|
Атоқли адиб Шукрулло Би-би-си меҳмони | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Шукрулло (Шукрулло Юсупов) 1921 йилда Тошкентнинг Олмазор маҳалласида зиёли оилада дунёга келган. Маҳалладаги "Шайх Саъдий" мактаби, педагогика билим юрти ва Тошкент Давлат дорилфунунларида таҳсил олган. Илк шеърий тўплами - "Бахт қонуни" 1939 йилда чоп этилган. 20 дан ортиқ шеърий ва насрий тўпламлар муаллифи. "Тошкент, 26 тонготари" номли достони учун давлат мукофотига сазовор бўлган. Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг бошланиб кетган Сталин қатағонларининг иккинчи тўлқинида шўроларга қарши фаолиятда айбланиб, ГУЛАГ қамоқхоналарига ташланган. Сталиннинг ўлимидан сўнг оқланган адиб, қатағон йилларида бошдан кечирганларини 1991 йилда чоп этилган "Кафансиз кўмилганлар" романида тасвирлаб беради. Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло 1990 йиллар бошида бир муддат Ўзбекистон президенти ҳузурида ташкил этилган Президент Кенгаши аъзоси сифатида ҳам фаолият кўрсатган. Би-би-си: Америкадан Ойбек Мирзо савол йўллаган, "сиз менинг энг яхши кўрган адибимсиз, бир китобингизда "Қабр тоши" номли шеър бор эди, кейинги бетда эса "Дўстлар менга қайси бирисиз?" шеъри. Айтинг-чи, бу шеърларни бирон киши ёки воқеага боғлаб ёзганмисиз?". Шукрулло: Энди "пичоқни ўзингга ур, оғримаса бировга" дейди. Дўстга хиёнат, ёлғон, туҳматни бошидан кечирмаган одам, бу мавзуга, балким қўл урмасди. Мен ҳамма тафсилотларига тўхталмасам-да, булар туҳмат, қамоқ азобларини чекканимдан, қалбимда хиёнатга нафрат тўлиб қолганидан пайдо бўлган шеърлар, десам етарли жавоб бўлади. Би-би-си: Кўпгина ўқувчиларимиз сизнинг Сталин қатағонлари даврида бошдан кечирганларингиз ҳақида сўрашган, Лондондан Бунёд "Сизнинг нафақат асарларингиз, балки ҳаёт йўлингиз ҳам ибратли, деб ёзибди ва сизнинг айбланишингизда имзо қўйган адибларнинг исмини нима учун матбуотда эълон қилмайсиз, уларни кечирганмисиз?", деб сўрабди. Шукрулло: Биласизми, бу мен учун жуда ҳам оғриқли, кўнгилсиз савол. Эслашнинг ўзи азоб. "Кафансиз кўмилганлар" ва "Тирик руҳлар" романларимни ёзиш қанчалик азоб бўлган бўлса, ҳозир ҳам ўша кунларни эслаш ниҳоятда оғир. Лекин ҳақиқатни келажак учун айтиб ўтишимиз шарт. Албатта, қатағонларга битта одам сабабчи. Бу-Сталин. Аммо унинг сиёсатини қўллаб-қувватлаганлар ҳам менинг қамалишимга ҳисса қўшди. Баъзилар мажбур бўлганидан мени "миллатчи", "халқ душмани" деб ёзиб берган бўлса, баъзилар "кўролмаслик даври кеп қолди-ку, ана энди мен унга кўрсатаман" деган ҳасад, ғараз билан ҳам қоралашди. Яна бир тоифа одамлар-чи? Улар совет сиёсатига сидқидилдан, адолатли деб қараганидан, менга қарши "миллатчи", "халқ душмани" деб гувоҳлик берди. Мен "қуруқ гап қулоққа ёқмайди" дегандек, қўлимдаги ҳужжатлар билан гапирмоқчиман. Би-би-си: Сиз тилга олган адиблар Сталиннинг қатағон машиналари ишлаб турган пайт сизга қарши гувоҳлик беришга мажбур бўлганлар, деб ўйламайсизми? Шукрулло: Мен Саид Аҳмадни мажбур бўлган, деб биламан. Ундан гинам йўқ. Асқадни эса мажбур бўлган, деёлмайман. У буни эътиқод билан қилган. Чунки мен қамалганимдан кейин 1956 йилда Ёзувчилар уюшмасидаги бир мажлисда Асқад Мухтор Ғафур Ғулом ва Туроб Тўла ҳам бизга яқинлиги учун уларни ҳам уюшмадан чиқариш керак, деб айтган. Кейинроқ Абдулла Қодирийнинг оқланишига ҳам қарши бўлди. 80-йилларда эса Абдулла Ориповнинг шеърияти совет мафкурасига қарши, деб ёзди. Мен қамалган одам сифатида Абдулланинг ҳолатини тушунар эдим. Агар менга қарши гувоҳлик беришга мажбур бўлган, десак, у ҳолда Қодирий ёки Абдуллада нима гуноҳ? Шунинг учун мен уни совет мафкурасига ишонганидан, эътиқодидан қилган, деб ҳисоблайман. Би-би-си: Аммо совет мафкурасига ишонган ёзувчилар оз бўлмаган-ку? Бутун бошли ўзбек адабиёти бу мафкура билан суғорилган эди эмасми? Шукрулло: Мен ўз бошимдан кечганлар, қўлимдаги ҳужжатлар ҳақида гапирдим. Мен бутун совет даври ёзувчиларининг тақдири учун жавоб бера олмайман. Би-би-си: Баъзи ўқувчиларимиз Сталин даври қатағонлари билан бугунги қатағонлар ўртасида параллел ўтказишган. Масалан, Туркиядан Муҳиддин Абдурасулов "Сиз Сталин қатағонидан жабр кўрган адибсиз, Сталин ва Каримовнинг қатағон сиёсатида ўхшашлик борми?", деб сўрабди. Африкадан Бегим ҳам шундай мазмунда савол йўллаган. Шукрулло: Энди Навоий даврида ҳам, Ҳусайн Бойқаро даврида ҳам сиёсатга тўғри келмайдиган одамлар бўлган. Балки вазир сифатида Навоий ҳам кимнидир ҳукм қилгандир? Ҳозирги давр билан Сталиннинг қатағон даврини мутлақо қиёс қилиб бўлмайди. Чунки унда ялпи қатағон бўлган. Ҳозир бўлса битта-яримта одам қамалиши мумкин, ҳукуматни, Каримовни айбдор қилиши мумкин, лекин Сталин даври қатағонлари билан тенглаштириб бўлмайди. Худо асрасин! Би-би-си: Шу ерда битта мисол, Қирғизистондан Одилжон Маҳдумий атоқли адиб Мамадали Маҳмудовнинг тақдири ҳақида фикрингизни сўрабди. Тошкентдан Соттибой деб исм қўйган тингловчимиз ҳам "2000 йилда Мамадали Маҳмудовни озод қилиш учун петицияга қўшилгандингиз. Шундан кейин сизга босим ўтказишган экан, шу ростми?" деб сўраяпти. Шукрулло: Мен бу ҳақда бир нарса деёлмайман. Би-би-си:Ўқувчиларимиз Сизнинг жамоат арбоби сифатидаги фаолиятингиз ҳақида ҳам бир қатор саволлар беришган, хусусан, Чехиядан Улуғбек "Бирлик" халқ ҳаракатини нима учун тарк этганингиз ҳақида сўраган. Қозоғистондан Тоҳир Саидов ҳам "Бирлик" ҳақида сўраган, хусусан, унинг бўлинишида кимнинг кўпроқ айби бор, деб ҳисоблайсиз, қабилида савол берибди. Шукрулло: Мен эски гапларни эсимдан чиқариб юборганман, шунинг учун уларга жавоб беришни муносиб кўрмайман. Мен бу ишларга бош-қош бўлган эмасман. Би-би-си: Малайзиядан Мусофирбек деб исм қўйган тингловчимиз: "Муҳтарам Шукрулло ака, сизни бугунги кунда ҳақиқий халқ қаҳрамони десак ҳам бўлади. Айтинг-чи, сиз ўзингиз мустақилликни қандай тасавуур қилган эдингиз ва ҳозир шундай замонда яшаяпмиз, деб ўйлайсизми?" Шукрулло: Очиғини айтганда, мендек бахтиёр қариган одам бўлмаса керак. Оллоҳ менга умрни сўраганимдан ҳам зиёда берди. Фарзандларим, набираларим бор, ҳаммаси ўзига тўқ, Худога шукур. Лекин ёзувчи ҳаётдан ажралиб яшолмайди. У дард билан яшайди. Худога шукур, нимаики ёзсам, ҳаммаси чиқаяпти. Ҳатто цензура ҳақида ёзган шеърим ҳам босилди. Мана, ўша шеър : Цензура йўқолди, Худога шукур, Сочилган тасбеҳга ўхшайди ҳаёт, Айтган гапларингиз ҳаммаси тўғри, Мен ўзим туҳматдан азоб чекканим учун яхшини яхши, ёмонни ёмон дейман. Цензура йўқолди, аммо унинг ўрнида халқнинг эмас, балки ўз манфаатини ўйлайдиган, цензурадан тирикчилигини ўтказадиган редакторлар ўтирибди. Шунинг учун мен бир газетадан олиб, иккинчисига бораман, иккинчисидан олиб, учинчисига. Худога шукур, яна чиқади. Баъзи муҳаррирларимиз фақат тижоратни, қоғозни қаердан, қанчадан сотиб олишни ўйлайди, холос. Мен сизга бита мисол айтиб бераман. Яқинда бир китобимни суриштириб, нашриётга қўнғироқ қилсам, нашриёт директори ўзгарди, дейишди. Мен уни табриклаб, ҳол-аҳвол сўрасам, "сиз кимсиз?" деб сўради. Мен "шоир Шукрулломан", деб жавоб бердим. У бўлса, "фамилиянгиз нима?", дейди. Мана сизга маънавият!.. Би-би-си: Дарвоқеъ, маънавият ҳақида. Тошкентдан Муҳаммад Ҳабиб исмли тингловчимиз сўрабди: "Шукрулло ака, ўзбек ёзувини лотинлаштиришдан мақсад нима эди? Сизнинг-ча, лотин ёзувига ўтиш халқимизнинг маърифий, адабий ва маънавий ривожланишига олиб келдими?" Шукрулло: Лотин ёзуви тараққиёт олиб келиши мумкин. Аммо бизда бу ёзувга ўтиш жараёни жуда суст кетаяпти. Туркия, Оврўпо шу ёзувни қўлланади. Бизнинг ҳам ўтганимиз ёмон бўлмади, аммо жараён жуда суст. Алифбо ва тилимизга эътибор беришимиз керак. Би-би-си: Лондонлик ўқувчимиз Жозиба: "Ўзбек романчилигининг ютуқ ва камчиликлари нимада, деб ўйлайсиз?", деб сўрабди. Шукрулло: Совет даврида яхши романлар яратилди. Лекин ҳаммаси қарор асосида ёзилган - колхоз, ишчилар синфи, завод ҳақида. Лекин инсон ҳақида, одамлар ҳақида роман йўқ. Мана, XIX аср рус адабиётини олинг. Толстойдан тортиб, Достоевский ва Чеховга қадар - ҳаммаси инсон, унинг табиати ҳақида-ку? Ўзбек адабиётида Қодирийнинг "Ўтган кунлар"и истисно. Ҳозир ҳам романлар ёзилаяпти. Аммо уларда кундалик ташвишлар, оила, тирикчилик муаммолари устунлик қилади. "Ўтган кунлар"-чи? "Ўтган кунлар" - бу муҳаббат, ҳаёт, инсоннинг тақдири ҳақида. Ҳаёт ҳақида, одамларнинг тақдири, уларнинг муносабатлари ҳақида романлар ёзилиши керак. |
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||