Доғистондан Тошкент ва Душанбегача: Ҳибслар ва кучайтирилган хавфсизлик чоралари ортида нима туради?

Москвадаги Крокус Сити Холлдаги террорчилик хуружи ортидан кўп мамлакатларда жамоат жойлари хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Россиянинг Доғистон республикаси расмийлари пойтахт Махачқала ва Каспийск шаҳарларида аксилтеррор операцияси ўтказилгани ҳақида хабар тарқатдилар.

Алоқадор мавзулар:

Кўп қаватли уйлар яшовчилари уйларидан чиқарилганлар, бир неча соат мобайнида қайтишга рухсат берилмаган.

Россия Федерал Хавфсизлик хизмати 1 апрель куни тўрт "хорижликлардан ташкил топган террорчилик ячейкаси" фош этилгани, улар "одамлар кўп тўпланадиган жойларда террорчилик ҳужумини содир этишни режалаштиргани" ҳақида хабар тарқатди.

Ҳибсга олинганлардан бири Крокус ҳужумини уюштирганлар учун Махачқаладан қурол олиб бориб берганини тан олгани ҳақида хабар қилди ФСБ.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг кучайтирилган иш тартибида ишлашга ўтганлари хабарлари тарқалмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев ана шу мақсадда махсус ҳукумат мажлисини чақирди.

"Юртимизда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, тинчлик ва осойишталикни сақлаш мақсадида Ички ишлар органлари томонидан савдо мажмуалар, кўнгилочар масканлар, бозорлар ва бошқа жамоат жойларида тун-у кун кучайтирилган тартибда хизмат олиб борилмоқда", деб хабар қилади Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Телеграмдаги расмий канали.

"Огоҳлик давр талаби. Ҳар биримиз ўз уйимизни ўзимизни асрайлик!" деган чақириқ билан тарғибот видеолари тарқатилаяпти.

Тожикистон расмийлари пойтатхт Душанбе ва Ваҳдат шаҳрида 15 киши ҳибсга олингани, улар Наврўз байрами тадбирлари пайти террорчилик ҳаракатларини режалаганлари ҳақида хабар тарқатди.

Душанбеда нашр этиладиган "Asia-Plus" газетаси ушбу ҳибсларни Тожикистон Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитасидаги манбаси тасдиқлагани ҳақида хабар тарқатди.

Айни пайтда Москвадаги Крокус Сити Холлдаги ҳужумларга алоқадорликда Ваҳдат шаҳрининг 9 яшовчиси ҳибсга олингани хабарлари тарқалди.

"Asia-Plus" ёзишича, дастлабки 15 киши ва кейинги 9 шахснинг ўзаро бир-бирларига боғлиқлиги, Москвадаги қонли ҳодисаларга қанчалар алоқаси борлиги номаълум.

Россиянинг РИА Новости ахборот агентлиги Тожикистонда ҳибсга олинган 15 шахснинг Крокус Сити Холлга ҳужум қилганларга алоқаси йўқ деган хабар берди Душанбедаги расмий манбаларга таяниб.

Москва яқинидаги Красногорск шаҳрида жойлашган Крокус Сити Холлга 22 март куни қуролли шахслар бостириб кирдилар, қаршиларидан чиққан одамларга автомат қуролларидан ўқ уздилар.

Ўзлари билан олиб келган ёқилғини қуйиб концерт залига ўт қўйдилар.

Оқибатда 144 киши ҳалок бўлгани хабар қилинди.

Ҳужумга алоқадорликда саккиз Тожикистон, бир Қирғизистон фуқароси ҳибсга олинди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002