Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 21 Июл, 2008 - Published 09:12 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Би-би-си меҳмони - бокс бўйича Жаҳон чемпиони Руфат Рисқиев
Қарийб 200 бор рингга тушган Руфат Рисқиев жангларнинг аксариятида ғалаба қозонган
Қарийб 200 бор рингга тушган Руфат Рисқиев жангларнинг аксариятида ғалаба қозонган
Ўзбекистонлик таниқли боксчи, 75 кг вазн тоифасида 1974 йилги Жаҳон чемпиони, 1976 йилги Монреал Олимпиада Ўйинлари Кумуш медали совриндори, қатор халқаро турнирлар ғолиби, Куба Очиқ чемпионатининг икки карра чемпиони Руфат Асадович Рисқиев 1949 йилнинг 2 октябрида Тошкент шаҳрида дунёга келган.

Руфат Асадович бокс билан шуғулланишни 14 ёшида бошлаган. Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтини тугатган. Таниқли боксчи рингда аъло даражадаги кураш тактикасини намойиш қилган. Ҳар иккала қўли билан ҳам аниқ зарба беришга қодир бўлган Руфат Рисқиев аксарият ҳолларда ўтказган жангларида муддатидан илгари ғалаба қозонган.

У ҳаваскор боксчиларнинг 1974 йилда бўлиб ўтган илк Очиқ чемпионатида иштирок этиш бахтига муяссар бўлган боксчилардан биридир.

Таниқли боксчи Австрия, Бўлғористон, Можаристон, Польша, собиқ Чехословакия, собиқ Югославияда ўтказилган халқаро турнирларда ҳам иштирок этиб, ғалаба қозонган.



Таниқли боксчининг муштарийларимиз саволларига жавоблари:

Би-би-си: Руфат ака, муштарийларимиз сизга дунёнинг турли бурчакларидан мактуб йўллашган. Уларнинг аксарияти халқаро рингдаги фаолиятингиз билан боғлиқ. Илк савол Буюк Британиядан, Жасур исмли муштариймиздан. Жасур, "Ассалому алайкум, Руфат ака. Сизда боксчи бўлишга ҳавас қандай уйғонган? Агар боксчи бўлмасангиз, ким бўлган бўлардингиз?" деб сўраяпти. Марҳамат, Руфат ака:

Руфат Рисқиев: Ўртоқларим акробатикага боришган. Мен ҳам ҳавас қилиб, улар билан бирга борганман. Улар кейин чиқиб кетишган, бироқ мен қолганман. Кейин ўртоқларим боксга боришган. Мен ҳам улар билан бирга боксга борганман. С.Жаксон деган тренер бор эди, Америкадан келган ўша инқилоб пайтлари. Бир-икки ойдан кейин болалар яна боксни ташлаб кетишди, аммо мен қолдим. Шу билан боксда қолиб кетганман. Бокс менга жуда ёқиб қолиб, бошқа спорт турига ҳам, бошқа нарсага ҳам қарамаганман. Боксчи бўлмаганимда, билмадим, савдогар бўлармидим, Худо билади буни...

Би-би-си: Бизга Оврўпо давлатларидан биридан мактуб йўллаган бошқа бир муштариймиз эса, "Руфат ака, мен сиз ҳақингизда кўп эшитганман. Ҳозир сиздай таниқли инсонга савол бераётганимдан хурсандман. "Руфат ака, илк устозингиз ким бўлган? Ўзингизнинг ҳам умидли шогирдларингиз борми? Улардан қандай ютуқлар кутаяпсиз?", деб сўраганлар. Марҳамат, Руфат ака:

Руфат Рисқиев: Энди менинг биринчи тренерим С. Жаксон бўлган. Кейин Алексей Баранов бўлган. Охирида Борис Гранаткин бўлган. С. Жаксон менга биринчи бўлиб бокс алифбосини ўргатган. Алексей Андреевич менга бокс мактабини ўргатган. Гранаткин эса, бокс Олий мактабидан сабоқ берган. Мен ҳозир бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасида маслаҳатчиман. Мисол учун, мен таниқли боксчи Руслан Чагаевга зарба беришни ўргатганман. Зарба бериш техникасини яхши эгаллагани учун Америкада “Оқ Тайсон” лақабини олган. Кейин Рустам Саидовга ҳам зарба беришни ўргатганман. Яъни, мен техник, тактик жиҳатларини ўргатиб, бокснинг олий мактабидан сабоқ беришим мумкин. Руслан Чагаевни бемалол шогирдим деб айта оламан. Мен ҳозир кўраяпман, негадир хатолари кўп. Энди нимагадир олдимга келмаяпти, ҳа, майли, омадини берсин. Олдин буни ҳамма тренерлар билишарди деб ўйлардим, менинг билишимча, улар билишмас экан.

Би-би-си: Руфат ака, мана сиз халқаро рингда анча-мунча боксчилар ҳавас қиладиган улкан ютуқларга эришгансиз. Боксчи сифатида ўз муваффақиятингиз сирини нимада кўрасиз? Марҳамат, Руфат ака:

Руфат Рисқиев: Энди, мисол тариқасида оладиган бўлсак, ош учун энг муҳим бўлган нарса нима – олов ҳам керак, туз ҳам керак, гуруч ҳам керак, пиёз ҳам керак, сабзи ҳам керак, гўшт ҳам керак.... Шунинг учун, бокс ҳам худди шунақа. Масалан, зарбаси қаттиқ бўлиб, бошқа нарсаси бўлмаса, ҳеч нарса қила олмайди. Оёқлари ишламаса, ҳимояси бор, тактика деганларидек, шунинг учун ҳамма нарсани ишлата билиш керак.

Би-би-си: Демак, Руфат ака, сиз ҳамма нарсадан аъло даражада фойдаланиш маҳоратига эга бўлгансиз?

Руфат Рисқиев: Ҳаракат қилганман.

Би-би-си: Шерзод исмли муштариймиз эса, сизга кўплаб саволлари борлиги, шулардан биттасига жавоб берсангиз ҳам хурсанд бўлишини айтиб, мактуб йўллаган. Шерзод энг аввало, "Боксдаги бутун фаолиятингиз давомида энг кучли рақибингиз ким бўлган?" деб сўраяпти. Марҳамат, Руфат ака:

Руфат Рисқиев: Украиналик боксчи Анатолий Креманов бўлган. У билан олти марта рингга чиққан бўлсак-да, ҳисобимиз 3:3 бўлган. Еттинчи гал чиқишимиз керак бўлганда эса, ростини айтсам, у қўрққан, рингга чиқмаган, касал бўлдим деб, қолиб кетган.

Би-би-си: Руфат ака, барча унвонларингиз орасида ўзингиз учун энг қадрли, деб қайси бирини айтган бўлардингиз?

Руфат Рисқиев: Жаҳон чемпионлиги. Ўшанда ҳам қўлларим уч жойидан синган – чап қўлим икки жойидан, ўнг қўлим бир жойидан... Тўрт учрашувни синган қўлларим билан олиб борганман. Бўйим 1метр 84 сантиметр, вазним 75 кг бўлган. Биринчи учрашувда канадалик, иккинчисида аргентиналик (ўшанда чап қўлимни синдирганман), учинчисида бўлғористонлик (унда ўнг қўлимни синдирганман), тўртинчисида олмониялик ва ниҳоят финалда руминиялик боксчи билан рингга чиққанман.

Би-би-си: Руфат ака, боксда олган жароҳатларингиз ортидан ҳозир соғлиғингиз қандай? Чунки соғлиғингизнинг анча ёмонлашиб қолганига оид хабарлар ҳам чоп этилганди...

Руфат Рисқиев: Ҳозир, Худога шукр, соғлиғим анча яхши. Махсус курсга борганимдан кейин ўзимни жуда яхши ҳис эта бошладим. 102 кг эдим, бир ойнинг ичида 84 килога тушдим. Икки марта, 10 кундан бўлдим-да. Бир ойнинг ичида 18 килога оздим. Бошқа томондан, кўзим ҳам яхши кўрадиган бўлди. Ойижоним “Болам овқат егин, болам овқат егин,” деб яна семиртирдилар. Ҳозир 92 киломан. Соғлиғимдан нолимайман. Лекин барибир курсга бориб туриш керак. Ёрдами кўп экан.

Би-би-си: Шерзоджон яна, "Руфат ака, оилангиз, фарзандларингиз борми? Улар ҳам боксчими?" деб сўраганлар. Марҳамат, Руфат ака:

Руфат Рисқиев: Худога шукр, оилам ҳам бор, фарзандларим ҳам бор. Иккита асраб олган қизим ҳам бор. Ҳаммаси бўлиб, 8 та неварам, 3 та эварам бор. Энди, фарзандларим кўп. Ростини айтсам, ёшлигимда сал шўхроқ эдим. Болаларим кўпроқ бўлган. Ҳаммаси бокс тўгарагига борган. Аммо табиат фарзандларда дам олади-да....Невараларимдан боксчи чиқиши мумкин, аммо менинг организмим чарчаган бўлгани учун бу болаларимга ҳам ўтган. Уларда ўша чарчоқ қолган.

Би-би-си: Бошқа бир муштариймиз эса, "Руфат ака, мен сизни ҳурмат қиламан. Сиз Ўзбекистон фахрисиз!" деб ўз мактубини бошлабди. У киши, "Руфат ака, бокс ноинсоний спорт тури эмасми? Менинг отам бокс билан шуғулланганлар, бошларида "конфузия" бор, тишларининг ҳаммаси синиб тушган, бурунлари ҳам неча бор синган. Сиз нима деб ўйлайсиз, балки бу спорт турини тақиқлаш керакдир. Ахир бировни уриш ҳам шавқ берадими одамга?" сўраганлар. Марҳамат, Руфат ака:

Руфат Рисқиев: Ҳар бир спорт тури ўзича оғир. Ўзи осон нарса йўқ. Агар кишининг имконияти бўлмаса, боксдан чиқиб, бошқа спорт турига борсин. Шу сабабдан ҳам ҳар бир спорт турининг яшашга ҳаққи бор.

Би-би-си: Руфат ака, ҳеч боксчи бўлганингиздан афсус чекканмисиз?

Руфат Рисқиев: Йўғ-эй! Ўзи, Худога шукр, спортни жуда яхши кўрардим, айниқса боксни. Шу спорт орқали элга танилдим. Ўзбекистоннинг шарафини кўтардим, шунча киши фахрланган, боксчилигим орқали кўп болаларга ёрдам берган эканман. Шунинг учун ҳам боксчи бўлганимдан фахрланаман!

Би-би-си: Таниқли, дунёда ном қозонган бир боксчи сифатида сизнинг ҳам армонингиз борми?

Руфат Рисқиев: Эй, албатта! Бу Олимпиада Ўйинларида Олтин медаль ололмаганим... Яъни иккинчи ўринни олганим. Ўшанда ҳам бу менинг айбим эмас, секундантимнинг айби бўлган. Мен унга рингга чиққан пайтимда менга шу-шу гапларни айтиб туринг деб айтганман. Чунки рингга чиққан пайтингизда умуман бошқача аҳволга тушасиз-да....Шунинг учун ҳам боксчига гапириб туриш керак. Секундантим эса, бундай қилмаган. У Слава Ленишев деган боксчининг тренери эди. Слава Ленишев менинг рақибим эди. Мен Жаҳон чемпиони, у Олимпиада чемпиони эди. Лекин ўша галги Ўйинларга бормаганди. Чунки мен Славани ютиб, боргандим. Олимпиадада тренер битта бўлади, унинг ўзи ҳаммага қарайди. Шунинг учун ҳам атайлабдан гапирмаган. Мен буни билмасдан ўзимга дўст деб юрардим. Рингга чиққан пайтингизда эса, ҳамма нарса эсингиздан чиқиб қолади.

Би-би-си: Буюк Британиядан савол йўллаган Маҳмуджон эса, авваламбор сиздек ватандошимиз борлигидан фахрланишини билдириб, ҳозирги пайтда Ўзбекистон ҳукумати томонидан қандай моддий ёрдам олишингиз билан сўрабди. Марҳамат, Руфат ака:

Руфат Рисқиев: Жуда катта моддий ёрдам оламан. Яъни 51 минг сўм нафақа оламан. Буни энди АҚШ долларига чаққанда 42-43$ бўлади.

Би-би-си: Мана, сиз таниқли фахрий боксчисиз. Газ, электр токи ва сув ҳақларини тўлашда сизда бирор бир имтиёз борми?

Руфат Рисқиев: Йўқ, йўқ. Ҳаммаси ўша-ўша, эл қатори тўлайман. Терма жамоада маслаҳатчи бўлиб ишлаганим учун менга 150.000 сўм беришлари керак. Бироқ ярим йилдан буён ўшани ҳам тўлаётгани йўқ.

Би-би-си: Қирғизистондан Одилжон эса, "Қирғизистонлик боксчи, кўп карра жаҳон чемпиони, миллатдошимиз Орзубек Назаров билан яқинлигингиз борми," деб сўрабди. Марҳамат Руфат ака:

Руфат Рисқиев: Орзубек Назаров билан Токиода, кейин бу ерда ҳам кўришганмиз. Яхши бола, гаплашганмиз. Энди, Орзубек мендан сал ёшроқ-да, танишганимдан хурсанд бўлганман, рингга тушганда ҳам кўрганман, агар суҳбатимизни эшитаётган бўлса, мендан салом!

Би-би-си: Сизга сўнгги саволимиз Англиядан, Иброҳимжондан. Муштариймиз, "Руфат ака, ҳаётингизда энг қадрли нарса нима?" деб сўраган. Марҳамат Руфат ака:

Руфат Рисқиев: Энг қадрли нарса – менинг ойижоним. Тўғри, оилам бор, уй-жойим бор, улар у ёқда яшашади, мен эса, бу ерда, ойижоним билан. Хотин топилади, бироқ ойижоним топилмайди, деганман. Ойижоним битта.

Би-би-си: Руфат ака, мазмунли суҳбатингиз учун сизга жуда ҳам катта раҳмат. Агар муштарийларимизга бирор бир тилакларингиз бўлса, марҳамат, микрофонимиз очиқ:

Руфат Рисқиев: Акалар-укалар. Ҳаммаларингизга омад тилайман. Соғ-саломат бўлинглар. Ораларингдан майда гап ўтмасин. Майда гап оилани бузади. Ҳеч юракларингни хуноб қилманглар. Сизларга омад ёр бўлсин!

Би-би-си: Руфат ака, сизга ҳам омад ёр бўлсин! Студиямиз меҳмони бокс бўйича Жаҳон, Куба Очиқ чемпионати, Олимпиада Ўйинлари ва қатор халқаро турнирлар ғолиби ўзбекистонлик таниқли боксчи Руфат Рисқиев эдилар.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Темур ПўлатовТемур Пўлатов:
Бухоро, Москва ва 'Бўлак манзилгоҳлар' ҳақида
Алишер ИлҳомовБи-би-си меҳмони
Алишер Илҳомовнинг мухлисларимиз билан мулоқоти
Робия ҚодирБи-би-си меҳмони
Робия Қодир: 'мен халқимнинг кўзёшига айландим'
Васила ИноятоваВасила Иноятова:
"Йўқотишлар учун халқ эмас, мухолифатчию сиёсатчилар айбдор"
Лутфулло ШамсуддиновЛ. Шамсуддинов
Андижон исёни сабаби, қуроллилар ва ўт очиш ҳақида
Сафар БекжонСафар Бекжон:
Ишни адолатни тиклашдан бошлаган бўлардик...
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy