат тилакларини изҳор қилибди. Мана ўша тилаклар:

"Сизга таъзим опахон. Сиздаги мардлик бизда йўқ, сиздаги қалб бизда йўқ, биз муҳожирлар ўлиб кетсак биров эсламайди ҳам. Сиз эса ҳамиша инсонлар қалбида порлоқ юлдуз бўлиб қоласиз".

Мўътабар Тожибоева:Раҳмат. Менга савол йўллаганларнинг барчасига соғлик, саломатлик, бахт-саодат тилайман. Муҳожирлар ўксимасин, муҳожир журналист ва ҳуқуқ фаоллари борлиги учун Мўътабар Тожибова бугун озодликда ва қўрқмасдан гапираяпти. Мен барчангизга таъзим қиламан, раҳмат сизларга!.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Руфат РисқиевРуфат Рисқиев:
Жаҳон чемпионлиги, 51 минг сўм нафақа ва ўз армони ҳақида
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy