Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 29 Январь, 2008 - Published 14:06 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Аҳмед Закаев билан суҳбат
Аҳмед Закаев
Аҳмед Закаев Британияда сиёсий бошпана топган
Чечен бўлгинчилари раҳбарларидан бири - Аҳмед Закаев bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.

Аҳмед Закаев ҳаёти эврилишларга тўла. У биринчи чечен уруши даврида оддий театр актёридан бўлгинчиларнинг йирик дала қўмондонига ва кейинчалик сиёсатчига айланди. Россия ҳукумати уни "террорчи" деб ҳисоблайди.

Закаев 2000 йилда Урус-Мартан шаҳри яқинида яраланиши ортидан Чеченистонни тарк этди.

Ўшанда собиқ чечен раҳбари Аслан Масхадов уни ўзининг Оврўподаги махсус вакили этиб тайинлаган эди. Россиялик кузатувчилар Закаев хорижга муолижа олиш учун чиқиб кетган деган фикрда эдилар.

Аммо Ғарбда Аҳмед Закаев кўзга кўринган арбобга айланди. Закаевнинг танилиб кетишига қисман Россия ҳукуматининг уни экстрадикция қилиш талабини илгари суриши ҳам сабаб бўлганди.

Россияда унга нисбатан қотиллик, одамларни гаровга олиш ва терроризм айбловлари қўйилганди.

2002 йил сўнгида чечен эмиссари Россия Бош прокуратураси талаби билан икки бор қўлга олинди - дастлаб Копенгагенда ва иккинчи марта Лондоннинг Ҳитроу аэропортида.

2003 йилнинг 13 ноябрида Лондон маҳкамаси Аҳмед Закаевга нисбатан якуний ҳукмини эълон қилди: "Россияга экстрадикция этилмасин".

Аҳмед Закаев
1959 йилда туғилган
Москва Давлат Театр Санъати Инстутини тамомлаган
1993 йилдан - Жоҳар Дудаев ҳукуматининг Маданият Вазири
Биринчи чечен жангида бўлгинчиларнинг Урус-Мартан жабҳасига қўмондонлик қилган
Россия ва чечен бўлгинчилари ўртасидаги Хасавюрт тинчлик битимини тайёрлашда иштирок этган
1996 йилдан - Маданият вазири , 1998 йилдан эса - тан олинмаган Ичкерия ҳукумати бош вазири ўринбосари
1997 йилда Чеченистон президентлигига ўз номзодини қўйган, аммо Масхадовга мағлуб бўлган
1999 октябрида Масхадов шахсий кучларининг қўмондони этиб тайинланган
2001 йил кузида Россия прокуратураси томонидан "террорчи" деб номланди ва унга нисбатан қидирув эълон қилинган
2001 ноябрида Россия президентининг Қавқоздаги вакили Виктор Казанцев билан учрашгани Москвага келган
2003 йилдан - сиёсий муҳожир
Манбаъ: Би-би-си

Аҳмед Закаевга қўйилган айбловларнинг аксари биринчи чечен уруши даврига тўғри
келади.

Маҳкама ҳукмига кўра, "Россиянинг Закаевни топшириш ҳақидаги талаби сиёсий важларга асосланган" эди.

Маҳкаманинг ишонишича, Россия томони террорчилик амаллари, қотиллик ва одам ўғирлашларда Аҳмед Закаевнинг шахсий иштироки бўлганини исботловчи қатъий далилларни тақдим эта олмаган эди.

2003 йилда Британиядан сиёсий бошпана олган Аҳмед Закаев саволларга жавоб берди.

Би-би-си: “Шарқий Туркистон ва Чеченистон ўртасида қандай ўхшашликларни кўрасиз?” – деб сўрапти Олмониядан Фахриддин.

Аҳмед Закаев: Мен ростини айтаман: Шарқий Туркистонда қайси ҳуқуқий асосда мустақил мамлакат қурилиши мумкинлигини билмайман. Лекин, хабарингиз бор, халқаро ҳуқуққа кўра, марказ розилиги билан республикалар ўз мақомини ўзгартиришлари мумкин. Айнан шу меъёрга кўра, Чеченистон, Совет Иттифоқи тарқалар экан, ўз мустақиллигини қўлга киритган эди. Россия 1994 йилда ўз тажовузини бошлагунга қадар Чеченистон амалда мустақил ва суверен давлат эди. Мен Шарқий Туркистондаги вазиятни билмайман. Аммо, бир нарсани аниқ айта оламан: бир халқнинг ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш тамойили башарият учун умумийдир ва ҳар бир миллат ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш ҳуқуқига эга бўлиши керак, деган қатъий ишончдаман.

Би-би-си: Ҳиндистондан “Талаба” тахаллуси остида мактуб йўллаган мухлисимиз: “Чеченистон Россия таркибида қолса нима бўлади-ю, ундан ажралиб чиқса нима бўлади?” - деб сўрапти.

Аҳмед Закаев: Гап шундаки, Чеченистон Совет Иттифоқи парчалангач барпо этилган янги Россия таркибига ҳеч қачон кирмаган. 1992 йилда барча федератив давлат аъзолари билан битим имзоланган эди, аммо Чеченистон ва Татаристон бу битимга қўшилмади. Кейинчалик Татаристон, маълум шартлар остида, ушбу битимни имзолади. Чеченистон эса бу масалани кўриб чиқмади. Шунинг учун Чеченистоннинг Россия Федерацияси таркибидан чиқиб кетиши ҳақида савол бериш унчалик ҳам тўғри эмас. Икки давлат ўртасидаги алоқалар қандай бўлиши кераклиги ҳақида гап борадиган бўлса, 1997 йилнинг 12 майида Чеченистон ва Россия президентлари, Аслан Масхадов ва Борис Ельцин, бу масалада ўзаро битимларни имзолашган. Ушбу битимнинг бир бандида икки мамлакат ўзаро муносабатларни халқаро қонунларга мувофиқ олиб боришади, деб таъкидланган. Ушбу ҳужжат амалда татбиқ этилганида эди Совет даврида чечен халқи бошига келган барча балоларга қарамасдан, икки мамлакат алоқалари яхшиланарди, деб ишонаман. Чечен халқи Россия билан яхши ва дўстона алоқаларни ўрнатишга тайёр эди ўшанда. Аммо, бугун “Чеченистон Россия таркибида қолса нима бўлади?” - деган саволни беришдан маъно йўқ. Чунки, менинг назаримда, Чеченистон ҳудудида чечен миллатига қарши содир этилган ва этилаётган жиноятлар Чеченистоннинг Россия таркибида қолиши истиқболларини йўққа чиқаради. Оврўпо Иттифоқи 2004 йилда резолюция чиқариб, 1944 йилда чечен ва бошқа Қофқоз халқларининг депортациясини геноцидга тенглаштирди. Аммо, 1944 йилги кўргуликларни 1994 йилдан бугунга қадар юз берган ҳодисаларни умуман солиштириб бўлмайди. Чеченистонда сўнгги ўн йилда содир этилган жиноятлар миқёсини ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмайди. Шунинг учун, Чеченистонни Россия таркибида қолиб кетишини ҳеч қанақасига тасаввур қила олмайман. Шубҳасиз, чечен томони бу урушга куч билан ечим топиш йўли йўқлигини ва масалани фақат сиёсий йўллар билан ҳал этиш ҳамда Россия манфаатлари Шимолий Қофқозда инобатга олиниши кераклигини айтиб келади. Аммо, бугунги кунда, бизнинг нуқтаи назаримиз умуман эътиборга олинмаётир. Сиёсий масалани куч билан ечишга уринишлар бўлмоқда.

Би-би-си: Россияни қандай қилиб Чеченистон, Бошқирдистон, Ёқутистон, Татаристон, Доғистон, Удмуртистон ва бошқа мустақил жумҳуриятларга ажратиш мумкин? – деб сўрпати Тошкентдан Амир Муҳаммад.

Аҳмед Закаев: Мен бу республикалар ва Россия таркибидаги бошқа миллатлар ўз келажакларини ўзлари белгилаб олишлари учун аввалига Россиянинг ўзи демократик мамлакат бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Бу мамлакатларда демократиянинг ривожланиши Россиянинг ўзи демократик асосларда бўлишига боғлиқ.

Би-би-си: Айни мухлисимиз сўрабди: балким бу жумҳуриятлардан Оврўпо Иттифоқига ўхшаш кейинчалик бир иттифоқ тузиш имкони пайдо бўлар?

Аҳмед Закаев: Ҳамма нарса бу халқларнинг ихтиёрий танловига асосланган бўлиши керак. Шубҳасиз, Оврўпо Иттифоқи мисоли Россия учун энг мақбул давлатчилик моделидир. Фақат ана шундай сиёсий ислоҳотлар ўтказган тақдирдагина Россия келажакда ўзининг бугунги ҳудудини сақлаб қолиши мумкинлигига ишонаман.

Би-би-си: Қўшма Штатлардан Акбар: “Россиядан ажралиб чиқишга қарор қилар экансиз нимага ишонган эдингиз?” – деб сўрапти.

Аҳмед Закаев: Биз ўз мамлакатимизни барпо этишга тўлиқ ҳаққимиз бор деб ишонган эдик. Сиёсий қарорлар олаётган пайтимизда биз бундай шафқатсиз жангга тайёргарлик кўрмагандик. Яратган томонидан берилган ҳақни халқимиз мавжуд халқаро қонунлар ҳамда собиқ Совет Иттифоқи қонунчилиги асосида амалга оширган эди. Биз Россияда фақат сиёсий ислоҳотларни ўтказиш билангина у ерда бир неча асрдан буён истибдод остида яшаётган туб миллат ва элатлар ҳақиқий озодликка эришиши мумкинлигига ишонар эдик. Биз урушга тайёргарлик кўрмаганимиз учун бизда қўрқув йўқ эди. Биз вайронагарчиликларга эмас, балки демократик давлатни барпо этишга ва ободончиликка ҳозирлик кўраётган эдик. Аммо, тақдирда бор экан, биз ўз халқимиз ва тупроғимизни ҳимоя қилиш учун қўлимизга қурол олиш ва Россия эълон қилган жангга киришга мажбур бўлдик. Бу уруш 13-14 йилдан буён давом этмоқда. Биз Яратганга ишонамиз ва ишончимиз комилки, адолат ғолиб келади. Ана шу эътиқод ва чечен халқини сақлаб қолиш учун қонуний курашни олиб бормоқдамиз.

Би-би-си: Даниядан Абдуллоҳ Ўзтурк ёзаяпти: “Маълумки, ҳозиргача Рамзон Қодиров ва унинг ортидан Шамиль Басаев ва Аслан Масхадовларнинг кўплаб яқинлари ё Россия томонига ўтганлар ёда таслим бўлганлар. Бу ҳолатни қандай баҳолайсиз: хоинликми ёки чечен миллатининг қирилиб кетилишини олдини олишга уринишми?”

Аҳмед Закаев: Россия билан бўлган кўп асрлик курашда чеченларда ўзини ҳимоя қилиш иммунитети пайдо бўлди. Сўнгги ўн йилда юз берган нарсаларни оқламаган ҳолда, шуни айта оламанки, бу уруш сурати чечен халқининг миллат сифатида сақланиб қолиши учун йўл очмоқда. Мен юзаки қараганда сотқинликдай кўринган амалда ўз-ўзини сақлаб қолишга уринишни ҳам кўраман. Шунинг учун мен чечен халқи, ўз тарихий тажрибасига таянган ҳолда, турли байроқлар остида, хоҳ улар Чеченистон байроқлари бўлсин, хоҳ Россия байроқлари, айни урушни давом эттирмоқда деб ишонаман.

Би-би-си: Абдуллоҳ Ўзтурк яна Бесландаги мактаб ишғоли ва у ерда кўплаб бегуноҳ мактаб болаларининг ўлдирилишини шарҳлашингизни сўрапти. “Бу Шамиль Басаевнинг хатоси эмасмиди?” – деб сўрапти у.

Аҳмед Закаев: Мен буни ёвуз жиноят деб ҳисоблайман. Бесланда болаларнинг гаровга олинишини ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Буни мен хато эмас, балки Россия Федерал Хизматининг аниқ мақсадларни кўзлаган фитнаси, деб биламан. Шамиль Басаев ўзининг сўнгги интервьюсида буни эътироф этган эди. Менимча, “Норд Ост” ёки Бесландаги каби амаллар чечен халқи обрўси ва мустақиллик ғоясига жуда катта путур етказди. Мазкур қонли ҳодисалар режасини қилганлар мақсади ҳам худди ана шу эди. Гарчанд бунда асосан чечен миллатидан бўлган одамлардан фойдаланган эсаларда, бу – жуда яхши режалаштирилган аксил-чечен амали эди.

Би-би-си: Мисрдан Абу Доуд сизнинг “Кавказ Центр” интернет саҳифаси ҳақидаги фикрингизни сўрапти.

Аҳмед Закаев: Мен “Кавказ Центр” бугунги кунда Россиянинг халқаро саҳнадаги “карнайчиси”-га айланди, деб ҳисоблайман. Улар Россия учун ўта зарур бўлган сиёсатни олиб бораяпти. Улар Чеченистондаги ҳодисалар моҳиятини бузиб кўрсатиб, чечен халқи ҳақида нотўғри тасаввурнинг пайдо бўлишига хизмат қилишмоқда. Улар миллий озодлик ғоясини бутун дунё жиҳоди чорчўбасида кўрсатишга уринмоқдалар. Бу эса ўз навбатида Кремлга жуда қўл келаётир. Россия “Кавказ Центр” хизматини жуда юқори баҳоламоқда.

Би-би-си: Мухлисимиз Сайфуллоҳ сўрапти: “Сиз ўзингизни террорчи деб ҳисоблайсизми?”

Аҳмед Закаев: Йўқ албатта. Мен ўзимни террорчи деб ҳисобламайман ва мени Россия Бош прокуратурасидан бошқа ҳеч ким террорчи ҳисобламайди. Чунки, мени экстрадиция қилиш талаби асосида, аввалига Дания кейин эса Британия маҳкамалари бир йилдан кўпроқ вақт давомида тергов қилди ва мени фойдамга ҳукм чиқарди. Агар мен террорчи бўлганимда, менимча, ҳозир Лондонда яшамаган бўлардим. Бу ҳам чечен халқи миллий озодлик ҳаракатига қарши Россия юритаётган ташвиқотнинг бир қисмидир. Биласиз, бизга ҳали Чор Россияси давридаёқ турли ёрлиқларни осишган. Бизни каллакесарлар, қароқчилар, Сталин даврида эса нацистлар Олмонияси билан ҳамкорлик қилишда ҳам айблашган. Кремль бизнинг муаммони халқаро муаммоларга тиргаш бўйича яхши тажрибага эга.

Суҳбатнинг радио версиясини шанба кунги "Дараклар" дастурида тинглай оласиз.

Рукнимизнинг кейинги меҳмонлари кимлар бўлишини истайсиз?

Бу ҳақдаги фикрларингизни кутиб қоламиз.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Фаррух ЗокировФаррух Зокиров
"Ялла", "Битлз" ва сарой қўшиқчилиги ҳақида
Абдулло Тожибой ўғлиАбдулло Тожибой ўғли:
'...яна номзодимни қўяман'
Камолиддин РаҳимовБи-би-си меҳмони
Камолиддин Раҳимов саволларингизга жавоб берди
Содиқ қори КамолиддинБи-би-си меҳмони
Содиқ қори Камолиддин билан суҳбат
Ахбор ИмомхўжаевАхбор Имомхўжаев:
"Иншооллоҳ, жаҳон чемпионатида қатнашамиз..."
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy