You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон-Қозоғистон: Аллоҳ қардошларимизга омонлик берсин – ўзбекистонликлар воқеаларга қандай муносабат билдирмоқда? Qozog'iston, yangiliklar
Янги йилнинг илк кунларида бошланган оммавий намойишлар бугунга келиб бутун мамлакатга ёйилган.
Суюлтирилган газ нархи кўтарилишидан норози бўлган аҳоли чиқишлари ортидан Қозоғистон ҳукумати истеъфо беришга мажбур бўлган.
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев сўрови ортидан КХШТ аъзо-давлатлари мамлакатга коллектив тинчликпарвар кучларни юбориш қарорини олган.
Бир неча кунлик сукутдан сўнг Ўзбекистон ҳукумати ҳам расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатдаги вазиятни диққат билан кузатаётганини маълум қилган.
Алоқадор мавзулар:
- Янгиланди, Қозоғистон: Қурбонлар бор. Бутун Қозоғистонда фавқулодда ҳолат, Тоқаев КХШТ аъзоларидан ёрдам сўради ва Назарбоев ҳайкали ағдарилдими?
- Ўзбекистон қўшни Қозоғистондаги вазиятдан хавотирда, АҚШ ҳам ўз сўзини айтди
- Қозоғистон: Намойишчилар президент резиденциясини ҳам эгаллашмоқчи - Олма-отадан фоторепортаж
- Россия ўзини зўр қилиб кўрсатмоқчими?
Қозоғистонда шиддат билан ривожланаётган воқеалар халқаро матбуотнинг бугунги кундаги асосий мавзуларидан бирига айланган.
Кибер-фазода қолдирилаётган постлар, изоҳлар, қизғин кечаётган мунозаралардан ўзбекистонликлар ҳам қўшни давлатдаги воқеалар ривожига бефарқ эмаслиги кўзга ташланган.
Маҳаллий интернет нашрларининг асосий эътибори ҳам шу мавзуга қаратилган.
"Энергетика вазири, эҳтиёт бўлинг!"
Қозоғистон воқеалари 3 январдан аста-секин ўзбекистонликлар диққатини ўзига торта бошлаган.
Суюлтирилган газ нархи кўтарилиши ортидан Манғистау вилоятида кўтарилган қозоғистонликларни ўзбекистонлик тармоқ фойдаланувчилари, аввалига, билвосита қўллаб-қувватлаганлар.
Улар қозоқ халқи норозилигини урчитган муаммолар ўзлариники билан ўхшаш эканини тилга олганлар.
"Энергетика вазири, эҳтиёт бўлинг, халқ кучини кўриб тургандирсиз", ёзган бир Facebook фойдаланувчиси Ўзбекистонда мавжуд энергия таъминоти билан боғлиқ муаммоларга ишора қилиб.
Кузатувчилар Қозоғистонда етилиб келган вазият, асосан, коррупция ва бойликларнинг юқори қатлам қўлида тўпланиб қолганига боғлиқлиги, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам шундай ҳолат кучайиб бораётганини тилга олганлар.
"Газ нархини Назарбаевга не алоқаси бор дерсиз? Бор алоқаси. Газ монополисти Казтрансгазга Дарига Назарбаеванинг фуқаровий эри Қайрат Шарипбаев бошчилик қилади. Ҳеч бир мулоқот ва келишувларсиз газ нархларини ошириш ҳаракатида Халқ Назарбоевнинг қўлини кўряпти", ёзган таниқли иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров.
Жамоат фаоли Азиза Умарова ҳам Қозоғистон иқтисодиёти олигарх гуруҳлар ўртасида бўлиб олинганини тилга олиб, икки қўшни мамлакатдаги вазият ўхшаш эканлигини билдирган.
"Охирги йилларда биз қозоқлар билан ҳар қачонгиданда ўхшаш бўлиб қолдик. Мамлакатлар муаммолари ҳам ўхшаш. Ҳатто, хусусийлаштириш ва олигархик тузилмалар шаклланиши ҳам 20 йил аввал қозоқларда бўлганидек кечмоқда. Олдинги қадам ташлаш учун бизга юқори сифатли давлат бошқаруви институтлари, нормал фаолият юритувчи парламент, судлар, фуқаролик жамияти зарур. Тақлиддан ҳеч қандай фойда йўқ. Фақат вақт йўқотганимиз қолади", ёзган у ўзининг Facebook саҳифасида.
Шунингдек, кузатувларнинг илк кунларида айрим ўзбекистонликлар бўлаётган воқеаларни кўтаринки кайфиятда қабул қилгани кўринган.
"Сал шимолроқда туғилсам бўлмасмидия?" пост қолдирган тармоқ фойдаланувчиларидан бири.
Қўшни мамлакатдан келаётган узуқ-юлуқ хабарлар, видеолар, фотосуратлар Telegram каналларида яшин тезлигида тарқай бошлаган.
Айрим ўзбекистонликлар, айниқса, Қозоғистон ҳукумати тўлиқ таркибда истеъфога кетгани, мамлакат расмийлари ижтимоий аҳамиятга эга товарлар нархлари тартибга солинишини бидирганини қозоқ халқи ғалабаси ўлароқ олқишлаган.
Тармоқ фойдаланувчилари, ҳатто, Ўзбекистон қонунчилида митинг ва намойишлар ўтказиш тартибларини улаша бошлаганлар.
Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистондаги давлат телеканаллари ва расмий нашрлар қўшни мамлакатдаги ҳолат юзасидан сукут сақлаётганини танқид қилганлар ҳам учраган.
"Телевизорни ёқсам, куй-қўшиқ авжида, санъаткорлар интервью бериб, кийим-кечаклари ҳақида гапириб ётибди. Facebook'га кирсам, ҳамма жанжал шу ерда экан", киноя қилган тармоқ фойдаланувчиси.
Баъзи ўзбекистонликлар президент Тоқаевнинг намойишчиларни "фитначилар" дея атаб, "террор таҳдиди" туфайли КХШТ аъзо давлатларидан ёрдам сўраганини қаттиқ қоралаганлар.
"Бу илтимоси билан қозоқ компрадор элитаси учун республика суверенитетидан ҳам ҳокимият (ва халқ эвазига бойиш имкони) муҳимроқ эканлигини, элита халқни ўзи учун асосий хавф деб ҳисоблашини билдирди", ёзган блогер Сардор Салим.
Бироқ Қозоғистондаги тинч намойишлар ҳукумат кучлари билан тўқнашувлар, талон-тарожларга айланиб, қонли тус олиши ортидан ўзбекистонликларнинг воқеалар силсиласига нисбатан қарашларида кескин ўзгариш кузатилган.
"Аллоҳ қардошларимизга омонлик берсин"
Қозоғистоннинг йирик шаҳарларида интернет ўчириб қўйилиши туфайли воқеалар ривожига оид тафсилотларни мустақил текширишда жиддий муаммолар юзага келган.
Ушбу вазият холис ахборот олиш имконини деярли йўққа чиқарган.
Бу, ўз навбатида, турли фитна назариялари урчишига сабаб бўлган.
Шу сабабдан ўзбекистонликлар орасида ҳам "қозоқ халқи тор манфаатли яширин кучлар ўйини қурбонига айланмоқда" қабилидаги қараш тарқала бошлаган.
Иқтисодчи олима Барногул Санақулова қўшни мамлакатдаги тартибсизликлар иқтисодий жиҳатдан Ўзбекистонга ўз таъсирини ўтказмай қолмаслигини билдирган.
"Тан олишимиз керак Қозоғистондаги бу вазият бизга ҳам иқтисодий жиҳатдан жиддий тасир кўрсатади, бу таъсирни узоғи икки ҳафтада ҳис қилишни бошлаймиз буни тушуниш учун катта мия шарт эмас аслида".
Бироқ аксар кузатувчилар ҳукумат кучлари ва норози намойишчиларнинг бир-бирига нисбатан куч ишлатиши, дўконлар ва банкларнинг талон-тарожга юз тутишини қоралаб чиққанлар.
Муаммолар тинч йўл билан ҳал этилиши, тартибсизликларга барҳам берилиши лозимлигини таъкидлаганлар.
"Бу энди тинч намойишлар эмас. Вазиятдан ҳамма фойдаланиш ҳаракатини бошлади. Буларни ҳаммасига сабабчилар мамлакатдан аллақачон қочиб чиқиб кетиб бўлди. Энди оддий қозоқ халқига қийин бўлади буёғига. Ҳукумат хам, халқ ҳам музокара столига ўтиришлари шарт. Бўлмаса, ҳар икки томондан ҳам йўқотишлар бўлаверади. Аллоҳ қозоқ қардошларимизга омонлик берсин, осон қилсин, қўлласин, асрасин", ёзган блогер Олимжон Ҳайдаров.
Адлия вазирлиги ходими, блогер Шаҳноза Соатова ҳам ўхшаш фикрларни илгари сурган.
"Бу йўл мақсадга мувофиқми? Вазият назоратдан чиқса, намойишлар бош мақсадидан оғса, мамлакат уруш ичида қолса нима бўлади? Хуллас, сўнгги дақиқалар мени қозоқ биродарларимиз учун хавотир қамраяпти. Қўшнинг тинч — сен тинч".
Блогер Отабек Умар халқ ва ҳукумат муросага келиши зарурлигини тилга олган.
"Тўқаев келишса бўладиган, тушунадиган одамга ўхшаяпти, ҳукуматнинг айбини тан олишга мардлиги етди. Шундай экан, Қозоғистонда ҳокимиятни янгилаб олиш, коррупциялашган путинист кадрлардан қутилиш ва уларнинг ўрнига миллий кадрларни қўйиш учун тарихий имконият бор", ёзган у.
Журналист Хуршид Далиев намойишлар тин олиши кераклиги ҳақида фикр билдирган.
"Қозоғистонда тинчлик ўрнатилиши керак. Акс ҳолда қурбонлар кўп бўлиш эҳтимоли катта. Тоқаев ОДКБ дан ёрдам сўрагач Лукашенко аскарларини жўнатяптикан. Қозоқ дўстларимиз оилалари билан уйида қолгани тўғри йўл бўлади".
Шундай бир вазиятда зиддиятга барҳам берилиши заруриятига урғу берган фикр билдирувчиларни танқидга тутганлар ҳам топилган.
Тинчликпарвар кайфиятдаги кузатувчилар Ўзбекистон жамиятидаги тарангликни юмшатиш йўлида "махсус топшириқ"ни бажараётганликда айбланган.
Аммо бошқа фаол кузатувчилар бундай ноаниқ бир вазиятда тасдиқланмаган хабарларга ишонмаслик, "инқилобий руҳият"ни жиловлаш, "сиёсий ўйинлар" қурбонига айланиб қолмаслик зарурияти борасидаги фикрларни илгари сурганлар.
"Давлатимизнинг ҳақиқий тарихий қайта ташкил этилиши ва маълум бир тарихий даврда демократлашуви фонида ҳар қандай беқарорлик - таназзул. Давлат таназзули. Миллат таназзули. Ўз таназзулимиз", ёзган блогер Али Қаҳҳоров.
"Хусусий мулкнинг вайрон этилиши, тартибсизлик, талон-тарож, ҳуқуқ-тартибот ходимларининг калтакланиши, қурбонлар. Сиз шуни хоҳлайсизми? Адекват бўлинг", давом этган у.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek