You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Расман Ковид йўқ мамлакатда коронавирусга чалинса нима бўлади? Туркманистон, янгиликлар
- Author, Абдужалил Абдурасулов
- Role, BBC News
Жаҳондаги бармоқ билан санарли мамлакатда коронавирус ҳолати йўқ. Улардан бири Туркманистон бўлса, кейингиси Шимолий Корея. Аммо Туркманистондан олинаётган хабарларга кўра, ҳозир мамлакат Covid-19нинг учинчи, эҳтимолий энг кучли тўлқинини бошдан кечирмоқда.
Саёҳат Қурбоновнинг нафаси қисмоқда. У марафонда чопиб бораётган одамдек нафас олади, кўкрак қафасида чидаб бўлмас оғриқни ҳис қилади. Унда коронавируснинг ҳамма симптомлари бор.
Муаммао шундаки, у Туркманистонда. Ва расман унга ўхшаган беморлар мавжуд эмас.
Ўтган ой у "тез ёрдам" чақирганида, доктор пневмонияга чалинганини, зудлик билан шифохонага бориши лозимлигини айтди. Жаноб Қурбонов(бу унинг ҳақиқий фамилияси эмас) мамлакат шифокорлари пневмония деганда Ковидни назарда тутишларини яхши билади.
Шифохонага боргунча Саёҳат Қурбонов бир неча кун олдин Ковид тестини топширган клиникага қўнғироқ қилди. "Натижангиз позитив", деган паст овозни эшитди у. "Нима позитив? Бу Ковидми?", дея бақириб сўради у. "Ҳа" деган давоб келди.
Орадан анча ўтиб у Туркманистонда ҳеч қачон позитив тест натижаси ҳақидаги қоғозни бермасликларини англади.
Илк борган шифохоналари беморни қабул қилишдан бош тортди, чунки шифохона беморга тўла эди.
"Йўлда ўлиб қолай, дедим. Ҳаво етишмайди... Вирус тез кучайди. Мен деразани уриб бақира бошладим: Тўхтатинг, мен нафас оломаяпман. Улар менга кислород беришди, лекин у кўп ёрдам бергани йўқ", дейди Қурбонов.
Кейинги шифохона ҳам уни ётқизишга кўнмади, сабаби пойтахт Ашгабатда рўйхатдан ўтмаган беморларни қабул қилмаймиз, дейишди.
"Мен ваҳимага туша бошладим. "Мен нима қилишим керак? Шу ерда ўлишим керакми?, сўрадим доктордан".
У ўзига таниш шифокорга қўнғироқ қилиб, ёрдам беришини ялиниб сўради. Бир неча қўнғироқлар ва баланд оҳангдаги сўзлашувлардан кейин ниҳоят уни шифохонага ётқизишга рози бўлишди.
Аҳволи беш кун мобайнида ўзгармади.
"Мен нафас ололмасдим - худди ичимда ҳамма нарса елимдек ёпишиб қолганга ўхшарди. Нафас ололмаганимдан паника ҳужумига тушдим. Бу худди сув остига тушиб кетиб юзага чиқолмагандек ҳолат эди", эслайди у.
У оғриқни қолдаридаган бирор нарса беришларини сўраб ҳамшираларга бақирарди. "Шифохонага ётдинг дегани, сенга зарур ҳамма дори-дармонни беришади, дегани эмас", дейди Қурбонов. Агар кимдир "юқоридан айтмаса", докторларнинг бемор аҳволига эътибор бермаслиги, ҳамширалар текширмаслиги одатий нарса.
Шифохонада ходимлар сони етишмас, 60 дан ортиқ беморга бир нечагина ҳамшира қарар эди. Ҳатто уколни санитаркалар қилишига тўғри келган вақтлар бўлди, дейди Қурбонов.
Ҳамширалар кўзи олдида бемор йиқилиб жони узилгани ҳолатлари ҳақида айтиб беришар, сабаби вентиляторлар йўқлиги ва кислород машиналари ишламаслиги бўлган. Докторлар Қурбоновнинг муолажасини бир неча марта ўзгартиришган.
У дори-дармон ва пора учун $2000 ча сарфлаган, бу Туркманистон шароитида жуда катта маблағ. Ўн кундан кейин у шифохонадан чиққан.
Хорижда жойлашган Туркман матбуоти хабарларига кўра, ҳозир мамлакат юқишнинг учинчи тўлқини ҳолатида, лекин мамлакат ичкарисида бирорта одам бу ҳақда гапиришга қўрқади. Turkmen.news веб-сайти коронавирус пандемияси бошланганидан буён оламдан кўз юмган 60 дан ортиқ инсоннинг шахсини аниқлаган.
Туркманистон расмийлари коронавирус ҳолатларини очиқламайдилар. Собиқ стоматолог Президент Гурбангули Бердимуҳамедов соғлом миллат имиджини давлат тарғиботининг марказида ушлайди. Туркманистон пандемияга дуч келганини тан олиш режим обрўсини туширади деб кўрилади.
Бироқ ўтган йилги бир юқиш ҳолати яшириш ҳолатини фош қилишига бир баҳя қолди. Ашгабатдаги Туркия дипломатининг тоби қочди. Кемал Учқунда барча коронавирус симптомлари бор эди: кўкрак қафасида оғриқ, терлаш, тан ҳароратини кўтарилиши. Унга пневмония деб ташхис қўйишади.
Рафиқаси Гузиде Учқун эрининг кўкрак фақаси рентген суратини Туркиядаги шифохоналарга юборади, улар ҳаммаси бу Covid-19 эканини тасдиқлашади.
Гузиде Учқун эрини Туркияга юборишга жон жаҳди билан уринади. Бироқ, хабарларга кўра, Туркман расмийлари тиббий ускуналар ўрнатилган самолётнинг дипломатни олиб учиб кетишига рухсат бермайдилар. Унинг ўлимидан бир неча соат ўтиб рухсат берилади.
Кемал Учқуннинг жасади мўмиёланади. Шунинг учун суд-медицина экспертизаси мутахассислари коронавирус аломатлари бор-йўқлигини аниқлолмайдилар.
Туркман расмийлари хасталик тарқалиши олдини олиш мақсадида айрим карантин чораларини жорий этдилар. Ҳукуматга кўра, "олдини олиш қадамлари боис" бугунги кунда Туркманистон Ковиддан холи мамлакат.
Саёҳат Қурбонов ётиб даволанган шифохонадаги бирорта ҳам тббиёт ходими Ковид ёки коронавирус сўзларини қўлламаганлар. "Улар "вирус" ёки "касаллик" дейишади. Мен уларни мажбурладим: "Нега номини айтмайсизлар? Бу Ковидми? Улар овоз чиқармай бошларини силкиб қўядилар", дейди Қурбонов.
Шифохонада ётганида Саёҳат Қурбоновнинг мобил телефонига ҳукуматдан текст хабар келди. Унда ҳавода чанг кўплиги сабабли одамлар юз ниқоби тақишлари зарурлиги эслатилган эди.
"Биз чангдан ўлаяпмизми? Улар одамлар чангдан ўлаяпти, дейишади. Чунки улар мамлакатда Ковид борлигини ҳеч қачон тан олмайдилар", дейди Қурбонов.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek