Ўзбеклар ва дунё: Толибон қўл остида ким фойда кўрди, ким азобланяпти? - Афғонистон. Видео Afg'oniston Tolibon Dunyo yangiliklar

Қандаҳор қишлоғилик қизчалар
Ўқилиш вақти: 3 дақ

2021 йил 15 августида Толибон жангчилари пойтахт Кобулга кирдилар, шу куни улар бутун Афғонистон бўйлаб ҳокимият ўз назоратларига ўтганини эълон қилдилар.

Мана орадан бир йил ўтганидан кейин мамлакатдаги хотин-қизларнинг аксари ўқиш ва ишлаш ҳуқуқларидан маҳрум бўлдилар.

Ҳалокатли зўравонликларнинг сони анча камайди.

Бироқ қашшоқлик ва тўйиб овқатланмаслик кўпайди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Толибоннинг қуролланган жангчилари Кобул шаҳрига кириб келганларида Би-би-сининг Афғонистон бўйича мухбири Секундер Керманий пойтахтда эди, у ҳозир ҳам у ердан репортажлар тайёрлаб узатмоқда.

Ўтган йили ёзида уруш жабҳаси бўлган жойларда бугун кузатиладигани фақат - кураш, дейди мухбиримиз.

Афғонистоннинг ўта анъанадор ҳудудлари ҳисобланадиган Сангинда аёллар жамоатчилик кўзидан панада сақланади.

Кўплар Толибон исёнкорлигини дастаклаган, бошқаларнинг эса ниҳоят уруш якун топганидан кўнгиллари тинчланган.

"Ҳозир ҳаёт жуда яхши. Одамлар жуда хурсанд. Эркинлик бор, уруш йўқ", дейди сангинлик эркак.

"Уруш эслатмаси - ҳар қадамда. Сангиндан Ҳелманд вилояти маркази Лашкар Гоҳгача бўлган йўл Толибоннинг йўл бомбаларидан илма-тешик бўлган", дейди Би-би-си мухбири.

Бироқ бугун Афғон шаҳарларида янги жанг - очликка қарши уруш. Толибон ҳокимиятга келиши иқтисодий инқироз билан келди.

"Мен ҳатто намозим пайти ҳам олган қарзимни қандай қилиб қайтараман деб ўйлайман", дейди Лашкар Гоҳ яшовчиси.

"Бу одамлар, айниқса, Ҳелмандга ўхшаган жой яшовчилари чиндан ҳам Толибонни қўллаб қувватлайдилар. Вилоят энг қаттиқ назорат қилинадиган вилоятлардан бири. Бизга айтишдики, ким Толибонни ошкора танқид қилса, ҳибс этилади ёки бундан ҳам ёмонига дуч келади", дейди мухбиримиз.

Навид Изимий - инглиз тили ўқитувчиси эди. Маош тўланмаётгани ҳақида Фейсбукда ёзганидан кейин уни Толибон ҳибс қилган. Кейинроқ унинг жасади дарёдан топилди. Толибон, Навид қочишга ҳаракат қилди, дея иддао қилди.

Бизга ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги учун ҳибсга олинганини айтган бошқа одамлар ҳам бўлди.

Биз билан кўришишдан жуда қўрққан бир эркак телефонда сўзлашишга рози бўлди.

"Ҳеч нарсани айтолмайсан. Айрим одамлар ҳатто битта изоҳ ёзгани учун ҳибс этилдилар. Улар қийноқларнинг турли усулларини қўллайдилар: сим ёки қувур билан калтаклайдилар, бошингни сув остига тиқиб турадилар", дейди ўз исмини ошкор этишни истамаган Афғон.

Биз Қандаҳорга келдик. Афғонистоннинг иккинчи йирик шаҳри ва Толибоннинг руҳоний ватани.

"Бу мақбарада 25 йил олдин Толибон асосчиси Мулла Умар илк бор "Амирул Мўъминин" деб эълон қилинган ва Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В) хирқасини оломон олдига олиб чиққан. Ҳозир эса Толибоннинг ҳукумати пойтахт Кобулда жойлашган. Лекин ҳаракатнинг янги гўшанишин руҳоний раҳбари Қандаҳорда, мутлақ қудрат ҳамон шу ерда", дейди мухбиримиз.

Янги Толибон ҳукумати қонунлари энг кўп таъсир қилган одамлар Афғон аёллари бўлдилар.

Бу ерда жанубда, деярли ҳамма аёллар кўчага бурқада кўринадилар.

Аёл ўқитувчилар ва тиббиёт ходималари ишлаяптилар, бошқаларга эса уйида қолиш буюрилган.

Нигина радио станцияда бошловчилик қилган, бироқ жанглар кучайганидан кейин ишини тўхтатишга мажбур бўлган.

Кобулда Толибон аёл журналистларнинг фаолиятига рухсат берган, Қандаҳорда эса йўқ.

"Қандаҳор - одамлар аёлларнинг ишлашига рухсат бермайдиган вилоят. Кўчада мени уришди. Рўмолимни юлиб олишди. Сигарет қутиси ва ичимлик идишларини менга отишди. Одамлар менга телефон номерини бермоқчи бўлган. Буларнинг ҳаммасига қарамасдан, мен шу мавқеъга эришдим", дейди Нигина.

- Уйда ўтириб ўзингизни қандай ҳис қиласиз?

- Баъзи вақт "ўқимаганим яхши эди" деб ўйлаб қоламан.

Биз кўчма мактаб изидан тушиб Қандаҳордан четга чиқамиз.

Афғон хайрия жамғармаси чекка қишлоқларда савод чиқаришга кўмаклашмоқда.

Толибон қизлар мактабларининг аксарини ёпган - бу ерда ҳатто бундай мактаб йўқ ҳам.

Қиз ва аёлларнинг аксари ёпиқ эшиклар ортида қолганлар.

Толибон ўз қарорини ўта анъанавий қадриятлар билан изоҳлайди, лекин оталар ўз қизларининг таълим олишларини истайдилар.

"Келажакда қизларим шифокор бўлишлари, мамлакатга хизмат қилишлари мумкин. Мен уларнинг дорилфунунда ўқишларини хоҳлардим", дейди оталардан бири.

Айрим одамлар "бундай қишлоқ яшовчилари қизларнинг юқори синфда ўқишлари шарт эмас" дейишади. Шу гап ростми?, - сўрайди мухбиримиз.

"Қизлар учун алоҳида бино ва аёл ўқитувчи бўлиши керак. Улар мактабга боргунча бурқага ўранишлари лозим - Ислом динининг талаби", дейди ўрта ёшли эркак.

Кўплар "Толибон олдинги замонига нисбатан ўзгарганми ўзи" деган саволни беришади.

Бундан ҳам муҳимроғи Афғон жамияти нақадар ўзгаргани. Толибон ватани бўлган жанубий ҳудудлар қанчалар ўзгарганидир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek