|
ОИ Ўзбекистонга жазо чораларини қўллаш қарорида | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Иттифоқ Ташқи ишлар вазирларининг баёнотларида хулоса қилинишича, Андижондаги воқеалар давомида ҳукумат қўшинлари томонидан меъёридан ортиқ, номувофиқ ва тартибсиз равишда куч қўлланганлиги важидан, Ўзбекистонга қурол-яроқ, ҳарбий ускуна ва ички қатағонларда ишлатилиши мумкин бўлган бошқа жиҳозларнинг экспорт қилиниши таъқиқланади. Оврўпо Иттифоқи, шу жумладан, Ўзбекистон мулозимларининг ташкилотга аъзо давлатларга сафар қилишларини ҳам чеклаш қарорига келган. Бироқ иттифоқ уларнинг якуний рўйхатини кейинроқ эълон қилишини билдирган. Ташкилот, шунингдек, молиявий чекловларга бориши ва Ўзбекистон билан икки ўртадаги "Шериклик ва Ҳамкорлик Шартномаси"ни ҳам ортиқ давом эттирмаслигини маълум қилган. Оврўпо Иттифоқининг билдиришича, шунга мувофиқ равишда мазкур шартнома доирасидаги режаланган барча амалий йиғинлар зудлик билан номаълум муддатгача тўхтатиб турилади. Икки томонлама битим 1996 йилда имзоланганди. Оврўпо Иттифоқининг Ўзбекистонга йиллик молиявий ёрдами эса йилига 10 млн. доллардан ортиқроқ суммани ташкил этиб келган.
Расмий Тошкентнинг билдиришича эса Андижондаги қонли ҳодисаларда 187 киши қурбон бўлган ва уларнинг ярмидан ортиқроғи исёнчилардир. БМТ ҳамда Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг гувоҳларнинг суҳбатига асосланиб Андижондаги воқеалар юзасидан эълон қилган ҳисоботларида эса оммавий қирғин эҳтимоли борасида сўз юритилганди. Ўзбекистон томони эса Андижонда намойишлар бўлгани, халқаро ташкилот ва гувоҳларнинг ҳукумат кучларининг намойишчиларга қарата ўт очгани, оқибатда юзлаб инсонларнинг қурбон бўлганликларини рад этиб келмоқда. Андижондаги зўравонликлар ортидан нафақат Оврўпо Иттифоқи, балки-да БМТ ва Америка Қушма штатлари ҳам халқаро, мустақил текширувлар талаби билан чиқишганди. Расмий Тошкент уларнинг шу кунга қадар янграб келаётган даъватларини рад этиб, Ўзбекистоннинг мустақил давлат эканлиги ва барча текширувларни ўзлари олиб боражакларини билдириб келмоқда. Андижондаги ҳодисаларни ўрганиш учун мамлакат парламенти қошида махсус ҳайъат ташкил этилган ва ўз текширувлари натижасида комиссия воқеаларнинг Ўзбекистон сиёсати, унинг миллий манфаатларига қарши қарши қаратилган ҳамда жорий тизимни ағдариб, ўрнига исломий давлатни барпо этиш мақсадида бўлган ташқи бузғунчи кучлар томонидан режалаштирилиб, ташкил этилган амал деган хулосага келганди. Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон тарафининг мустақил халқаро текширувларга оид чақириқларга турли баҳоналар билан рад жавобини бераётгани эса Андижон хунрезлигига оид ҳукумат келтираётган далилларни чиппакка чиқаради. Бундан икки хафтача бурун Андижондаги ҳодисаларга алоқадорликда айбланган 15 киши устидан илк маҳкама жараёни бошланган ва 100дан ортиқ кишининг эса ҳамон тергов қилинаётганлиги билдирилади. Мухолиф гуруҳлари мамнун
"Серқуёш Ўзбекистоним" мухолиф каолициясига кирувчи "Озод Деҳқонлар" партияси раҳбарларидан Нигора Ҳидоятованинг айтишича, Оврўпо Иттифоқи томонидан киритилган жазо чоралари " жуда руҳлантирувчидир". Ҳидоятова хонимга кўра, ўзбек расмийлари учун виза таъқиғи ўта шармандали ҳол ва Ўзбекистонда ҳамма нарсанинг кўнгилдагидек эмаслигидан далолат беради. Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча Оврўпо Иттифоқининг жазо чораларига нисбатан ўз муносабатини билдирмаган. У ерда бўлган Би-би-си мухбири Иан Макуильямнинг хабар беришича, мамлакат матбуотида бу ҳақда хабар берилмаган ва аксар ўзбекистонликлар жазо чораларидан бехабарлар. Бироқ мухбиримизга кўра, улардан айримлари Андижонда тинч фуқароларнинг ўққа тутилганлиги ва гўёки Андижон ҳодисаларини уюштирганликда айбдор деб кўрилаётганлар устидан кетаётган махкама жараёнидан ғазабда эканликларини айтишган. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||