Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 25 Феврал, 2008 - Published 14:52 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Би-би-си меҳмони - Саиджаҳон Зайнобиддинов
Саиджаҳон Зайнобиддинов
Дунё жамоатчилиги Андижон хунрезлиги тўғрисида Саиджаҳон Зайнобиддиновдан бохабар бўлган
Ўзбекистонда таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Саиджаҳон Зайнобиддинов bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.

Саиджаҳон Зайнобиддинов Андижон хунрезлигида ўзининг кўрганларини дунё жамоатчилигига маълум қилган саноқли гувоҳлардан бири эди.

Андижон қирғинидан кейин етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган таниқли инсон ҳуқуқлари
фаоли Саиджаҳон Зайнобиддинов
шу ой бошида қарийб уч йилдан
кейин озодликка чиқди.

Инсон ҳуқуқлари фаоли панжара ортидаги умри давомида Ўзбекистондаги сиёсий ва ижтимоий воқеликка муносабати ўзгарганини айтади.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари ва хунрезлик гувоҳларига кўра, 2005 йилнинг 13 майида
Ўзбекистон ҳукумати қўшинлари минглаб намойишга чиққан андижонликларни ўққа тутган ва бир неча юз инсон ҳалок бўлган.

Гувоҳларга кўра, қурбонлар орасида аёллар ва болалар ҳам бўлишган.

Андижондаги норасмий "Аппелляция" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳи раҳбари Саиджаҳон Зайнобиддиновни аҳоли орасида ваҳима уйғотиш ва конституциявий тузумга тажовуз қилишда айблашди.


Би-би-си: "Қамалишга ўзингизни айбдор деб ҳисоблайсизми?" – деб сўрабди мухлисимиз Азамат. -"Агар айбдор деб ҳисобламасангиз, у ҳолда бу учун сабабчиларнинг устидан тегишли жойларга жикоят қила олиш имконига эгаман, деб биласизми ўзингизни?"

 Андижон воқеаларини қандайдир ҳаракатлар, манфаатлар гирдоби, деб баҳолаган бўлардим.
Саиджаҳон Зайнобиддинов

Саиджаҳон Зайнобиддинов: "Қамалишимга айбдорманми, айбдор эмасманми?" - деб ўзимга ўзим савол берган пайтларим кўп бўлган. Кўп ҳолатларда мен ўзимни айбдор деб топганман. Мана шу Андижон воқеаларининг келиб чиқишини олдини ололмаганликда, олдини олишни қандайдир билмаганликда мен ўзимни айбдор деб биламан. Бундан ташқари, мана бизни макатабда ёшлигимизда ўқитувчимиз шундай деб ўргатарди: - "Агарда сизни йўлингизни бир безори тўсса ёки сизга ҳужум қилса, "ёрдам беринг!" - деб қичқирманг, унда ҳамма ўзини олиб қочади, "Ўт кетди! Ўт кетди!" - деб қичқирсангиз, ҳамма югуриб келади," - деганди. Мен ҳам "Ўт кетди! Ўт кетди!" - деб, ҳукумат ҳисобида, меъёридан ошириб юборганман, деб ўйлайман.

Би-би-си: "Саиджаҳон ака инсон ҳуқуқлари фаоли эмас, балки “орган” соҳасини танлаганингизда, Андижондаги зўравонликларни қандай баҳолаган бўлардингиз?" - деб сўрабди ўз исмини қолдирмаган мухлисимиз.

Саиджаҳон Зайнобиддинов: Бу - жудаям қийин савол. Жудаям қийин савол. Бу ерда фақатгина тўқнашган икки томонни - диний ташкилот билан ҳукуматни - айблаш жудаям тўғри бўлмайди. Андижон воқеаларидан олдин ҳам, кейин ҳам ҳамма ўз манфаати йўлида ҳаракат қилди: масалан, журналистлар ҳам, халқаро ташкилотлар ҳам, мана биз - ҳуқуқбонлар ҳам. Ҳаммамиз қандайдир ўзимизнинг мавқеимиздан келиб чиққан ҳолда шу ўзимизнинг манфаатимизни кўзлаб ҳаракат қилдик, қандайдир ўйинлар қилиб бордик. Бу ерда бир томонни ёки икки томонни айблаш жуда қийин. Андижон воқеаларини қандайдир ҳаракатлар, манфаатлар гирдоби, деб баҳолаган бўлардим.

Би-би-си: Флоридадан Маҳмуд Андижоний ёзади: “Сизни ҳозирги кунда нафақат андижонликлар, балки юртимиздаги аксар инсонлар ҳақиқий мард инсон сифатида билади. Андижон воқеалари бутун дунёни ларзага солди, десак муболаға бўлмайди. Шунча қайғулардан кейин “Акромийлик” деган нарсани олиб кирган шахс ва уни пул жазавасида қўллаб-қувватлаган мамлакатимиз раҳбарларига нима деган бўлардингиз?”

Саиджаҳон Зайнобиддинов: Энди менга "мард" деб баҳо берганлари учун раҳмат. Албатта, бундай баҳодан жуда хурсандман. Лекин, таниқли боксчи Руслан Чагаевнинг бир гапига мен қўшиламан: - "Агарда инсон умуман ҳеч нарсадан қўрқмаса, у бир жинни". Унинг бу гапини сизни бир дастурингизда эшитган эдим. Шунинг учун муомалага лаёқатли инсон нималардан қўрқса, мен ҳам шундай шундай нарсалардан чўчийман, қўрқаман. Энди "Акромийликни олиб келган ёки бўлмаса пул жазавасида... " - деб савол берибди. Яна бир бор айтаман: бу ерда бир томонни айблаш нотўғри. Бир томонни айблаш нотўғри. Бу ерда ҳаммада айб бор. "Акромийлик" деб ном олган тоифа ёки диний ташкилот ҳам ўзларига қандайдир эрк бериб юборишди охирида. Энди ўша Андижон вилоятининг ҳокими Сайдулло Бегалиев ҳам аввалига бу ташкилотни жудаям қўллаб-қувватлаб келган, ўзининг шахсий уйини шуларга таъмирлатган. Яна бошқа бир иморатини шуларга солдираётган эди. Энди кутилмаганда мана шунақа воқеалар бўлиб кетиб, албатта ўзининг манфаатлари ўзгариб қолиб, ҳамма бошқача гапиришни бошлади-да бу ерда.

Би-би-си: "Андижон воқеаларининг шоҳидларидан бири сифатида ҳақиқатни очиқ айтганингиз учун мана шу кунлар бошингизга тушди, ҳатто ўша Андижонда халқ обрў-эътиборида бўлган кишилар ҳам ҳақиқатни айтишга журъат эта олмаганда, сиз фидокорлик қилдингиз десам муболаға бўлмайди. Ўзингиз бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?" – деб сўрабди Пекиндан Файзулло.

Саиджаҳон Зайнобиддинов: Аввалги, ҳалиги биринчи саволга берган жавобимни бунгаям қайтараман: "Ўт кетди! Ўт кетди!" - деб меъёридан чиқиб кетибман деб ўйлайман мен.

Би-би-си: “Бундан кейин ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этасизми?" - деб сўраган яна Файзулло.

Саиджаҳон Зайнобиддинов: Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни албатта давом эттираман. Умуман олганда, бу ишни тўхтатганим йўқ десам ҳам бўлади. Чунки мана 2 йилу 8 ой давомида қамоқларда, "зона"ларда бўлдим. Жиноят оламида бир одат бор эканки, ҳар бир одамга қандайдир бир лақаб берар экан. Менга шу "журналист" билан "юрист" деган сўзни бир қилишиб, "журист тоға" деб лақаб қўйишди. Мана шу 2 йилу 8 ой давомида кўпчиликка "журист тоға" бўлиб юрдим ҳар хил ариза ва шикоятларни ёзиб, маслаҳатлар бериб. Энди бундан кейин ҳам, албатта, қўлимдан келганича, қонун доирасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни давом эттираман.

Би-би-си: “Ҳақ берилмайди, ҳақ олинади. Бу фикрга қандай қарайсиз?" - деб сўраган Қўшма Штатлардан яна бир мухлисимиз.

Саиджаҳон Зайнобиддинов: Агар инсон ўз ҳаққини талаб қилишни билмаса, бўшанг бўлса, ҳалол инсон ҳам, билмаган ҳолда, унинг ҳаққини олиб кетиб қолиши мумкин. Шунинг учун инсон ўз ҳаққини вақтида талаб қилишни билиши керак.

 Бекордан-бекорга, ўзи тартиб-қоидага риоя қилиб юрган маҳбусларни ҳеч ким урмайди, ҳеч ким чертмайди. Бунга мен кафиллик бераман
Саиджаҳон Зайнобиддинов

Би-би-си: Айни мухлисимиз “Андижон қирғини” айбдорларининг жазога тортилишига ишонасизми? – деб сўрабди.

Саиджаҳон Зайнобиддинов: Бу савол ҳам жуда мураккаб. Аввал айтганимдек, бу ерда айбдорлар битта ёки иккита эмасда. Айбдорлар жуда кўп ва уларнинг айби ҳар хил. Бириники катта, бириники кичик. Улар жавоб берадими ёки йўқми, буни вақт кўрсатади. Кўпчилиги жавоб ҳам берди. "Поживём увидим" - дейишадию русча қилиб айтганда.

Би-би-си: Абдурраҳмон деган мухлисимиз: “Андижон қирғинида ҳалок бўлган бегуноҳ инсонларнинг сони тахминан қанча деб ўйлайсиз?” – деб сўраган.

Саиджаҳон Зайнобиддинов: Мана шунақа саволлар тушса керак, деб билган эдимку, лекин барибир кўпларига жавоб топа олганим йўқ. Буям жуда мураккаб савол. Чунки, мен шахсан ўзим уларнинг қанчалигини чиқиб кўрмаган эдим. Бошқаларнинг гапларига асосланиб, интервьюлар берган эдим. Ҳозир энди бир қатор одамлардан аста-секин суриштираяпман. Лекин, барибир, аниқ айтиш жуда қийин. Ҳукуматни шу 187 та деган бўлса, бу ҳам оз рақам эмас, деб ҳисоблайман.

Би-би-си: Абдураҳмон яна қамоқда эканингизда қийноққа солинмаганингизга шубҳа билдирган.

Саиджаҳон Зайнобиддинов: Мен энди нима деб жавоб берган бўлардим: масалан, 2 йилу 8 ой давомида, ростини айтсам, мен бир марта одамни қийнашганини, уришганини гувоҳи бўлдим. Тўғри, мен бир марта кўрдим. Ўтган йил бошида Тоштурмада одам савдоси билан шуғулланган бир йигитни олиб келишганида милиция ходимлари шу болани анча уриб ташлашди. Энди бошқа мен... Хуллас, мана 2 йилу 8 ой давомида одамни қийнашганини, уришганини кўрганим йўқ. Масалан, мени ўзимни ҳеч ким бир марта бўлсин чертганиям йўқ-да. Энди мана соғ-саломат уйимга қайтиб келдим. Тўғри, масалан, зарурий куч ишлатиш ҳолатлари бор, йўқ эмас. Жиноят олами - мураккаб олам. Шундай одамлар борки, уларни "отрицала" дейишади, жудаям баттарин бўлишади. Бир қараб қўйсангиз ҳам балога қоласиз. "Нега менга қараяпсан?!" - деб гап қилиб қолади. Шунақаларга, масалан, куч ишлатилади. Уларни изоляторга қамашади. Ҳар хил чоралар кўришади шуларга. Энди худди шундай тарзда, диний мотивлар билан қамалганлар орасида ҳам: - "Мени айтганим бўлади," - деб туриб оладиганлариям бор. Шуларни ҳам энди мажбур изоляторларга ташлашади. Лекин, бекордан-бекорга, ўзи тартиб-қоидага риоя қилиб юрган маҳбусларни ҳеч ким урмайди, ҳеч ким чертмайди. Бунга мен кафиллик бераман.

Би-би-си: Абдулла Абдураҳмонов Ўзбекистондаги вазиятни қандай қилиб ўзгартириш мумкинлиги ҳақида фикрингизни сўраган.

Саиджаҳон Зайнобиддинов: Ўзбекистондаги вазиятни қандай ўзгартириш мумкин? Мен - ҳуқуқ ҳимоячисиман. Сиёсатчи эмасман. Тузумни ўзгартириш, вазиятни ўзгартириш- сиёсатчиларнинг иши, партияларнинг иши, жамоатчилик иши. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг иши бутунлай бошқача бўлиши керак. Мен ўзим ҳеч қачон сиёсатга аралашмасликка ҳаракат қилардим. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш - суд жараёнлари халқаро меъёрларда олиб борилаяптими, олиб борилмаяптими шуни мониторинг қилиш, биринчи навбатда. Одамлар қийноққа солинаяптими солинмаяптими, шуни кузатиш. Лекин тузумни ўзгартириш ҳуқуқбонлар иши эмас.

Би-би-си: Ўзбекистондан Ворис Усмонли йўллаган мактубдан: “Билишимча,Сиз якка ҳолда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғуллангансиз. Агар шуни кўпчилик бўлиб йўлга қўйганингизда, балки самаралироқ бўлармиди? Бугун ҳам Ўзбекистонда "Мазлум", "Эзгулик", Ўзбекистон Мустақил Ҳуқуқ Ҳимоячилари Ташаббус Гуруҳи каби ўнга яқин инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар мавжуд. Агар улар ўз фаолиятларини мувофиқлаштириб, биргаликда иш олиб борсалар яхшироқ натижа берадими?”

Саиджаҳон Зайнобиддинов: Албатта, бу - табиий нарса. Ҳамжиҳатликда яхши натижалар келиб чиқади. Шу Андижон воқеаларини.... Агарда биз ҳуқуқбонлар бир-биримиз билан рақобат қилмасдан, ҳамжиҳат бўлиб ишлаганимизда шу Андижон воқеаларининг олдини олган бўлардик. Мен бунга ишонаман.

Би-би-си: Ва ниҳоят Ўшдан Одилжон Маҳмудий сиздан ҳамюрти таниқли журналист, марҳум Алишер Соипов ўлими ортида ким турган бўлиши мумкинлигини сўраган.

Саиджаҳон Зайнобиддинов: Алишер Соипов ўлимида ҳозир тўғридан-тўғри ўзбек махсус хизматларини айбдор қилишаяпти. Бу фикрга, бу тезисга тўла қўшилмайман мен. Чунки, ҳақиқатни ҳамма хоҳлайди, лекин ҳамма ҳам яхши кўрмайди, деган гап бор. Алишерни, мен биламан, Қирғизистонда ҳам ёқтирмаганлар бор эди, йўқ эмасди. Масалан Лермонтов дуэлда ҳалок бўлганида, унинг душманлари, уни кўра олмайдиганлар, ёқтирмайдиганлар: - "Туда ему дорога," - дейишган эди. Мен ўйлайманки, Қирғизистонда ҳам Алишер ҳақида: "Туде ему дорога," - дейдиганлар бор. Йўқ эмас. Шунинг учун, бу ерда бир фактларсиз бир томонни айблаш, нотўғри. Лекин, мен Алишерни жудаям ҳурмат қилардим. Жудаям ачинаман Алишернинг ҳозир йўқлигига.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Муножот ЙўлчиеваМуножот Йўлчиева:
"Хориждаги ўзбеклар тўйларига айтишса, жон деб бораман"
Ёдгор ОбидШоир Ёдгор Обид
'Унутма мени' қўшиғи ва президентлик амали ҳақида...
Академик Бек ТошмуҳамедовБи-би-си меҳмони
Бек Тошмуҳамедов саволларга жавоб қайтарди
Аҳмед ЗакаевАҳмед Закаев
Чечен бўлгинчилари ўтмиши, бугуни ва келажаги ҳақида
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy