Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 26 Май, 2008 - Published 12:00 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Россиялик уламо Нафиуллоҳ Аширов жавоблари
Нафиуллоҳ Аширов
Жаноб Аширов 11 йилдан буён Россиянинг Осиё қисмидаги мусулмонларга раҳбарлик қилиб келади
Россия Муфтийлари Кенгашининг раисдоши Нафиуллоҳ Аширов bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимиз саволларига жавоб берди.

Ўтган ҳафта Нафиуллоҳ Ашировнинг Россия шаҳарларида мусулмонлар ва миллати рус бўлмаганлар учун махсус аҳоли мавзеларини яратиш таклифи билан чиқиши мамлакатда кучли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Жаноб Ашировнинг фикрича, диний ва миллий озчиликлар учун алоҳида мавзеларни яратиш билан уларни рус миллатчилари ҳужумларидан ҳимоя қилиш мумкин.

У ўз фикрини Россияда ксенофобиянинг кучайиб бораётгани билан изоҳлади. Аммо, баъзи сиёсатчилар ва дин пешволари Нафиуллоҳ Ашировни Россиядаги вазиятни "атайлабдан бўрттириш"да айблашди.

Нафиуллоҳ Аширов Бухородаги Мир Араб мадрасаси ва Жазоирда Амир Абдул Қодир дорилфунунини тамомлаган.

1997 йилнинг августида бўлиб ўтган Сибир ва Узоқ Шарқ мусулмонлари анжуманида Россиянинг Осиё қисми мусулмонлар Диний Идорасининг Бош Муфтийси этиб сайланган.

Унинг ташаббуси билан Россиянинг турли минтақаларида қатор масжидлар барпо этилган.

Би-би-си: Қозоғистоннинг Тараз шаҳридан бўлган тингловчимиз сизни мухтасар таржимаи ҳолингиз ва оилавий аҳволингиз ҳақида сўрабди.

Нафиуллоҳ Аширов: Менинг иккита болам бор. Ўзим Сибирда туғилганман. Аввало, Бухоро мадрасасида илм таҳсил қилдим, кейин Жазоирда ўқидим. Ҳозирги кунда Россиянинг Осиё қисми Мусулмонлар Диний Идорасига раислик қилаяпман.

Би-би-си:Ўзбекистондан Муслим деган мухлисимиз яқинда Москвада калтакланиб кетилган Юлдузхонга кўрсатган ёрдамингиз учун миннатдорчилик билдирган. У: - “Ўзбекистон томонидан ушбу ҳодисага муносабат билдирилдими?” – деб сўраган.

Нафиуллоҳ Аширов: Албатта, Москвада яшаган ўзбек жамоатчилиги ва Ўзбекистон элчилиги бу ишни қатъий равишда қоралаб, ўзларининг норозиликларини билдирдилар. Биз ҳам Россия ва Москва мусулмонлари номидан кескин норозилик билдирдик. Бундай воқеаларга қарши кураш олиб борамиз. Ҳозирги кунда бу ишга адвокат тайинлаганмиз. Адвокат бу ишни маҳкамага, Россия судига беришга ҳаракат қилаяпти.

Би-би-си: Мисрдан Яҳёга кўра, Ўзбекистонда мусулмон имомлари ҳукумат махфий хизматларига итоат қилишар экан. У бу масалада Россиядаги вазиятни сўраган.

Нафиуллоҳ Аширов: Йўқ, менимча, бугунги кунда Россияда махфий равишда иш олиб боришга ҳожат йўқ. Чунки, қонун тарафидан, масалан, диний хизмат қилиш, таълим олиш ва масжидлар қуриш ҳеч тарафдан ман қилинмаган. Лекин, баъзи пайтларда, мусулмон ёшлари олиб бораётган ҳаракатлар диний идора олиб бораётган ишларга агарда тўғри келмаса, (уларнинг ўзлари) Россияда ижтимоий ва маданий уюшмалар тузиб, ишлаш ҳаққига эгалар. Бизнинг Россияда, Алҳамдулиллаҳ, у тарафдан катта машаққатлар йўқ.

Би-би-си: Санжар исмли мухлисимиз эса Исломофобияга қарши қандай курашиш мумкинлигини сўраган.

Нафиуллоҳ Аширов: Исломофобияга қарши кураш олиб боришда, энг биринчи навбатда, барчани бизнинг мавжуд қонунларга бўйсундириш керак. Чунки қонун бўйича Россиядаги барча миллатлар, барча дин аҳллари, улар ким бўлишидан қатъий назар - мусулмон бўладими, христиан бўладими ёки яҳудий - барча-барча тенг ҳуқуқли ватандошлар ҳисобланади. Аммо, ҳақиқатга келганда, баъзи бир фашист гуруҳлари бор. Улар бошқа дин, бошқа миллатга мансуб одамларга ўзларининг душманликларини кўрсатиб, калтаклаш ва ё ўлдириш ҳолигача етиб борадилар. Бундай ҳолатларда биз расмий вакиллардан мусулмонлар ва мусулмон бўлмаган халқларнинг тинчлигини ҳимоя қилишни қатъий равишда талаб қиламиз. Биз, албатта, ўз товушимизни кўтарамиз. Нохуш ҳодисалар юз берса, биз четда қараб турмаймиз. Қонунни қўллаш керак, маҳкамани қўллаш керак. Бундай ҳолатларга қарши турли жамиятлар ва халқларни жалб этиш керак. Алҳамдулиллаҳ, вазият унча яхши бўлмаса-да, биз олиб бораётган курашнинг хайрли натижа беришига умидимиз катта.

Би-би-си: Хоразмдан Холис исмли мухлисимиз Россиядаги миллатчилик ва ирқчиликка қарши “мусулмонлар бир партия тузса бўлмасмикан?” – деб сўраган.

Нафиуллоҳ Аширов: Менимча, бундай ҳолатларга қарши партия тузишга унча ҳожат йўқ. Чунки, агар биз бир партия тузиб, бузуқ бир фикрга қарши жамоатчилик билан чиқсак, қонундан фойдаланмасак, мавжуд имкониятлардан фойдаланмасдан ўз-ўзимизни ҳимоя қилишга тушсак, мусулмонлар ва христианлар ўртасида душманлик янада кучайиши мумкин. Менимча, жиноятчиликка қарши курашишнинг энг қисқа, энг тўғри йўли бугунги кунда Россияда мавжуд қонунларга таяниб, маҳкамаларга таяниб ишни олиб боришдир. Ҳамда давлат раҳбарларидан Россияда яшаётган кичик миллатлар ҳимоясини таъминлашни талаб этиш керак.

Би-би-си: Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан Одилжон Маҳдумий: “Масжид меҳробидан дунёвий мақсадларда фойдаланиш учун Исломда рухсат борми?” – деб сўраган.

Нафиуллоҳ Аширов: Албатта, масжидларда дунёвий фойда деб айтсак... Масалаан, имомнинг ойлиги бўлиши керак, мадрасани таъмин этиш керак, камбағал одамларга ёрдам бериш керак. Булар учун масжидларнинг молий имкониятлари бўлиши керак. Шунинг учун масжидларнинг, диний идораларнинг вақфлари бўлиши керак. Вақфлар олган фойдадан мусулмонларнинг диний харажатлари, дин хизмати учун қўлланиш керак. Масжидларнинг вақфи бўлмаса, масжидлар одамлардан келган садақот ва табарруотларгагина яшаса, албатта масжид камбағал бўлади. Бундай ҳолларда мусулмонлар ўзларига вожиб бўлган ишларни адо эта олмайди.

Би-би-си: Канададан Абдуллоҳ сўрапти: -“Нега Ислом дини ва Ислом уламолари танқидга тоқатсизлар?”

Нафиуллоҳ Аширов: Бу ҳамма олимларга тегишли эмас. Мусулмонлар орасида ўзини катта қилиб кўрсатадиган одам, албатта, танқидни қабул қилмайди. Аммо, ҳақиқий, чин ихлосли мусулмон, Аллоҳ Субаҳанаҳу Таолодан қўрққан мусулмон, ўз келажагини, қиёмат кунини кўз олдида тутган мусулмон дуруст танқиддан ўз иймонини сақлаш ва тозалаш учун қўлланади. Танқидга танқид билан жавоб бериш ақл соҳибининг иши эмас, балки мутакаббирликдир. Шунинг учун чин танқидни одам шукр айтиб, раҳмат айтиб қабул этиши керак ва хулқидаги камчиликларни ўзгартириши керак.

Би-би-си: Айни мухлисимиз эътиқод эркинлигидан келиб чиқиб, мусулмон ёки бошқа дин вакили бўлишни истамаслигини ёзган. “Ислом динининг менга нисбатан муносабати қандай бўлади?” – деб сўраган Абдуллоҳ.

Нафиуллоҳ Аширов: Мусулмон бундай одамни кўрганда ҳақиқатни тушунтириши керак. Валекин, тушунтиришда куч ишлатмасдан, яхши сўз билан, ҳикмат билан, фикр билан ул одамнинг қалбига кириб бориш керак. Инсонга бу дунё ҳаёти фақат 70-80 йилгина берилган. Унинг келажаги бу дунёда қандай яшаганига боғлиқ бўлади. Мана шуни англатиб, диннинг аҳаммиятини англатиб, сабр билан у одамни ўз динига чақириш керак. Динига қайтмаган одамдан динсиз фарзандлар пайдо бўлиши, Аллоҳ Таолога қайтган пайтида ул одамнинг аҳволи жуда оғир бўлиши мумкин. Шуни биз англатишимиз керак. Бу бизнинг мусулмонлар олдидаги бурчимиздир.

Би-би-си: Американинг Лос Анжелес шаҳридан Санжар баъзи ўзбек ва татарлар орасида баъзиларнинг Ислом динидан қайтиб Христианликка ўтганига гувоҳ бўлганини ёзган. У бундай ҳолатларга нима сабаб бўлаётганини сўраган.

Нафиуллоҳ Аширов: Бундай ҳолатларнинг юз беришига бир сабаб - мусулмонлар орасида дин тўғрисида тўғри ишни олиб борилмаётгани. Баъзи бир имомларимиз фақат диний маросимларга эътибор бериб, халқ билан, оддий мусулмонлар билан ишлашни четга суриб қўядилар. Фақат ўзи намоз ўқиб, фақат ўзи Қуръон ўқиб, Ислом дини лаззатидан фақат ўзи фойдаланиб яшаш мумкин эмас. Бошқа одамларга ҳам шул тўғри йўлни англатиш керак. Исломга чақириш ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарздир. Акс ҳолда баъзи бир қардошларимиз даъватсиз қолиб, Аллоҳ ҳақида бир сўз эшитмасдан, Қуръон ҳақида бир сўз эшитмасдан, Ислом динининг ҳақлиги ҳақида бир сўз эшитмасдан четга чиқиб кетишлари мумкин. Биз бундай одамларга кўп эътибор қаратиб, улар билан иш олиб боришимиз керак.

Би-би-си: Ва ниҳоят Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятидан Иброҳимжон сизнинг Марказий Осиёда таниқли дин арбоби Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга бўлган муносабатингизни сўрапти.

Нафиуллоҳ Аширов: Мошаллоҳ. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бизнинг ҳам устозимиз. Биз ҳали мадрасада ўқиган пайтимизда, бизга дарслар берар эдилар. Бугунги кунда, Алҳамдулиллаҳ, Ўзбекистон шароитига қараб, кўплаб мусулмонларга хизмат қилмоқдалар. Улар ёзган китоблардан бугунги кунда анча одамлар таълим олиб турибди. Шароитни эътиборга оладиган бўлсак, улар мусулмонларнинг виждони бўлиб, шайхи бўлиб катта хизматлар кўрсатмоқдалар, Алҳамдулиллаҳ. Биз уларни жуда ҳурмат қиламиз.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Санобар ШерматоваСанобар Шерматова:
"Набираларимиз даврида Ўзбекистон балки ўнгланар..."
Майкл АндерсенБи-би-си меҳмони
Андижон ҳақидаги филм муаллифи Майкл Андерсен
Нодира АлиеваНодира Алиева
Крейг Мюррей, ҳаё, ўзбекчилик ва ҳўкизлар ипи ҳақида...
Тоҳир МаликБи-би-си меҳмони
Ёзувчи Тоҳир Малик саволларга жавоб қайтарди
Ёзувчи БибишБибиш хоним
машҳур 'Хивалик раққоса'нинг ўтмиши ва бугуни ҳақида
Хайрулла ИсматтулаевБи-би-си меҳмони
Олим Хайрулла Исматуллаев жавоблари
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy