Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 30 Июн, 2008 - Published 13:05 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Робия Қодир:'мен халқимнинг кўзёшига айландим'
Робия Қодир дунё уйғурларининг раҳбаридир
Таниқли уйғур фаоли Робия Қодир bbcuzbek.com ўқувчилари ва радио тингловчиларимизнинг саволларига жавоб беради.

Робия Қодир Хитой ғарбидаги мусулмон уйғурларнинг энг кўзга кўринган намояндаси, Жаҳон Уйғурлар Конгрессининг Президентидир.

У 1947 йилда Шинжон вилояти (Шарқий Туркистон)нинг Олтой шаҳрида таваллуд топган.

Йўқсил оилада вояга етган Робия хоним иш фаолиятини Шинжонда кичик маиший хизмат тармоғини ташкил этишдан бошлаган.

У кейинроқ йирик савдо ширкати ва дўконлар тармоғига асос солади ва Хитой уйғурлари орасидан чиққан биринчи миллионер аёл сифатида танилади.

Робия хонимнинг жамоатчилик ва хайрия фаолияти Шинжонда уйғур ишбилармон аёлларига кўмаклашувчи "1000 оила оналари" номли жамғарма ташкил этишдан бошланган.

Ўзининг муваффақиятли фаолияти билан Пекиндаги Хитой коммунист раҳбарлари назарига тушган Робия Қодир 1995 йилда Хитойнинг Миллий маслаҳат гуруҳи-Халқ Сиёсий Маслаҳат Анжуманига сайланади ва БМТнинг Аёлларга бағишланган халқаро анжуманига Хитойдан вакил сифатида юборилади.

Аммо 1996 йилда унинг турмуш ўртоғи ва собиқ сиёсий маҳбус Сидиқ Рўзи АҚШдан бошпана олиши ортидан Хитой коммунистларининг Робия хонимга муносабати ўзгаради.

 Робия сингари аёлларнинг иқтидори улар мансуб бўлган мамлакатнинг энг катта заҳирасидир. Бу заҳира уларнинг армияси ва ер остидаги нефт бойликларидан ҳам қимматлироқдир
Жорж Буш, АҚШ Президенти

1998 йилда уни Хитой Маслаҳат Анжуманига қайта сайлашмайди.

Робия Қодир 1999 йилда Хитойга ташриф буюрган АҚШ ҳайъати билан сиёсий маҳбуслар масаласини муҳокама қилиш мақсадида учрашувга бораётган пайт ҳибсга олинади.

Урумчидаги маҳкама уни давлат хавфсизлигига таҳдид солишда айблайди.

Саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган Робия хоним 2005 йил 14 март куни АҚШ Давлат Котибаси Кондолиза Райснинг Хитойга ташрифи чоғида муддатидан аввал озод этилади ва АҚШ дипломатлари ҳамроҳлигида оила-аъзолари яшаётган Вашингтонга учиб кетади.

Бунинг эвазига Қўшма Штатлар БМТнинг инсон ҳуқуқлари комиссиясида Хитойга қарши резолюциянинг қабул қилинишидан воз кечади.

2006 йилда Швеция парламентининг депутати Анали Эйноксон Робия Қодирни тинчлик бўйича халқаро Нобел мукофотига номзод этиб кўрсатади.

2007 йил 5 июнида Прагада хавфсизлик ва демократияга бағишланган анжуманда Робия Қодир билан кўришган АҚШ Президенти Жорж Буш у ҳақда қуйидагиларни айтган:

"Робия сингари аёлларнинг иқтидори улар мансуб бўлган мамлакатнинг энг катта заҳирасидир. Бу заҳира уларнинг армияси ва ер остидаги нефт бойликларидан ҳам қимматлироқдир", - деган Президент Буш уйғурларнинг энг машҳур аёли ҳақида.

Робия Қодир Хитойдаги уйғурларнинг ҳақлари учун тинч курашга раҳбарлик қилади.

У Хитойни мусулмон уйғурларнинг мухториятини ҳурмат қилиш, Хитойдаги миллий кўпчилик бўлган хансуларнинг Шинжон тупроқларига келиб ерлашишларига чек қўйиш ва уйғурларга сўз, дин эркинлигини қайтариб бериш ҳамда уларга ўз иқтисодларини ривожлантиришга имкон яратишга чақириб келади.

Аммо Хитой ҳукумати Робия хонимни "террорчи" деб тасвирлайди.

2006 йил ноябрида Хитой маҳкамаси Робия Қодирнинг икки ўғлини солиқ тўламаганликда айблаб, узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этган.

Ғарбдаги баъзи шарҳловчилар Робия Қодирни уйғурларнинг ҳақлари учун курашдаги қатъияти ва жасорати учун "уйғурларнинг Далай Ламаси" деб аташади.

Би-би-си:"Муҳтарама Робия Қодир, Оллоҳ сизга сабр берсин, тутқунликдаги фарзандларингизни тез кунларда кўриш насиб этсин", - дея тилак билдирибди Камолиддин Абдулвоҳид исмли тингловчимиз ва "нега шарқий туркистонлик уйғурлар, тибетлик монкларга ўхшаб, керак бўлса, ҳар ҳафта Хитойнинг Вашингтондаги элчилиги олдида намойиш ўтказмайдилар ва умуман, уйғурларнинг мустақиллиги учун шиддат билан курашмайдилар, ёки уларнинг қорни тўқ, усти бут ва сиёсат билан иши йўқми?" деб сўрабди...

Робия Қодир: Дунёнинг ҳамма ерида уйғурлар, ватаннинг ичи ва ташида тибетликлар билан ўхшаш намойишлар қилаяпти, фаолият олиб бораяпти. Тибетликлар, Далай Лама афандим бутун дунёга тибетликларнинг аҳволини англатиб ётганига эллик йил бўлди. Бизнинг одамларимиз бу эллик йил ичида қуршовда ташқарига чиқариш имкони бўлмаган. Биз охирги ўн йилда ғарбга дардимизни айтиш имконига эга бўлдик. Сўнгги уч йилда дунёдаги бутун уйғур ташкилотлари, Шарқий Туркистон жамиятлари бир орага келиб, бирлашиб, тибетликларникига ўхшаш кураш олиб бораяпмиз. Бу биринчиси. Иккинчиси, сиртга чиққан уйғурлар кўп эмас. Аммо чиққанлари қўлидан келганича ҳаракат қилаяпти. Уйғур халқининг қорни тўқ, усти бут бўлганида, юз мингдан ортиқ одам турмада ётмас эди. Уйғурлар мустамлака бўлганидан то шу кунга қадар бир зум ҳам курашни тўхтатган эмас. Юзлаб уйғурлар ўлим жазосига ҳукм қилинаяпти, қатл этилаяпти. Бу уларнинг курашаётганининг исботидир.

Би-би-си: Бир қатор тингловчиларимиз, жумладан, Оврўподан ёзган Анвар, Даниядан Абдуллоҳ Ўзтурк, Ўзбекистондан Ворис Усмонли ҳамда Япониядан Бек исмли тинловчиларимиз "уйғурларнинг яқин орада мустақил бўлишига ишонасизми?" деб сўрашган.

Робия Қодир: Ишонаман. Уйғурлар ҳам, тибетликлар ва бошқа озодликни, мустақилликни орзу қилганлар, тинчлик билан, сабркорлик билан, чиройли диалог билан ўз мақсадларига эришишларига ишонаман.

Би-би-си: Япониядан Башар исмли тингловичимиз ёзаяпти:"Siz ba'zi intervyularingizda Turkiyani ham qoralab chiqqan ekansiz, ya'ni Turklar g'irromlikq qildi deb. Turk rahbariyati aynan uyg'urlar uchun qanday g'iromlik qilgan bo'lishi mumkin?".

 Америка элчилиги мени Хитой турмасидан, зулматдан эркинликка олиб чиқди. Мен халқимнинг овозига айландим. Мен халқимнинг овозини дунёга англатдим. Мен халқимнинг кўзёшига айландим
Робия Қодир

Робия Қодир: Мен турк раҳбарларини ҳеч қачон "ғирромлик қилди" деганим йўқ. Ахборот воситалари таржима қилган бўлса, хато таржима қипти. Турклар бизга ҳеч бир ёмонлик қилгани йўқ. Туркия уйғурларга бошпана бераяпти ва қўлидан келган ёрдамни қилаяпти. Мен турк тилида сўзлашувчи давлатлар, Ўзбекистон каби Ўрта Осиёда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг сиёсатини юритаётган давлатлар бизнинг сиёсий актив қариндошларимизни тутиб бераяпти, деб айтганман. Турклар ҳеч қачон бизга ғирромлик қилгани йўқ.

Би-би-си: Туркистоний исмли тингловчимиз эса "нима учун Туркиядан эмас-да, Америкадан бошпана олгансиз" деб сўрабди.

Робия Қодир: Чунки бизнинг бурунги сиёсий активларимиз бутун умр Туркияда туриб, Туркия ичидан ўзининг сиёсий даъвосини олиб борган. Бизнинг даъвомизни бутун дунё англамаган. Айниқса, ғарб дунёси уйғур кимлигини билмайдиган савияга келиб қолган. Битта Туркия билан ишни ҳал қилиб бўлмайди. Бутун дунё уйғур масаласини билиши керак. Дунёнинг кишилик ҳуқуқига, дунёнинг демократиясига, дунё сиёсатига энг чўнг, кенг кўламда таъсир кўрсатаётган Америка бўлганлиги учун мен Американи танладим. Бу бир. Иккинчи, мен турмада ўлиб кетардим. Америка бошчилигидаги кишилик ҳуқуқи ташкилотлари мени Хитой турмасидан мўъжиза қилиб, олиб чиқди. Хитой уйғурларнинг атоқли одамларини ҳозиргача ўз турмаларида ўлдириб, тугатган. Ғоят чиқарган эмас. Америка элчилиги мени Хитой турмасидан, зулматдан олиб чиқиб, аэропланда Америкага, эркинликка олиб чиқди. Мен халқимнинг овозига айландим. Мен халқимнинг овозини дунёга англатдим. Мен халқимнинг кўзёшига айландим. Мен халқимнинг орзусига айландим. Биз Америка, ғарб дунёсининг хайрхоҳлиги билан уйғурларнинг ташкилотларини бирлаштириб, уйғурлар даъвосини бутун дунёга англатаяпмиз.

Би-би-си: Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан Одилжон Маҳдумий: "Muhtaramа Robiya xonim. O'tgan asr 30-50inchi yillar Sнarqiy Turkiston ozodligi uchun kurashgan o'zbek o'g'loni General-marshal Alixonto'ra Sog'uniy faoliyatini qanday baholaysiz?".

Робия Қодир: Ниҳоятда юксак баҳолайман. У киши қардош уйғур халқи, Шарқий Туркистоннинг мустақиллиги учун жон тикиб, кураш қилган, лекин коммунистлар тарафидан Ўзбекистонга олиб кетилиб, уй қамоғига олинган. Ундан кейин бизнинг ўзимизнинг Аҳмаджон Қосим қатори кишилар ўртага чиқиб, Шарқий Туркистоннинг мустақиллигини талаб қилганда, уни аэроплан билан портлатиб, ўлдиришган.

Би-би-си: Оврўподан Malcolm X Туркистний деб исм қўйган тингловичимз "ўзбекларнинг мустақил бўлган эса-да, ҳур бўлолмагани"ни айтиб, ўзбек мухолифати, сизнинг-ча, нималар қилиши керак, деб сўраяпти...

Робия Қодир: Ўзбек халқи ҳеч нарсадан қўрқмаслиги керак. Биз бир миллиард уч юз миллион хитойнинг остида туриб, кураш қилаяпмиз. Демакки, ўзбек халқи бирдамлик билан ўз ичидан мустақилликка эришган давлатини ҳақиқий мустақилликка олиб борадиган, демократик давлат қурадиган, бизнинг қариндошимиз-ўзбек халқини бахтли қиладиган бир доҳийни танлаши керак ва унинг орқасидан эргашиши керак. Ўзбекистонни демократик бир давлатга айлантириш керак. Бутун дунёдаги эркин, Ўзбекистон ташқарисидаги борлиқ қариндошларимиз қўлни қўлга бериб, иттифоқлашиши керак, уйқусини очиши керак ва Ўзбекистоннинг озодлиги учун юзланиши керак.

Би-би-си: Бир қатор тингловчиларимиз оила-аъзоларингиз ҳақида сўрашибди.

Робия Қодир: Раҳмат. Менинг оила аъзоларим-Америкада беш болам бор, ўқишади. Австралияда бир болам бор, Хитойда беш болам қолган. Хитой ҳукумати мени қўйиб юбораётган пайтда "агар сен сиртга чиқиб, уйғурнинг дардини ёки Шарқий Туркистоннинг азоб-уқубатларини дунёга англатсанг, сенинг иқтисодингни, беш болангни вайрон қиламиз", деган. Мен англатмай туролмадим, халқимнинг азоблари учун бир оила бўладими, бир одам бўладими, бадал тўлаши керак, деган қарорга келдим. Неча-неча одамларимиз турмада ўлиб ётган эди, шу шаҳидларимизни хуш қилишимиз керак, ватанимизни озод қилишимиз керак, деб ўйладим. Шунинг билан Хитой ҳукумати 2006 йил, олтинчи ойнинг биринчи куни уч юз аскар билан қуршаб, менинг болаларимни тутди. Ҳозир икки болам турмада, қолганлари уй қамоғида, яъни назорат остида яшашади.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Васила ИноятоваВасила Иноятова:
"Йўқотишлар учун халқ эмас, мухолифатчию сиёсатчилар айбдор"
David and Sue RichardsonРичардсонлар
Қорақалпоғистон мустақиллиги, Орол ва ўтовлар ҳақида
Нафиуллоҳ АшировБи-би-си меҳмони
Россиялик уламо Нафиуллоҳ Аширов билан суҳбат
Лутфулло ШамсуддиновЛ. Шамсуддинов
Андижон исёни сабаби, қуроллилар ва ўт очиш ҳақида
Нодира АлиеваНодира Алиева
Крейг Мюррей, ҳаё, ўзбекчилик ва ҳўкизлар ипи ҳақида...
Тоҳир МаликБи-би-си меҳмони
Ёзувчи Тоҳир Малик саволларга жавоб қайтарди
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy