Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 07 Июл, 2008 - Published 18:01 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Би-би-си меҳмони - ўзбекистонлик таҳлилчи Алишер Илҳомов
Алишер Илҳомов
Алишер Илҳомов қирқдан ортиқ таҳлилий мақолалар муаллифи
Алишер Илҳомов 1981 йил Тошкент Давлат Университетини тугатган ва 1986 йил ижтимоий фанлар бўйича номзодлик ишини ёқлаган.

У 1991 йил Тошкентда "Эксперт" номли хусусий тадқиқот ширкати очади ва 2001 йилга қадар ширкат Президенти вазифасини бажаради.

Алишер Илҳомов ўша йилдан бошлаб "Очиқ жамият институти" - Сорос жамғармасининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари сифатида фаолият бошлайди.

2004 йилнинг апрелида Сорос жамғармасининг Ўзбекистондаги идораси ёпиларкан, Алишер Илҳомов Лондонга келади.

У ҳозир Лондондаги SOAS, яъни Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти тадқиқотчиси.

Алишер Илҳомов Ўзбекистондаги қашшоқлик ва ижтимоий турмуш даражаси бўйича қатор изланишлар олиб борган.

Шу билан бирга у Марказий Осиё ва Яқин Шарқдаги исломий ҳаракатлар, миллатчилик, фуқаровий жамият ва сиёсий иқтисод каби мавзуларда қирқдан ортиқ таҳлилий мақолалар ёзган.

Мазкур мақолаларнинг аксари Ғарб матбуотида чоп этилган.


Алишер Илҳомов мухлислармиз саволларига жавоб берди:

Би-би-си: Ўзининг Техасдан эканлиги айтган мухлисимиз Аҳмад Қодирийдан савол қуйидагича, бугунги кунда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ривожлантириш ва ҳимоя қилишнинг қандай усуллари самара беради деб ўйлайсиз?

Алишер Илҳомов: Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммолари ҳақида гапирганимизда, сўзни менимча аҳолининг ўз ҳуқуқларидан яхши хабардор эмасликларидан бошлашимиз керак. Ўзбекистонда фуқароларнинг мажбуриятлари ҳақида кўп гапирилади, лекин ҳуқуқлар ҳақида у қадар кўп айтилмайди. Бу ҳуқуқлар қаерда қайд этилган? Биринчидан, миллий қонунларда, шунингдек, Ўзбекистон имзолаган ва қўшилган халқаро ҳужжатларда ҳам бу ҳуқуқлар қайд этилган. Бу каби ҳужжатлар анчайин кўп, лекин масала фуқароларнинг бу ҳужжатлардан хабардорлиги ва не қадар таниша била олиши. Бу ҳужжатларни интернетда рус ва инглиз тилида топиш мумкиндир, лекин уларни ўзбек тилига таржима қилиб одамларга етказишда катта камчиликлар бор. Албатта ўз ҳуқуқларидан хабардор бўлмаган одамлар уларни қандай қилиб амалга ошириш ва ҳимоя қилиш йўлларини ҳам билмайдилар.

Би-би-си: Демак сизнингча, самарали йўл бу каби ҳужжатларни дастлаб фуқароларга етказиш усулларини топиш керак, шундайми?

Алишер Илҳомов: Ҳа, иккинчидан, бу ҳуқуқларни ҳимоя қилиш механизмлари не қадар ривожланганлигида. Мамлакат ичида бу механизмлар яхши йўлга қўйилмаган, лекин бу ўринда халқаро механизмлар борлигини ҳам билиб қўйиш керак. Масалан БМТнинг инсон ҳуқуқлари кенгаши орқали ҳамма ҳуқуқлар соҳасида бўлмаса ҳам, баъзилари юзасидан мурожаат қилиш мумкин. Албатта баъзи халқаро ташкилотлар чиқарган ажримлар, мамлакат маҳкамалари ҳукмидек мажбурий бўлмаслиги мумкин, лекин Ўзбекистон каби мамлакатлар учун бажарилиши мажбурий бўлган ташкилотлар ажримлари ҳам бор. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистон конституциясига кириш сўзида халқаро қонунлар устуворлиги тан олинади. Шунинг учун фуқаролар Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда инсон ҳуқуқлари соҳасида ўз зиммасига олган мажбуриятларидан ҳам хабардор бўлишлари керак.

Би-би-си: Аҳмад Қодирийдан яна бир савол, Ўзбекистонда сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларни амалга ошириш учун ҳар бир фуқаро устидаги вазифа нима деб ўйлайсиз? Польшадан Бобур ҳам шунга яқин савол йўллаган, Ўзбекистон иқтисодини тез муддатда кўтариш учун нималар қилиш керак, деб сўрабди.

Алишер Илҳомов: Ўзбекистоннинг ижтимоиий ва иқтисодий ўсиши учун қандай омиллар мавжуд ва ё-да мавжуд эмаслигига назар ташласак, табиий заҳираларга анчайин бой эканлиги, таълим-тарбия даражаси юқори эканлиги, меҳнатсеварлик, ишбилармонлик каби омиллар мавжуд эканлигини кўрамиз. Лекин шунга қарамай, кўзга кўринарли даржада ривожланиш юз бермаяпти, аксинча одамлар оммавий равишда хорижга кетиб, ишламоқдалар. Ўзбекистон потенциалларини самарали ишлатиш йўлида тўсиқ бўлаётган асосий нарса бу қонун устуворлигининг йўқлиги. Бир ҳовуч элитанинг манфаатлари ва ҳуқуқлари таъминланган ва ҳимоялангандир, лекин аксар ишбилармонларда бу каби имконият йўқ. Коррупция авж олган, маҳкама тизими мустақил эмас, буларнинг ҳаммаси сармоядорларни чўчитмоқда, чунки улар ўз ҳуқуқлари ва мулкларини ҳимоя қила олмайдилар.

Би-би-си: Дубайдан бир мухлисимиз сўрабди, Ўзбекистон келажагини, масалан яқин беш йилда, қандай кўрасиз?

Алишер Илҳомов: Мен ҳадеб бир нарсани такрорлаётганимдан узр сўрайман, лекин агарда яқин келажакда қонун устуворлигини ўрнатиш соҳасида илгари силжишга эришилмаса, ҳамманинг қонун ўнгида тенглиги таъминланмаса бирон ўзгаришни кўриш қийин бўлади. Яъни, Ўзбекистон минтақавий ва халқаро даражада орқада қолишда давом этаверади. Бу соҳада ўзгариш бўлмас экан, буюк келажак қуриш ҳақидаги сўзлар қуруқ сўз бўлиб қолаверади. Реал мақсадлар қўйиб, бу реал мақсадларга етишишнинг реал механизмларини қидириш керак.

Би-би-си: Азим Мурод саволи: Расмий Тошкент таъсиридаги айрим сиёсатдонлар Ўзбекистондаги репрессив ҳокимиятни мамлакатнинг парчаланиб кетиши ёки тинчликнинг издан чиқиши билан изоҳлашади. Бу фикрни қандай баҳолайсиз?

Алишер Илҳомов: Агарда Ўзбекистон барқарорлиги ва ҳудудий яхлитлигига асосий хавф қаердан келаётганлиги ҳақида сўз юритсак, менимча, хавф манбаи адолатсизликдир. Бу каби муаммо қаерларда вужудга келади, қонунлар ишламаган ва уларга риоя қилинмаган ерда. Яъни жамиятнинг фақатгина бир гуруҳ фуқароси қонунлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб, ўз ҳуқуқларини бошқалар ҳақи ҳисобига қондириб келса, қолган аксарият эса бу каби имконлардан маҳрум бўлса, танглик ва ижтимоиий адолатсизлик ҳислари пайдо бўлади. Ана шу каби шароитдан кўпда радикал кучлар фойдаланиб келадилар. Шунинг учун қонун устуворлиги ўрнатилиб, ижтимоий адолат вужудга келтирилса, жамиятдаги танглик ҳам пасаяди, жамиятдаги бўлиниш ва беқарорликнинг олди олинади. Мавжуд режимни танқид қилганларни тазйиқ остига олиш эса самара бермайди. Аксинча танқид, ҳукумат эътибор қаратиши лозим бўлган камчиликларни ошкор қилиб, вазиятни яхшилашга кўмак беради.

Би-би-си: Ўзбекистондаги сиёсий маҳбусларни озод қилиш учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз деб сўрабди Норвегиядан Анвар исмли муштариймиз.

Алишер Илҳомов: Биласизми бунинг учун мамлакат ичидаги имкониятлар кам. Лекин жамият томонидан кўпроқ хайрихоҳлик бўлса яхши бўларди. Мен бу ерда бирон радикал ҳаракатларга даъват қилаётганим йўқ. Фақатгина адолатсиз равишда қамоқ жазосига ҳукм қилинган ватандошларга нисбатан бир қадар ҳамдардлик ҳақида сўз юритмоқдаман. Бошқа томондан бизнинг глобаллашув асримизда кўп нарса халқаро ташкилотлар, Марказий Осиё мамлакатларига таъсир ва босим механизмларига эга мамлакатлар мавқеига ҳам боғлиқ.

Би-би-си: Яна бир мухлисимиз Россия ва Ўзбекистон муносабатларига қандай қарайсиз деб сўрабди?

Алишер Илҳомов: Бу ерда вазият анча мураккаб. Албатта Ўзбекистон Россия билан муносабатларни ривожлантириши керак. Бизнинг мамлакатларимизни жуда кўп нарса бир-бирига боғлаб туради. Бизнинг кўплаб фуқароларимиз ҳозирда Россияда ишламоқда, улар муайян ҳуқуқларга эга бўлишлари керак. Маданий алоқаларни ривожлантириш керак, рус тилини билиш йўқолиб кетмаслиги керак. Россиядаги меҳнат муҳожирларимизнинг рус тилини билмасликлари уларнинг меҳнат бозорида четда қолиб кетишларига, алдов ва қаллобликлар қурбони бўлишларига сабаб бўлиши мумкин. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор, бу энергия заҳиралари экспорти. Агарда Россия Марказий Осиёдан энергия экспорти устидан монополия ўрнатиб, назорат ўрнатишга ҳаракат қилса, албатта бу бизнинг манфаатларимизда эмас. Агарда Россия ана шундан ўзини тийиб, узоқ муддатли ҳамкорлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб иш юритса, муносабатлар анчайин мувозанатли бўларди. Ҳозирда Россия асосан энергия соҳасига сармоялар ётқизмоқда, бошқа соҳалардаги сармоялар миқдори деярли нолга тенг. Лекин буни ҳам тушуниш мумкин, чунки агарда газ таъминоти борасида келишувга эришилса, ҳукумат даражасида эришилади. Аммо шахсий ишбилармонлар, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги соҳасига сармоя ётқизсалар, марказий ҳукумат қўллаб-қувватловисиз ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари қийин кечади, ўз фойдаларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишга келганда муаммоларга дуч келадилар, мулкларини муҳофаза қила олмайдилар.

Би-би-си: Худди шу мухлисимиз Ўзбекистоннинг ғарбий шериклари борасидаги фикрингизни ҳам сўраган.

Алишер Илҳомов: Мен Ўзбекистоннинг ғарб мамлакатлари билан муносабатларини ҳеч бўлмаганда аввалги даражага қадар кўтариб олиши тарафдориман. Лекин, масалан, Оврўпо Иттифоқи ҳақида сўз юритсак, улар Ўзбекистон билан муносабатларни яхшилашга интилиб, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги соҳасига кўз юмишлари керак эмас. Чунки охир-оқибат айни ана шу омиллар муносабатларнинг яна совуқлашиб кетишига олиб келиши мумкин.

Би-би-си: Умар Алиев қуйидаги масала бўйича фикрингизни сўрабди: Ўзбекистон мустақил бўлганидан бери ўтган 17 йил мобайнида мамлакатни бир шахс бошқариб келди. Мухолифат деярли бутунлай йўқ қилинди. Жаноб Каримов анча ёшга бориб қолди, лекин сиёсий ворислик масаласи ҳамон очиқ қолмоқда. Халқ ичида унинг қизи отасининг ўрнига келиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар юрибди, деб ёзибди.

Алишер Илҳомов: Бирон шахс узоқ муддат мобайнида, халқ ва жамият ўнгида ҳисоб бермай раҳбарлик қилаверса, бу ўтмишдаги режимларни эсга солади, яъни бу орқага ташланган қадамдир. Фикримча, яккаҳокимликка асосланган бошқарув жорий тарихий шароитда қабул қилиб бўлинмасдир. Агарда биз илгари сурилмоқчи бўлсак, жамият ва давлатчилигимизнинг ана шу томонини тартибга келтиришимиз, қудрат алмашинувини, унинг одил сайланишини таъминлашимиз керак. Бирон шахс узоқ муддат давомида қудрат ричагларини мутлақо назорат қилар экан, бу биринчидан ўзининг таназзулга юз тутишини, муаммоларни кўра билиш қобилиятининг йўқолиши ва йўналишни йўқотишини англатади. Бундай шахс ўз қудратини йўқотиб қўйиш ваҳимаси таъсири остига тушиб қолиб, ўз сиёсатида халқнинг узоқ муддатли манфаатларидан келиб чиқиб эмас, шахсий қудратини қандай сақлаб қолиш нуқтаи назаридан йўл тута бошлайди. Шунинг учун биз ривожланиш тарафдори бўлсак қудрат алмашинувини вужудга келтириш ҳақида ўйлаб кўришимиз керак.

Би-би-си: Ва ниҳоят Искандербек исмли мухлисимиз сизнинг Сорос жамғармаси билан ҳамкорлигингиз билан боғлиқ савол сўрабди. Сорос жамғармасининг фаолияти фақат альтруизмга асосланганлигига ишонасизми?

Алишер Илҳомов: Мен Сорос жамғармаси номидан ҳозирда гапира олмайман, мен ҳозирда социлог-тадқиқотчиман. Лекин Сорос жамғармаси ва бошқа халқаро ташкилотлар фаолияти билан яхши танишман. Бу ташкилотларнинг биронтаси альтруизм асосида иш юритишларини айтишмайди. Сорос жамғармаси каби ташкилотлар ўзларининг сиёсий ва ижтимоиий фалсафаларини яширмайдилар. Улар интиладиган асосий масалалар инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги, таълим-тарбияни кўтариш ва ҳоказолардир. Мана Шарқий Оврўпо мамлакатларини олинг, Сорос жамғармаси у ерга коммунистик тизимнинг қулашидан сал аввал кириб борганди. Ўшандан бери бу мамлакатларнинг Оврўпо Иттифоқига кириши йўлида жуда куп ҳаракатларни қилди ва ҳозирда бу давлатлар демократия ва инсон ҳуқуқлари соҳасида пешқадам бўлган Оврўпо Иттифоқи давлатлари стандартларига мувофиқ яшамоқда. Сиз бунинг нимасидан шубҳа қилишингиз мумкин? Бирон фитнани бунда кўряпсизми? Агарда худди шундай мақсадларга Ўзбекистонда ҳам эришилганда, биринчи навбатда жамият ва унинг алоҳида фуқаролари бундан манфаатдор бўлган бўлардилар.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Робия ҚодирБи-би-си меҳмони
Робия Қодир: 'мен халқимнинг кўзёшига айландим'
Васила ИноятоваВасила Иноятова:
"Йўқотишлар учун халқ эмас, мухолифатчию сиёсатчилар айбдор"
Лутфулло ШамсуддиновЛ. Шамсуддинов
Андижон исёни сабаби, қуроллилар ва ўт очиш ҳақида
Сафар БекжонСафар Бекжон:
Ишни адолатни тиклашдан бошлаган бўлардик...
Нафиуллоҳ АшировБи-би-си меҳмони
Россиялик уламо Нафиуллоҳ Аширов билан суҳбат
Санобар ШерматоваСанобар Шерматова:
"Набираларимиз даврида Ўзбекистон балки ўнгланар..."
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy