 | | | Интернетда катта бир жиноятчи ва ё кинолардаги мафия аъзолари каби “сипо” суҳбат қурмаймиз | Ватандан узоқда бўлсангиз ва бу ёғи йўлкиралар ҳам оғирлик қилиб, муҳожирликда узоқроқ қолсангиз нима қиласиз?.. Бир Интернетга, бир телефонга югурасиз. Ана шундай соғинч “хуруж” қилган кунлардан бирида мен ватандаги журналист дўстим билан интернетда суҳбатлашиб - ёзишиб турар эдим. Келинг, аввалига Ўзбекистонда яшайдиган дўстимни имкон қадар таништирай, “имкон қадар” деганимки, унинг исмини ва қаерда ишлашини айтолмайман, бунинг сабабига эса тўхталишим шарт эмас... Дўстим ҳукумат нашрларидан бирида ишлар эди. Ҳозир тадбиркорликка шўнғиб кетган... Ўзбекистонда анча “қарғишларга” дучор бўлаётган Американинг пулида ҳисобласак, газетада ишлаган даврида 100 долларча даромади бўлиб, уч фарзанднинг отаси ва пойтахтнинг чекка мавзеъларидан бирида ижарада турар эди. Бугун уч фарзанд билан ижарада яшаб, 100 долларга кун кечириш катта шаҳарда қанчалар мушкуллигини ҳам айтмай қўя қолай... келинг, айта қолай, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг яшаш даражаси билан ўлчасак, менинг журналист дўстим - бориб турган қашшоқ бўлган... Ана энди суҳбат мавзуларига тўхталишдан аввал, “арзи ҳол “: интернет деган мўъжиза ҳозиргидай тараққий топмасидан, дейлик, уч-тўрт йил аввалроқ биз телефонда гаплашардик. Ҳол-аҳвол сўраш ва тирикчиликнинг беозор мушкулотларидан суҳбатлашар ва бундан нарига ўтмас эдик. “Деворнинг ҳам қулоғи бор”лиги доим ёдимизда турар эди. Интернетдаги қурилмадан эса икковимиз ҳам “қўрқмаймиз”, эҳтимол сал чўчирмиз, аммо эркинроқмиз. Муҳими, иккимиз ҳам аввалларидай катта бир жиноятчи ва ё кинолардаги мафия аъзолари каби “сипо” суҳбат қурмаймиз. Сал нарига ўта оламиз энди... Зотан, икковимиз ҳам кимдир бизнинг бу ёзишмаларимизни ўқиб ўтирганмикан, деган истиҳоладан бутунлай қутулганимизча йўқ.  | | | Телефонда ҳол-аҳвол сўрашдан нарига ўтмас эдик. Чунки “деворнинг ҳам қулоғи бор” | Бу “истиҳолалар” асосида табиийки, бизнинг суҳбатларимиз ётади. Ана шу суҳбатларни сал таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, уларнинг жиноий табиати йўқ. Нари борса бозор-ўчардаги гаплар қатори, яъни, масалан, дейлик "Чорсу" бозорида гуруч сотиб ўтирадиган фан номзодининг зорланишидай бир гап... "Менга қолса, университетда дарс бериб юрардим, аммо берадиган ойлигига бугун беш кишилик оила нарида турсин, мушук ҳам боқиб бўлмайди, ока!” Ёки собиқ инженер, аммо бугун такси ҳайдовчисининг радио ва телевидение, матбуот ҳақида “Товба, телевизорга қарасанг, газета ўқисанг, манави минғир-минғир радиони эшитсанг, ҳамма Президентни мақтагани-мақтаган... Тўрт-беш киши бир жойда йиғилиб қолса, айниқса, қиттак-қиттак қилинса, онаси суриштирилмаган бирор раис қолмайди Ўзбекистонда!..”Табиийки, куракда турмайдиган сўкинишлар матбуот юзини кўрмайди. Дўстим интернет орқали ёзишича, катта-катта газеталарда “президент ҳақида ёзиладиган барча мақолалар бирров мутасадди кишиларнинг кўзидан ўтиши керак, ҳамма ҳам мақташ ҳуқуқига эга эмас“... Дўстим газетадаги ҳангомалардан бирини эслади: узоқ қишлоқлардан бирида яшайдиган газетхон узундан-узоқ бир мактуб йўллайди, хатлар бўлимида ўтирган журналистга мактуб маъқул бўлади ва уни нашрга ҳозирлайди. Бу мактубда мамлакат раҳбари улуғланади, қишлоққа газ келиши ҳақидаги режалардан тортиб, ўзбекистонликлар чет элларни кўришга муваффақ бўлаётгани, тинчлик-барқарорлик ва хуллас бахтиёр ҳаёт ҳақида ташаккурлар ёғилади. Ўзбекистонга хавф солаётган террорчилик ва мамлакатни кўролмаётган душманлар қарғалади. Мактуб охирида эса, дўстимнинг айтишича, мана бундай жумла келади – “Ҳар бир халқ ўз раҳбарига лойиқ, биз ўзбеклар ҳам Сизга яраша халқмиз! “ Газета нашрга деярли тайёр бўлганда эса дўстимнинг айтишича, мақтовлар бўйича мутасадди ходим обдон телефонбозлик қилади ва ярим қути сигаретни тугатиб, бу мактубни чоп этишдан тўхтатади. Эртаси куни тонгда дўстимнинг айтишича, “ўзи ҳали ёш, у бу нарсани тушунадиган, аммо секин-секин қорин қўйишни бошлаган бош муҳаррир” таҳририят ходимларига “сиёсий ҳушёрлик” ҳақида нақд ярим соат гапиради. Хорижий матбуот нашрларидан тортиб, мухолифат ва ё мустақил интернет нашрлардаги Ўзбекистонга “эълон қилинмаган информацион уруш” ҳақида сўзлайди. Ҳалиги мақтовлар бўйича мутасаддининг бош муҳаррирга гап етказишда хатосими ва ё бошқа нарса, бош муҳаррир бу мактубни танлаган ёш журналистни ўрнидан турғазиб, “орамиздаги айрим ғаламислар томонидан бўҳтон тўла мактуб”ни нашрга қўйгани учун уни роса койийди.  | | | Марказий нашрлардан бирида "бўҳтон тўла мактуб" эълон қилинишининг олди олдинди | Ёш журналист ҳайрон... Мактубда бўҳтон йўқ эди, шекилли... Хуллас, ёшлигига борадими бояқиш, ўша мактубни папкасидан чиқариб ҳаммага баралла ўқиб беради. Табиийки, фақат ва фақат мақтовлардан иборат ва якунида халқнинг ўз раҳбарига лойиқ бўлиши ҳақидаги жумладан бошқа ҳеч қанақа “бўҳтон” йўқ! Ҳамма жим қолади. Бу сукунатдан “руҳланган” ёш журналист эса бош муҳаррир билан мақтов бўйича мутасаддига қараб, “Бу ерда саналган барча муваффақиятлар ва ана шу ғалабаларимизга ким сабабчи экани ҳақидаги мактубнинг қайси жумласи бўҳтон? Ким бунга шубҳа қилади?” деб сўраб қолади. Келинг дўстимнинг изоҳини кўчириб қўя қолай бу ерда: “...биласанми, дўстим, оммавий норозилик деганларини эшитганман... аммо оммавий сукунатмиди бу ва ёки оммавий шармандаликми, ишқилиб, ҳеч ким ҳеч нарса дейолмай қолганди ўшанда... Мақтовлар бўйича мутасаддимиз ҳалиги мактубни олиб, бош муҳаррирнинг ёнидан келиб, қулоғига бир нарсалар пичирламоқчи бўлди... аммо бу оммавий сукунат туфайли столнинг энг чеккасида ўтирган корректор опахон ҳам бу пичирлашни эшитди. “Раис бува, халқ ўз раҳбарига лойиқ ... кесатган...киноя” ... Бош муҳаррир дарров мақтовлар бўйича мутасаддини сўзини кесиб, “кейин гаплашамиз”, деди. Ниҳоят, худди бутун бир бинонинг томи елкасига қулагани каби базўр ўрнидан турди ва мажлиснинг мавзуси барибир долзарб экани, бошқа масалалар келаси ҳафта кўрилишини айтиб сукунатни бузди. Бош муҳаррир хонасида мақтовлар бўйича мутасадди анчагача қолди...” Мақтовларга тўла ва халқ билан раҳбарнинг бир-бирига лойиқлиги ҳақидаги мактуб дўстимнинг айтишича, газета юзини кўрмабди. Ҳаммани бу мактубдаги мақтовлар бўйича қарийб сўроққа тутган ёш журналист эса яна ярим йилча, унинг ишдан кетиши борасида миш-мишларга қарамай, ишлаб юрган экан... Дўстимнинг ёзишича, бошқа бир миш-мишларга қараганда, ўшанда ёш журналист мақтовлар бўйича мутахассисга, “мен ишдан кетсам, халқаро ташкилотларга ишга кираман, бунинг устига газетадаги ҳангомаларни интернетга чиқараман” деб қўрқитган эмиш... Дўстим ҳам бу номи улуғ газеталардан биридан кетганига анча бўлди. Эҳтимол, айнан шунинг учун “беозор” суҳбатлар қураётгандирмиз интернетда? | | |