|
Би-би-си меҳмони - Девид ва Сю Ричардсонлар | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Дейвид ва Сюнинг айтишларича, қорақалпоқлар тарихи ва бугунги ҳаётидан Ғарб деярли бехабардир. Охирги 70 йил давомида ҳудуд Россия ва бошқа шўро тадқиқодчилари учун қизғин археологик қидирувлар майдони бўлган. Бироқ, Девид ва Сюнинг ёзишича, Америка ва Оврўпода қорақалпоқларнинг келиб чиқиши ва маданияти борасида бефарқлик кенг тарқалган. Қорақалпоғистоннинг осори-атиқалари кўпинча бошқа халқларга мос дея тақдим этилади, дейди улар. Девид ва Сю тарихчи ё этнограф бўлиш йўлида таълим олишмаган, аммо Девид физик олим, Сю эса савдо соҳасидан нафақага чиқишгач, ўз вақтларини Қорақалпоғистон ва Хоразм воҳасини ўрганишга тўла бағишлаганлар. Уларга кўра, интернет қорақалпоқлар ва уларнинг ватани тўғрисида нотўғри маълумотга тўла. Девид ва Сюнинг тадқиқоти Қоралпоғистонга қилган сафарлари, ҳар бир соҳа бўйича турли маҳаллий мутаҳассислар билан бўлган суҳбатларига асосланади.
Пахта ва газдан олинувчи иқтисодий даромад Тошкент қўлига тушади, ҳеч қандай мухолифатга эркинлик йўқ, маҳаллий телевидение ва рўзномалар эса ҳеч қандай сиёсий таҳлил ё баҳс учун саҳна эмас, дейди улар. Ўтмишдаги ва бугунги экологик муаммоларига қарамай, муваффақиятли қишлоқ хўжалигига эга бўлиши мумкин бўлган Қорақалпоғистонда деярли феодал иқтисоди ҳукм сурмоқда, дейди тадқиқотчилар. Улар, шунингдек, кўп қорақалпоқлар ўзбек сиёсатчиларининг бефарқлиги, босими ва ёмон муносабатига учраётганидан гапиришини айтишади. Тошкентга келган қорақалпоқ агар осонроқ турмуш кўрмоқчи бўлса, ўз этник келиб чиқишини сир тутгани маъқул экан. Тадқиқотчиларга кўра, шўро тизими қулаши ортидан юзага келган Халқ Мапи бўлгинчи ҳаракатини Президент Каримов йўқ қилганидан бери, Қорақалпоғистонда ташкиллашган муҳолифат йўқ. Девид ва Сю Ричардсонлар тингловчиларимиз саволларига жавоб беришди. Би-би-си: Илк савол ўзини Girl деб атаган тингловчимиздан, у нима учун тадқиқот олиб бориш учун айнан Қорақалпоғистонни танладингиз, ва тадқиқот жараёнида сизлар учун қандай мураккаб тўсиқлар бўлди, деб сўраган. Сю: Тадқиқотимизга сабаб шуки, биз илк бора у ерга 1996 йилда англиялик тўқимачилик бўйича эксперт Шийла Пейн билан боргандик. Биз Марказий Осиё каштачилигини ўрганувчи турга қўшилгандик. Биз Пейн ҳоним билан 1999 йилда яна қайтиб бордик ва қорақалпоқларнинг маданияти, ҳунарларини севиб қолдик. Уйга қайтганимизда, бу ҳақида кўпроқ билишга уринганимизда, инглиз тилида маълумот топиш жуда қийин бўлди. Ва биз ўзимиз кўпроқ билим тўплаш учун рус ва француз тилларидаги мақолаларни таржима қилишга кўп вақт кетказдик. Шундан сўнг биз ҳар йили бир ойга Қорақалпоғистонга сафар қилишни бошладик, Амударё ҳавзаси бўйлаб сафар қилиб, маҳаллий ҳунармандлар билан суҳбатлашдик, Нукусдаги икки асосий музей ва Фанлар академияси билан яхши алоқалар ўрнатдик. Ўзимиз олган суратларимиз ва йиққан маълумот асосида сўнгра қорақалпоғистонга қизиққан бошқа одамлар учун интернетда саҳифа яратдик. Асосий қийинчилик ва тўсиқ инглиз тилида маълумот камлиги бўлди. Би-би-си: Қозоғистондан Жоанна Лиллис сўрабди: Яқинда биз қорақалпоқ мустақиллиги учун чақириқларни эшитдик. Улар қанчалик кенг тарқалган? Оддий одамлар Ўзбекистондан ажралиб чиқишни истайдиларми? Девид: Ҳа, менимча, бу мавзу кўтарилаётганига сабаб интернетда ўзини Ерназар Қўнират деб атаган киши чоп этган баёнот бўлди. У Озод Қорақалпоғистон Тикланиш Партиясига вакил эканини айтади. Биз бу киши ёки унинг ташкилоти ҳақида аввал ҳеч нима эшитмаганмиз. Бу исм тахаллус бўлса керак, чунки Ерназар Қўнират 1855 йилда ўзбекларга қарши муваффақиятсиз бўлган қорақалпоқ кўтарилишига бошчилик қилган тарихий одамнинг исми. Баъзи қорақалпоқлар мустақил бўлишни исташига шубҳа йўқ. Шу йил бошида қорақалпоғистоннинг таниқли журналист очиқчасига мустақиллик ғоясини қўллаб-қувватлаши ва кўп ёшлар унинг фикрига қўшилишини айтди. Бу киши икки ҳафтача аввал ҳибсга олинди. Аммо, бу қарашлар нақадар кенг тарқалганини айтиш деярли имконсиз, чунки у ерда на оммавий фикр сўровлари, на демократик сайлов, ё на очиқча баҳс имконияти бор. Биз айта олишимиз мумкин бўлгани шуки, йиллар оша у ерга сафар қилар эканмиз, кўп қорақалпоқлар бизга ўзбек режимини ёқтирмасликларини билдиришди, бироқ биронтаси ҳам Қорақалпоғистон мустақил бўлиши кераклигини айтмади. Қизиғи шуки, айниқса шўро даврини бошдан кечирганлар, аксинча, ҳудуд Совет Иттифоқининг бир қисми бўлган даврга меҳр билан қарашади. Ҳозирча биз келган ҳулоса шуки, мустақиллик учун чақириқларни Қорақалпоғистонда фақат озчилик қўллаб-қувватлайди, интернетдаги кампания эса фақат бир кишининг қилаётган иши бўлиши мумкин. Би-би-си: Яна бир ўхшаш савол Туркиядан, Сардорбекдан: Сизнингча Қорақалпоғистон мустақил бўлиши керакми? Сиз ўз тадқиқотингиз билан қорақалпоқларга ўзбеклардан фарқли халқ эканини уқтирмоқчимисиз ва алал-оқибат уларнинг мустақиллик курашига мафкуравий дастак бермоқчимисиз? Девид: Биз урғулашни истаган жуда муҳим нарса шуки, биз мустақил тадқиқотчилармиз. Биз журналист ё сиёсий шарҳловчилар ҳам эмасмиз. Биз қандайдир маълум қараш тарафдори эмасмиз. Қорақалпоқлар мустақил бўлиши керакми ё йўқлиги борасидаги савол, фикримизда, у ерда яшаётган фуқароларнинг иши. Бизга бу ҳудуд мустақил ё мустақил эмаслигининг умуман фарқи йўқ. Аммо бошқа тарафдан, Қорақалпоғистон мустақил бўлмаслиги учун қандайдир фундаментал сабаб бормикан? Менимча, йўқ. У ўта йирик ҳудуд, Англиядан 25 фоиз каттароқ, у Олмония ҳудудининг ярмига тенг. Ҳа, унинг аксар қисми қумликдан иборат, аммо бу қумликда йирик газ заҳиралар бор. Ҳудуд аҳолиси кўп эмас, 1 ярим миллиондан кўпроқ. Бироқ, жаҳонда аҳолиси кам бўлган мамлакатлар кўп, масалан Қувайт аҳолиси фақат икки ярим миллион, Экваториал Гвинеянинг аҳолиси эса ярим миллионга тенг. Қорақалпоғистон учун мустақил бўлиш осон бўладими, бу алоҳида масала. У ҳеч қачон мустақил давлат бўлмаган. Уни шўро планчилари 1920-йилларда Қозоғистоннинг бир вилояти сифатида чизиб чиққан. Унда на ўзини бошқариш тажрибаси, на технологик ё саноат заҳиралари, на молиявий заҳираси ё на мудофаа кучи бор. Унинг елкасида эса йирик табиий муаммолар турибди. Би-би-си: Ўшдан Одилжон Махдумий савол берган: Сизлар қорақалпоқ халқи Ўзбекистондан ўз мустақиллигини талаб қилиб ажраб чиқишига ишонасизми? Девид: У қачондир мустақил бўлиши мумкинми деган саволга жавоб шуки, "Йўқ, бу мумкин эмас". Тошкент, айниқса яқинда топилган газ заҳиралари ҳисобга олинса, қачондир ўзининг энг йирик вилояти ажралиб чиқишига йўл қўйишини тасаввур этиб бўлмайди. Эсда тутиш керакки, Қорақалпоғистонда қорақалпоқлардан ўзбекларнинг сони кўпроқ. Би-би-си: Ўзбекистондан Сарбон сўрабди: Агар сир бўлмаса, тадқиқотингиз учун қайси фонддан грант ва буюртма оласиз. Қорақалпоқлар масаласини кўтариб, Ғарбга бўйсунмаётган Ўзбекистонни бўйсундиришми? Сю: Биз мутлақо мустақил тадқиқотчилар эканимизни урғулаш муҳим деб биламан. Қорақалпоғистонга сафарларимизни тўлалигича Девиднинг нафақасидан ва иккимизнинг сақлай олган пулимиздан молиялаймиз. Бу фаолият биз учун муҳаббатга асосланган бир меҳнат. Уйимизда бир алоҳида хона ажратиб, уни Қорақалпоғистон суратлари ва китоблари билан тўлдирганмиз, ҳар куни кўп соатлаб у ерда ишлаймиз. Аввал айтганимдек, аввало биз у ерга ҳунармандлик ва маданият билан танишиш учун боргандик ва интернетдаги саҳифани ҳам шу соҳаларни ёритиш учун очгандик. Бироқ, тезда тушуниб етдикки, бу фаолиятни бир контекстга солишимиз керак эди, ва биз қорақалпоқлар тарихи ва бугунини ҳам ёрита бошладик, ва ўлка борасида тўлароқ манзарани яратишга уриндик. Бизда умуман бошқа сабаблар бўлмаган. Тингловчиларга қизиқ бўлса керак, веб саҳимизнинг энг кўп одамлар кўрадиган қисми бу қорақалпоқ ўтовлари ҳақида. Бизнинг веб саҳифамизга кирадиган одамларнинг 20 фоизи ўтовлар учун киришади. Би-би-си: Ўзини Пак Женя деб атаган тингловчи қорақалпоқлар асосан қандай соҳаларда ишлаши ҳақида сўраган. Девид: Қорақалпоғистон асосан қишлоқ хўжалигига асосланган ҳудуд. У пахта, буғдой ва гуруч етказиши билан танилган. Саноат кам, бор саноат ҳам шўро тизими қулаганда барбод бўлган. У ерда масалан мармар саноати бор, ёки мана туз ва оҳакни қайта ишловчи корхона яқинда очилди. Аммо муаммолардан бири шуки, ишсизлик даражаси жуда юқори. Чегара Билмас Шифокорларга кўра, Қорақалпоғистонда 70 фоиз аҳолининг ё малакасига яраша иши йўқ, ё умуман иши йўқ. Ўлка бўйлаб сафар қиларкансиз, ҳеч қандай иш қилмай ўтирган кўп эркакларни кўрасиз. Бошқа муаммо шуки, иш етишмаслиги туфайли, кўп қорақалпоқ эркаклар иш излаб Қозоғистонга кетишади. Би-би-си: Шу тингловчимиз яна бир савол йўллаган: Қорақалпоғистонда туғилаётган болаларнинг саломатлиги қандай? Девид: Саломатлик умуман йирик масала у ерда. Бир ҳисоботга кўра, Қорақалпоғистонда туғилган ҳар 20 гўдакдан бирида қандайдир ногиронлик бўлади. Оналар ва ҳомиладорлик ҳам кўп муаммоларга учраган. Энг йирик муаммо камқонлик ва тўйиб овқатланмаслик, ундан ташқари буйрак ва буқоқ касалликлари кенг тарқалган. Бунинг кўпчилигига сабаблар совет давридаги пахтачиликка бориб тақалади, унда кимёвий ўғитлар ўта кўп ишлатилган. Комбайнлар самарали ишлаши учун пахтага ўта зарарли кимёвий моддалар сепилган, ҳудди шу каби моддаларни америкаликлар вьетнамликларга қарши қўллашганди. Улар таркибида диоксинлар, яъни инсоният билган энг ҳалокатли кимёвий моддалардан бири бўлган, унинг бир нечта молекуласи инсонда саратон пайдо бўлишига олиб келади. Бу моддалар ўтмишдан Қорақалпоғистонда қолган ва уларни ер таркибидан йўқолиши учун кўп йиллар керак бўлади. Би-би-си: Розалин исмли тинловчимиз Орол денгизини асраш учун қилинган ҳаракатлар иш бермаётганини айтиб, сиз бў йўлда яна нималар қилиниши кераклигини ўйлашингизни билмоқчи экан. Девид: Тўғрисини айтсам, бизни ҳайратга соладигани шуки, Орол инқирози ҳақида шунчалар кўп тадқиқот ва мақолалар ёзилган, аммо у ерга борсангиз, бунинг нақадар кам қисми амалда тадбиқ қилинганига гувох бўласиз. Маҳаллий одамлар ҳазиллашиб, маслаҳат бериш учун келган ҳар бир киши ўзи билан бир челак сув олиб келса, Орол денгизи тўлган бўларди, дея кулишади. Бироқ, Орол денгизининг келажаги йўқ. Уни қайта тирилтиришнинг умуман иложи йўқ. Уни тирилтиришнинг ягона йўли, Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистоннинг самарасиз суғориш тизимини тўхтатиб қўйишдир. Бу эса ҳеч қачон амалга оширилмайди. Орол денгизи учун қилиниши мумкин бўлган барча саъй-ҳаракатлар қилиниб бўлинди. Қорақалпоғистонда Амударёга тўғон қурилиб, Оролга қуйилиш йўлини тўсишган, сув эса ҳавога буғланиб кетади. Оролнинг жанубий қирғоқларида сунъий кўллар яратишган, ана шу кўллар қурғоқчилик даврида сув олиш учун ва балиқчилик учун яратилган. Қозоғистонда эса кичик Орол денгизининг Орол ҳавзасига оқиб чиқишига тўсиқ қўйишган. Буни қумдан қурилган тўғон билан қилишди ва энди келажакда Жаҳон Банки доимий тўғон қуришга пул берар деб умид қилишаяпти. Ага бу амалга ошса, балки кичик Орол денгизи ўз ҳолига қайтар ва шу ҳудуд учун яхши балиқчилик саноатига айланар. Бироқ, 1960-йиллардаги Катта Орол денгиз йўқолиб бўлган, ва кўп асрлар ҳали қайтмаса керак. Би-би-си: Ўзини Girl деб атаган тингловчимизнинг яна бир саволига қайтсак: Қорақалпоғистондаги мавжуд вазиятни ўзгартириш йўлида қандай тавсия берасиз, деб сўраган, у, менимча, иқтисодий вазиятни назарда тутаяпти. Девид: Бу анча мураккаб савол. Минтақадаги муаммонинг бир қисми шуки, тизим тадбиркорликка қарши ва ўта бюрократик. Коррупция жуда кўп. Бизнинг фикримизда, экологик муаммоларга қарамай, бу ҳудуд яхши қишлоқ хўжалигига эга бўлиши мумкин, унда экин учун яхши ерлар кўп, бироқ қишлоқ хўжалиги ортга қараб кетаяпти. Советлар остида колхозлар амал қилиб, асбоб-ускуна, экин етарли бўлган. Қорақалпоқлар сўнгра колхоз русумидаги ҳусусий фермалар барпо қилишга уринишди, бироқ бу иш бермади, ва энди эса уларни кичик фермаларга бўлиб ташлашаяпти, кичик фермаларда эса ер ва асбоб-ускунага сармоя киритиш учун заҳиралар етарли эмас. Биз ўтган октябрь ойида у ерда эдик. Пахтанинг деярли барчаси қўлда терилмоқда. Совет даврида эса буни комбайнлар қиларди. Яъни, айтмоқчиманки, вазият ортга қараб кетмоқда ва йирик иқтисодий ислоҳотларсиз яхши ўзгариш бўлмаса керак. |
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||