Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 10 Март, 2008 - Published 14:32 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Би-би-си меҳмони - Нодира Йўлдошева
Нодира Йўлдошева
Нодира Йўлдошева 2000-йилдан бери Британияда тадқиқот олиб бормоқда
Нодира Йўлдошева - Ўзбекистон Фанлар Академияси Иммунология институти катта илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди.

Ҳозирда Ўзбекистон Фанлар Академияси ва Британия Қироллиги Фанлар Жамияти келишуви асосида Британиянинг Лидс Университетида тадқиқот билан шуғулланаётган Нодира Йўлдошева генетика мавзусида бир қатор илмий ишлар олиб борган.

Ҳусусан, у Қофқоз, Эрон, ҳамда Марказий Осиёликларнинг ирсий келиб чиқиши ва уларнинг ирсиятидаги турфахиллик борасида олиб борилган тадқиқотнинг муаллифларидан бири.

Тадқиқот хулосасига кўра, жумладан тарихда турли туман мустамлакачилар томонидан босиб олинган ва турли халқлар билан савдо алоқаларини олиб борган муайян халқнинг ирсиятидаги турфахиллик уни бугунда кўп хасталиклардан ҳимоя этиши мумкин.

Марказий Осиёда, айниқса, ўзбеклар ўз гени билан ажралиб турар экан. Қозоқлар генида асосан монголоид омиллар устунлик қилса, ўзбекларникида ҳам европоид ва ҳам монголоид ирси аралашган.

Нодира Йўлдошева иштирок этган тадқиқот, шунингдек айнан ўзбеклар ва Американинг туб аҳолиси бўлган ҳиндулар генидаги ўхшашликни аниқлаган.

Ҳозирда Нодира Йўлдошева Лидс Университетининг юрак хасталиклари бўлимида сичқон ва каламушларнинг турли ирсий асосга эга бўлган организмлари ҳар ҳил юрак хасталикларига қандай жавоб беришини ўрганмоқда.

У сизнинг саволларингизга жавоб берди.

Би-би-си: Малайзиядан Мусофирбек ўзбеклар ҳақиқий келиб чиқиши ҳақида аниқроқ маълумот бериб ўтишингизни сўрабди

Йўлдошева: Бу саволга жавоб бериш осон эмас. Авваламбор, айтмоқчиманки, бизнинг тадқиқотларимиз Марказий Осиё, Қофқоз ё Яқин Шарқнинг бир қисмида яшайдиган у ё бу халқнинг шаклланиши сирларини ошкор қилишни мақсад қилиб олмаганди. Бизнинг тадқиқотларимиз аниқлик билан ўзбеклар ўзи қандай келиб чиққанини айта олмаса-да, ўзбеклар ирсиятида (генетикасида) икки асосий ирқий гуруҳлар бўлмиш монголоид ва европоидларнинг маркёрлари борлигини аниқлаган. Бизнинг тадқиқотимиз ана шу маркёрларни бир нечтасини ўрганган, масалан Y хромосома, HLA-система ва бир қатор аутосом генлари ўрганилган. Y хромосомаларни маркёр сифатида ишлатишнинг уникал тарафи шундаки, у отадан ўғилга деярли ўзгаришсиз ўтадиган ирсий тузилма. Шундай экан, қадим замонларда эркаклар қаердан қаерга кўчганини эркаклар Y хромосомасидаги мутацияларни аниқлаш билан ўрганиш мумкин, ва ҳатто маълум мутация қачон содир бўлганини ҳам аниқлаш мумкин. Генда янги маркёрлар пайдо бўлиб, улар эскиларига қўшилади, ва одамзот муайян халқни бошқасидан ажратиб турувчи бир нечта мутациялар мажмуасига эга бўлади. Айтиш жоизки, гап бир неча юз йил эмас, балки минглаб йиллар ҳақида кетаяпти. Европоидларнинг қадимий белгилари ҳам ўзбек халқида, ва ҳам европоидларда учрайди, аммо монголоидларда эмас. Бунга жавоб оддий, у 25-30 минг йил илгари Homo sapiеns, яъни замонавий одамзотнинг муҳожироти билан боғлиқ. Замонавий оврўполикларнинг аждодларида ўзбеклар генида қандай маркёрлар бўлса, худди шундай маркёрлар бўлган, чунки оврўполиклар ҳам Марказий Осиё бўйлаб кўчиб, Оврўпога ўрнашган. Гендаги HLA маркёрига биноан, ўзбек халқи ирсиятида европоид жиҳатлари монголоидларникидан юқори туради. Гап бу ерда замонавий оврўполикларнинг ва ўзбекларнинг оддийгина аралашуви ҳақида кетмаяпти. Тадқиқотимиз учун қон намунаналари марказдан йироқ қишлоқлар ва шаҳарлардаги ҳамда қариндоши билан турмуш қурмаган одамлардан олинган.

Би-би-си: Буюк Британиядан Нодирбек исмли тингловчимиз сўрабди: "Қариндошларнинг оила қуриши ҳақида ҳар хил фикрлар жуда кўп. Ижобий ва салбий, лекин тиббиёт жиҳатидан сиз нима дейсиз бу ҳақида? Болаларнинг ақлий ёки жисмоний тарафдан камчиликларига сабаб бўладими қариндошларнинг турмуш қуриши?"

Йўлдошева: Қариндошлар орасидаги никоҳ масаласи нафақат бизнинг мамлакатимизда, балки кўпгина мусулмон давлатларида кескин туради, ва бу борада тушунтириш ишларини ирсиятни ўрганадиган биз каби олимлар олиб боришлари керак. Қисқача айтадиган бўлсам, фарзанднинг туғма генетик ва жисмоний аномалия билан туғилиши ва вақтидан илгари боланинг тушиши ҳоллари қариндош ота-онанинг генетикаси билан бевосита боғлиқ. Қариндош бўлмаган одамларнинг фарзандида баъзи касалликлар турлари намоён бўлмайди, аммо бу билан, бу одамларда яширин холда мутация бўлган генлар йўқ деб бўлмайди, бу генлар кейинчалик фаоллашиши ва ўзини кўрсатиши мумкин. Биз қариндошлар орасида туғилган фарзанднинг аномалияси эҳтимоли ҳақида гапираяпмиз, бу каби аномалия ҳамма қариндош оилаларда ҳам пайдо бўлавермайди. Аммо, бу каби хавфни назарда тутиш керак. Мен сизнинг келгуси фарзандларингиз фаровонлигини ўйлаб ўз шахсий фикримни айтадиган бўлсам, қариндошга уйланмасликни маслаҳат бераман. Ҳаммага маълумки, ота ва онанинг ирсий табиати қанчалар турфа бўлса, боланинг ривожланиши ҳам шунчалар яхши бўлади. Турли ирсий тузилмалар учрашганда, янгича ирсий формани келтириб чиқаради, ва бу организмнинг яхшироқ ҳимоя этилишини ҳам англатади, масалан, икки хил жойдан бўлган ота ва онанинг иммунитети турлича, ва янги туғилган фарзанднинг кўпроқ сонли микроблар ва касалликларга қарши мудофааси бўлади. Қариндошлар турмушида, ҳақиқатда ҳам, туғма аномалия кўп учрайди, боланинг руҳий ривожланишида ортда қолиш кузатилади. Албатта, бу 100 фоиз эмас, аммо хавф катта. Шунингдек, маълумки, қариндош бўлмаган ота ва онанинг фарзандлари хушрўйроқ, келишган ва мияси ривожланган бўлади. Тадқиқотлар балки қилингандир, аммо биз қилмаганмиз.

Би-би-си: Япониядан Камрон қуйидаги саволни йўллаган:
"Қуйида келтирилган жумланинг асл мақсад ва мазмунини тушунтириб берсангиз. Олдиндан раҳмат. "Тадқиқот хулосасига кўра, жумладан тарихда турли-туман мустамлакачилар томонидан босиб олинган ва турли халқлар билан савдо алоқаларини олиб борган муайян халқнинг ирсиятидаги турфахиллик уни бугунда кўп хасталиклардан ҳимоя этиши мумкин".

Йўлдошева: Ҳали айтганимдек, эволюция жараёнида ва генетик структуранинг шаклланиши давомида, генетика маълум организмнинг ривожланиши учун зарур бўлган жиҳатларнигина сақлаб қолади, организм учун зарарли бўлган генетик тузилмалар эса нобуд бўлади. Ёмон генетик тузилмага эга бўлган одамлар эволюция жараёнида ва одамзотнинг табиий танланиши жараёнида омон қолишмайди. Шундай экан, икки умуман ўзгача генетик тузилмалар учрашганда, уларнинг қўшилиши организм ҳимояси учун фақат ижобий таъсир этиши мумкин. Масалан европоид ва монголоид турмуш қурса, уларнинг фарзанди нафақат монголоидларга оид бўлган касалликлар, балки европоидлар оғрийдиган касалликларга ҳам қарши ҳимояга эга бўлиши мумкин. Яккаланиб қолган гуруҳларда эса кўпроқ генетик нонормаликлар кузатилади.

Би-би-си: Ўзбек исмли ўқувчимиз шундай савол берибди:
"Сиз шуғулланаётган ишлар Исломга тўғри келадими?"

Йўлдошева: Қизиқ савол. Бизнинг тадқиқотимиз Ислом қонунларига тўғри келадими ё йўқми? Аниқ айтишим мумкинки, бизнинг тадқиқотларимиз инсон аллақачон генида эга бўлган нарсаларни ўрганиб, хулоса чиқаради. Биз қандайдир янги нарса қурмаймиз, ё янги организм яратмаймиз. Бизнинг тадқиқот инсон аллақачон ўзида эга бўлган генни ўрганиб, ундаги омилларни замонавий усуллар билан аниқлайди. Менимча, жонли табиатни бир қисми сифатида туғилган инсоннинг тарихини ўрганиш қайсидир диннинг қонунларига қарши бўла олмайди.

Би-би-си: Лондондан Асрор йўллаган савол қуйидагича:
"Сиз вакциналарда бола саломатлиги учун хавфли микроорганизмлар бўлиши мумкинлигига ишонасизми?

Йўлдошева: Айтишим керакки, ҳозирги замонда макродунё, яъни табиатнинг ўзгариши билан микродунё ҳам, яъни бактерия ва вируслар ҳам ўзгаради. Улар аввал кўрилмаган шаклларга ўтар экан, фан уларнинг эволюцион ўзгаришларини аниқлашга уринмоқда. Вакциналар бу йўлда катта ёрдам ҳисобланади, ва вакциналарнинг асл мазмуни ҳам инсон организмига ёрдам бериш, инсоннинг ҳимояси учун унинг иммун тизимини рағбатлантириш. Вакциналарда микроблар мавжуд дейиш бироз нотўғри, чунки вакциналар нобуд этилган микроорганизмлардан ёки шу микроорганизмлар ишлаб чиқарган, аммо сўнгра тозаланган маҳсулотлардан тайёрланади. Шундай экан, вакциналарнинг ўзида микроорганизм бор деб хавотир олмаслигимиз керак. Бу вакциналардан фойда борми, бу бошқа савол. Буни бутун дунё олимлари ўрганмоқда.

Би-би-си: АҚШдан Абдулла сизнинг қаерда туғилганингиз ва ёшлигингиз қандай ўтгани билан қизиқибди.

Йўлдошева: Ҳа, албатта, савол бирмунча шахсий бўлибди, аммо менинг ҳеч яширадиган жойим йўқ. Мен Тошкентда туғилганман, шу ерда рус мактабга бориб, катта бўлганман. Сўнгра Россияда тиббиёт институтига ўқишга кирганман, уни шифокор касби билан тугаллаганман. Ўз фаолиятимни бошлаганимдан сўнг, Фанлар академиясининг Иммунология Институтида генетика билан шуғулланишга ўтганман, ва ўз диссертациямни ёқлаганман. Айнан шу менга Англиянинг Оксфорд университетига келиб халқларнинг ирсияти бўйича тадқиқот олиб боришга имкон берди. Қисқача шу.

Би-би-си: Америкадан Оттео исмли ўқувчимиз гомосексуализм (ҳамжинсбозлик) ҳам ирсият орқали одамлардан одамларга ўтиб келаётган ҳодисами, деб сўраган.

Йўлдошева: Агар сизнинг саволингиз, гомосексуализм мерос бўлиб ўтиши мумкинми ё йўқлиги ҳақида бўлса, бунга жавоб топиш анча қийин. Бир қатор тадқиқотлар шуни кўрсатганки, гомосексуализм бир қатор генетик белгилар, масалан Х хромосома билан боғлиқ. Яъни гомосексуалистларда бошқаларга қараганда кўпроқ учрайдиган генетик тузилмалар борлиги аниқланган. Аммо, бу масалани олимлар ҳали ҳам баҳс остига олишмоқда. У одамларнинг анча нозик ҳиссиётларига таъсир қилади. Аммо, бу долзарб масала. Чунки, гомосексуализм очиқ мавзуга айланди, ва одамлар энди бу сўздан унчалик қўрқишмайди, ва яширинмайдилар. Ҳали айтганимдек, олимлар бу мавзуни ўрганишмоқда, аммо, мен на олим сифатида, ё на ахлоқий жиҳатдан бу борада бир нарса дейишим мумкин. Чунки, илмий тарзда бу савол билан шуғулланмаганман.

Би-би-си: Чикагодан Зафар мана бу саволни жўнатган:
"Мен АҚШда бир неча йилдан бери яшайман, ҳар гал кимки мен билан мулоқотда бўлса, мени қайси ирққа ва қайси миллатга мансублигимни 95-99% фоиз суҳбатдошим аниқлай олмаган. Биз ўзбеклар ўзи қайси ирққа яқинроқмиз, шуни билмоқчи эдим."

Йўлдошева: Ҳурматли Зафар, бу савол нафақат сиз учун, балки ўзбек аёли сифатида мен учун ҳам қизиқ, чунки ҳар бир киши ўзининг илдизи ҳақида билишни истайди. Ҳали айтганимдек, бизнинг тадқиқот ўзбекларнинг ва бошқа марказий осиёлик халқларнинг этнографик жихатларини ўрганишни мақсад қилиб олмаган. Бизнинг тадқиқот Homo sapiеns, яъни замонавий инсоннинг Африкадан кўчиши назариясини тасдиқлаб, энг қадим тарихда одамзотнинг муҳожироти ва тарқалишидан дарак берган. Миллатлар шаклланиши эса анча кейинроқ содир бўлган. Бу саволларни ўрганиш учун этнограф, тилчилар, генетик ва археологларнинг қўшма ҳаракатлари зарур. Нафақат Марказий Осиё, балки бошқа илмий жамоалари саъй-ҳаракатлари билан бундай лойиҳа амалга оширилса, ажойиб иш бўларди. Бу борада фикрларнинг баъзида қарама-қаршилиги тадқиқотларнинг чала бўлгани билан боғлиқ.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Моника УитлокМоника Уитлок
Андижон хунрезлиги, Тошкент соғинчи ва ўзбек аёллари ҳақида
Саиджаҳон ЗайнобиддиновБи-би-си меҳмони
Инсон ҳуқуқлари фаоли Саиджаҳон Зайнобиддинов
Муножот ЙўлчиеваМуножот Йўлчиева:
"Хориждаги ўзбеклар тўйларига айтишса, жон деб бораман"
Ёдгор ОбидШоир Ёдгор Обид
'Унутма мени' қўшиғи ва президентлик амали ҳақида...
Аҳмед ЗакаевАҳмед Закаев
Чечен бўлгинчилари ўтмиши, бугуни ва келажаги ҳақида
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy