Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 05 Май, 2008 - Published 12:01 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Би-би-си меҳмони - Нодира Алиева
Нодира Алиева
Нодира Алиева "машҳур эмас, яхши актриса" бўлишни орзу қилади
Нодира Алиева (Нодира Мюррей) Ғарбда "Британ Элчисининг Раққосаси" спектакли билан машҳур бўлди.

27 ёшли Нодиранинг ўзи, қайлиғи Крейг Мюррей ва британиялик режиссёр Алан Хескотт ҳамкорликда яратган бу томоша монолог шаклида бўлиб, унда Нодира Ўзбекистондаги бахтсиз болалиги, йўқчиликдан кўп жабр чеккани, жинсий таҳқирланиши, тунги раққосалик, гиёҳванд моддалар ва мубоҳасали британ элчиси Крейг Мюррей билан учрашуви ортидан бошига тушган саргузаштлари ҳақида маҳорат билан ҳикоя қилади.

Аввало уч ҳафта Лондоннинг Ист-Эндидаги кичик ва нотаниш Аркола театрида намойиш этилган спектакль Нодиранинг актёрлик ва раққосалик маҳорати, ҳамда ҳикоянинг нақадар самимий экани борасидаги театр танқидчиларининг яхши ва ёмон мақолаларидан сўнг, Лондоннинг қоқ марказидаги Артс театрига кўчирилиб, яна уч ҳафта намойиш этилди.

Лондонда чоп этилувчи "Спектатор" журнали Нодира Алиева ва томошаси ҳақида "у ғайриоддий мувозанат ва гўзаллик соҳиби. Ажойиб, даҳшатли, кўнгилни айнитадиган, руҳингни кўтарувчи ва кутилмаганда бебаҳо спектакль," деб ёзди.

"Файнэншл Таймс" рўзномаси эса "Нодира сизни ўзига жалб эта оладиган ижрочи, унинг бир ўзи 80 минут инглиз тилида ижро этиши мақтовга сазовор. Мафтункор ва руҳи бой аёл," дея уни тасвирлади.

Бироқ, уни тажрибасиз, ҳамда ўз мубоҳасали ҳикоясидан фойдаланиб қолишни истаган хорижлик қиз дея қўл силтаган танқидчилар ҳам йўқ бўлмади.

Нодиранинг қайлиғи Крейг Мюррей ўзининг Ўзбекистондаги дипломатик фаолияти даврида, ва айниқса сўнгроқ шов-шув билан ишдан олиниши ортидан, Ўзбекистон сиёсати ва, ўз таъбирида, терроризмга қарши кураш баҳонаси билан Ислом Каримов режимига ёрдам берган Ғарбни қаттиқ танқид қилди.

Нодира Алиева
Нодира арабча рақснинг маҳоратли ижрочиси деб ҳам танилган
Дипломатик ҳизматдан четлатилган жаноб Мюррей сўнгра Британия ва АҚШнинг ташқи сиёсати, ҳамда Ўзбекистон қамоқҳоналарида мунтазам қўлланилувчи қийноқлар ва адолатсизликни ёритувчи "Самарқанддаги қотиллик" китобини чоп этди. Китоб Ғарбда ҳақиқий бестселлерга айланди.

Крейг Мюррейнинг қаллиғи Нодира эса аввалига Британиянинг олди-қочди матбуотида "аҳмоқ қизча", "стриптизчи" ва "сартарош" дея тасвирланарди. Нодиранинг ўзи айнан мана шу ҳақоратлар уни ўз ҳикоясини сўзлашга мажбур қилганини айтади.

Томоша бошида у бу ҳақоратларга қўл силтаб, беш тилда сўзлаша оладиган ва шахмат бўйича ўсмирлар орасида чемпион бўлган қиз учун бу каби баҳо тўғри келмаслигини урғулайди.

Нодира сиёсат ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Спектаклда саҳна ортидан бир неча бор Крейг Мюррейнинг Ўзбекистондаги даҳшатли инсон ҳуқуқлари вазияти ҳақидаги ҳикоялари янграйди, Нодира эса бу вақт ўзини қора ҳарир рўмолга ўраб, сукут сақлайди.

У Крейг Мюррейга аввалига фақат молиявий манба дея қараганини очиқ тан олади. Нодирага кўра, Тошкентдаги "Сафар" тунги клуби оиласини боқишга уринаётган ёки бадавлат хорижликни учратишни орзу қилган ёш қизлар учун яхши жой эди.

Нодира бир вақтнинг ўзида уч хорижлик билан романтик муносабатда бўлгани, уларни бир-биридан сир тутиш қанчалар қийин бўлгани ҳақида кулиб баён қилади.

Тошкентдаги Жаҳон Тиллари Университетини Инглиз тили ва адабиёти дипломи билан якунлаган Нодира Лондонда нуфузли RADA, яъни Қироллик Драма Академиясида таълим олди, ва ҳозирда Лондондаги Драма Студиясида таҳсил олмоқда.

У бир умр орзу қилган актёрлик касбини мукаммал эгаллашни истайди.

Муштарийларимиз саволларига асосланган суҳбатимизни ҳафтанинг шанба куни "Дараклар" дастуримизда тинглай оласиз.

Би-би-Си: Студент деб ўзини номлаган тингловчи қўйидагича савол йўллаган: "Ўзбекистонда сизнинг аҳволингизга тушган қизлар кўп. Уларнинг кўпчилиги боши берк кўчага кириб қолишган. Энг ёмони шундаки, улар ўз келажагига ишонмай қўйишган. Орада ўзини тутиб олгани камдан кам. Сизни ўша вазиятдан чиқиб кетган десак бўлади. Лекин, нега сиз ҳалиям ўз бошингиздан ўтган воқеалар ҳақида дунёга жар солиб юрибсиз?"

Нодира Алиева
Нодира Крейг Мюррей билан алоқаси ортидан Ғарб матбуотида кўп танқидга учради
Нодира Алиева: Менга маълумки, кўпгина қизлар топилади, билмай туриб боши берк кўчага кириб қолган, ёки билиб туриб бундай қилган, ёки мажбурликдан ўша кўчага кириб қолган. Нимаики сабаб бўлган бўлса, ҳар доим инсон ўзини мағрур тутиб, ўтмишдаги хатоликларидан кўз-ёш тўкмасдан, (агар аёл бўлса) ҳар доим ўзини гўзал аёл деб ҳисоблаб, шунга ишониб олға кетавериш керак экан. Мана шу мавзуларни олиб чиқиш спектаклимнинг мақсадларидан биридир.

Би-би-Си: Япониядан Туркистоний сиздан сўрабди: "Мана шундай рақсга тушиб, маҳорат билан ижро этадиган ролингизга оила аъзоларингиз қарши эмасми?"

Нодира Алиева: Менинг оилам мени улғайтирган. Қўшниларим, қариндошларим улғайишимни кўришган. Худога шукур, улар орасида менинг обрў-эътиборим бор. Оилам менинг қандайлигимни жуда яхши билади. Мен ҳеч қачон улардан ҳеч нарсани сир тутмаганман. Ва мени тўғрисўз, ўқимишли деб билиб келадилар. Мени жуда қўллаб-қувватлашади. Мен оила аъзоларимни ҳафа қиладиган фарзанд эмасман. Чунки менинг ота-онам бизни ўзлари емай едирган, киймай кийдирган, қийинчилик билан катта қилишган.

Би-би-Си: "Нодира бир вақтнинг ўзида уч хорижлик билан романтик муносабатда бўлгани, уларни бир-биридан сир тутиш қанчалар қийин бўлгани ҳақида кулиб баён қилади," деб ёзгандик. Мусофирбек исмли тингловчимиз "Шу каби гапларни ҳаммага эълон қилишни уят деб ҳисобламайсизми, ҳарҳолда ўзбек оиласидан чиққансиз, шекилли," дебди.

Нодира Алиева: Мен жуда яхши биламанки, баъзи бирларнинг нуқтаи назаридан, айниқса, Ўзбекистонимизда ўзбекчилик деганларидек, мен балки нотўғри иш қилаётгандирман. Балки ўз ҳиссиётларимни ва қийинчиликларимни гапириш нотўғри кўринар баъзи кишиларга. Ундан ташқари, бизнинг маданиятимизда аёл киши ўз ҳиссиётларини тўлиб-тошиб гапирса, кўнглини очса, у ҳамиша қораланиб келган. Ҳаттоки мақол ҳам бор, уйдаги гап ташқарига чиқмасин дейилади. Мен буни жуда яхши биламан, лекин мен барибир ҳам ўйлайманки, бошидан қийинчиликларни кечирган аёллар нафақат Ўзбекистонда, балки ҳар ерда топилади. Нимаики қийинчилкиларга қарамай, уни енгиш мумкин эканлигини, мисол тариқасида саҳнага олиб чиққанман. Ҳаёт - бешафқат, дунё - ёлғончи, кўп фисқи-фасодлардан иборат, яхши аёлмисиз, номуслимисиз, ёки ёмон аёлмисиз - фарқи йўқ, фалокат келса келаверар экан. Мен ўша қийинчиликлардан бардам, тикка, мағрур ва ўзимга ишонган аёл сифатида чақнаб чиқиб кетиш, яъни ҳаётни давом эттириш мумкин ва бу ҳислат бизнинг қўлимизда эканини айтиб ўтганман. Саҳнага, эркаклар масаласига келсак... Театр олами шундай оламки, у бадиий тўқималардан иборат. Сиз унга юмор қўшасиз, баланд-пастларни аралаштирасиз, мубоҳасали мавзуларни аралаштирасиз, ва буни саҳнага олиб чиқасиз. Саҳна - бутунлай бошқа олам.

Би-би-Си: АҚШнинг Балтимор штатидан бир тингловчи сўрабди: "Кофир билан турмуш қурибсиз, эрингизни ислом ақидаларига ўргатмоқчимисиз ёки, астоғфурулло, христиан динига ўтмоқчимисиз?"

Нодира Алиева
Санъаткор қачон ҳаёли бўлишни ўзи билади, дейди Нодира
Нодира Алиева: Ўтириб таваккал қилиш бир кишининг дини ё ҳислатлари тўғрисида, бу, менимча, ҳақиқий мусулмонликка кирмайди. Турмуш ўртоғим Лондондаги кўплаб мусулмонлар орасида жуда ҳам катта ҳурматга эга, чунки у ҳар доим Ироқдаги мусулмонларга қарши урушни тўхтатиш кераклиги ҳақида кўп нутқ сўзлаб юради. Яна бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчиманки, Ўзбекистонда кўпчилик ўйласа керак, агар сиз Анлияда бўлсангиз, демак сиз кофирлар орасидасиз. Англияда бир миллиондан ортиқ мусулмон яшайди. Англияда, Лондонда мусулмончилик жуда кучли. Улар ҳатто иш жараёнида ишларини ярим соатга тўхтатиб, беш вақт намоз ўқий олишади. Бизникидан фарқи шуки, улар динни бизга ўхшаб анъаналар билан аралаштирмайди. Бизда баъзи бирлар динимизни анъаналаримиз ва урф-одатимиз билан аралаштиради, менимча бу иккита алоҳида нарса.

Би-би-Си: Жон исмли тингловчимиз сўрабди: "Охирги пайтларда Крейг Мюррей Ўзбекистон ҳақида мақолалар ё чиқишлар қилмаяпти, бунга сабаб нима? Ёки сиз уни бу ишдан совутаяпсизми?"

Нодира Алиева: Крейгни совутаётганим йўқ, лекин, Крейг шуни аниқладики, сиёсат оиласини боқиш учун етарли пул олиб келмади. Ҳозирда улар яна бир китоб ёзмоқдалар, у Шотландиянинг мустақиллиги ҳақида. Ва ҳозирда улар сиёсат эмас, балки бизнес билан шуғулланмоқдалар. Ҳозирда улар Африканинг Гана деган давлатида тилла бизнеси ишларини юритиш билан бандлар.

Би-би-Си: Фарҳод Абдураҳимов қуйидаги саволни йўллаган: "Крейг Мюррей фақат Ўзбекистон ҳукуматини ва унга боғлиқ одамларни қоралаб келади. Сиз бунга қандай қарайсиз?"

Нодира Алиева: Менга сиёсат олами бутунлай бир бошқа олам ҳисобланади.

Би-би-Си: Ферузбек Бирмингем шаҳридан шундай савол берган: "Сизни деб дипломат ўз оиласидан воз кечган деб эшитганман. Сиз ҳеч виждон азобини ҳис этдингизми?"

Нодира Алиева: Мен шу нарсани айтиб ўтмоқчиманки, Крей мени деб ўз оиласидан, фарзандларидан, хотинидан воз кечгани йўқ. Бу жуда ҳам шаҳсий ҳикоя, лекин ҳозирда биз унинг икки фарзанди билан бирга яшаймиз. Улар жуда ҳам ҳурсанд, ҳеч қандай норозигарчилиги йўқ. Крейгнинг фарзандлари билан жуда ҳам яхши муносабатдамиз. Улар мени жуда ҳам ҳурмат қилишади, ва мен уларни жуда ҳурмат қиламан.

Би-би-Си: Хоразмлик йигит деган тингловчи шундай сўрабди: "Сиз ўз ҳикоянгизда бир Ҳожибобо сизни зўрлагани ҳақида ёзгансиз. Хоразмликларда "энажин кўзини сузмаса, ҳўкиз ипини узмайди" деган мақол бор. Нега эркаклар тарафидан сизга тегажоқликлар бўлган деб ўйлайсиз?"

Крейг Мюррей ва Нодира Алиева
Нодира ўз спектаклида Британ элчиси билан учрашувигача бўлган ва учрашувдан сўнги саргузаштлари ҳақида сўзлайди
Нодира Алиева: (кулади) Мақол... Тўғри, биз нимаики қадам босмайлик, мақол тўқиб чиқараверамиз. Бу бизнинг урф-одамларимиздан биридир. Бизнинг халқимизнинг ичида баъзи бирлар фақат мақоллар орқали кишининг ҳаётини ҳал қилади-қўяди... Айтишими керакки, мақолингизда жон бор. Фақатгина мен бу мақолни бошқачароқ йўлда айтиб ўтмоқчиман... Ўша узоқдан ёлғиз, адашган сигир кўринса бўлди, ўша эркаклар ҳўкизга айланади қолади. Ипини узиш уёқда турсин... Агар мен ўз ишимнинг устаси бўлсам, мен танам билан эмас, Худо берган ақл-заковат билан (муаммони) ҳал қилишга уринаман. Айтайлик, баъзи бирлар мақсадига ўз қобилиятига қараб, турли йўллар билан эришиб келадилар. Менинг бунга ҳеч эътирозим йўқ. Лекин мен мақсадимга ақл-заковат ва қобилиятим билан етишишга уринаман. Танам билан эмас.

Би-би-Си: Колумбиядан Алишер Жума сизнинг ижодингиз билан қандай танишиш мумкинлиги ҳақида сўрабди.

Нодира Алиева: Қизиқишингиз учун жуда катта раҳмат. Афсуски, спектаклим тугади. Агар бирор нима намойиш қилсак, бу ҳақида хабарлар берилади, радио, газета ва интернет саҳифаларида.

Би-би-Си: Ўзини студент деб номлаган тингловчимиздан яна бир савол: "Ўзбекистоннинг салбий томонларини кўрсатавергунча, сиз Англияда қийин моддий аҳволда бўлган ўзбек ёшларига ёрдам берадиган уюшмалар тузсангиз бўлмайдими? Сиз Лондондаги спектакль билан Ўзбекистондаги аҳволни яхшилай оламан деб ўйлайсизми?"

Нодира Алиева: Мен спектаклни қўйишдан мақсадим Ўзбекистонни танқид қилиш ёки ўзбек халқининг салбий тарафларини кўрсатиш эмас. Бу спектакль сиёсий ё фалсафий нуқтаи назардан яратилмаган. Ёки мен ўзимга нисбатан симпатия, ачиниш пайдо бўлиши учун бу спектаклни қўйганим йўқ. Мақсадим фақатгина актриса сифатида ўзимнинг бошимдан кечирган қийинчиликларимга ранг қўшиб, баъзи бир бадиий тўқималарни аралаштириб, саҳнага олиб чиқиш эди. Мен ҳамиша инсонларнинг бошидан кечирганлари ҳақидаги ҳикояларига қизиқиб келганман. Инсон ҳикоясини сўзлаётганда, мен ҳар доим унинг ҳатти-ҳаракатларига, ҳикояни қандай айтаётганига, қаерда тўхтаб пауза қилаётганига, қаерда тўлқинланиб гапиришини кузатиб келганман. Иккинчи сабаби эмас, мен Англиянинг газеталарида олдиндан "бу ўзбек қизи чиройли, лекин калласида ҳеч вақо йўқ", "ўқимишсиз" ёки "сартарош" деб номланиб келганман. Бу нотўғри деб ҳисоблайман. Мақсадим эса бу айлабларни рад қилиш. Мен чет элда таҳсил олаётган ва қийинчликларни кўраётган ўзбек аёлларимизни ва қизларимизни жудаям қўллаб-қувватлайман. Чунки чет элда ҳам ўқиш, ва ҳам ишлаш жуда ҳам қийин. Шу ишларни эплаб келаётган ўзбек аёллари шижоатини қўллаб-қувватлайман. Менинг мутлақо ишим йўқ, улар (нимагадир) қандай эришганига, ёки нима қилганига. Чунки инсон нимаики қилса, ўзини келажагини мустаҳкамлаш учун қилади. Топташ учун эмас.

Би-би-Си: Исмини ёзмаган бир тингловчимиз сўраяпти: "Ор-номус деган нарса танишми сизга?

Нодира Алиева: (кулади) Мен ўйлашимча савол ўзбекчилик билан аралашиб кетибди. Албатта менда ор-номус, ҳаё бор. Лекин мен уни ҳар доим ҳам ишлатавермайман. Ҳаёни керакли жойда, керакли инсонларга нисбатан, ҳаёнинг мазмунини тушунадиган инсонларга нисбатан ишлатаман. Ҳар доим ҳам ҳаёни ишлатиш ўсиш ва ривожланишга ёрдам бермайди. Ҳар доим ҳаёли бўлсангиз, баъзи бир одамлар сиздан фойдаланиб қоладилар. Менимча ҳаё эмас, кўпинча инсонийлик бўлиши керак. Ундан ташқари, мен актрисаман. Баъзи вақтда умуман ҳаёни четга суришга тўғри келади саҳнада. Санъаткорда ҳаё бўлса, иши чегараланиб қолади. Санъаткор инсон ўзи билади қачон ҳаёли бўлишни.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Тоҳир МаликБи-би-си меҳмони
Ёзувчи Тоҳир Малик саволларга жавоб қайтарди
Ёзувчи БибишБибиш хоним
машҳур 'Хивалик раққоса'нинг ўтмиши ва бугуни ҳақида
Хайрулла ИсматтулаевБи-би-си меҳмони
Олим Хайрулла Исматуллаев жавоблари
Ўзбекистон Халқ шоири Шукрулло Би-би-си меҳмони
Шукрулло Сталин қатағонлари ва бугунги кун ҳақида
Профессор Гога ҲидоятовГога Ҳидоятов:
'Номим Ҳамза театри муваффақияти, Чўлпон билан боғлиқ'
Дадахон ҲасановБи-би-си меҳмони
Дадахон Ҳасанов: - "Менга унвон керак эмас"
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy