 | | | ОИ комиссари Бенита Ферреро-Валднер айтишича, иттифоқ Ўзбекистон мулоқот йўлини очиқ ушлаб туриш истагида | Оврўпо Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари ўзбек мулозимларига виза тақиқини олти ойга бекор қилиш, бироқ қурол-яроғ савдоси тақиқини ўз кучида қолдириш режасида, дея маълум қилди ОИ комиссари Бенита Ферреро-Валднер.Оврўпо Иттифоқининг Ташқи алоқалар бўйича комиссари Бенита Ферреро-Валднернинг сўзларига кўра, "олти ой мобайнида саёҳат қилиш тақиқловини "шартли олиб ташлаш" Оврўпо Иттифоқининг Ўзбекистон билан мулоқот йўлини очиқ ушлаб туришга имкон беради. "Оврўпо Кенгаши томонидан июн ойида қабул қилинган Марказий Осиёга нисбатан янги стратегияга мувофиқ ва Ўзбекистоннинг минтақада энг кўп аҳолига эга бўлган мамлакат эканлигини назарда тутиб биз бу масалани эътиборсиз қолдира олмаймиз. Табиийки, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятидан биз жуда хавотирдамиз. Лекин айни вақтда биз Ўзбекистон режимидан Оврўпо Иттифоқи билан муносабатларни қайта тиклаш хоҳишида эканлиги ҳақида баъзи ижобий белгиларни олдик. Бу ижобий белгилар инсон ҳуқуқлари соҳасида олиб борилаётган диалог, Андижонда икки маротаба махсус экспертлар учрашуви, баъзи инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг озод этилиши ва ўлим жазосининг бекор қилинишидир", деб айтган Ферреро-Валднер хоним. Оврўпо Иттифоқи 2005 йил май ойидаги Андижон хунрезлиги туфайли расмий Тошкентга нисбатан жазо чораларини жорий этишга қарор қилганди. Андижон воқеаларига масъул деб кўрилган ўн икки ўзбек мулозимининг Оврўпо Иттифоқига аъзо мамлакатларга кириши ҳамда Ўзбекистонга қурол-яроғ сотиш тақиқланган эди. Шу йил ёзида виза тақиқи рўйхатида бўлган ўзбекистонлик амалдорлар сони тўрт нафарга камайтирилган эди. |