|
Би-би-си меҳмони Тоҳир Маликнинг саволларга жавоблари | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Таниқли ўзбек адиби Тоҳир Малик 1946 йил 27 декабрда Тошкентда туғилган. Тошкент Давлат университетининг Журналистика факультетини тугатган. Тоҳир Малик Ўзбекистон радиосининг Адабий-драматик эшиттиришлар муҳарририятида, рўзнома ва журналлар таҳририятларида ишлаган. Ёзувчининг дастлабки фантастик қиссаси - "Ҳикмат афандининг ўлими" 1971 йилда чоп этилган. Тоҳир Малик ҳақида Wikipedia интернетдаги очиқ энциклопедияда мақола эълон қилинган, унда ёзилишича, "ёзувчи ХХ асрдаги ҳаётни, кишилар тақдирини гоҳ тахайюл, гоҳ изчил холис, гоҳ детектив йўсинда тасвирлайди. У қисса жанри имкониятларини узлуксиз бойитиб бормоқда". Тоҳир Маликнинг йигирмадан ортиқ асарлари нашр этилган. Тоҳир Маликнинг "Шайтанат" асари ўзбек тилидаги bestseller - энг кўп сотилган китобга айланган. "Шайтанат" романи асосида бир неча қисмли видеофильм тасвирга олинган. Тоҳир Малик атоқли ўзбек адиби Мирзакалон Исмоилийнинг жияни. У уч фарзанднинг отаси. Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг саволларга жавоблари Komil, O'zbekiston: Hurmatli domla, siz o'zbek adabiyotida o'ziga xos ovoz va betakror uslub yaratgan ijodkorsiz. Sizning asarlaringiz - "Devona", "Shaytanat", "Ov", "Alvido, bolalik"ni o'qib, asarlaringizda odamlar orasida iymon ko'tarilsa, odamlar Yaratgandan qo'rqmay qolsa qanday illatlar vujudga kelishi asosiy g'oya qilib olingan, degan xulosaga keldim. Savolim: 1) Shu xulosam to'g'rimi, ya'ni o'zingiz ham asarlaringizni yozayotganda shu g'oyani nazarda tutganmisiz? 2) Nega ko'pincha asarlaringizda, xoh tarixiy, xoh detektiv yoki boshqa janrda bo'lsin, fantastika elementlariga - o'zga sayyoraliklar, oliy mavjudotlar obrazlariga murojaat qilasiz? 3) Bir o'rtog'im kino olamiga endi kirib kelyapti, shu sohaga qo'l urib ko'rmoqchi. Unda sizning "Alvido, bolalik" asaringizni ekranga ko'chirish fikri bor, lekin mualliflik huquqini to'lashga imkoniyati yo'q. Yosh ijodkorlarni qo'llab-quvvatlash yo'lida qandaydir beg'araz hamkorlikka rozi bo'larmidingiz? Hurmat bilan, muxlisingiz. Тоҳир Малик: Аввало Комилжоннинг эътиборлари учун миннатдорлик билдираман. Анча диққат билан кузатар эканлар. Биринчи саволга ўзлари жавоб бериптилар. Чунки дунёдаги ҳар бир зулм, ҳар бир ёмон нарса ўша имонсизлик, виждонсизлик, инсофсизликнинг фарзандлари ҳисобланади. Бу ерда диний нуқтаи назар, диний қарашни четга олиб қўйиб қараган тақдиримизда ҳам, ҳамма динларда ҳам тўғри яшашга даъват этилади, айниқса Ислом динида. Демак биз ўша яшаётган пайтимизда қилаётган ёмон ишларимизни оқибатини ўйламаймиз-да, ҳар бир одам. Баъзилар ўйлаши мумкин, аммо юзаки ўйлайди. Шунинг оқибатида катта-катта жиноятлар келиб чиқади. Масалан, битта шахснинг жиноятларидан бошланади кичкина нарса. Бу энди катта-катта жамиятларнинг жиноятларига ҳам олиб боради. Бир одамнинг иккинчи одамнинг юзига тарсаки уришини кичкина жиноят дейдиган бўлсак, мамлкатлар орасидаги урушлар, фитналар ва бошқалар - катта жиноятларга киради. Буларнинг оқибатини эса мана тарих кўрсатиб турипти. Шунинг учун ҳам одам виждони билан, инсофи билан, имони билан яшаса, бу дунё ниҳоятда гўзал бўлиб кетарди. Биз мана шуни ҳам ўйлаб қўйсак, ёмон бўлмас эди. 3.Беғараз ёрдамим шу пайтгача ҳам бўлиб келди, бундан кейин ҳам бўлаверади. Жуда кўп бўлмаган тақдирда ҳам ҳар ҳолда бир неча китобларни муаллифлик ҳуқуқи, яъни қалам ҳақи олмасдан ўша нашриётларга ёрдам маъносида бердик. Бемалол, агар гап шу моддий томон, пулга тақалаётган бўлса, бу ёш биродаримиз, дўстимизнинг ҳаваслари шунчалик баланд бўладиган бўлса, бемалол. Агар керак бўлса оғзаки, керак бўлса, ёзма ана шу маблағдан воз кечиш ҳақида тилхат беришимиз мумкин. Olim Sharipov, AQSH: 1. Mustaqillik davrida yaratilgan eng yaxshi asarlardan deb qaysi yozuvchilarni asarlarini aytgan bo'lardingiz? 2. Нozirgi davr o'zbek kitobxonlarining sa'viyasi haqida nima deya olasiz? 3. "Shaytanat" yana qaysi tillarda targima qilingan? Тоҳир Малик: 1. Минг афсуслар бўлсинким, масалан кейинги 15 йил ичида ўзбек адабиётида анча чўкиш бўлди сон жиҳатидан ҳам, сифат жиҳатидан ҳам. Ҳозир биз ҳар йили ўқувчиларимиз бештадан-олтидан роман ўқияпти, деёлмаймиз. Мен ҳозир айтишим мумкин Асад Дилмуроднинг тарихий асарларини, Аббос Саиднинг асарларини, Муроджон Мансуровнинг романларини. Лекин афсус-афсус агар санайдиган бўлсак, ўнта бармоғимиз ортиб қолади-да. Ҳолбуки, биз Совет давридан кўп норози бўламиз, лекин мустақилликка ўтгандан кейин ёзувчилар ўзларини тўла кўрсата олишаётгани йўқ ва китобхонларнинг тўлиқ талабини бажара олишмаяпти, буни очиқ айтишимиз керак. 2. Энди китобхонларнинг савиясига келадиган бўлсак, китобхонларнинг савияси 10 йил олдин яхши эди, ҳозир ёмон бўлиб қолди, деёлмаймиз. Ва китобхонларнинг савиясига бир хилда жавоб бериш ҳеч ҳам мумкин эмас. Бир одам, дейлик, детективни яхши кўради, иккинчи одам тарихий асарлар мавзуини яхши кўради, бошқа бир одам ишқ-муҳаббат лирикасини яхши кўриши мумкин. Бир одам умуман насрий асарларни ўқигиси келмаслиги мумкин, иккинчи одам назмни унча хушламаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам бунга бир хл қолипда жавоб бериб бўлмайди. Энди баъзиларнинг назарида кейинги пайтда детектив жанрида хом-хатала асарлар кўп чиқаяпти, ўқувчиларнинг савияси ҳам шунга қараб тушиб кетди, деган гаплар ҳам бор. Мен бошқа жойларда ҳам гапирдим: ўқувчиларнинг савияси ҳақида ёмон гап гапириш керак эмас, ўқувчиларни айблашга ҳаққимиз йўқ. Биз ўзимизни айблашимиз керак, яъни савияси паст асарлар ёзилаяпти, десак тўғрироқ бўлади. Энди ҳозир ўқувчининг танлаб олиш ҳуқуқи ҳам камроқ-да. Чунки ҳозир айтганимдек, агар 1 йилда 10 та яхши роман ёзилганда, шуни иккитасини танлаб ўқир эди. Ҳолбуки, уларда шунақа танлаш имконияти йўқ. 3."Шайтанат" ҳеч қайси тилга таржима қилингани йўқ. Чунки ўзбек адабиётида ҳозир ўзбек асарларини ҳатто рус тилига таржима қилиш ҳам катта муаммо бўлиб қолган. Илгариги Совет даврида биз ўзимизнинг асаримизни сўзма-сўз таржима қилдириб, кейинга Москвага олиб борардик. У ерда умуман ўзбекчани билмайдиган бир одам таржима қиларди. Ҳамма ёзувчилар мана шундай усулдан фойдаланишарди. Ҳозир энди бу нарсалар йўқ. Айниқса, ўзбекчадан, айтайлик, немисча ёки инглизчага таржима қиладиган таржимонлар йўқ. Шунга Ёзувчилар уюшмасида ёки Жаҳон тиллари университетида бир ҳаракат қилиб юришипти. Ҳеч қанақа натижа йўқ ҳозирча. Musofirbek, Malaysia: “Shaytanat” romani haqiqatlari ham bormi, unda hammasi uydirma deyishgan. Lekin O’zbekistondagi haqiqatlarga ham o’xshab ketmaydimi? “Shaytanat” romanini mustaqillikdan keyingi qismlarini ham davom ettirish mumkinmi, agar mumkin bo’lsa qachon bo’ladi? Тоҳир Малик: Агар бир асар фақат уйдирмадан иборат бўлса, одамлар ҳам қўполроқ қилиб айтганда аҳмоқ эмас-да, ҳамма нарсага ишонавермайди, ҳамма нарсага қизиқавермайди. Бадиий асарда уйдирма эмас, бадиий тўқима бўлади. Лекин бадиий тўқима ўзи айтиб туриптики, бир нарсани тўқиш учун ё ипак бўлиши керак, ёки бошқа бир ип бўлиши керак-да, тўғрими? Демак, бадиий тўқима учун ҳам ҳаётда қандайдир ўзининг асоси бўлиши керак. Фақат озгина ўзгартирилган ҳолда. Масалан, ўша Элчин образини оладиган бўлсак, қиморда хотинини ютқазиб қўйиб, оқибатда хотинини ўлдирган. Худди шунга ўхшаган бир воқеа бўлган, фақат у санъаткор эмас, тижорат аҳлидан бўлган. Мана шунга ўхшаган жузъий, қисман ўзгаришлар билан, тўғри баъзан тўқималар билан асар яратилади. Агар асарда ўша ҳаётийлик бадиий тўқимадан устун бўлса, демак бу асарни ўқувчилар яхши қабул қилишади. 2. Ҳар бир нарсани чеки-чегараси бўлади, мақсади бўлади. “Шайтанат” романининг мақсад, чегараси - мустақиллик арафасидаги ва мустақилликнинг эҳтимол дастлабки ойларигача бўлган вақт қамраб олинади. Масалан, ҳозир 5-китоб ёзилаяпти. Олдинги қисмларида Фарғонадаги фожеалар, Фарғонадаги турклар билан ўзбеклар орасидаги тўқнашувлар, Москва томонидан уюштирилган воқеалар бор. Биз аввалдан Ўшдаги воқеаларни ҳам асарга киритишга ҳаракат қилган эдик, лекин олдинги тўртта қисмига сиғмай қолди. Мана шу бешинчи қисмида ўша Москва томонидан уюштирилган қирғиз-ўзбек тўқнашувлари ҳақиқатда қандай бўлгани ҳақидаги маълумотлар билан бойитмоқчимиз. Ва шу билан ҳозирги фикримиз бўйича асар якунига етса керак. Лекин турли фикрлар, таклифларни эшитаяпмиз, энди буёғига, нима деймиз, Худо пошшо, Худо соғлик-саломатлик, қуват берса, буёғини ҳам яна кўрамиз. Ilkhom: Xalqimiz siznig diniy-ma'rifiy asarlaringizni sevib o'qimoqda. Xalqimizning diniy savodxonligini qanday baxolaysiz? Тоҳир Малик: Халқнинг диний саводхонлигини агар мактаб баҳоси билан баҳолайдиган бўлсак, 2 билан 3 баҳонинг ўртасида. Ҳалқда диний-маърифий аҳвол унча яхшимас, буни жоҳиллик ҳам деймиз. Илм олишга интилиш ҳам унчалик кучли эмас. Шунинг учун ҳам масалан турли оқимларнинг пайдо бўлиши ҳам асосан ўша жоҳилликдан. Яъни, халқнинг диний илмдан узоқлигидан келиб чиқади. Ким нима деса ишонаверади, ким қаёққа юр, деса юриб кетаверади. Илмли одам бунақа бўлмайди. Мана кичкинагина мисол айтишим мумкин: Масалан муҳтарам шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Тафсири Ҳилол”лари ёки бошқа уламоларимизнинг чиқаётган китобларини олиб қарайдиган бўлсак, ниҳоятда оз нусхада чиқаяпти. Айтайлик, бизда 20 миллион мусулмон бўладиган бўлса, боринг ана 1 миллионини доимий намозхон деб ҳисоблайдиган бўлсак, ўша бир миллион халққа 5 минг-10 минг китобни чиқариш. Ва бу китобни баъзан бир неча ой давомида сотилиши мана шу диний-маърифий аҳволни аниқ кўрсатиб турипти. Fotih: Oxirgi paytlarda kopgina diniy-ma'rifiy asarlar yozdingiz. Вuning sababai nima? Тоҳир Малик: Биз ҳозир диний-маърифий деяпмиз, аслида маърифат ва дин бир-биридан ажралиб кетадиган нарса эмас, икки хил тушунча эмас. Яъни, кишига ҳақиқий маърифатни фақат диний ҳақиқатлар беради-да. Биз динни мавҳум нарса деб тушуниб қолганмиз. Яъни, дин деганимизда ёки Қуръон деганимизда, Қуръонни биз фақатгина жанозаларда ёки фотиҳаларда ўқиладиган нарса деб тушунамиз. Ҳолбуки, дин тириклар учун насиҳат, Қуръони Карим тириклар учун насиҳат китоби. У ерда инсонни қандай яшаши кўрсатилган. Қандай яшаса тўғри бўлади, қандай яшаса ҳаёт гўзал бўлади? Биз мана шу маърифатни, ҳозирги таъбир билан айтадиган бўлсак, диний маърифатни яхши билмаганимиз учун ҳаётимизни ўзимиз қийинлаштириб юборамиз. Қийинлаштириб, кейин нолиб юрамиз. Энди адабиётнинг вазифаси фақатгина бир воқеа билан одамларнинг вақтини олиш, чалғитиш ёки дам бериш эмас, балки одамларга ҳаётда қанақа эканлигини, қандай яшаш кераклигини ўргатишдан иборат. Адабиёт деганининг ўзи луғавий маъноси ҳам одоблар тўплами. Қадим-қадимдан барча қалам аҳли, бу назмда бўладими, насрда бўладими, асосий мақсадни одамларни тарбия қилишга олишган. Шунинг учун ҳам мен ўша қадимги анъаналар йўлидан юриб кетаяпман. Bek: Odob-aхloq bilan bog'liq bo'lgan asarlaringizni eshitib va o'qib bormoqdaman. Buning uchun kattakon rahmat. Savolim: Toshkentlik va boshqa viloyatliklar orasidagi kamsitishlarni qanday qilib yo'q qilsa bo'ladi deb o'ylaysiz. Ilgarilari, men kabi Toshkentlik bolalar Toshkentga o'qish uchun kelgan viloyatlik bolalarni kamsitar edik (buning uchun afsuslanaman chunki biza bitta odammiz). Lekin, hozir shu narsa ayon bo'ldiki ya'ni viloyatlik universitet domlalari Toshkentlik talabalarga ancha qitimirchilik qilishmoqda (nazarimda). Qanday qilib O'zbekistondagi san Toshkentlik "qurruq" va San viloyatlik "xarpsan" kabi yomon illatlarni yo'q qilish mumkin. Sizga javob uchun oldindan rahmat. Тоҳир Малик: Энди буни биз маҳаллийчилик деймиз. Иккита салбий тушунча бор - миллатчилик ва маҳаллийчилик. Масалан, ҳар бир миллат учун миллатчиликка нисбатан маҳаллийчилик кўпроқ зара келтиради. Маҳаллийчилик жуда кўп яхши ишларни йўққа чиқариб юбориши мумкин. Энди маҳаллийчилик бизда илгаридан бўлган. Айтайлик, Тошкентни назарга оладиган бўлсак, "сен қаерликсан?", "тошкентликмисан, фарғоналикмисан, самарқандликмисан?", дейди. Агар Фарғонада бўлсак, "сен қаерликсан - фарғоналикмисан, марғилонликмисан, қўқонликмисан?", дейди, мисол учун. Қўқонга борадиган бўлсак, "сен қайси маҳалладансан?", дейди. Мана шу нарсалар бизнинг халқимизни, нима десак, қуртга ўхшаб еб ётадиган ёмон нарса-да. Агар миллат иттифоқ бўлмайдиган бўлса, кўп жабрлар чекади, биз тарихда кўрдик-ку. Тарихда ўша учта хонликка бўлиниши оқибатида биз қанақа миллатга айланиб қолдик. Машҳур шоиримиз Турди Фароғийнинг машҳур байтлари бор-ку беклар кенглик қилинг, тенглик қилинг, деган маънодаги. Демак, ўша дўстимиз ёзгандек, олий ўқув юртидаги баъзи бир домлалар шунақа қилишаётган бўлса, бу домлаларни олий ўқув юртидан ҳайдаш керак. Агар ўқитувчи ўзини шогирдларини маҳаллийчилик нуқтаи назаридан бўладиган бўлса ё бирор камситадиган бўлса, бунақа одамларга бунақа жойда ўрин йўқ, у профессор бўладими, илми ниҳоят даражада юксак бўладими. Бунақа қалби қашшоқ, онги саёз одамларга олий ўқув юртларида ўрин бўлмаслиги керак. Би-би-си: Британиянинг Лондон шаҳридан Шуҳрат саволи: Оxирги пайтда қандай асарларингиз дунё юзини кўрди ва қандай мавзуларда? Тоҳир Малик: Кейинги пайтда “Талваса” деган романни нашр қилдирдик, Худога шукур. Буям ўсмир йигитларни жиноятга кириб кетиш ҳолатлари ва жамиятнинг бу масалага диққатини тортадиган гапларни айтишга ҳаракат қилдим. Бебош болаларнинг оқибатда нимага учрашларини. Ҳозирча яна “Одамийлик мулки” асарининг иккинчи китоби нашрини кутаяпмиз ва учинчи китоб ёзилаяпти. Abdu Rashid: 1. Andijon fojealarida sizningcha nima bo'ldi? 2. Siz I.Karimovning olib borayotgan siyosatiga qo'shilasizmi? 3. Siz buyuk yozuvchi Mamadali Mahmudovning hibsda saqlanayotganini nima deb o'ylaysiz? Тоҳир Малик: 1.Андижон воқеалари пайтида тобим йўқ эди. Мен бу воқеаларни кўрганим ҳам йўқ, деярли эшитганим ҳам йўқ. Ўшандан кейин Андижонга бориш имкониятларим ҳам бўлгани йўқ улар билан танишиш учун. Фақат узуқ-юлуқ гаплар билан кифояландим. Энди битта ривоят бор: Бир подшо кийикни қувлаб кетаётганда, кийик қочиб кетади, бир киши кўриб қолади. Ўша кишидан подшо сўрайди, “Шу ердан бир кийик ўтдими?” Энди ўтмади, деса ёлғон гапирган бўлади. Ўтди, деса кийикка жабр бўлади, етиб олиб унинг жонини олиши мумкин. Шунинг учун у одам айтган экан: “Кийикни менинг кўзим кўрди-ю, лекин кўзим гапиролмайди. Тилим гапиролади-ю, лекин тилим кўргани йўқ”, деган экан. Шунинг учун бу масалалар билан вақти келганда биз ҳам баъзи бир фикрларимизни айтармиз, энди бадиий адабиётнинг публицистикадан фарқи шундаки, ўша заҳотиёқ фикр билдирилмайди. Қачондир ўзининг аксини топади. 2.Энди олиб борилаётган сиёсатлар ҳақида гапирадиган бўлсак, сиёсат кичкина тушунча эмас-да. Ниҳоятда кенг тушунча. Турли йўналишларда турли ирмоқлари бор, турли ўзанлари бор. Шунинг учун баъзи бир ирмоқларга нисбатан фикр билдириш мумкин, айримлари яхши оқаётган бўлиши мумкин. Мен сиёсатчи эмасман ва сиёсат ҳақида аниқ бир ўзимнинг фикрларимни билдиришга ожизман. Чунки сиёсатдаги айнан мана шу нарса нотўғри дейиш учун, айтайлик, иқтисод жиҳатдан ёки ҳуқуқий жиҳатлардан, бу нарсаларни одам ўзи билиши керак олдин. Билгандан кейин ўзининг фикрини айтиши керак. Агар мен сизга ҳозир “мана бу сиёсат ёқмаяпти” десам, бу чойхондаги гапга айланиб қолади. Сиёсат ҳақида фикр билдирадиган одамнинг ўзи сиёсатчи бўлиши керак. Сиёсатчи бўлиш – бу алоҳида бир илмга, алоҳида бир тайёргарликка эга бўлиш дегани. 3. Бунинг учун ҳам ўша жиноий ишга доир нарсаларни ўрганиш керак-да. Биз мутлақо билмаймиз нима учунлигини. Қандай айблар қўйилган, дейлик масалан у судда айбини олганми-олмаганми, бу нарсаларни биз билмаймиз-да. Албатта, ёзувчи сифатида, ҳамкасбимиз сифатида шунақа аҳволга тушиб қолганидан биз афсусланамиз. У яхши ёзувчи эди. Лекин қайси бир айби билан ўтирганини шахсан мен ўзим билмайман. Би-би-си: Ўзининг мактубига “Аксилавторитет” деб имзо чекипти бир ўқувчимиз. У киши Сиз Ўзбекистондаги ўғрибошилар деб бир неча исмларни келтириб, “Сиз Ўзбекистондаги ўғрибошилар ... ва бошқаларни романтиклаштириб, уларга обрў олиб берганингиздан уялмайсизми?”, деган саволни қўйипти. Тоҳир Малик: Демак, бу саволни берган укамиз китобни ўқимаптилар, кинони кўриб туриб шундай фикрга келганлар. Кино санъати бутунлай бошқа. Кино санъаткорларимиз чиндан ҳам озгина романтиклаштириб қўйишган. Лекин китобда Асадбек, Ҳосилбойвачча ва буларнинг кимлиги, қандай зулм эгалари эканлиги очиқ-ойдин баён қилинган. Мен уялмайман бу нарсалардан. Мен буларнинг келиб чиқиш илдизларини кўрсатиб берганман. Қаердан келиб чиқади булар, қаердан сув ичишади? Энди бу кишини китобни ўқимаганлар, деганимга бир далилим бор. Ўша китобнинг бошидаёқ айтганманки, бировга ўхшатманглар! Булар айнан фалончи, пистончи, деган гап эмас. У киши тилга олмоқчи бўлган одамларни ишонсанглар-ишонмасанглар, мен танимайман. Кўришмаганман ҳам ҳатто. Ёлғон бўлмасин, биттаси билан эрталабки ошда таништириб қўйишган, кўришганман холос. Мен уларни олдин ҳам билмасдим, ҳозир ҳам билмайман. Farhod Abdurahimov, UK: Tohir aka, aytingchi, "Shaytanat" asari qanchalik haqiqatga yaqin qissa? Chunki, xalqda yurgan mish-mishlarga qaraganda, bu kitobga prototip sifatida, mafiaga aloqasi bor deb bilinadigan, hozirda katta davlat mansablarini egallab turgan shaxslar olingan deyiladi. Hattokim, shu asarni yozganingiz uchun ulardan biri, sizga bitta qora jip sovga qilgan deb eshitganmiz... Bu gaplar naqadar haqiqatga yaqin? Тоҳир Малик: Энди битта мақол бор ўзбекларда: элнинг оғзига элак тутиб бўлмайди. Мен ҳам эшитиб юраман шунга ўхшаган нарсаларни. Ҳозир мана қора жип дейишипти. Қаранг, мартабамиз йилдан-йилга ошиб бораяпти. Чунки дастлабки миш-мишларда “Волга” эди. “Волга”дан кейин “Мерседес”га ўтишувди, мана энди жипга келишипти. Энди баъзи бирлари эса бутунлай тескари миш-миш тарқатишади. Яъни, уларга ёқмагани учун ёзувчини ўлдиртириб юборишипти, деган хабарлар ҳам тарқади, ҳатто бизникига фотиҳага келган одамлар ҳам бўлди. Тоҳир Маликни ўлдириб кетиши муносабати билан фотиҳага ҳам келишган бизнинг уйимизга. Лекин олдинги саволга ҳам жавоб бердим. Мен у одамларни умуман танимайман, билмадим улар мени қанчалик танишади. Шунинг учун адабиётга ҳар хил нарсаларни тақаш унча яхшимас. Кимдир хаёлоти, фантазияси кучли одамлар тўқиб чиқараверишади бундай нарсаларни. Баъзилар Тоҳир Маликни “тан соқчилари” – “телохранител”лари ҳам бор дейишаркан. Буларни ҳаммаси бўлмаган гап. Шунинг учун бирор миш-миш чиқиб ўйланиб қолишадиган бўлишса, тўғри мен билан боғланишсин, тўғрисини ўзиб айтиб бераман. Abdulaziz, Toshkent: Assalomu alaykum Toxir aka men sizni muxlisingizman, birinchi savolim ko’pgina asrlaringizni o’qiganman. Asarlaringizda ko’pincha jinoyat olami aks etgan. Aytingchi nima uchun asarlaringizda aynan jinoyat olamini yoritishga harakat qilasiz? Ikkinchi savolim Sizni asarlaringizda boshqa yozuvchilarda uchramaydigan ijodni ko’rishimiz mumkin. Siz o’z asarlaringizda qahramonlar hoh ijobbiy hoh salbiy bo’lsin, uning ichki dunyosini ochib berishga, ularning o’tmishi, ichki ruhiyatini ochib berishga harakat qilasiz. Eng muhimi asardagi kichik qahramonlar ham nazardаn chetda qolmaydi. Men sizni bu uslubdagi ijodingizni Abdulla Qodiriy ijodida ham kuzatganman. Aytinchi Toxir aka, siz o’zingizni Abdulla Qodiriy ijodini davom ettirayotgan yozuvchilardan deb bilasizmi? Тоҳир Малик: Бир мақсад - бир жиноят оламини шунчаки ёритиш эмас. Шу жиноят олами ёритилганда мен атрофдагиларни бир огоҳлантириб қўймоқчиман-да, "масалан, атрофингизга қаранг, шундай бир зулм бор, шундай бир виждонсизлик олами бор. Ўша шайтонлар етовида юрадиган, ҳеч қандай разилликдан қайтмайдиган бир олам бор. Ўзингиз ҳам эҳтиёт бўлинг, фарзандларингизни ҳам эҳтиёт қилинг", деган огоҳлантиришни мақсад қилиб олганман. Халқимизда бир мақол бор: "қозонга яқин юрсанг, қораси юқади". Жиноят оламини қораси юқадиган қора қозонга ўхшатадиган бўлсак, бу кўзга кўринмайди. Бунга айрим бир ўсмирлар бу ерда нима борлигини билмасдан ҳавас ҳам қилиши мумкин. Ва буларни аниқ кўринишларини биз халққа етказиб қўйишимиз керак. Ва улар эҳтиёт бўлишсин. Мақсад мана шу. Яъни, жамиятни поклаш учун яхши тарбия бўлиши керак. Яхши тарбия бўлиши учун атрофда нималар борлигини билиш керак. Масалан, мевали боғни зараркунандалардан сақлаш учун бу ерда қандай зараркунанда бор-ку, унга қанақанги дори керак, боғбон яхши билиши керак. Адабиёт мана шу зараркунандаларга қарши ўзини хизматини қилиб қўйса, жамият учун фойдали бўлади. 2. Энди ҳазрат устоз Абдулла Қодирий услубларига келадиган бўлсак, бу етишиш қийин бўлган чўққи. Албатта, кимки тоққа чиқаман, деса юқори чўққиларни кўзлаб юради. Кўпчилик қатори, эҳтимоли юзлаб қалам аҳли қатори биз ҳам ҳазрат Абдулла Қодирийга интиламиз. Лекин айнан шу кишини йўлларини давом эттираяпмиз, дейиш учун журъат етишмайди. Чунки гапириб беришади: Абдулҳамид Чўлпон ҳазратлари "Кеча ва кундуз" романларини ёзганларидан кейин у кишига танишлари "Қодирийона роман бўлипти", деганларида, "ҳай, ҳай, Қодирий шундай юлдузки, унга етишиш бизга йўл бўлсин", деган эканлар Чўлпон. У киши шундай деб турганларидан кейин бизнинг мавқеимиз ҳам ўз-ўзидан маълум бўлиб қолади. |
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||