Қозоғистон: Гап фақат суюлтирилган газда эмас Qozog'iston, yangiliklar

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Аксар сиёсий таҳлилчиларнинг фикрича, Қозоғистон расмийлари ўзларининг юритаётган сиёсатидан аҳоли қанчалар даражада норозилиги кайфиятини назар-писанд қилмаганлар.

Ва норозилик намойишларининг қонли тўқнашувлар ва кенг миқёсдаги вайронагарчиликларга айланганининг боиси ҳокимиятнинг намойишларни тезда бостириб тинчлантириш ҳаракат қилганидадир.

Кўп йиллар мобайнида барқарор Қозоғистонда бу қадар ғазабли протестлар келиб чиқиши ва уларнинг тезлик билан зўравонликларга айланиши ҳам мамлакат ичкарисидаги ва ҳам халқаро миқёсда кўпчилик учун кутилмаган бўлди ва ҳайратга солди.

"Мен суҳбатлашган таҳлилчилар айтишича, Қозоқ ҳукумати аҳолининг нақадар ғазабдалигини паст баҳолаган ва сайлов демократияси йўқ мамлакат учун бу нарса кутилмаган ҳол эмас - чунки одамларнинг ўзларига қулоқ тутишлари учун кўчаларга чиқишдан ўзга чоралари қолмаган", дейди Би-би-си мухбири Ольга Ившина.

Суюлтирилган газ нархи икки баравар оширилишига қарши бошланган норозилик намойишларида кўп ўтмай "Чол, кет!" чақириқлари янграй бошлади.

Чол деганда намойишчилар Қозоғистонни 1989 йилдан 2019 йилгача бошқарган, аммо Тоқаев президент бўлганидан кейин ҳам аслида Қозоғистонни бошқараяпти деб кўришадиган Нурсултон Назарбоевни назарда тутганлар.

Қозоғистонда Назарбоев етакчиси бўлган "Нур Отан" сиёсий партияси парламент сайловларида кўп овоз тўплаб келгани эълон қилиб келинади, аммо бу сайловлар халқаро ташкилотлар томонидан эркин деб кўрилмаган.

"Қозоғистондаги норозиликлар узоқ давом этса керак", деди Марказий Осиё бўйича таҳлилчи Эрика Марат.

Германиянинг Tagesschau телеканалига берган интервьюсида Эрика Марат зўравонликлар келиб чиқишига ҳокимиятни айблади.

"Протестлар тинч бошланди, ҳеч кимга ҳужум қилингани йўқ. Лекин ҳокимият вазият кескинлашишига гижгижлади. Афсуски, биз бу нарсани собиқ Совет ҳудудида ва дунёнинг бошқа жойларида яна ва яна кузатаяпмиз: автократлар, намойишчиларни сув замбараклари, кўзни ёшлантирадиган газ ва кўп сондаги ОМОН билан қўрқитиб қўямиз, деб ўйлашади.

Лекин конфликтлар тадқиқотчиларига аллақачон аён бўлган нарса шуки, бундай вазиятда давлат томонидан куч қўллаш фақат вазият кескинлашиши ва норозиликлар сони ортишига олиб келади. Қозоғистонда ҳам худди шундай бўлди: намойишчиларни куч билан бостирмоқчи бўлдилар, вазият назоратдан чиқиб кетди ва одамлар ҳокимиятга қарши зўравонлик қўллашни бошладилар.

Эрика Марат Вашингтондаги Мудофаа Миллий университетида минтақавий ва таҳлилий тадқиқотлар бўйича адъюнкт-профессор бўлиб, у Марказий Осиё ва собиқ Шўро мамлакатларида зўравонлик, мобилизация ва хавфсизлик масалаларини ўрганиш билан шуғулланади.

Алоқадор мавзулар:

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek