|
Жаноб Штайнмайер қандай таассурот билан қайтади? | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Жаноб Штайнмайер Андижон воқеаларидан буён Ўзбекистонга ташриф буюрган Оврўпонинг энг юқори мартабали мулозимидир. Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистон ҳукумат мулозимларининг Оврўпога сафар қилишларини тақиқлаган ва қурол-яроғ эмбаргосини жорий этган эди. Келгуси йил январидан Оврўпо Иттифоқига раислик қиладиган Олмония Термиз шаҳрида ўзининг ҳарбий базасига эга ва Андижон воқеаларидан кейин ҳам Ўзбекистон билан мулоқотларни давом эттириб келади. Олмония ташқи ишлар вазирининг ташрифи Андижонда юзлаб одамларнинг ўлими учун масъул, деб кўриладиган Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқот қилиш керакми, йўқми, деган саволларни ўртага чиқарган. Яқинда Оврўпо Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан жазо чораларини қайта кўриб чиқиши кутилаётган экан, Олмония ташқи ишлар вазири Тошкентдан қандай таассурот билан қайтиши мумкин? Би-би-си ушбу савол билан ўтган ой Ўзбекистонга ташриф буюрган Олмония парламентининг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ҳайъатининг раҳбари Холгер Хайбахга мурожаат қилди. Холгер Хайбах: Менимча, ўзбек расмийлари жаноб Штайнмайер билан гаплашишга тайёр, вазир улар билан истаган мавзусида суҳбатлашиши мумкин. Аммо инсон ҳуқуқларига келганда, айниқса, Андижон воқеаларидан кейин бирор-бир ижобий ўзгариш бўлганми, деган саволга келсак, бу борада ўзбек расмийларининг жаноб Штайнмайерга айтадиган кўп нарсалари йўқ. Би-би-си: Сизнинг ўзингиз Ўзбекистонга ташрифингиз чоғида у ердаги инсон ҳуқуқлари фаоллари билан учрашдингиз. Улар вазиятни қандай таърифлашди? Холгер Хайбах: Менимча, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари фаоллари жуда оғир шароитларда ишлашаяпти. Биз улар билан учрашган чоғимиз махсус хизмат вакилларининг орқаларидан юрганини ўз кўзимиз билан кўрдик. Мен бундан икки кун аввал биз билан учрашган фаоллардан бирига қарши жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар олдим. Унга қўйилган айбловлар инсон ҳуқуқлари фаолларига қўйиладиган одатий айблар эди. Улар бизга вазиятнинг ҳаққоний манзарасини чизиб беришди. Би-би-си: Сизнингча, Олмония ташқи ишлар вазири ҳам сизлар учрашган одамлар билан учрашиб, сизлар олган таассуротларни оладими? Холгер Хайбах: Бу ҳақда аниқ бир нарса деёлмайман, чунки мен ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистондаги кун тартибидан бехабарман. Аммо Олмониянинг Тошкентдаги элчиси вазиятдан яхши хабардор, у вазият борасидаги фикрларини ўзбек расмийларига ҳам билдирган. Би-би-си: Икки ҳафтадан сўнг Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан жазо чораларини қайта кўриб чиқади. Сизнингча, Олмония бу жазо чораларини енгиллатиш йўлида иш олиб бормаяптими? Бунда Термиздаги ҳарбий базанинг аҳамияти қанчалик, деб ўйлайсиз? Холгер Хайбах: Бу ҳақда гап-сўзлар бор, аммо мен ўз нуқтаи назаримни айтишим мумкин. Мен Ўзбекистон инсон ҳуқуқларининг аҳволини яхшилаш борасида жиддий қадамларни қўймас экан, унга нисбатан жазо чораларини бирор бир шаклда енгиллатиш ёки бекор қилишга қаршиман. Термиздаги ҳарбий база Олмониянинг ишини қийинлаштиришини тушунаман. Аммо агар муқобили бўлса, менимча, бу базадан воз кечиб қўя қолган яхшироқ. Би-би-си: Аммо баъзи олмон расмийлари Ўзбекистондаги вазиятнинг яхшиланиши учун эшикларни ёпиб қўймаслик, мулоқотни давом эттириш керак, дейишмоқда. Сиз бу фикрга қўшиласизми? Холгер Хайбах: Бу ҳам бир нуқтаи назар. Аммо мен ва Олмония парламентидаги барча партиялардан бўлган бошқа ҳамкасбларимизнинг бу борадаги нуқтаи назарлари бир хил. Мен Ўзбекистонга нисбатан жазо чораларини енгиллатиш йўли мавжуд эмас, деяётганим йўқ. Аммо бунинг учун Ўзбекистонга аниқ шартлар қўйилиши керак. Би-би-си: Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистоннинг 12 нафар юқори мартабали мулозимларининг Оврўпога сафар қилишларини тақиқлаган эди. Аммо ҳозирда бу рўйхатдаги кўпчилик лавозимидан олинган. Шу маънода баъзилар энди бу рўйхатни янгилашдан маъни йўқ, дейишмоқда. Бошқалар эса, аксинча, рўйхатни кенгайтириш, унга, Президент Каримовни ҳам киритиш керак, дейишади. Сизнинг фикрингиз қандай? Холгер Хайбах: Биз Ўзбекистонда бўлганимизда шунга амин бўлдикки, Президент Каримовнинг ўзи ҳокимиятдан осонликча воз кечмайди, аммо қўл остидагиларни тез-тез алмаштириб турар экан. Менимча, у худди шу йўл билан қудратни қўлида ушлаб турибди. Менимча, Ўзбекистонда ҳокимият кимнинг қўлида бўлса, жазо чоралари ҳам ўшанга қарши қаратилиши керак, бу ўринда ўша одамнинг Оврўпога киришини тақиқлаш керак. | ИЧКИ САҲИФАЛАР Олмония Ташқи ишлар вазири Марказий Осиёда31 Октябр, 2006 | Bosh Sahifa Президент Каримовнинг чиқиши нимани англатади?16 Октябр, 2006 | Bosh Sahifa Олмония кучлари Термизда қолади12 Декабр, 2005 | Bosh Sahifa ОИ Ўзбекистонга жазо чораларини қўллаш қарорида04 Октябр, 2005 | Bosh Sahifa | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||