You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Янгиликлар: Нилуфарни отаси нега мажбуран ўғил болага айлантирди? Dunyo Yangiliklar Qizlar
Афғонистон шимолидаги Қундуз шаҳри кўчаларида ўйнаб юрганида юзига тортилган тарсаки кичкина Нилуфар Аюбийни ерпарчин қилганди.
Ўшанда қизалоқнинг юзчаси аёвсиз калтак зарбидан қизариб кетади.
Ҳали 4 ёшга кириб улгурмаган Нилуфарнинг устига қўрқинчли бир тарзда чўккан соқолли нотаниш киши аввал қизчанинг кўкракларини пайпаслаб аёллик белгиларини қидиради.
Кейин тарсаки тортиб, агар сени яна ҳижобсиз кўрсам, отангнинг орқасидан келаман, деб таҳдид қилади.
Алоқадор мавзулар:
"Мен йиғлаб уйга бордим, отам шу қадар ғазабландики, юзлари қизариб кетди. У бўғриқиб ғудранарди" - эслайди Нилуфар воқеадан 23 йил кейин Би-би-сининг Outlook дастурига берган суҳбатида.
"Эсимда, отам олдинга ва орқага қадам ташлаганча, "сенга қўл текизишга у қандай журъат қилди?" деб ғудранарди".
Шундан сўнг Нилуфарнинг отаси кутилмаган кескин қарор олади.
"У онамдан қайчи олиб келишни сўради ва сочларимни кесиб ташлади. Онамга: "Уни ўғил боладек кийинтир", деди.
Нилуфар Афғонистонда 1996-2001 йиллар Толибоннинг илк ҳукмронлик даврида вояга етади.
10 йил ўғил бола қиёфасида яшайди. Шу йўсин шариат қонунларининг Толибон талқинидаги аёлларга қарши юритилган ўта чекловчи сиёсатидан қутулиб қолади.
Бугунда Польшада истиқомат қилаётган Нилуфар ўзининг болалик йилларини хотирларкан, дунёнинг энг анъанадор мамлакатида улғайиш нимани англатиши, жинсингиз сизнинг ҳақ-ҳуқуқларингизни белгилаб бериши ҳақида гапиради.
Болалик
Паспортида 1993 деб ёзилган эса да, Нилуфар 1996 йилда туғилган.
2001 йил Америка Афғонистонга бостириб кириши ортидан Толибон қудратдан кетар экан, отаси қизининг имкон қадар тезроқ мактабга боришини истайди.
"Қундуз қиз бола учун умуман жозибали шаҳар эмас. Хотин-қизлар тугул эркаклар учун у ерда омон қолиш жуда қийин" - дейди Нилуфар.
"Ўғил бола бўлиш сизга тўғридан-тўғри қудрат беради ва бу эса, сиз ҳатто икки ёшли бола бўлсангиз ҳам, эркак экансиз, демак сизни дунёга келтирган онангиздан ҳам кўра кўпроқ ҳурматга сазовор бўлишингизни англатади. Тўрт ёшингизда сиз ўзингизни дунёга келтирган аёлга қонуний васий бўлишингиз мумкин. Аёл экансиз, сиз кўринмассиз".
Бачапўши одати
Нилуфарнинг айтишича, қизларини ўғил бола қилиб кийинтириш оилалар учун одатий ҳол бўлган.
Айниқса оилада "эркак боқувчи" бўлмаса, ҳар қандай эркак боқувчисиз аёлга яқинлашиши ва ўзига навбатдаги хотин қилиб олиши эҳтимолидан қўрқишган.
"Менинг вазиятимда бу бошқача эди. Бу эркак боқувчи етишмаслигидан эмас, балки менинг эркин ҳаёт кечиришим учун қилинганди".
Сочлари калта қилиб кесилган, акаларининг эски кийимларини кийиб олган Нилуфар ҳаёти қанчалик тубдан ўзгараётганидан мутлақ хабарсиз эди.
"Менга акаларимга бўлганидек муносабат қилинарди. Отам билан бозорга ўғил боладек кийиниб борардим. Спорт билан шуғулланишим мумкин эди. Маҳалламизда ўғил болалардан дўстларим бор эди. Мен ҳар доим кўчага чиқиб ўйнаб юраверардим".
Опаларининг ҳаёти эса, Афғонистондаги бошқа қизлар ва аёлларники каби кечарди. Улар ҳатто уйлари ичкарисида ҳам сочларини ёпишлари керак эди.
"Отам уйда бизнинг мана бу (миллий) сариқ кўйлакларни кийишимизни ёқтирмасди. Онам билан доимо жанжаллашиб: "Нега уларни яхши кийинтирмайсан? Бу кўйлак жуда узун. Нега буниси бу қадар кенг?" дерди".
Нилуфарнинг ўзига ўхшаган яқин дугонаси бор эди. У ҳам ўғил бола бўлиб яшарди. Бу қизалоқ ҳам Нилуфар каби қатор муаммоларни бошидан кечирганди.
"Биз гўё жиноий шекрилардек эдик" - хотирлайди Нилуфар - "Ҳар гал биримиз қўлга тушсак, иккинчимиз ёрдамга отлардик".
У ўғил эканига шунчалик ишонардики, одамлар бунинг аксини тахмин қилишлари қийин эди. Йиғинларда у бошқа ўғил болалар каби қизларни "кетворган" деб, мазах ҳам қиларди.
Аммо бу эркинлик ҳам қимматга тушарди.
У ҳеч қачон анъанавий афғон қизи сифатида яшашни ўрганмаган ва опа-сингиллари билан муносабатларни сақлаб қолишда ҳам қийинчиликларга дуч келган.
"Мен ҳеч қачон опаларимга яқин эмас эдим. Мен уларнинг дунёсини ҳеч қачон тушунмаганман. Шунинг учун мен қизларнинг ҳайз кўришини ҳам билмасдим", - дейди у.
Нилуфар телевизорда ҳайзда ишлатиладиган буюмлар рекламасини кўрган, лекин улар нима учун кераклигини билмаган.
"Бир куни гилам остидан биттасини топдим ва отамнинг олдига бордим: "Оҳ, дада, қаранг! Телевизордагига ўхшайди. Қизиқ. Бу нима учун ишлатилади?" деганман. Бечора отам фақат "билмадим, билмайман" дея олганди".
"Кейин опамдан сўрадим, эслайман, опам мени қарғаб, қўлимдан олиб қўйган эди. Шунда ҳам ҳеч ким "Майли, биз унга ҳайз ҳақида айтишимиз керак", деб ўйламаган".
Одат ва ҳақиқат зиддияти
13 ёшида дзюдо бўйича машаққатли машғулотлардан сўнг Нилуфар уйига ўзини жуда ёмон ҳис қилган ҳолда қайтади.
Оёқлари сирқираб оғрирди. У шунчаки жойига ётиб олгиси келарди.
Ҳаммомга кирганида ичидан қон кетаётганини кўргач, ваҳимага тушади. Қиз шу жойда унинг ҳаётида яна бир туб ўзгариш бўлаётганини билмасди.
"Эртаси куни мен буни дўстимга айтдим. У эса, устимдан кулди ва: "Сен жуда аҳмоқсан. Опаларинг айтмаганми? деди".
Шу асно Нилуфарга телевизорда кўриб юрган ёстиқчаларнинг сирини очади.
"Мен ортга қайтдим, кейин онам кийимларимда нималарнидир кўрди. Келиб, мени юпатиш ўрнига қарғаниб,"Нега бунчалик эрта улғайдинг?" деди".
Аслида унинг онаси Нилуфарнинг ҳам келажаги ўзи ва бошқа қизлариники каби тўрт девор орасида ўтишини ўйлаб йиғларди.
Нилуфарнинг ўзи учун бу жуда оғир воқеа бўлади.
"Бизда камалак остидан ўтсанг, жинсинг ўзгаради, деган ирим-сирим бор эди. Қиз бўлганимдан жуда хафа бўлиб, кечалари йиғлаб чиқардим ва Аллоҳга мени камалак остидан ўтишимга изн беришини сўраб дуо қилардим".
Исён
Нилуфарнинг "ўғил бола"ликда ўтган ўсмирлик даври, унда исёнкор руҳиятни етиштирганди.
Бунинг ортидан у мактабдаги қизларга таналарида қандай ўзгариш бўлиши ҳақида дарс бериш учун гуруҳлар тузганди.
Айни пайтда бу унга хорижда, Ҳиндистонда ўқиш имконини ҳам беради ҳамда унинг турмуш қуриш ҳақидаги қарашларини шакллантиради.
"Жуда ёш пайтимда ҳам жуда кўп совчилар келарди. Лекин отам мени доим ҳимоя қилар ва "у ҳозир турмушга чиқмайди, ўқишни тугатади, кейин танлайди", дер эди" - эслайди у.
Ниҳоят, Нилуфар 2016 йилда, 19 ёшида турмуш қурвди. Унинг айтишича, эри бир маънода бир йил олдин вафот этган отаси қолдирган бўшлиқни тўлдиришга ёрдам берганди.
"Албатта, у отамнинг ўрнини боса олмасди, аммо мени қўллаб-қувватларди, ҳозир ҳам шундай".
Нилуфарнинг оиласи каттаради, кейин пойтахт Кобулга кўчиб ўтишади.
У ерда бир неча мебел дўконлари очишади. Ишлари энг юришган пайтлари корхоналарида 300 киши ишларди. Улар қизларни иш билан таъминлашганди. Ишчиларнинг аксарияти эркак боқувчилари бўлмаган аёллар эди.
Аммо 2021 йилга келиб, АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистондан чиқиб кетишга ҳозирланар экан, Толибон ҳудудларни эгаллаб ола бошлайди.
Нилуфар ва оиласи учун оғир даврлар бошланаётган эди.
Кобул кўчалари бўйлаб тўс-тўполон авж оларкан, улар корхоналари ёнидаги хавфсиз уйдан бошпана топишади. Онаси ва опалари эса, шаҳарнинг бошқа томонида қолишади.
Нилуфар ўша тўполонлар пайти жон-жаҳди билан ҳодиса жойидан ахборот тўплашга уринаётган халқаро журналистларни маълумотлар билан таъминлаб турарди.
Ўша мухбирлардан бири польшалик ёш журналист Нилуфардан уларнинг оиласи билан бирга Афғонистонни тарк этишларига рухсат берувчи рўйхатда борми-йўқлигини сўрайди.
"Йўқ дедим" - деб эслайди Нилуфар. Шунда у "менга бир соат бер", дейди.
Уни 24 соат ичида Кобул халқаро ҳаво қўналғасида бўлишга кўрсатма берилаётган WhatsApp гуруҳига қўшиб қўйишaди. Уларга бор-йўғи иккита рюкзакдан бошқа ҳеч нарса олмаслик айтилганди.
"Онам ўша ерда қўлида Қуръон билан турарди. Онамни ва уйимни охирги марта ўшанда кўрганман".
Янги ҳаёт
Нилуфар ва унинг оиласи ҳозирда Польшада истиқомат қилади. Улар бу мамлакат ҳақида учоққа чиқишларидан олдин жуда оз билишарди.
Бироқ, қийинчиликларга қарамай, у ўз мамлакати ва аёллар ҳуқуқи ҳимоячисига айланади.
У Брюссел, Германия ва АҚШга бориб, ўз ҳаётий ҳикояси билан ўртоқлашади.
Нилуфар ўзининг кескин иккига ажралган ҳаётига боқаркан, унда "ҳам неъмат ва ҳам лаънат" борлигини айтади.
"Мени иккига бўлган "лаънат" эди. Мен на тўлиқ аёлман ва на тўлиқ эркакман. Аммо бу "неъмат" ҳам эди, чунки мен ҳар иккисини ҳам бошимдан ўтказдим. Ва бу тажриба мени бугун кучли аёлга айлантирди".
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002