|
Би-би-сининг Тошкентдаги собиқ мухбири билан мулоқот | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Журналист 90-йиллари илк ғарблик мухбирлар сафида минтақага келган ва Тошкентдаги ваколатхонада фаолият юргизиб, минтақа бўйлаб сафар қилган ҳамда қарийб бир аср давомида дунё кўзидан панада қолган собиқ шўро Марказий Осиёсидан жаҳонга хабарлар йўллаган. Моника Уитлок фаолияти Марказий Осиёдаги ёш мустақил давлатларнинг оёққа туриши, янгича иқтисодий ва сиёсий йўналишлар танлови, диний ва миллий уйғониш, ташқи дунё билан алоқаларини тиклай бошлаш жараёнларига тўғри келди. Қирғизистонда куртак ёза бошлаган демократия унсурлари, Тожикистондаги фуқаролар уруши, Туркманистоннинг ҳатто минтақа доирасида ҳам иҳоталаниши, Қозоғистондаги иқтисодий ислоҳотлар, Ўзбекистон тараққиётига дунё таҳлилчилари тиккан катта умидларнинг пучга чиқиши каби ҳоллар минтақадан келаётган хабарлардан жой оларди. Аммо Моника Уитлокни Марказий Осиёга биргина журналистик масъулияти эмас, балки бу минтақага алоҳида меҳри ва қизиқиши ҳам боғлаб туради. Илк муҳлати тугаб, Лондонга қайтгач, Моника Уитлок Марказий Осиёнинг ўтмиши ва бугуни хусусида ҳужжатли ҳикоялар ва тарихий воқеаларга асосланган "Амунинг нарёғида ёки марказий осиёликлар" номли китоб чоп этди. Моника Уитлок минтақанинг қадим тарихи, меҳмондўст одамлари ва бой маданияти хусусида ўй-фикрларини яшириб ўтирмайди. "Оврўпода ҳали зулмат даври кечаётган пайтлари бу минтақада илм-фан ва маданият гуркираганди" - деб ёзади ўз китобида. Китоби чоп этилиши ортидан Моника Уитлок яна Тошкентга ишлаш учун қайтди. Ўғлининг тили чулдираб ўзбекчада чиқа бошлаган, журналист эса иккинчи фарзандини Тошкентда дунёга келтиришни кутаётган палла эса Ўзбекистонда кутилмаган ҳодисалар рўй берди. Андижонда бир гуруҳ қуролли шахслар қамоқхонага ҳужум қилишади ва шу жараёнда шаҳар кўчаларига адолат талаб қилиб чиққан минглаб одамларга ҳукумат қўшинлари ўт очишади. Моника Уитлок Андижонда нималар кечаётгани хусусида дунёга хабар берган кам сонли хорижлик журналистлардан бўлди. Аммо бу хабарлар доимо ҳам Ўзбек ҳукумати истаган қолипларга тушмасди. Таҳдиднамо босимлар остида Би-би-си ваколатхонасини ёпади, Моника Уитлок ҳам Британияга қайтишга мажбур бўлади. Аммо Моника Уитлок ҳамон журналист сифатида Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда кечаётган жараёнларни яқиндан кузатиб боради. Шу қаторда минтақа ва марказий осиёликлар билан дўстона инсоний ришталарини ҳам узмаган. Би-би-сининг Ўзбекистонда қарийб 10 йил давомида фаолият юргизган мухбири ва минтақа борасида ҳамон изланишлар олиб бораётган Моника Уитлок қуйида вебсаҳифамиз ўқувчилари ва радиотингловчиларимиз саволларига жавоб беради. Би-би-си: АҚШдан ўзини Жим Керри, деб таништирган ўқувчимиз савол йўллаб, қай сабаблар сизни Марказий Осиёга боришга ундагани хусусида сўрайди. Моника Уитлок: Мен доим Марказий Осиёга мафтун бўлганман. Чунки бу бўлга ҳақида дунёда кўп гапирилмаган ва минтақа анчайин номаълум эди. 1990-йиллари бошида дунёга очилган Марказий Осиёдаги беш давлатда жуда кенг ва ранг-баранг ҳикоялар ҳамда мавзуларга дуч келиш мумкин эди. Минтақанаинг айни хусусиятлари мени худди оҳанрабодек ўзига тортган ва ҳали ҳамон ўзига жалб этиб келади. Имкони бўлди, дегунча мен Марказий Осиёга қайтиб борган бўлурдим. Би-би-си: Ўқувчимизнинг иккинчи саволи Ўзбекистонга тааллуқли бўлиб, Ўзбек халқи ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишига ишонасизми, деган мазмунда. Моника Уитлок: Менимча қандайдир маънода бу юзага чиқиши мумкин. Ўзбекистонда ғайритабиий даражада довюрак одамлар борлиги мени доим ҳайратлантирган. Бу инсонлар вақти-вақти билан юракларидагини ташқарига чиқаришади. Булар кўпинча бозорлар ёки кўчалардаги оддий одамлардир. Улар нимани исташларини яхши билишади. Шундайин инсонларнинг овозлари гоҳ-гоҳида Ўзбекистонда эшитилиб туради ва баъзида эса бу овозлар биргаликда жаранглаб қолиши мумкин. Би-би-си: Ўзини Ҳақиқат, деб номлаган ўқувчимиз сиз Тошкентда ишлаган пайтларингиз Ислом Каримовдан уламо Обид-қори Назаров ҳақида савол сўраганингизни хотирлайди ҳамда бу инсон ҳақидаги фикрларингизни билишни истайди. Моника Уитлок: Мен Обид-қори Назаровни 1990-йиллари бир неча бор учратганман ва у ҳақида Президент Каримовдан ҳам ана ўша пайтлари сўраганман. Мен жаноб Назаровни доимо зиёли, қизиқарли ва хорижлик журналистлар билан учрашишга иштиёқманд инсон сифатида биламан. Унинг айтмоқчи бўлган гаплари ҳар доим кўп бўларди ва учрашувларига қизиқарли ғоялар билан келарди. Аммо Обид-қори Назаров Тошкентда бўлмагани боис ҳам анча йиллардан бери у кишини учратмадим. Би-би-си: Тожикистондан мактуб йўллаган Одил Мадумаров эса Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро интеграциясига тўсқинлик қилаётган асосий омилларни нимада кўришингиз билан қизиққан. Моника Уитлок: Кундалик ҳаётда, оддий одамлар даражасида бу мамлакатларнинг алоқалари жуда яхши. Айниқса, чегара ҳудудларида. Лекин ҳокимиятда ўтирганлар масаласига келсак, уларда ўз қўшнилари билан яхшироқ муносабатларни ўрнатиш йўлида сиёсий ирода етишмайди. Қудратдаги аксарият одамлар кўшнилар билан алоқаларни жипслаштиришни зарурат, деб билмайдилар. Кичиккина бир мисол келтирсам. Тошкент ва Душанбе орасида парвозлар бор эди. Аммо Ўзбекистон ҳукумати бу парвозларни қайтадан бошлашни истамаяпти. Бунинг устига яна виза тартибини, ишлаш, яшаш ё-да савдо-сотиқ қилиш йўлидаги бошқа чекловларни ҳам қўшиб кўринг-га! Сиёсий ирода бўлмас экан, бу мамлакатлар бир-биридан узоқлашиб кетаверади. Би-би-си: Ворис Усмонли исмли ўқувчимиз сиз Андижон воқеаларини қирғин бўлган, деб атаганингизни эслатаркан, Ғарб ҳам Андижон воқеасини қирғин, деб айтганди. Аммо Оврўпо Иттифоқи каби ташкилотлар ўз мавқеларини қайта кўриб чиқиб, ҳатто Ўзбекистонга қарши жазо чораларини ҳам енгиллаштирмоқдалар,аммо сиз-чи, ҳали ҳамон Андижонда қирғин бўлган, деган фикрингизда собитмисиз, деб сўраган. Моника Уитлок: Мен бошида нима, деган бўлсам, ўша фикримда қолаяпман. Чунки бу фикримни ўзгартиришга ундайдиган бирон далил ўртага чиқмади. Нима бўлгани ўрганилмади, текширилмади. Шу боис менинг фикрим ҳам ўзгаргани йўқ. Би-би-си: Ўзини Малколм, дея таништирган тингловчимиз бир неча саволлар йўллаган. Хусусан, Андижон воқеаси оммавий норозилик ортидан келиб чиққанми ва ёки ҳукумат ташкиллаштирган, деб ишонасизми мазмунида савол сўрамоқда. Моника Уитлок: Мен буни давлат ташкиллаштирган, деб ўйламайман. Менимча, бу ерда норозиликлар сабаб бўлган ва оддий одамлар бир неча важлар боис кўчага чиқишган. Аввало, қашшоқлик, ишсизлик ва келажакка ишончсизлик каби сабаблар. Айни дамда, уларнинг додига ҳеч ким қулоқ тутмаётгани ҳам инсонларни шунга ундаган. Андижон воқеалари чоғи рўй берган бир ҳолат ҳамон мени ларзага солади. Ўшанда издиҳом орасида "Бизни олиб давлат телевидениеси орқали кўрсатишаркан", деган гап тарқалганди. Одамлар, ниҳоят бизнинг ҳам оҳимизга қулоқ солишаркан, дардимизни кўрсатишаркан, деб умид қилишганди. Аммо бу фақат миш-миш бўлиб чиққан. Би-би-си: Жаноб Усмонли ва яна бир қатор тингловчиларимиз не боис фарзандларингизга ўзбекча исм қўйганингизни сўрашмоқда. Моника Уитлок: Иккала фарзандимга ҳам марказий осиёча исм қўйганман. Аммо уларнинг инглизча исмлари ҳам бор. Менимча, бу воқелик улар улғаётган кўпмиллатли ва халқаро бир жамиятга мосдир. Би-би-си: Айримлар эса сизниг динингизни ҳам билишни исташган. Моника Уитлок: Мен умуман диндор эмасман. Мен динларга қизиқаман ва бу динлардан қандайин ажойиб маданиятлар етишиб чиққанини тан оламан. Лекин ўзим диндор эмасман. Би-би-си: Қирғизистондан мактуб йўллаган Одил исмли ўқувчимиз эса не боис сўнгги пайтлари баъзи машҳур ўзбек ёзувчилари асарлар ёзмай қўйишгани ҳақида фикрларингизни билмоқчи. Моника Уитлок: Қийинчиликлар йўп. Бирон гапни айтиш эркинлиги йўқ. Материаллар етишмайди, нашриёт соҳасида етишмовчиликлар мавжуд. Ҳамма нарса қийин, пул йўқ, китоб чиқариш мушкул. Мени, айниқса, болалар ва ўспиринлар учун мўлжалланган китоблар етишмаслиги ташвишга солади. Мабодо 9 ёшдан то 20 ёшгача бўлсангиз, ўқиш учун рисоладагидек китоб топа олмайсиз. Умуман, Ўзбекистонда китоб тижорати чуқур инқирозда ва бу масалани ҳал этиш зарур. Би-би-си: Тошкентни ташлаб, Қозоғистонга кетганини айтаётган Тимур исмли ўқувчимиз эса Тошкентни соғинишини, қачон Ўзбекистон тараққиёт йўлига кириб, ватанига қайтиш имкони пайдо бўлиши мумкинлигини сўрамоқда. Моника Уитлок: Мен ҳам сиз каби Ўзбекистоннинг тараққий этиб, гуллаб-яшнаган мамлакатга айланишини истайман. Чунки бу учун мамлакатда етарлича салоҳият мавжуд. Ўзбекистон яшаш учун жуда-жуда зўр мамлакат бўлиши мумкин. Аммо бу орзу тез орада рўёбга чиқмаса керак. Чунки улкан иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар кечмаса, илгари ташлаш жуда қийин кечади. Би-би-си: Фирдавс исмли тингловчимиз эса кўпчилик ўзбеклар ишонгани каби Андижон воқеаси ҳам Марказий Жосуслик Бошқармаси амалга оширишга уринган давлат тўнтариши эмасмикан, деган истиҳолани ўртага ташлайди. Моника Уитлок: Мен асло айни фикрга қўшилмайман ва бунинг бирон далилини ҳам кўраётганим йўқ. Менимча, бу ҳам бирон воқеа рўй берса, америкаликларнинг қўли бор, деб айблайдиган Совет даврига хос бўлган миш-мишлардан бўлса керак. Би-би-си: Жулқунбой исмли ўқувчимиз эса Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид аҳвол ҳозирда яхшиланмоқдами ва ёки ёмонлашмоқдами, деган саволни ўртага қўйган. Моника Уитлок: Мен бирон яхшиланиш аломатларини кўрмаяпман. Бошқа тарафдан, мен Ўзбекистондан ташқаридаман ва мамлакат ичкарисига яқиндан нигоҳ ташлашим жуда қийин. Ўзбекистон заминига қадам босмасдан туриб, ичкаридаги ҳақиқатни кўра олиш мушкул. Аммо Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид аҳвол ҳақида гапириб келган жуда кам сонли ташкилотилар энди у ерда ишлай олишмаяпти. Мен бу ўринида Ҳьюман Райтс Уотч, Би-би-си, Фридом Ҳаус ва Сорос каби ташкилотларни назарда тутаяпман. Мазкур ташкилотлар халқаро саҳнада Ўзбекистоннинг овози эдилар. Энди эса айни овозларни эшитмайсиз. Аммо шуни айтишим жоизки, ташқарида, дунё бўйлаб жуда кўплаб инсонлар Ўзбекистон ҳақида қайғуришади. Би-би-си: Лондондан ўзини Жон, деб таништирган ўқувчимиз не боис ҳамон асли коммунист мулозимлар Ўзбекистонда қудратда қолишмоқда, деб сўраган. Моника Уитлок: Улар ҳамон қудратдалар, чунки ҳокимиятнинг тинч йўлда бошқа бировга ўтиши учун бирон бир имкониятга йўл беришмаяпти. Мухолифат йўқ. Одамлар қандай ҳаракат қилиш у ёқда турсин, ҳатто бошларидаги фикрларини ҳам тартибга солиш имконига эга эмаслар. Мухолифатсиз сиёсий ўзгаришларни амалга ошириш имконсиздир. Бу ерда ҳеч ким ташқаридан келиб, ўзбек ҳукуматида ўзгаришлар қилиб бермайди. Ўзгаришлар Ўзбекистоннинг ўз ичкарисидан келади. Би-би-си: Моника, имкони бўлса журналист сифатида Ўзбекистонга қайтиб борармидингиз? Моника Уитлок: Жоним билан борардим. Мен ҳар куни шу ҳақида ўйлайман. Тошкентни жуда-жуда соғинаман. Журналист сифатида Ўзбекистонга боришни жудаям истардим. Би-би-си: Моника, Ўзбекистондан кетганингизга уч йил бўлаяпти. Ортга қараб, у ердаги фаолиятингизга назар ташласангиз, нималарни ўйлайсиз? У ердаги фаолиятингиздан қанчалик қониқасиз? Моника Уитлок: Мен бутун Марказий Осиёдаги ишимни жуда соғинаман. Ўзбекистондаги уйимизни, ҳаётимизни қўмсайман. Аммо биз Андижон ҳақида хабар бериб тўғри қилдик, деб ўйлайман. Тўғри, бу хабарлар туфайли биз Ўзбекистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлдик. Лекин Андижон ҳақида ёзиб тўғри қилдик, деган фикрдаман. Би-би-си: Моника, хоҳ ижобий, хоҳ салбий маънода бўлсин, Марказий Осиёдаги аёллар ҳаётидан нима сизни кўпроқ ҳайратга солган? Моника Уитлок: Марказий Осиёлик аёлларда масъулият ҳисси жуда кучли. Улар янгича шароитларга тезда мослаша билмоқдалар. Ўзбекистонда бўладими, минтақанинг бошқа жойларидами - аёллар катта оилалардаги болаларини тарбиялаш, уйга қараш, овқат пишириш, ҳовлини тозалаш ва яна бунинг устига, пул топиш масъулиятларини ҳам ўз бўйниларига олишмоқда. Дунёнинг бошқа мамлакатларига борсангиз, ниманидир сотаётган ёки олаётган, тижорат қилишга уринаётган марказий осиёлик аёлларни учратасиз. Шу қаторда, уларнинг оилаларида ҳам масъулиятлари бор. Ҳаёт қийинчиликларига қарамасдан, бу аёллар илгари ташлашади, ҳаракат қилишади ва ҳамма нарсага улгуришади. Бу эса сизни ҳайратга солмай қўймайди. Аммо марказий осиёлик аёлларнинг ўзлари қанчалик буюк ва ажойиб ишларни бажаришаётганига эътибор қаратишмайди. Менимча, бунга уларнинг ҳаққи бор. Би-би-си: Катта раҳмат. |
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||