Ленур Юнусов: Қрим Татарлари халқ номи оқланишига узоқ вақт ҳаракат қилиб келдилар

Ленур Юнусов 1972 йилда Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида Қрим Татарлари оиласида туғилган.
Ўрта мактабни тамомлаганидан кейин 1988 йил Тошкент Давлат Университетининг (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети) Журналистик факультетига ўқишга кирган.
1980 йилларнинг охирги йилларида Горбачёвнинг ошкоралик сиёсати 1944 йилда ватанларидан сургун қилинган Қрим Татарларини ҳам руҳлантирди ва улар ўзларининг тарихий ватани Қрим ярим оролига қайтишни бошладилар.
1993 йилда университетдаги таҳсилини тугатган Ленур ҳам оиласи билан тарихий ватанига қайтишга қарор қилган.
У журналистик фаолият юритиш билан бирга турли халқаро ташкилотлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари уюштирган ўқув машғулотларида журналистикадан сабоқ берган.
Ленур Юнусов уйланган, икки фарзанднинг отаси.
Ленур Юнусов: Қрим Татарлари халқ номи оқланишига узоқ вақт ҳаракат қилиб келдилар
Би-би-си: Бугунги Би-би-си меҳмони таниқли қримлик журналист Ленур Юнусов. Ленур, дастуримизга хуш келибсиз.
Ленур Юнусов: Ассалому алайкум менинг Ўзбек дўстларим. Сизларга Қримдан буюк-буюк салом.
Би-би-си: Суҳбатимизни Россия раҳбариятининг Қрим Татар халқини реабилитация қилиш ҳақидаги ғоясидан бошласак. Қрим Татарларининг ўзлари ушбу фикрга қандай муносабат билдирмоқдалар?
Ленур Юнусов: Охирги йилларда Қрим Татарлари Украинада депортация қилинган халқларнинг ҳуқуқларини қайта тиклаш мақсадидаги қонуннинг қабул қилинишига интилиб келдилар. Гап айнан Қрим Татарларининг сиёсий ва ҳуқуқий реабилитацияси ҳақида борган. Афсуски, бундай қонуннинг қабул қилинишига эришиб бўлмади. Украина парламенти ана шундай қонунни бир марта қабул қилди. Лекин ўша пайтда Украинанинг президенти бўлган Леонид Кучма бу қонунга вето қўйди, натижада бу қонун ҳаётга татбиқ этилмай қолиб кетди. Россияда эса бундай қонун узоқ йиллардан буён мавжуд. Унда қатағон қилинган халқларни оқлаш, уларга товон тўлаш масалалари ўрин олган. Албатта, Қрим Татарлари бу қонун ўзларига татбиқ этилишидан қониқиш ҳис қиладилар. Аммо шу билан бирга мен қатор экспертлар хулосалари билан танишиб чиққанман, у ерда бу қонун жабр кўрган халқларга кўп нарса бермаслиги ҳақида сўз боради. Хусусан, шунча депортация қилингани ва бошидан ўтказган шунча йўқотишлар эвазига бериладиган товон пуллари арзимас, минимал тўловлар, холос. Уларни инсонлар бошига тушган фожеа миқёси билан умуман таққослаб бўлмайди. Шунинг учун ҳозирча Қрим Татарлари фақат якуний қарорни кутиб туришипти. Бунинг устига, ҳозир биз Қримда улкан ҳуқуқий вакуумдамиз. Қайси қонунлар ишлаяпти, тушуниш ҳам қийин. Чунки айрим муассаса, идора-ташкилотлар ҳамон Украина қонунлари бўйича фаолият юритаяпти. Хусусан, банк тизими қисман Украинага боғланган. Айрим идора-ташкилотлар Россия қонунчилиги бўйича иш юритишга ўтган. Шунинг учун Россиянинг реабилитация ҳақидаги қонуни Қрим Татарларига нисбатан қандай татбиқ қилинади ва Қрим Татарларига нима беради, деган саволга жавоб беришга ҳали эрта.
Sharif Habibullayev: Assalomu alaykum Lenur aka. Bilasizki, siz О'zbekistonda yashagan paytlarda va hozir ham mamlakatda rus tilida o'qishni istaganlar uchun maktablar yetarlicha mavjud. Lekin tatar tilida o'qishni istaganlar uchun birorta ham maktab yuq. Hozirda Rossiyaning katta shaharlari hisoblangan Moskva, Sankt Peterburgda ham tatar millatiga mansub fuqarolar ko'p bo'lishiga qaramasdan, ular uchun birorta ham tatar maktabi tashkil qilinmayapti. Lekin Tataristonda rus tiliga ixtisoslashgan maktablarni hohlagancha topish mumkin. Birinchi savolim; ayni paytda Qrimda tatar tiliga ixtisoslashgan maktablar bormi va ular yetarli darajadami? Javob uchun oldidndan katta rahmat.
Ленур Юнусов: Мен ушбу ўқувчи, радиотингловчига унинг жуда қизиқ ва яхши саволи учун ўз миннатдорлигимни билдираман. Бу мавзуда гапиришдан олдин бир аниқлик киритиб ўтиш зарур, деб ўйлайман. Афсуски, ҳозиргача ҳам бир-биридан фарқланадиган икки халқни кўпчилик бир халқ деб ўйлаб хато қилади. Бу халқнинг бири Қрим Татар халқи. Бу халқ ҳозирги Қрим ҳудудида шаклланган халқ. Қрим Татарларининг мураккаб этник келиб чиқиши мавжуд. Иккинчиси, Волгабўйи Татарлари. Уларни Қозон Татарлари деб аташади. Бу халқ Волга дарёси соҳилларида шаклланган. Халқларимизнинг тиллари бир-бирига яқин бўлгани учун кўпчилик адаштиради. Бироқ Қрим Татар тили Ўзбек тилига ҳам, Турк тилига ҳам, Озари ва Қозоқ тилларига ҳам ўхшаш. Бу барча тиллар умумий туркий тиллар оиласига киради. Қрим Татарлари ҳам, Қозон Татарлари ҳам сунний мусулмонлардир. Шундай бўлса ҳам, иккита мутлақо бошқа-бошқа халқ. Шунинг учун ҳам Россиянинг бирор-бир жойида Қрим Татар мактаби йўқ ва бўлишининг ҳам иложи йўқ эди. Чунки Қрим Татарларининг аксари Ўзбекистонда яшашган. Ва менинг билишимча, Ўзбекистонда ҳам Қрим Татар тилида таълим бериладиган мактаб йўқ. Балки Қрим Татарлари зич яшаган жойларда синфлар бордир. Маълумки, Қрим Татарлари Ўзбекистоннинг Чирчиқ, Ангрен шаҳарларида, Тошкент вилоятида кўп яшашган. Қримга тўхталадиган бўлсак. Украина мустақил бўлганидан кейинги йилларда Қримга келиб ўрнашганларидан кейин Қрим Татарлари катта қийинчиликлар билан, мен айтган бўлардимки, катта-катта жанглар билан 15 та Қрим Татар тилида ўқитиладиган мактаб очишга муваффақ бўлганлар. Бу ердаги мактаблар ҳақида умумий тасаввур ҳосил бўлиши учун эслатиб ўтаман: Қримда рус тилида сабоқ бериладиган мактабларнинг сони юзлаб. Ҳозир аниқ менинг ёдимда йўқ, 500 ёки 600 та. Украин тилидаги мактаб атиги бешта. Бу масала Қрим Татарлари учун катта муаммо. Бу ерда бизнинг фарзандларимизнинг ярми ўз она тилида таълим олиш имкониятига эга эмаслар. 30 ёки 40 фоиз болаларнинг Қрим Татар мактабига бориши учун шароит бор. Қрим Татар мактаби деб аталган мактабларда ҳам Украин ва Қрим Татар тилида таълим берилган. Чунки Қрим Татар тилида дарсликлар етишмайди, ўқитувчилар сони кам. Шунинг учун ҳам Қрим Татар тилидаги маориф бизнинг халқимиз учун катта муаммо ва бекорга Қрим Татар тилини ЮНЕСКО ўлаётган тиллар рўйхатига киритмаган.
Шариф Ҳабибуллаевнинг кейинги саволи: Россия ҳукумати бугун кўплаб ваъдаларни бериб Қримни ўзига қўшиб олаяпти. Лекин келгусида татарлар учун ўз тилида таҳсил олиш, шу тилда етарли фикр юритиш, қадриятларини тиклаш каби имкониятларни яратиб бера оладими? Федерациянинг ўзида мавжуд бўлмаган имкониятларни ҳукумат Қрим учун ташкил қилиб бера оладими?
Ленур Юнусов: Шу ўринда яна тарихга қайтиш ўринли. 1944 йилда Сталин режими Қрим Татар халқини депортация қилгунича Қрим Автоном Совет Социалистик Республикаси Россия Федерацияси таркибида бўлган. Ана ўша пайтда Қрим АССР ҳам мазмунан ва ҳам шаклан Қрим Татарларининг мухторияти бўлган. Қрим Татар тили рус тили билан бирга давлат тили бўлган. Қрим Татарлар ҳокимиятда ўз вакилларига эга бўлганлар. Конституцияда Қрим Татарларининг ўз она тилида таълим олиш, ўз маданиятини ривожлантириш ҳуқуқлари белгилаб қўйилган бўлган. Ҳозир гап шу ҳақда бормоқдаки, бугунги Россия раҳбарияти ўша миллий-ҳудудий мухториятнинг мазмуни ва шаклини қайта тиклашни истайдими ёки йўқ? Чунки миллий-ҳудудий мухторият ғоясини Қримдаги маҳаллий руслар салбий қабул қилишлари мумкин. Чунки Татарлар Қрим халқининг кўпчилигини ташкил қилмайди. Қрим аҳолисининг 15 фоизини Татарлар ташкил қилади. Айни пайтда Россия Федерациясининг ўзида қатор миллий мухториятлар борлигини биз яхши биламиз. Мисол учун, Чувашия, Бошқирдистон, Адигея ва бошқалар. У ерда ўша ўлкаларга номи берилган халқ вакиллари ҳам озчиликни ташкил қилади. Шу боис ҳам Қрим Татарлари шунга умид қилишаяптики, Россия ҳукумати Қрим Татарларининг миллий-худудий мухториятини қайта тиклайди. Чунки миллий-маданий мухторият бу жамоат ташкилотига ўхшайди. Миллий-ҳудудий мухторият эса давлатчилик кўриниши. Миллий-ҳудудий мухторият муайян халққа ўз маданиятини ривожлантириш, таълим олиш ва бошқа сиёсий ҳуқуқларини тақдим этади. Шунинг учун ҳам Қрим Татарлари берилган ваъдалар бажарилишини кутишаяпти. Чиндан ҳам кўп ваъдалар берилган эди. Яқинда Президент Владимир Путин ҳам Қрим Татарларига боғлиқ учта масалани кўриб чиқишга буйруқ беришини айтди. Шунинг учун кутиб туришипти.
Фазлиддин исмли ўқувчимизнинг саволи ушбу мавзунинг давомидек экан: Aytingchi Qrim tatarlarining avtonom respublika tuzish maqsadi amalga oshadimi, bunga Rossiyaning munosabati qanday bo'ladi deb o'ylaysiz?
Ленур Юнусов: Россия ҳукумати бунга кўнадими-йўқми, ҳозирча менда бу ахборот кам. Аммо олган маълумотларимизга кўра, Қримни миллий мухторият қилмоқчи эмаслар. Айнан ҳозир Қрим Республикаси янги конституциясини тайёрлаш жараёни кетаяпти. Конституция матни устида муаллифлар жамоаси ишлаяпти. Ўша муаллифлар матбуотга айтишган: "Қрим Татарларига ҳокимият органларида жойлар кафолатланади, деган бандни биз конституция матнига киритмоқчи эмасмиз". Айнан мана шу банд муҳим ҳисобланади. Агар конституция бўйича Қрим Татарларига ҳокимиятда лавозимлар кафолатланмаса, бизнинг аҳволимиз худди Украина таркибидагидек бўлиб қолаверади. Чунки Украина таркибида Қрим Татарлари квотага ҳам, кафолатга ҳам эга эмас эдилар. Улар сайлов орқали нимага эриша олсалар, фақат шунга имконлари етар эди. Мисол учун, Қрим парламентига бўлган энг охирги сайловда Қрим Татарлари фақат 5 депутат ғалабасига эриша олган эдилар. Бу 100 депутат орасида фақат 5 фоиз деганидир. Жами Қрим аҳолиси нисбатида эса халқимиз 15 фоизни ташкил қилади. Шу боис, Қрим Татарларига давлат органларидаги ўринлар кафолати зарур. Агар сайлов натижаларига қараладиган бўлса ҳам ялпи 15 фоиз овоз тўплашнинг имкони йўқ, чунки Қрим Татарлари бир жойда зич яшамайдилар, кўп жойга тарқалиб кетганлар. Шунинг учун ҳам Қрим Татарлари ҳокимиятдаги жойлар кафолати ҳақидаги ваъдалар амалга ошади, деб кутмоқдалар. Ана шунда республика номида акс этмаса ҳам, моҳиятан бу миллий-ҳудудий мухторият бўлади.
Би-би-си: Шу кунларда Қримни Украинадан қуруқликдан узиб қўйилса, озиқ-овқат тақчиллиги юзага келиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Чунки Россия томонидан денгиз орқали зарур нарсаларни олиб келиш осон эмаслиги айтилаяпти. Бу борада вазият қандай?
Ленур Юнусов: Шу кунларда ушбу муаммо муҳокама қилинаяпти. Мисол учун, ҳозир Қримда авиақатнов буткул тўхтаган, десак ҳам бўлади. Учоқлар Симферополдан фақат Москвага парвоз қилаяпти. Бошқа йўналишдаги парвозлар бекор қилинган. Кимдир хорижга чиқмоқчи бўлса, учоқ орқали Москвага бориб, кейин учиши керак. Ёки поездга ўтириб, Киев, Одесса ёки Донецкка бориш керак, ундан кейин учоққа ўтириб қаергадир кетиш мумкин бўлади. Денгиз қатнови бўйича ҳозирча муаммо йўқ. Лекин, сиз айтиб ўтганингиздек, денгиз йўли орқали юк ташиш анча мураккаб. Денгиз орқали доимий мунтазам ва барқарор озиқ-овқат таъминотини ташкиллаштириб бўлмайди. Ҳозирча Қримдаги дўконларда озиқ-овқат тақчиллиги кузатилаётгани йўқ. Сал олдинроқ одамлар орасида “уруш бошланиб кетади” деган ваҳима бошланган, одамлар дўконлардаги гугурт, туз, шакар, ёрма ва бошқа маҳсулотларни ёппасига сотиб олишни бошлаган эдилар. Ҳозир эса бундай ваҳималар йўқ. Ҳозир бошқа бир муаммо пайдо бўлган. Бирорта ҳам дўконда банк терминали ишламаяпти. Шу сабаб одамлар харидлари учун нақд пул билан ҳисоб-китоб қилишга мажбур бўлаяптилар. Ваҳоланки, анчадан буён ҳамма банк карточкалари билан савдолашишга ўрганиб кетган эди. Бундан кейин вазият қандай шаклланади, мен бир нарса дея олмайман. Лекин Қрим ярим оролини Россия билан боғлайдиган паром тизими озиқ-овқат, нефт маҳсулотлари ва бошқа зарур товарлар билан таъминлашга тўла қодир эмас.
Би-би-си: Мана сиз банк карточкалари билан боғлиқ аҳволни тилга олдингиз. Кеча 30 мартдан бошлаб Қрим Москва вақтига ҳам ўтди. Мана ҳозир биз сизга телефон орқали Украина халқаро кодини териб қўнғироқ қилаяпмиз. Яқин орада Қримнинг халқаро кодини ҳам ўзгартириш режалаштирилаяптими?
Ленур Юнусов: Ҳозир почта индексларини ўзгартириш ишлари бораяпти. Почта индексларини Россия форматига ўтказишаяпти. Россияда олтита белгили почта индекслари жорий қилинган. Украинада эса почта индекслари беш рақамли эди. Олдинги беш рақамли индекс олдига яна биттадан рақам қўшишаяпти ва Қримдаги почта индекслари ҳам олтита белгили бўлаяпти. Киевга бориб тушаётган хат-хабарлар ҳам аввал Москвага юборилаяпти. Кейин улар Қримга етиб келаяпти. Шу тахлит почта ҳам кечикаяпти, узоқ вақтда етиб келаяпти. Худди шундай аҳвол автомобиллар давлат рақамларида юз бераяпти. Энди қримликлар ўзларининг автомобиллари давлат рақамларини Россия давлат рақамларига ўзгартиришлари лозим бўлади. Бу ҳам кўп муаммоларни келтириб чиқарса керак. Телефон алоқаси билан сўнгги кунларда қандай янгиликлар бўлганидан афсуски менинг хабарим йўқ. Ҳозирча Украина тартиби сақланиб қолаяпти. Украинанинг барча мобил алоқа операторлари фаолият юритишаяпти. Улар ҳаммаси ўз хизматларини таклиф қилишаяпти.
Би-би-си: Куни кеча Россия матбуоти Украина фуқаролигини сақлаб қолмоқчи бўлган олтита қримлик бор экан, деган хабар тарқатди. Бу қанчалар тўғри ахборот?
Ленур Юнусов: Бу хабарга менинг ҳам кўзим тушди. Лекин кечқурун телевизорда Украина фуқаролигини сақлаб қолишни истаган одамлар сони ортгани ҳақида хабар қилишди. Уларнинг сони ўнлаб дейилаяпти. Менинг ўйлашимча, бундай одамларнинг сони янада ортади. Шу кеча-кундузда паспорт берадиган идоралар олдида одамларнинг узун навбатлари юзага келган. Айрим одамлар узун навбатда туришни исташмаяпти. Баъзи одамлар Украина фуқаролигини йўқотмаслик учун ва Россия фуқаролигига ўтмаслик учун истиқомат учун гувоҳнома олишни истамоқдалар. Бироқ бу иш билан шуғулланадиган Россия Федерал Миграция ходимларининг ўзлари ҳам бундай ҳолатларда қандай иш тутиш лозимлигини билишмайди.
Би-би-си: Ҳозир биз Қрим Татарларининг Мажлиси барча татарларнинг ҳам иродасини ифода этмайди, ҳамма татарлар ҳам Мажлисни қўллаб қувватламайди, деган хабарлар тарқалганининг ҳам гувоҳи бўлаяпмиз...
Ленур Юнусов: Қрим Татарлари Мажлиси Қрим Татарлари номидан сўзлаш ваколатига эга орган ҳисобланади. Мажлис халқ томонидан сайланади. Ва шунинг учун ҳам Мажлис Қрим Татарларининг аксари нуқтаи назарини ифода этади, деб ҳисоблайман. Аммо бугунги Қрим ҳокимияти билан бирга ишлаш керакми ёки йўқми, деган савол ўртага қўйилган пайтда Мажлис вакиллари орасида фикрлар бўлинганини кўраяпмиз. Мажлисдаги кўпчилик, ҳокимият билан ҳамкорлик қилиш керак, деган фикрга келган. Чунки ҳаёт барибир давом этаяпти, Қрим Татарларининг ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш керак. Қрим Татарларининг хавфсизлигини таъминлаш керак, деган фикр билдирилган. Шунинг учун ҳам Мажлисдаги кўпчилик Қрим ҳокимияти билан бирга ишлаш керак, Қрим Татарларининг бир неча вакили ҳокимиятда лавозим эгаллаши лозим, деган тўхтамга келган. Айни пайтда Мажлисдаги вакилларнинг учдан бир қисми ҳокимият билан умуман ҳамкорлик қилмаслик лозим, деган фикрдалар. Худди шундай бўлинишни Қрим Татар халқи орасида ҳам кузатиш мумкин. Ҳамма ҳам Мажлиснинг Қрим ҳокимияти билан бирга ишлаш керак деган қарорини қўллаб-қувватламайди. Мажлисни умуман тан олмаймиз, дейдиган гуруҳлар ҳам бор. Бироқ бу гуруҳ аъзоларининг сони жуда кам.
Би-би-си: Катта раҳмат. Бугунги Би-би-си си меҳмони қримлик таниқли журналист Ленур Юнусов эди.
Ленур Юнусов: Сизга кўп раҳмат!












