Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 14 Июл, 2008 - Published 19:26 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Би-би-си меҳмони - таниқли ёзувчи Темур Пўлатовга савол беринг
Темур Пўлатов(Ислам.ру интернет саҳифаси сурати)
Темур Пўлатов асарлари дунёдаги кўплаб тилларга таржима қилинган
Би-би-си меҳмони - таниқли ўзбек, рус ёзувчиси Темур Пўлатов.

Темур Пўлатов 1939 йилда Бухорода туғилган.

1963 йилда Бухорода Педагогика институтини битирган.

1967 йилда Москвадаги Сценаристлар ва режиссёрлар олий курсини якунлаган.

"Ўзбекфильм" киностудиясида бош муҳаррир вазифасида ишлаган.

Темур Пўлатов 1991 йил сентябрида СССР Ёзувчилар Уюшмаси бош котиби этиб сайланган.

Шўролар Иттифоқи тарқалганидан сўнг у Россия ва МДҲ мамлакатлари ёзувчилар уюшмалари Халқаро ҳамжамиятига раҳбарлик қилган.

1991 йилдан буён Москвада истиқомат қилади.

Темур Пўлатовнинг дастлабки қиссаси 1964 йилда чоп этилган.

Адибнинг "Бўлак манзилгоҳлар", "Душан қайсарнинг кўрган-кечирганлари", "Бухоро хонадонининг кечмишлари", "Мулк", "Кунда-шунда", "Ғойибнинг иккинчи сафари", "Етти ҳузур-ҳаловат ва қирқ қайғу-алам", "Тарозий тошбақаси", "Сузаётган Овроосиё" сингари асарлари адабиёт ихлосмандлари кўнглидан жой олган.

Москвада чоп этилган "Темур Пўлатов насрининг мифопоэтикаси" китобида жумладан шундай дейилади: "Пўлатовнинг қаҳрамони мавжудликнинг асосий саволларига жавоб излаб доимо саргардонлик Йўлида. Уйсиз, оиласиз, саҳрода, шаҳар оломони орасида, денгизда, барча кундалик фаровонликдан воз кечган ҳолда у ўзи ва дунё орасидаги уйғунликни қидиради".

Темур Пўлатов асарлари араб, булғор, гуржи, инглиз, корейс, можар, монгол, олмон, поляк, серб, словак, урду, француз, форс, хитой, чех, япон тилларига таржима қилинган.


Таниқли ёзувчи Темур Пўлатовнинг саволларга жавоблари

Мmalkolm muhammad, Dubay, UAE: Assalom Alaykum. Hozir O'zbekistonda yozuvchilarning ahvoli qanaqa? Yashash uchun kurashmi, yoki ijod qilishmi? Javob uchun oldindan rahmat.

Темур Пўлатов: Ёзувчининг аҳволи ўзига хос. Масалан, талантли ёзувчилар ҳозир ҳам ижод қилаяпти. Бу ҳамма даврда ҳам бўлган. Совет даврида ҳам бўлган. Талантли ёзувчи бўлса, ижод қилади, катта-катта асарлар ёзади. Таланти бўлмаган, ўзини ёзувчи деб юрганлари ҳар хил нарсаларни ёзади, одамларнинг хотираларини ёзади. Ҳамма ёзувчига бир қолип билан қараб бўлмайди. Мен биламанки, катта-катта ёзувчилар ҳозир ҳам ижод қилаяптилар, ўртамиёна ёзувчилар ҳар хил ҳаракат қилиб, кунини кўраяпти. Бу аҳвол ҳамма жойда бир экан, мана Россияда ҳам шунақа. Россияда ҳам талантли ёзувчилар китоб босиш, китоб чиқариш қийин бўлса ҳам ўзларининг ишларини қилаяптилар. Китоби бир йилдан кейин эмас, 10 йилдан кейин чиқишини билсалар ҳам ижод қилаяптилар.

Би-би-си: Сиз яратган қаҳрамонлар образлари ҳақида шундай савол келган: образга Тарозий деб ном қўйишингизга нима сабаб бўлган? Нега айнан Тарозий? Кейинги савол: Сиз яратган қаҳрамон Душаннинг ота-онаси миллати ўртасидаги тафовут. Ота тожик, она ўзбеклиги билан нима демоқчи бўлгансиз?

Темур Пўлатов: Тарозий - туркий халқлардаги бир исм. Тарозий катта олим бўлган. Ҳаётнинг маъносини, мантиғини қидириб юрадиган одам бўлган у. Унинг номи тагида бошқа маъно йўқ. Иккинчи масала - Душаннинг ойиси ҳақиқатан тожик бўлган, дадаси ўзбек бўлган. Энди биз биламиз-ку, Ўзбекистонда, Тожикистонда бунақа оилалар кўп. Душан кўчада болалар билан ўзбек тилида гаплашади, уйда эса тожикча. Унга бувиси айтади: иккита тилни яхши ўрган, ким икки тилни яхши билса, икки қанотли одам бўлади, деган. Кейин у ижодкор бўлиб, мана шу икки тилда бир-бирига мос бўлган сўзларни топган. Лекин унинг тагида нима бор, деб эътибор бериш керак эмас. Ҳаётда кўп оилаларда бўлган воқеа бу.

Би-би-си: "Муштарий" шундай савол берипти: Мен болалигимда адабиёт қандай бўлиши керак, социалистик реализм адабиёти қандай бўлади, дея мактабда таҳсил олиб, асарда ижобий ва салбий қаҳрамон бўлиши керак, деган руҳда тарбияланиб, ўзбек ва рус ёзувчилари асарларини ўқиб, адабиёт ҳақида дастлабки тасаввурлар пайдо бўлаётган йилларимда Сизнинг "Мулк" қиссангизни ўқиб ҳайрон қолганман.
Буткул қуп-қуруқ Бухоро атрофидаги саҳро. Асарда бирорта инсон йўқ. Ўшанда инсон образисиз ҳам кучли бадиий асар ёзиш мумкинлигини тушунганман. "Мулк" асарингизни ёзишга нима туртки бўлган?

Темур Пўлатов: Совет даврида адабиётшунослар, партия ходимлари ёзувчилар, умуман ижодкорларга социалистик реализм методи билан ижод қилинглар, деб буйруқ берар эди. Лекин мен коммунист бўлмаганман, КГБ аъзоси ҳам бўлмаганман. Мен ана шуларни ўйламасдан ижод қилар эдим. Шунинг учун асарларим 10 йил-15 йил чиқмаган. Лекин совет даврида ҳам ҳар хил муҳаррирлар бўлган. Ўша йиллари "Дружба Народов" журналининг бош редактори Сергей Баруздин деган ажобий ёзувчи эди, раҳматли. "Мулк" асаримни "Дружба Народов" журналига олиб бордим. Унда Смирнов деган ғирт коммунист журналга муҳаррир эди. У менга деди: "нима ёздингиз? Бошқа тема йўқмиди? Мана уруш пайтида қанча завод-фабрикалар Ўзбекистонга борган. Рус халқи сизларга қанча йўл очди. Ана шуларни ёзмайсизми", деб менга бақирган. Аммо бу пайтда, у ҳам раҳматли, Лукашевич деган муҳаррир бор эди. У ҳамма гапларни эшитиб ўтирди-да, кейин мен билан бирга кабинетдан чиққандан кейин деди: "Сиз асарингизни олиб кетманг! Яқинда журналга Баруздин деган бошқа муҳаррир келади. Мен уни жуда яхши биламан. Унинг адабиётга қараши кенг". Кейин бир кун чақириб у "Сизга ҳужум ҳам бўлиши мумкин. Бу қушнинг образи остида нима бор? Бирор одам борми? Ёмон одамми ё коммунист, большевик борми? Мана у бошқа қушлар билан жанг қилади. Мана шуларни адабиётшунослар тушунмаса, сизга ҳужум бўлади", деди. "Лекин бу баъзи одамларга ёқади. Бу адабиётимизда янги нарса", деб айтди. Асар нашр қилинганидан кейин катта баҳс бўлди. "Дашт-чўл, ҳайвонларнинг тагида нима бор?", деб сўрашди.
Мен бу қуш, бургутни озодлик тимсоли сифатида кўрганман. Мен ўзимнинг ичимда озодликни талаб қилиб, асаримда шуни назарда тутганман. Лекин буни адабиётшунослар оғзаки айтишди-ю, ҳеч ким ёзмади. "Сиз буни озодликни назарда тутиб ёзгансиз, лекин биз буни ёзсак, сизни қамаб қўйишади", деб айтишган.

Би-би-си: Кейинги савол. Сизга ёзувчи сифатида Россияда яшаб ижод этишнинг қандай устун томони бор? Масалан, нега Ўзбекистонда қолиб ижод қилмагансиз?

Темур Пўлатов: Мен асосий асарларимни Ўзбекистонда ёзганман, Бухорода ва Тошкентда. Тақдир шунақа эканки, бошида мени СССР Ёзувчилар уюшмасининг раиси этиб ёзувчилар сайлади, кейин у МДҲнинг ёзувчилар уюшмаси бўлиб қолди. Тақдир шунақа экан, одам ўзининг тақдирини билмайди. Раҳматли Чингиз Айтматов, Ўлжас Сулаймонов ўша пайтда Москвада эдилар, СССР депутатлари эдилар. Улар, Одил ака Ёқубов ва бошқалар келиб айтишди - "Сиз Москвада қолинг, жиндаккина ишлаб беринг! Сизнинг номзодингизни Ёзувчилар уюшмаси раислигига қўямиз". Бошида мен розилик бермадим. Мен айтдим: "мен умр бўйи ижод қилиб юрган одамман. Амалдор бўлишни ҳавас қилмаганман".
Ижодкорнинг Ватани - унинг она юрти унинг дилида бўлади. Масалан, бизнинг улуғ шоирларимиз Алишер Навоий, Фузулий, Жомий, Умар Ҳайём ҳам бир жойда туриб, ўзининг ватанидан бошқа мамлакатларга бориб, бошқа мамлакатларни кўриб, ажойиб асарлар ёзиб, ижод қилганлар. Уларнинг баъзилари ўзлари қайтиб келмасалар ҳам, асарлари ватанига қайтиб келган.

Би-би-си: Ўзбекистондан юборилган саволлардан бирида "Бўлак манзилгоҳлар" асарингиз учун совет матбуотида сизга ҳужумлар бўлгани ҳақида ёзилган. Ушбу ҳужумлар сизнинг ҳаётингизга, ижодингизга қандай таъсир қилди?

Темур Пўлатов: "Бўлак манзилгоҳлар" - "Прочие населённые пункты" қиссасини мен 1968 йилда ёзиб, яна ўша "Дружба Народов" журналида чоп қилганман. Бунда ҳам Бош муҳаррир Сергей Баруздин менга катта ёрдам бериб, асарни чоп қилишга йўл очган. У пайтда ёш ёзувчи эдим. Кейин Москвага келиб, Сергей Баруздин билан гаплашдим. У "сен катта жанжални бошладинг", деди. "Мени ЦКнинг бўлими раҳбари чақириб, роса уришди, сўкди. Сени ишдан бўшатамиз, деди". "Сен нима учун бундай асарни чоп қилдинг? Буни тушунмадингми, ўқимадингми ё маст эдингми, деб мени уришди". "Мен айтдимки, хўп, майли нима бўлса ҳам у ёш ёзувчи. У бу асарни пок дили билан ёзган. У душман эмас-ку".
"Прочие населённые пункты" асарини ёзишда менга дадамнинг тарихи катта таъсир қилган. Менинг дадам инқилобчи эди. Босмачилар билан дангал уришган. Кейин келиб-келиб, на пенсия олди, на бошқа нарса. Касал бўлиб ётади. Менга бир кун айтди дадам: "мен нима учун уруш қилган эдим? Бу қандай давр? Мана шу замонни биз ҳимоя қилган эдик-ку. Энди ҳозир нимага келдик, деди". Мана шу гапни айтганидан кейин худди менинг юрагимга пичоқ ургандек, юрагим қон бўлиб, дадам айтган гапларини ўйлаб-ўйлаб юрдим анча.
Агар одамларни давлат шундай қашшоқ, паст қилиб юрса, демак ўша давлат ўлади, деган фикрга келганман.
Ҳозир ҳам шунақа ҳолатлар бор. Ҳозир XXI асрда тарихни оддий деҳқон билан оддий ишчи қилмайди. У совет пропагандасининг гапи. Лекин XXI асрда мустақил давлат бой бўлиши, шу дунёнинг биринчи қатор мамлакатлари билан тенг бўлиши учун у энг ақлли, энг талантли одамларни йиғиб, ишга солиб, уларга яхши-яхши имконият берса ўшалар мамлакатни илғорлар қаторига олиб боради.

Би-би-си: Сизга келган саволлардан яна бири - Ислом ва насронийлар орасидаги зиддият ҳақида нима деб ўйлайсиз?

Темур Пўлатов: Бу муаммоларнинг ўз дирижёрлари бор. Христиан билан мусулмонлар бир руҳдан, бир булоқдан, бир ердан чиққан. Христиан билан мусулмонларнинг пайғамбарлари ҳам бир. Ҳозирги технологик давр динларни ҳар томонга олиб бориб, бир-бирига уриб, қарама-қарши қўйяпти. Ижодкорлар, файласуфлар ва бошқа донишманд одамлар сиёсатчилар нима иш қилаётган бўлсалар, ана ўшаларнинг мағзини топиб христиан ва мусулмонларга кўрсатишлари керак. Яъники, бу нотўғри йўл эканини кўрсатиб беришлари керак. Ҳозир диалог бўлиши жуда қийин. Мана пайғамбаримизни карикатура қилдилар. Бошқа ёмон ишлар қилаяптилар, фильмлар қилишаяпти. Бунга жавобан эса мусулмонлар христианларни кофир дейди. Икки диннинг орасида ҳозир катта ишончсизлик девори пайдо бўлган. Ҳозир биринчиси - ўша деворни олиш керак. Олгандан кейин далани тозалаш керак.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Алишер ИлҳомовБи-би-си меҳмони
Алишер Илҳомовнинг мухлисларимиз билан мулоқоти
Робия ҚодирБи-би-си меҳмони
Робия Қодир: 'мен халқимнинг кўзёшига айландим'
Васила ИноятоваВасила Иноятова:
"Йўқотишлар учун халқ эмас, мухолифатчию сиёсатчилар айбдор"
David and Sue RichardsonРичардсонлар
Қорақалпоғистон мустақиллиги, Орол ва ўтовлар ҳақида
Лутфулло ШамсуддиновЛ. Шамсуддинов
Андижон исёни сабаби, қуроллилар ва ўт очиш ҳақида
Сафар БекжонСафар Бекжон:
Ишни адолатни тиклашдан бошлаган бўлардик...
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy