|
Марказий Осиё бўйича таҳлилчи жавоблари | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
У "Новости" Россия ахборот агентлиги таҳлилчилар кенгаши аъзоси сифатида, асосан, Марказий Осиёдаги сиёсий жараёнларни ўрганади. Санобар Шерматова Қашқадарёда таваллуд топган. Москва Университетида Журналист 16 йилки Россияда фаолият олиб боради. Сўнгги йиллари Россияда "Московские новости" ҳафталиги ва "Большая политика" журналида сиёсий шарҳловчилик қилди. Аммо журналистик изланиш ва таҳлилларида, асосан, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Доғистон ҳамда Чеченистон масалаларига эътибор қаратиб келади. Охирги пайтлардаги мақолаларида Марказий Осиё геосиёсати ва нефть-газга бой минтақанинг Россия, Хитой ҳамда Ғарб қизиқишлари кесишувида қандай аҳамият касб этаётганига урғу бермоқда. Шу қаторда, айнан табиий заҳиралари боис Марказий Осиё атрофида юзага келаётган янгича геосиёсий вазият ва ўзгаришлар ҳам журналист эътиборидаги мавзулардандир. Санобар Шерматова "Андижон саволи ва Ғарбнинг хатолари" номли сўнгги чиқишида не боис АҚШ ва Оврўпо яна Тошкент билан муносабатларни қайта тиклашга ҳаракат қилаётгани хусусида ёзади. "Ғарб Марказий Осиёдан нима исташини аниқлаб олди ва Афғонистондаги уруш учун ҳам, минтақадаги энергетика заҳираларига етишиш учун ҳам Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик олиб бориши кераклигини англаб етди", дея хулоса қилади. Шу асно демократия талаблари унутилиб, Ўзбекистон билан Ғарбнинг алоқаларини совутган "Андижон саволлари" ҳам ҳозирги сиёсий мулоқотларда эслатилмай қўйганини қайд этади. Қуйида таҳлилчи Би-би-си Ўзбек хизмати радиотингловчилари ва вебсаҳифаси ўқувчилари саволларига жавоб беради. Би-би-си: Жуда кўп ўқувчиларимиз шахсий ҳаётингиз ҳақида қизиқишган. Оилада ва Ўзбекистондаги қариндошларингиз билан қайси тилда гаплашасиз, деган саволлар бор. Туркиядан Бахтиёр Шоҳназаров эса мақолаларингизни кузатиб боришини, аммо нега ўзбек тилида интервью бермаслигингиз сабабини сўрайди? Ёки ор қиласизми, деган савол ҳам бор. Санобар Шерматова: Ҳурматли Бахтиёр. Албатта, ор қилмайман. Ўз она тилингдан ҳам уяларканми инсон? Рус тили менинг иш тилим ва ишлаш воситам. Шу боис бу тилда интервью бериш, мақола ёзиш мен учун ўнғайроқ. Ўзбек тили менинг ватаним ва ота-онамнинг тили. Мен Ўзбекистонга борсам, албатта, ўзбекча гапираман. Тошкентдаги қариндошларим икки тилда сўзлашадилар. Қашқадарёлик хеш-ақраболарим билан айнан маҳаллий, Қарши шевасида гаплашамиз. Бу менинг болалигимни ёдимга солади. Ўзбек тилида гаплашганимда, ўзимни шу халқ, шу маданият ичида худди денгиздаги ажралмас томчидек ҳис этаман. Би-би-си: Тошкентдан Аброр исмли тингловчимиз эса Россияга қандай бориб қолганингиз ҳамда Ўзбекистонга қайтиш ниятингиз бор ё йўқлиги хусусида билишни истайди. Санобар Шерматова: Мен ҳали Совет Иттифоқи қуламаган 1990 йили Москва Университети журналистика факультетига ўқишга кирдим. Бу иккинчи мутахассислигим эди. Аммо жуда Ўзбекистонни соғинардим ва почта ишламайдиган якшанбадан ташқари ҳар куни уйга кўнғироқ қилардим. Шу асно "Москвоквские Новости" газетасида иш ўргана бошладим. Улар мени Тожикистон, Ўзбекистон ва Қофқозга иш сафарларига жўнатишарди. Университетни тугатганимда иш таклиф қилишди ва мен рози бўлдим. Би-би-си: Қозоғистондан Тоҳир Саидов бир неча савол йўллаган. Хусусан, Ғарб Марказий Осиёдан нима исташини аниқлаб олибди. Аммо минтақа ҳам Ғарбдан нима исташини аниқлаб олганми, деб сўрайди. Санобар Шерматова: Менимча, бу - ҳаммага маълум. Минтақа Ғарбдан сармоя ва кредитлар истайди. Ғарб ҳам баъзи-баъзида бериб туради. Минтақа яна янги технологиялар истамоқда. Аммо технологиялар масаласида натижалар кутилганидек эмас. Минтақа Ғарб билан тижорат олиб бормоқчи. Лекин бу тижорат ҳам аксар хомашё соҳаларидагина илгари силжияпти. Чунки ғарблик тожирлар сармоя киритиш учун бу ерда вазият шаффоф бўлишини, пуллари кафолатланишини истайдилар. Лекин минтақа, хусусан, Ўзбекистон ё Туркманистон ҳозир бунақа кафолатларни бериша олмаяпти. Кўпинча, ширкатлар ўз пулларини олиб чиқиш имконларига эга бўлолмаётирлар. Би-би-си: Тоҳирнинг иккинчи саволи Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари аҳволи борасида. Қандай қилиб Ўзбекистон ҳукуматини уларнинг ҳақларини ҳимоя қилишга ундаш мумкин, деб сўрайди. Умуман, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг оғир шароитлари ва ҳужумлар қурбони бўлаётгани ҳақида саволлар кўп. Санобар Шерматова: Муҳожирлар муаммоси бошқа бир қатор муаммолар билан чамбарчас боғлиқ. Бу фақат Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар аҳволига бориб тақалмайди. Ҳозир Россия ўзбек меҳнат муҳожирларини қабул қилмоқда. Дейлик, гуржистонлик муҳожирлар учун бу ерда тўсиқлар кўп. Аслида меҳнат муҳожирларини муҳофаза қилиш қонун-оидалари бўлиши ва улар ишлаши керак. Дейлик, муҳожирни Россия милицияси, амалдорлари ва иш берувчилари ўзбошимчалигидан ҳимоя қилиш даркор. Яъни бутун бошли ижтимоий қонунлар мажмуига эҳтиёж бор. Ҳозир худди шу ерда камчиликлар кўп. Бойлар ва иш берувчилар муҳожирларни қулдек ишлатиб пул қилишмоқда. Энди-энди қандайдир илк қадамлар қўйилмоқда ва муҳожирларни тенг ҳуқуқли ишчи кучи сифатида ишлатиб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда улардан давлат ғазнасига солиқ олиш масалалари кўриб чиқилаяпти. Чунки ҳозирги иш усулибидан давлат ҳам, муҳожир ҳам яхши фойда кўрмаяпти. Би-би-си: АҚШ ва Қозоғистондан баъзи тингловчилар эса Ўзбекистонда аҳволни яхшилаш учун нима қилиш керак? Балки Каримов амалидан кетиши лозимдир, дея сўрашмоқда. Санобар Шерматова: Менимча, биргина раҳбарнинг кетиши кўп нарсани ўзгартирмайди. Мана, Қирғизистон мисолида олсак, президентнинг алмашиши ортидан мамлакат иқтисодий кўрсаткичлари яхшилангани йўқ. Ҳатто Украинада ҳам иқтисодий аҳвол у қадар ўзгармади. Ҳамон украинлар иш излаб Россияга ва Оврўпога кетишмоқда. Назаримда, Ўзбекистондаги сиёсий ва иқтисодий аҳвол вақти келиб яхшиланади, лекин бу жараён жуда секин кечади деб ўйлайман. Буни кўриш бизга эмас, балки фарзандларимиз ё набираларимизга насиб этса керак. Би-би-си: Дарвоқе, ўзини Мажнун, деб таништирган АҚШдаги ўқувчимиз Ўзбекистоннинг келажагини қандай тасаввур этишингизни сўрамоқда. Санобар Шерматова: Ўзбекистонни бирон иттифоқ эмас, балки қандайдир бир ҳамкорлик таркибида тасаввур этаман. Ҳозир глобаллашув кечмоқда ва бу Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмайди. Менимча, Ўзбекистоннинг ҳам чегаралари очилади. Чунки ёпиқ сарҳадлар билан иқтисодни рисоладагидек юритиб бўлмайди. Ҳойнаҳой, Россия билан алоқалари кучайса керак. Ҳозир Россияга биздан ишчи кучи кетмоқда. Биласизми, бир неча йиллардан кейин биз Россиядан маблағлар Марказий Осиёга қараб келишига гувоҳ бўламиз. Би-би-си: Жанубий Кореядан савол йўллаган Олим Азизов эса не боис Ислом Каримов Марказий Осиё давлатлари иттифоқига қарши чиққанини билишни истайди. Санобар Шерматова: Бунинг илк сабаби - Ислом Каримов айни иттифоқда иккинчи ё учинчи одам бўлишни истамайди. Бу - бир жиҳати. Айни пайтда, минтақадаги мамлакатлар ўзаро интеграцияга киришмаганлар. Чунки аслида ҳам авторитар тузумлар интеграциядан қочишади. Шу қаторда, минтақа давлатлари иқтисодий аҳволи ва ривожланиш даражалари ҳам турфа хил. Ичкаридаги шарт-шароитлари ҳам анча фарқланмоқда. Масалан, Қозоғистон ва ё Қирғизистонда валюта конвертацияси анча яхши ишласа, Ўзбекистон ҳали бу даражага етмаган. Би-би-си: Улуғбек Назаров Ўзбекистон доимо "катта ини"га эҳтиёжманд бўлган, аммо иккита кеманинг бошини тутаман, деб чўкиб кетмайдими, дея сўрайди. Санобар Шерматова: Мен Ўзбекистонни на россияпараст, на ғарбпараст, деган бўлардим. Ўзбекистон ҳеч тарафга тортмайди. Илгарилари муайян тарафга юзланиш йўлида қандайдир саъй-ҳаракатлар бўлганди. Аммо 27 миллионли бу мамлакат у қадар ҳам кичик эмас ва шу ҳолатида бошқа бир каттароқ давлатнинг мақомига йўрғалаб кетавермайди. Хусусан, Марказий Осиё хавфсизлиги номли бир тушунча шаклланиб улгурди ва унда Ўзбекистоннинг ўз ўрни бор. Бу эса Россия билан ҳам, қўшнилари билан ҳам кечаётган муносабатларида кўзга ташланади. Менимча, Ўзбекистон бировнинг кемасига чиқишга интилиши шарт эмас. Ҳозирги оқимда бемалол ўзи сузиб кетиши мумкин. Би-би-си: АҚШдан Маҳсумбек исмли тингловчимиз Ўзбекистоннинг Ғарбга яна яқинлашаётгани балки ўзбек халқи учун фойдали кечар, дея умид билдиради ва ҳозир Марказий Осиё атрофида "катта ўйин" юзага келгани айтилаётган ҳолатда ким билан бирга бўлган тузукроқ, деб савол қўяди. Санобар Шерматова: Ўзбекистон ҳам Россия, ҳам Ғарб ва ҳам қўшни давлатлар билан яхши алоқаларни йўлга қўйиши керак. Чунки ҳозир ёлғизликда тараққий этиб бўлмайди. Ташқарига очилишнинг ижобий тарафи - Ўзбекистон атрофга очилса, иқтисодий аҳволи яхшиланади, сиёсий тузилмалар ислоҳ этилади. Ҳозир Ўзбекистонда феодал сиёсий усқуртма ишламоқда. Аммо дунёга очилгандан кейин жамият устидан мутлақ назоратни ушлаб туриш ҳам мумкин эмас. Хуллас, чегараларни очгач, одамлар устидан давлат назоратини бироз енгиллаштириш керак. Тўғри, турли ширкатларнинг кириб келиши учун барча дарвозаларни ҳам кенг очиб бўлмайди. Чунки бунинг салбий оқибатлари ҳам бўлади. Лекин, шаксиз, Ўзбекистон керакли даражада очилиши керак. Акс ҳолда, Ўзбекистон ҳозир дунёда кечаётган сиёсий жараёнларнинг кейинги оёғи бўлиб қолиб кетаверади. Би-би-си: Ўзини талаба сифатида таништирган тингловчимизнинг сўрашича, сиз мақолаларингизда Ғарбни танқид қилишга мойилсиз. Балки эски советларга хос фикрлаб, минтақада Россия таъсири кучли бўлиб қолишини, Ғарб кириб келмаслигини истайсизми? Санобар Шерматова: Ғарбнинг Ўзбекистон ва ё Марказий Осиёга кириб келиши анчайин умумий тушунча. Асосий масала нима билан кириб келаётганидир. Агар минтақага янги технологиялар, кредитлар келтиришса, буни фақат олқишлаш даркор. Мана, Қирғизистон билан нима кечди? Ҳозирги текширувлар шуни кўрсатмоқдаки, Қирғизистонга қарз берган Ғарб банклари бу пулларнинг салмоқли қисмини ўзлари учун сарфлашган экан. Бунақа ишлаш тизимида Ғарб банклари сизга қарз беради ва амалда бу пулни ўзлари ишлатишади. Сиз эса қарздор бўлиб қолаверасиз. Умуман, катта давлатлар дунёси бир чангалзорга менгзайди ва ҳали-ҳамон ўтган асрда яшаётган Марказий Осиё давлатларининг бу чангалзорда ўз ризқларини топиб ейишлари осон эмас. Мен, айни пайтда, Ғарбнинг минтақага қурол-яроғ ва базалар билан кириб келишига қаршиман. Чунки бир давлат бошқа давлат ҳудудига ўз қурол-аслаҳаларини олиб кирса, бу энди мезбон давлат учун яхшилик аломати эмас. Би-би-си: Абдурашид исмли тингловчимиз эса АҚШ Давлат Департаменти Ўзбекистонда тинч йўлда тузумни ўзгартириб бўлмаслигини хулоса қилган, унда қандай қилиб диктатурани ўзгартириш мумкин, деб сўраган. Санобар Шерматова: Мен ҳар қанақа инқилоб ва давлат тўнтаришига қаршиман. Бу яхшиликка етакламайди. Ўзбекистоннинг фожиаси эса - қолоқ иқтисод ва самарали давлат бошқарувига йўл бермаётган сиёсий тузум. Амалдорларимизнинг ишлари фойдасиз. Улар ишга келиб, ўз вазифасини бажаришни эмас, балки бугун кимдан ва қаердан пул қилишни ўйлашади. Агар машина эски бўлса, унинг ўзини, ички қисмларини янгилаш даркор. Ҳайдовчини ўзгартирган билан у яхшироқ юриб кетмайди. Яъни давлат бошқарув машинаси қурилмаларини янгилаш зарур. Бу ишни уддалаш йўлида кўп давлатлар узоқ йиллар ишлашган ва энди Ўзбекистон ҳам худди шу вазифани уддалаши лозим. Би-би-си: Жавоблар учун катта раҳмат. |
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||