|
Оврўпо Иттифоқи жазо чораларини енгиллаштирадими? | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Жаноб Морелнинг Брюсселдаги идорасидан Би-би-сига маълум қилишларича, унинг сафари махсус вакил этиб тайинлангани ортидан минтақа мамлакатлари билан танишиш мақсадини кўзлаган, аммо ўтган йили Андижондаги ҳодисалардан кейин киритилган жазо чоралари масаласининг Ўзбекистон расмийлари билан музокаралар мобайнида кўтарилиши эҳтимоли бор. Би-би-си Халқаро Инқироз гуруҳининг таҳлилчиси Дэвид Люисга мурожаат қилиб, ундан Оврўпо Иттифоқи ўзининг Ўзбекистонга нисбатан жазо чораларини қайта кўриб чиқиш жараёнида енгиллаштириши ёки бекор қилиши мумкинми, деб сўради. Дэвид Люис: Менимча, Ўзбекистон билан мулоқотни қайтадан бошлаш ҳақидаги баъзи гап-сўзларга қарамасдан, Оврўпо Иттифоқи жазо чораларини кучда қолдиради. Чунки Ўзбекистон Оврўпо Иттифоқининг жазо чораларини бекор қилиш учун бажариш лозим бўлган бирорта ҳам шартни бажаргани йўқ. Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказилмади, инсон ҳуқуқларининг аҳволи ўнглангани йўқ, иқтисодий аҳвол ҳам яхшиланмади. Менинг назаримда, Оврўпо Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан жазо чораларини бекор қилиши ёки юмшатиши узоқни кўзламаган бир сиёсат бўлур эди. Аксига, бу жазо чораларини кучайтириш керак. Чунки Ўзбекистон ҳукумати жазо чораларига нисбатан ҳеч бир шаклда жавоб қайтаргани йўқ. Би-би-си: Аммо Оврўпо Иттифоқининг юқори мартабали ҳайъатлари Тошкентга бот-бот сафар қилмокда. Сизнинг-ча, Ўзбекистон билан мулоқотни тиклаш уринишлари ортида қандай мақсад турибди? Дэвид Люис: Оврўпо Комиссияси ва Оврўпо Иттифоқи расмийлари орасида Ўзбекистон билан мулоқотни тиклаш истагида бўлганлар бор, аммо аъзо давлатлар ҳам буни исташади, деб айтиш қийин. Бироқ шу билан бирга икки ўртадаги борди-келдилар бироз кўпайиши, муносабатларда бироз илиқлик юз беришини кутиш мумкин. Чунки оврўполиклар Ўзбекистоннинг муҳим шерик эканини тушунишади. Аммо шу билан бирга, Ўзбекистон билан қандай шаклда мулоқот ўрнатиш масаласида баҳслар бор. Баъзи одамлар Каримов ҳукуматига нисбатан жазо чораларини кучайтиришни унчалик ҳам истамайдилар. Улар, назаримда, Президент Каримов билан бирор ўзгариш қилиш мумкин, деб ишонишади. Менимча, бу хато. Би-би-си: Аммо баъзи кузатувчилар Ўзбекистоннинг ўзи ҳам Ғарб билан мулоқотни қайта тиклаш истагида эканини айтишади. Сиз бунинг бирон белгисини кўраяпсизми? Дэвид Люис: Назаримда, ҳукумат одамлари орасида Россияга ҳаддан ташқари боғлиқликдан ташвишланаётганлар ҳам борга ўхшайди. Биласиз, ўтмишда Президент Каримов Россиянинг Марказий Осиёдаги таъсиридан хавотирда бўлган ва уни бошқа давлатлар билан мувозанатлашга уриниб келган. Иккинчи томондан, Россия билан яқинлашишга қарамасдан, муносабатлар ҳали Кремлдаги баъзи одамлар истаётган даражада яқин эмас. Хитой билан муносабатлар ҳам сиёсий маънода ривожланмаган. Менимча, жаноб Каримов Россия ва Хитойга ташқи сиёсатда танлов имконига эга эканини кўрсатиб қўйиш учун ҳам Ғарб билан қайтадан яқинлашишни истайди. Аммо бу унинг учун осон бўлмайди. Чунки Каримов Ўзбекистондаги сиёсий тузумни ўзгартиришни истамайди, айниқса, ўз меросхўри ҳақида ўйлаётган бир пайтда. | ИЧКИ САҲИФАЛАР Каримов аҳоли норозилигини тан олмоқдами?16 Октябр, 2006 | Bosh Sahifa Президент Каримовнинг чиқиши нимани англатади?16 Октябр, 2006 | Bosh Sahifa Британия инсон ҳуқуқлари ҳисоботини эълон қилди12 Октябр, 2006 | Bosh Sahifa ОИ Ўзбекистонга жазо чораларини қўллаш қарорида04 Октябр, 2005 | Bosh Sahifa | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||