Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 31 Октябр, 2006 - Published 16:19 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Олмония Ташқи ишлар вазири Марказий Осиёда
Олмония охирги 15 йил ичида Оврўпо Иттифоқи Марказий Осиёга жуда кам эътибор қаратиб келди деб ҳисоблайди
Олмония Ташқи ишлар вазири Франк Штейнмайер Марказий Осиё давлатлари бўйлаб сафарини бошлаган.

Қозоғистон пойтахти Астанада гапирган Штейнмайер жаноблари иқтисоди жадал ривожланаётган бу мамлакатни сиёсий ислоҳотларни ҳам тезлаштиришга чақирган.

Жаноб Штейнмайер Оврўпо Иттифоқи вакили сифатида ҳам минтақага ташриф буюрмоқда.

Кутилишича, сафарнинг энг эътиборга лойиқ нуқталари авторитар ҳукуматлари энг кўп танқидга тутилган Ўзбекистон ва Туркманистон бўлади.

Икки ҳафтадан сўнг Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан киритилган жазо чоралари масаласини қайта кўриб чиқиши кутилмоқда.

Оврўпо Иттифоқи ва Олмония Марказий Осиёда демократия ва инсон хуқуқлари билан боғлиқ яхшироқ вазиятни кўриш хоҳиши билан стратегик манфаатлари ўртасидаги мувозанатни қандай сақлай олади? Би-би-си айни савол билан Олмония Ташқи алоқалар кенгашидан Александр Рарни суҳбатга тортган:

Александр Рар: Олмония Оврўпо Иттифоқи охирги 15 йил ичида Марказий Осиёга жуда кам эътибор қаратиб келди деб ҳисоблайди. Минтақа нефт ва газга бой, у ерда Ғарб томон интилган элита мавжуд. Шу билан бирга Марказий Осиё Оврўпо билан Осиё ўртасида кўприк сифатида хизмат қила олиши мумкин бўлган минтақа. Оврўпо Иттифоқига раҳбарлик қилган аввалги давлатлар Марказий Осиё билан ҳамкорлик потенциалларидан фойдаланиш йўлида узоққа борганлари йўқ. Олмония эса, янги ҳамкорлик жараёнини бошлаш ташаббускори бўлмоқчи.

 Исломий ҳаракат Марказий Осиёнинг баъзи қисмларида анчайин радикаллашгани рост. Аммо бошқа томондан, Тожикистондан бўлак ҳеч бир мамлакатдаги раҳбарият айни исломий гуруҳлар билан сиёсатда ҳамкорлик қилишга шошилмаяпти
Александр Рар

Би-би-си: Минтақанинг Ўзбекистон ва Туркманистон каби давлатлари бошқарувининг авторитар табиати ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазияти юзасидан жуда кўп танқидларга учрайди. Шундан келиб чиқиб, Қозоғистон ва Қирғизистон каби давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириб, танқидга учраганларни бир оз четроқда ушлаган маъқул эмасми?

Александр Рар: Йўқ, бундай қилинмайди. Чунки Олмония икки-уч йилдан сўнг ғарб қадриятлари ва тамаддуни муваффақиятларини қамраб олиш потенциалига эга бўлиши мумкин бўлган давлатларни четга чиқариб қўйишни тўғри ёндошув дея ҳисобламайди. Олмония Марказий Осиёга нисбатан сиёсатини уч устун асосида қурмоқчи. Яъни, Олмония энергетика, демократик жараёнларни ривожлантириш ҳамда ғарб қадриятлари томон интилиш, шунингдек, бутун минтақани барқарорлаштириш соҳасида минтақадаги ҳамма давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш истагида.

Би-би-си: Лекин бу каби ҳаммага баробар ёндашув сиёсати Ўзбекистон каби давлатларга, "нима қилсангиз қилаверинг, биз ҳаммасини қабул қилаверамиз" деган ишорани бермайдими?

Александр Рар: Йўқ, мен бундай деб ўйламайман. Фикримча, Олмония минтақадаги ҳамма давлатларга уларнинг ҳаммалари Оврўпо Иттифоқи билан яқинроқ ҳамкорлик қилиш имкониятига эга эканликларини кўрсатмоқчи. Албатта, бу йўлда қайсидир давлатлар тезроқ илгари силжийди, бошқалари сустроқ. Лекин, сиёсат ҳамма учун бир хил бўлиши керак.

Би-би-си: Оврўпо ҳукуматлари ҳақиқатда ҳам Марказий Осиё исломий жангариликнинг ўчоғи деб ишонадиларми?

Александр Рар: Ҳа, бу каби хавф мавжудлигини биз тан оламиз. Шунинг учун Марказий Осиё давлатлари билан демократик қадриятлар ҳақида олиб бормоқчи бўлган мулоқотларимизда Ислом ҳақидаги чуқур мулоҳазалар ҳам ўрин олган.

Би-би-си: Минтақа ҳукуматлари исломий экстремизм дея тақдим этилаётган муаммони ҳал этиш йўлида лозим бир тарзда иш кўрмоқдалар деб айта оласизми?

Александр Рар: Бу жуда қийин савол. Бир томондан, Исломий ҳаракат Марказий Осиёнинг баъзи қисмларида анчайин радикаллашгани рост. Аммо бошқа томондан, Тожикистондан бўлак ҳеч бир мамлакатдаги раҳбарият айни исломий гуруҳлар билан сиёсатда ҳамкорлик қилишга шошилмаяпти. Шунинг учун, биз ўзаро мулоқатлар орқали минтақа раҳбарларининг бу каби гуруҳларни четга суриш ўрнига улар билан бирга ишлаш афзалроқ эканини тушунишларига кўмаклашамиз дея умид қилмоқдамиз.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy