Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 22 Июл, 2008 - Published 14:49 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
ОИ: Ўзбекистон мавзуси четлаб ўтилмоқда
Брюсселдаги Оврўпо Иттифоқи кенгаши
Брюсселдаги расмийлар кун тартибида Ўзбекистон масаласи йўқлигини айтишган
Брюсселда ўтаётган Оврўпо Иттифоқига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг учрашуви Ўзбекистонга қарши жазо чоралари мавзусини кун тартибидан тушириб қолдирган.

Оврўпо Иттифоқи кенгаши апрел ойида ўтказган мажлисида 2005 йил Андижон хунрезлигидан сўнг Ўзбек расмийларига қарши виза тақиқловини тўхтатиб туришга, аммо қурол-яроғ савдосига тегишли эмбаргони сақлаб қолишга қарор қилганди.

Иттифоқнинг учрашув ортидан эълон қилган баёнотида Ўзбекистонга қарши мазкур чоралар уч ойдан сўнг қайта кўриб чиқилиши айтилган.

Бироқ уч ой ўтиб, мажлис Ўзбекистон мавзусини умуман кўтармаяпти.

Оврўпо Иттифоқи кенгаши ҳамда ташқи ишлар идораси бу борада изоҳ беришмади.

Хўш нима учун Ўзбекистон кун тартибидан тушириб қолдирилмоқда?

Би-би-си ушбу савол билан Халқаро Инқироз гурухи директори Эндрю Стролайнга мурожаат қилди.

Эндрю Стролайн: Оврўпо Иттифоқи кенгаши апрел ойида чиқарган хулосасида аниқ-таниқ айтганди - уч ойдан сўнг жазо чораларини қайта кўриб чиқамиз деб. Буни мантиқан таҳлил қилган ҳар бир одам кенгаш бу чораларни уч ойдан сўнг, яъни мана бугун - июл ойи охирроғида бўлиб ўтаётган учрашувда муҳокама қилади деб тушунади. Нима учун ўзбек мавзусини айланиб ўтишмоқда, мен тушунолмаяпман. Балки улар ўзлари учун уятли бўлган мавзуни тушириб қолдириш учун тил ўйини қилишмоқда, яъни уч ойдан сўнг муҳокама қиламиз дейиш билан, уч ойдан сўнг хоҳлаган вақтимизда муҳокама қиламиз, дея ишора беришмоқчи бўлишгандир, билмадим.

Би-би-си: Ўзбекистон бугунги кун тартибидан тушириб қолдирилгани Ўзбекистонга қарши чоралар мавзуси энди мухим эмаслиги, Оврўпо бу борада сўзлашиш истаги йўқлигига ишорами?

Эндрю Стролайн: Менимча, Оврўпо Иттифоқи кенгашида Ўзбекистон борасида икки хил қараш бор. Масалан Олмония бу чораларни имконқадар тезроқ бекор қилинишини истайди, улар агар иложи бўлса аввалроқ бу чораларни бекор қилган бўлишарди. Бошқа томондан эса, бир гуруҳ давлатлар Олмония истагини рад этиб келишаётганди, бироқ ҳозирга келиб ўзбек мавзуси борасида шовқин кўтаришнинг улар учун қизиғи қолмаган. Бу жуда ҳам афсусланарли ҳол, чунки Оврўпо Иттифоқи 2005 йил Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистонга қарши чора кўрган илк ташкилот эди ва ҳаммадан фаолроқ амал қилаётганди. Масалан, америкаликлар Тошкентга қарши ҳеч қандай чора кўришмади. Оврўпо Иттифоқи энди бу чораларнинг ўз-ўзидан йўқолиб кетишига йўл қўйиб бераяпти.

Би-би-си: Аммо балки бу Ўзбекистон билан алоқалар яхшиланганига ишорадир? Сиз қандай баҳолайсиз Оврўпо Иттифоқи ва Ўзбекистон орасидаги ҳозирги алоқаларни?

Эндрю Стролайн: Бирор ижобий ўзгариш бўлди, деб ўйламайман. Оврўпо Иттифоқида Ўзбекистон ҳукуматини Андижон қирғини учун кечириш ҳисси мавжуд. Ўзаро учрашувлар сони кўпайган, масалан Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел январ ойида Ўзбекистонга борди ва мутлақо сохта президентлик сайлови ортидан сайланган Ислом Каримов билан учрашди. Ундан сўнг ҳам учрашувлар бўлди, лекин алоқалар илиқлашди ва юқорироқ поғонага чиқди, деб айтолмайман. Агар илиқлашишга ишора бўлганда ҳам Ўзбек тарафи уни суистеъмол қилади, масалан ўтган ой расмий Тошкент халқаро матбуот анжуманини ўтказиш мажбуриятини бажармай, Оврўпо кенгашини уялтириб қўйди.

Би-би-си: Агар Оврўпо Иттифоқи ўзининг охирги баёнотида уч ойдан сўнг Ўзбекистонни яна муҳокама этамиз десаю, бироқ уни муҳокама этмаса, бу Ўзбекистон ҳукуматига қандай ишора беради?

Эндрю Стролайн: Оврўпо Иттифоқи кенгаши бу билан нафақат Ўзбекистонга, балки барча мамлакатларга у ўз-ўзини жиддий ташкилот сифатида кўрмаслигини намоён қилмоқда. Агар уч ойдан сўнг бир масалани кўриб чиқаман деган бўлсанг, уч ойдан сўнг уни муҳокама қилишинг керак. Бу мавзуни унутиб, ҳеч нарса бўлмагандек кўриниш бериш нотўғри. Бу вазиятда Оврўпо Иттифоқи ўз ваъдалари устидан чиқадиган ташкилотдек кўринмаяпти менга.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Оврўпо Иттифоқи рамзи ва микрофонОврўпо Иттифоқи:
'Тошкентдаги анжуманга алоқамиз йўқ'
Оврўпо Иттифоқи ва иттифоққа аъзо давлатлар байроқлариСиёсат
Ўзбек мулозимларига виза тақиқи вақтинча бекор қилинди
Оврўпо Иттифоқи байроғиСиёсат
Оврўпо Иттифоқининг янги стратегияси самарали бўладими?
Ўзбекистон маҳкамасиСиёсат
Ўзбек маҳкамалари ва оврўполикларнинг мушкулотлари
Оврўпо Иттифоқи байроғиМунозара
Оврўпо Иттифоқи жазо чораларига муносабат қандай?
Андижон қурбонлариТаҳлил
Андижон Оврўподаги бўлинишга сабабчими?
ИЧКИ САҲИФАЛАР
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy