You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Президент кортежига тухум отганларнинг қариндошлари ушланди, Пашинян Путин борлиги учун келмайдими, Исроил-Фаластин урушида ўзбекистонликлар гаровга олиндими? Yangiliklar
Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси хабарига кўра, Исроил ва Ғазо бўлгасидаги гаровда ушлаб турилган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида маълумот келиб тушмаган.
Элчихона Исроилдаги Ўзбекистон фуқароларини тезлаштирилган ва соддалаштирилган тарзда рўйхатга олишни йўлга қўйган.
Элчихона бу ерда яшаб турган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилиб, зарур бўлиб қолганда ёрдам қўлини чўзиш учун ўз манзилини билдириб қўйишни сўраган.
"Исроил ҳудудида ёрдамга муҳтож, жабр кўрган, бедарак йўқолган ва мажбурий ушлаб турилган Ўзбекистон фуқаролари бўйича Ўзбекистоннинг Исроилдаги Элчихонасига мурожаат қилишингизни ва хабар беришингизни сўраймиз", дейилади расмий мурожаатда.
- Нега Human Rights Watch Германия Марказий Осиё раҳбарларига босим ўтказишини истамоқда?
- Янгиликлар: Путиндан қўрққуликми, рубль қулаяпти, Россияда ёмон, Украина ва Ўзбекистонда яхши бўладими ва блогерлар нимадан хавотирда?
- Янгиланди, Тоғли Қорабоғ, Пашинян: Путин менга ваъда берди – Озарбайжон ва Арманистон
Элчихона, шунингдек, Исроилдан Ўзбекистонга учадиган авиа рейслар бекор қилинмаганини таъкидлаган ва кетиш истагидагилар бемалол авиачипта олиб учишлари мумкинлигини айтган.
Ўз навбатида ижтимоий тармоқларда Исроилдан Тошкентга авиа чипталар нархи ошганлиги тўғрисида хабарлар пайдо бўлган.
"Исроилдан Тошкентга қайтишга чипта нархи энг яқин кун 16 октябрь учун 965 доллар экан Ўзбекистон Ҳаво Йўлларида. Лекин у ҳам аллақачон тугаган. 17 октябрь кунига 850 доллардан иккита, 966 доллардан бешта, 1256 доллардан қанчадир жой бор, ҳаммаси бизнес класс. Эрталабгача булар ҳам сотилиб кетиш эҳтимоли юқори. 19 октябрь куни учун эконом классларда 508 доллардан чипталар бор", деб ёзади Туркиядаги ўзбеклар Telegram канали.
Президент кортежига тухум отган шахс қариндошлари ушланди
29 сентябр куни Ўзбекистон ва Тожикистон президентининг Германия ташрифини бир гуруҳ ўзбекистонлик ва тожикистонлик фаоллар норозилик намойиши билан қарши олганди.
Норозиларнинг бир неча нафари Бунтестагга йўл олган Президент Имомали Раҳмон ўтирган машинага тухум отганди.
Улардан бири президент ўтирган машина ойнасига келиб урилган ҳам.
"Озодлик" радиосининг Тожик хизмати хабар беришича, Раҳмоннинг сафари давомида намойишга чиққан айрим фаолларнинг 20 дан ортиқ яқинлари Тожикистонда қўлга олинган.
"Хавфсизлик кучлари уйимизга келиб, қари онамни олиб кетишмоқчи бўлган, аммо унинг ўрнига жиянимни олиб кетишга қарор қилишган. Улар онамдан нимага мухолифат миллат пешвосига тухум отди, деб сўраган", дейди Германияда истиқомат қилувчи тожик фаоли Фарҳод Одинаев.
Яна бир фаол Шарофиддин Гадоевнинг омади чопмаган.
Гадоевнинг айтишича, 72 яшар Ойшам Абдуллоева 1 октябр куни тонгда қўлга олинган.
Гадоевга кўра, 29 сентябрь куни Раҳмон кортежига қилинган тухум ҳужуми ижтимоий тармоқларда кўплаб мэмларга сабаб бўлган ва бу ҳуқуқ тартибот органларини фаолларнинг яқинлари уйига келишига сабаб бўлган.
"Олиб кетишаётганда ундан жаҳл билан ўғли нега Раҳмонни диктатор дегани, нега унинг Берлиндаги машинасига тухум отгани, нимага жим яшамаётганини сўрашган", дейди Гадоев.
Тожикистон ички ишлар ва хавфсизлик кучлари ҳозирча ушбу қўлга олишлар борасида муносабат билдирмаган.
"Озодлик" манбасига кўра, Абдуллоева дохил 10 дан ортиқ киши 3 октябр куни қўйиб юборилган.
Мухолифатнинг камида 7 нафар эркак қариндошлари ҳамон ушлаб турилибди, деб ёзади "Озодлик"нинг тожик хизмати.
Пашинян Путин келаётгани учун Бишкекка бормайдими?
Themoscowtimes.com сайтининг ёзишича, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Россия президенти иштирок этиши кутилаётган Қирғизистондаги МДҲ саммитини ўтказиб юборади.
"Пашиняннинг Москва бошчилик қиладиган минтақавий ташкилот учрашувига бормаслиги сўнгги ҳафталарда ёмонлашган Ереван ва Москва муносабатларига яна бир зарба бўлди", дейилади хабарда.
Пашинян Қирғизистон президенти Садир Жапаровга қўнғироқ қилиб, Бишкекда бўладиган саммитга келолмаслигидан афсус билдирган.
Пайшанба кунги саммит Путиннинг Халқаро суд томонидан хибсга олиш ордери берилганидан сўнг илк хориж сафари бўлиши кутилмоқда.
Олдинроқ "Немис тўлқини" Қозоғистон Ташқи ишлар вазири муовинидан, "Ҳаагадаги халқаро маҳкама Владимир Путинни ҳибсга олиш ҳақида ордер берди. Қозоғистон Рим статутини ратификация қилмаган. Энди ҳозирги аҳволида ҳам Россия президентига хушлигича қоладими?", - деб сўраган.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ўзининг жавобини мамлакати Рим статутини имзоламагани ва ратификация қилмаганини таъкидлаш билан бошлаган.
Унга кўра, юристлари Рим статутини Қозоғистон конституциясига зид, деган фикрда.
"Россия президенти Путин билан мулоқотга келсак, президентимиз бу алоқани бутун мустақиллигимиз, хусусан, ўтган бир йил давомида ҳам сақлаб келди", - дея давом этган Роман Василенко.
Қирғизистон ҳам ушбу шартномани ҳали ратификация қилмаган ва қидирувдаги шахсни Халқаро судга топшириш мажбуриятини олмаган.
Қозоғистон: Телеканалларда қозоқ тили рус тилидан афзал кўрилади
Қозоғистон ОАВда қозоқ тилининг мақомини оширишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини эълон қилди.
"ОАВ ҳақидаги қонун лойиҳаси телевидение ва радиода давлат тилининг ҳиссасини 50% дан 70% га кўтаришни назарда тутади", деган Маданият вазири Аида Балаева.
"Қонун лойиҳасини депутатлар кўриб чиқиши керак, бироқ президент Қасим Жомарт-Тоқаевга мойил бўлган парламент уни маъқуллаш эҳтимоли катта", деб ёзади Гардиан нашри.
Вазирликка кўра, ушбу ўзгаришлар 2025 йилдан бошлаб ҳар йили 5 фоиздан киритилиб борилади.
Этник руслар 15% ни ташкил қилувчи Қозоғистон Россия билан узун чегарага эга. Остона расмий Москва билан кучли иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий алоқаларни сақлаб қолмоқда.
Россиянинг 2022 йил Украинага босқини ортидан Қозоғистон Ғарб давлатлари ва Хитой билан алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.
Рус тили катта аҳамиятга эга бўлган қўшни Қирғизистон шу каби қонун қонунни шу йил бошида қабул қилди.
Қонунга кўра, давлат хизматчиси қирғиз тилида бемалол гаплаша олиши, ОАВ эса камида 60% материалларни қирғиз тилида юритиши керак.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002